Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Исроил Сурияда Эронга тегишли ҳарбий объектларга ҳужум қилганини тасдиқлади


Ғўлон тепаликларидаги Исроил танклари
Ғўлон тепаликларидаги Исроил танклари

21 январь куни Исроил армияси Сурия ҳудудидаги Эронга тегишли ҳарбий объектларга ҳужум қилганини тасдиқлади.

Бундан бир неча соат олдин Исроил кучлари Дамашқ халқаро аэропорти яқинида ҳаво ҳужумларини амалга оширгани хабар қилинган эди.

Исроил ҳужумлари ортидан Ғўлон тепаликларидан Исроилга ракета отилган, аммо Исроил мудофаа тизимлари ракетани тўхтатиб қолган.

Исроил армияси эълон қилган билдирувда "Эроннинг Қудс кучлари объектларига ҳужум қилишни бошлаб юбордик. Сурия қуролли кучларини Исроил кучлари ёки ҳудудида зарар етказишга уриниш оқибатлари ҳақида огоҳлантиради," - дейилади.

Билдирувда ҳаво ҳужумларининг бошқа тафсилотлари келтирилмаган

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари гуруҳи Дамашқ аэропорти ҳамда пойтахт яқинидаги ҳудудларда амалга оширилган ҳужумлар Эрон кучлари ҳамда "Ҳизбуллоҳ" шиа жангари гуруҳининг қурол-аслаҳа омборларини нишонга олганини хабар қилди.

Гуруҳ маълумотларига кўра, ҳужумларда 11 нафар одам ҳалок бўлган.

Умуман олганда, Исроил қўшни Суриядаги ҳарбий амалиётларини очиқчасига тан олмай келади.

Бу орада Сурия армияси 20 январь куни Исроил ҳарбийлари интенсив ҳаво ҳужумларини амалга оширганини билдирди.

Сурия армияси расмийлари сўзларига кўра, ракеталарнинг аксари ўз мўлжалига етмасидан йўқ қилинган.

Сурия матбуоти ҳам Дамашқ яқинидаги ҳудудга отилган ракета тўхтатиб қолинганини хабар қилди.

Сурия давлат телеканали эса Исроил Дамашқ аэропорти яқинидаги ҳудудга қарата олти ракета отганини, уларнинг тўрттаси йўли тўсилиб, экин даласига йўналтирилганини хабар қилди.

Россиянинг “РИА Новости” агентлиги эса Россия Миллий мудофаа бошқармаси марказига таянган ҳолда Исроилнинг 30 дан ошиқ қанотли ракетаси ҳамда бошқариладиган бомбаси уриб туширилганини хабар қилди.

Россия армияси тарқатган баённомага кўра, ҳужумларда тўрт нафар Сурия аскари ҳалок бўлган.

Россия ва Эрон Сурия президенти Башар ал-Ассадга ҳарбий ҳамда дипломатик ёрдам кўрсатиб келади.

Сурияда 2011 йилдан бери тинчимаётган урушда минглаб одам ҳалок бўлди, миллионлаб одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Исроил Эрон Сурияда ўз ҳарбий ҳаракатларини кенгайтиришига йўл қўймаслигини айтиб, Эрон ҳарбий объектларига ҳамда “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳига қарши ҳаво ҳужумларини амалга ошириб келади.

XS
SM
MD
LG