Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:12

Озодлик рус хизматига солинган жарима юзасидан Россия Олий судига шикоят қилади


Озодлик қароргоҳи, Прага.
Озодлик қароргоҳи, Прага.

Озодлик радиоси рус хизмати ўзига Россиянинг "хориж агентлари" қонуни асосида солинган 100 минг рубль жарима бекор қилинишини сўраб, Россия Олий судига шикоят билан мурожаат қилади.

13 декабрь куни Москва шаҳар суди Озодликни жаримага тортиш қарорини ўз кучида қолдирган эди.

Москва суди ўтган йилнинг 5 июль куни Озодлик радиоси рус хизматини "хориж агенти" тўғрисидаги қонунга амал қилмаганликда айблаб, жаримага тортганди.

Хусусан, суд Озодлик 2017 йилнинг декабрида Россия Адлия вазирилиги томонидан "хориж агенти" ўлароқ қайд этилиши ортидан мамлакатдаги фаолияти ҳақида мунтазам ҳисобот бермаганликда айбдор деб топган.

Москва шаҳар Тверь туман суди қарорига асосан Озодлик радиоси рус хизмати 100 минг рубль миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.

Россия президенти Владимир Путин 2017 йилнинг ноябрида имзолаган қонун хориждан молиялаштириладиган нашрларни ҳамда нодавлат ташкилотларни хориж агенти ўлароқ қайд этишга йўл очиб берган.​

Озодлик жаримани тўлади, аммо радио 15 апрелгача Адлия вазирлигига юборган тинимсиз сўровларга қарамасдан, тегишли формаларни ҳамда ҳисобот бериш жараёнини ўз вақтида олмаганини айтмоқда.

Озодлик каби хорижда асос солинган юридик шахслар қай йўсинда ҳисобот бериши кўрсатилган қоидалар 16 апрель кунигина эълон қилинган.

Ғарб давлатлари ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари Россия ҳукуматини "хориж агентлари" тўғрисидаги қонун билан мустақил журналистларга босим ўтказаётганликда айблаб келади.

Озодлик радиосининг амалдаги президенти Дейзи Синделар:

"Москва шаҳар суди қарори Россия расмийларининг ширкатимиз ҳамда Россиядаги журналистлар фаолиятини чеклаш мақсадида кўрган навбатдаги чорасидир, - деди Дейзи Синделар. - Бизнинг мақсадимиз Россия ва жаҳонда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида бетараф, объектив хабар беришдир. Журналистларимиз ҳар қандай давлат агенти эканини тахмин қилиш хатодир".

Россия расмийлар хориж агентлари ҳақидаги қонун АҚШнинг Россия ОАВга нисбатан босимига "симметрик жавоб" эканини айтиб келади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия ҳукумати молиялаштирадиган Russia Today (RT) телекомпанияси "Чет эл агентларини рўйхатга олиш тўғрисида"ги қонунга биноан қайтадан рўйхатдан ўтишга мажбур бўлган эди.

АҚШ разведкаси RT каналини пропаганда билан шуғулланишда айблаб келади.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, АҚШ ва Россия қонунлари ўртасида фарқ бор, чунки Россия ўз қонунидан ҳукумат эркин фикр алмашинишига қарши курашда фойдаланмоқда.

Россия расмийлари Озодлик радиоси рус хизмати билан бир қаторда “Америка овози” нашрини ҳамда Current Time TV лойиҳасини ҳам хориж агенти ўлароқ рўйхатга олган.

XS
SM
MD
LG