Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:55

Тергов қўмитаси Магнитогорскдаги портлаш террор бўлганини инкор этди (ВИДЕО)


Магнитогорскдаги кўп қаватли уйда портлаш 31 декабрь куни эрталаб содир бўлган эди.

Россия Тергов қўмитаси Магнитогорскдаги кўп қаватли уйдаги портлаш террор ҳаракати бўлгани тўғрисида рус матбуоти тарқатган хабарларни инкор қилди.

“Бу воқеа террор бўлганига оид иддаоларни исботловчи бирорта ҳам далил ва исбот йўқ”, дейилади расмий баёнотда. Шунинг учун Тергов қўмитаси кўп қаватли уйда газ портлаган деган таҳмин устида ишлашни давом эттирмоқда.

Аввалроқ Россия матбуоти Магнитогорскда 31 декабрь куни портлаш содир бўлган уй ва 1 январь куни ёниб кетган микроавтобус ўртасида боғлиқлик борлиги тўғрисида хабар берган эди. Жумладан, Znak.com нашрининг ёзишича, портлаш бўлган уйда гексоген қолдиқлари топилган.

1 январь куни эса “Газель” микроавтобуси отишма пайтида ёниб кетгани ва “учта террорчи отишма пайтида ўлдирилгани” тўғрисида хабар берилди. Гўёки мазкур воқеа акс этган видео ҳам пайдо бўлди.

Россия Тергов қўмитаси 1 январь куни бу хабарлар асоссиз экани тўғрисида маълум қилди.

1 январь куни Магнитогорскда ярим вайрона бўлган уй ҳаробалари остида бир суткадан кўпроқ қолиб кетган 11 ойлик чақалоқ Иван Фокин тирик ҳолатда қутқариб олинди.

Челябинск вилоят губернатори Борис Дубровскийнинг айтишича, чақалоқ иссиқ йўргаклангани ва каравотда бўлгани учун омон қолган.

Касалхонага чақалоқ олиб келингач, унинг онаси ҳам топилди. Онасининг айтишича, чақалоқнинг аҳволи оғир. У совуқ қотган, бир нечта суяклари синган ва бошидан жароҳат олган. Чақалоқ даволаниш учун Москвага жўнатилган.

31 декабрда Магнитогорскда кўп қаватли уйда юз берган портлаш оқибатида 9 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Жароҳатланган 5 одам касалхонага ётқизилган. 30 нафар одамнинг тақдири эса номаълум бўлиб қолмоқда.

Маълум қилинишича, портлаш оқибатида 1973 йилда қурилган 10 қаватли уйнинг 26та хонадони вайрон бўлган, яна 48та хонадонга зарар етган. Мазкур уйда жами 1100 нафар одам яшаган.

Мазкур воқеа юзасидан Россия Тергов қўмитаси юз кишидан иборат тергов гуруҳини ташкил қилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, Магнитогорскда кучли совуқ қидирув ишларининг тезкор олиб борилишига тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари кўп қаватли уйнинг қолган қисми ҳам қулаб тушиш хавфи пайдо бўлгани ортидан қутқарув ишларини вақтинча тўхтатиб туришга тўғри келмоқда.

Президент Путин 31 декабрь куни воқеа бўлган жойга етиб бориб, маҳаллий расмийлар билан учрашди ва касалхонада жароҳатланганларни бориб кўрди.

Бош вазир Дмитрий Медведев эса жабрланганларга кўмак кўрсатиш бўйича ҳукумат комиссиясини ташкил этди.

Челябинск вилоятида 2 январь мотам куни дея эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG