Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 07:48

Москвада Шуҳрат Аббосов хотира кечаси ўтказилди (ФОТО)


Ш.Аббосов хотира кечасида илк бор элчи Ботиржон Асадов иштирок этди

Шу йилнинг 23 январь куни Москвада ўзбек киноси оқсоқоли, СССР халқ артисти¸ СССР Давлат мукофоти совриндори ​Шуҳрат Аббосов таваллуд кунининг 88 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.

Аббосов юбилейи Москвадаги Марказий кино уйида ўтказилди.

“Қалб ва шараф” деб номланган хотира кечаси Актëрлар гильдияси, Россия кинематография иттифоқи ва Аббосовнинг Москвадаги шогирдлари томонидан ташкил этилди.

Тадбирда таниқли кино усталари ва маданият арбоблари билан бирга илк маротаба Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ботиржон Асадов қатнашди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва рассом Шавкат Абдусаломов
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва рассом Шавкат Абдусаломов

​Сўзга чиққан элчи Ботиржон Асадов кўплаб бошқа ўзбекистонликлар каби кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов фильмлари билан улғайганини эслади.

- Мен буюк ўзбек режиссёри, Ўзбекистон Халқ артисти Шуҳрат Аббосов хотирасига бағишланган кечада иштирок этаётганимдан мамнунман. Бугунги кеча бекорга “Қалб ва шараф” деб аталмаган, зеро Шуҳрат Аббосов қалбан ва ифтихор билан санъатга хизмат қилди. Шуҳрат Аббосов ҳеч қачон эскирмайдиган, аксинча долзарблиги, мазмунини сақлаб қолаётган, инсонпарварлик ва ватанпарварлик сабоқларини тарқатишни давом этаётган ўз фильмларида яшашни давом эттираяпти. Йиллар ўтиб унинг кино санъати ва жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ англаб етамиз, деб ўйлайман.

Депутат Артур Таймазов Ш.Аббосов хотира кечасида
Депутат Артур Таймазов Ш.Аббосов хотира кечасида

Хотира кечасида қатнашган таниқли ўзбек курашчиси, уч марта Олимпия чемпиони, ҳозирда эса Россия Давлат думаси депутати Артур Таймазов ўзбек киноси устаси Шуҳрат Аббосов фильмлари ишқивози эканини айтди.

Космонавт Владимир Жонибеков ва режиссёр Али Ҳамроев.
Космонавт Владимир Жонибеков ва режиссёр Али Ҳамроев.

Хотира кечасида Шуҳрат Аббосовни устоз деб билган таниқли рус актрисаси Валентина Тализина, кинорежиссёр ва актёр Тимофей Спивак, биринчи ўзбек космонавти, икки карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Жонибеков, рассом Шавкат Абдусаломов, актёр ва режиссёр Рустам Ўразаевлар ёдга олишди.

- Шуҳрат Солиҳович билан биз жуда яқин одамлар эдик. Мендек ҳеч ким танимайдиган-билмайдиган артистни у ўз картинасига таклиф қилганидан жуда миннатдорман! У мен кинода билмайдиган жуда кўплаб маслаҳатларини берган, деди Валентина Тализина.

Кечада иштирок этганларга ўз миннатдорчилигини билдирган Шуҳрат Аббосовнинг кичик ўғли режиссёр Элжон Аббосов Ўзбекистонда охирги йилларда отаси ҳукумат эътиборидан четда қолганидан афсус билдирди.

Таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда Шуҳрат Аббосов маданий мероси бугунги Ўзбекистонда ўрганилиши, унинг барча фильмлари, хусусан Ислом Каримов даврида тақиқланган картиналари марказий телеканалларда намойиш этилиши кераклигини уқтирди.

- “Ўзбекфилм” раҳбариятига бир маслаҳат бердим. Киностудия ҳудудидаги боғда узумзор қилиб, буюк ўзбек режиссёрларига бағишланган аллея қуришни тавсия қилдим. Большевиклар отиб ташлаган Сулаймон Хўжаев, Худойберган Девонов, кейин Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Эргаш Ҳамроев, Шуҳрат Аббосовдек режиссёрларга ёдгорлик қуриш керак. Шуҳрат Аббосов филмларини эса ҳар якшанба Ўзбекистон телевидениесида ёшларга кўрсатиш керак! “Маҳаллада дув-дув гап”идан бошқа филмлари йўқми Аббосовда?! Ёшлар Интернетга кириб хунук нарсаларни кўрмасдан, мана шундай буюк режиссёрлар бўлганини кўрсин, деди ҳозирда Россия ва Италияда ижод қилаётган кинорежиссёр Али Ҳамроев.

Ш.Аббосов хотира кечаси иштирокчилари.
Ш.Аббосов хотира кечаси иштирокчилари.

Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган. 1949 йилда Тошкент Тиббиёт техникумини тамомлаган.

1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти (Ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Театр санъати институти), 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олади.

Аббосов аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб "Ўзбекфильм" киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган. Шуҳрат Аббосов суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап" (1960), "Сен етим эмассан" (1963), "Тошкент-нон шаҳри" (1968), "Оловли йўллар" (1977-1983), "Катта урушдаги кичик одам" (1990) каби фильмлар совет киносининг мумтоз намуналари ҳисобланади.

Режиссёрнинг мустақилликдан сўнг Тоғай Мурод романи асосида суратга олган "Отамдан қолган далалар" фильми ҳам томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун СССР Халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти ва бошқа кўплаб юксак мукофот ва унвонлар билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG