Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:31

Афғон наркотикфурушлари тожик чўпонни ўғирлаб кетди


Тожикистоннинг Наркотиклар назорати бўйича агентлиги ходимлари Душанбеда қўлга олинган наркотикларни ёқиб юбормоқда (архив сурати).
Тожикистоннинг Наркотиклар назорати бўйича агентлиги ходимлари Душанбеда қўлга олинган наркотикларни ёқиб юбормоқда (архив сурати).

2019 йилнинг биринчи куни 42 яшар Тўрахон Нурматов Тожикистон жанубидаги яйловда бир оиланинг ушоқ молларини боқиб юрган эди. Ўшандан кейин на ўзи ва на суруви уйга қайтди.

Қўшни афғонистонлик қуролланган кишилар келиб, Нурматовни чегара оша олиб кетди. Уни ўғирлаб кетган кишилар қўйиб юбориш учун бу ерликлар учун кўз кўриб, қўлоқ эшитмаган пул – 40 минг доллар талаб қиляпти.

Нурматов ҳозирча афғон наркотикфурушлари гаровга олган сўнгги киши бўлиши мумкин, лекин бу иш давом этмаслигига ҳеч кимнинг кўзи етмайди.

Тожикистон чегарани мустаҳкамлаш бўйича йиллар давомида ёрдам олиб келган бўлса ҳам бунақа гаровга олишлар ўн йиллардан бериб давом этмоқда.

Нурматовнинг аҳволи, камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, деган нақлни эслатади. У Қурбоновлар оиласи сурувини боқиб юрган оддий чўпон эди.

Наркотикфурушлар Афғонистон чегарасидан 10 километр ичкаридаги Сари Чашма қишлоғига асли Қурбоновлар оиласи вакилини қидириб келган бўлган

Улар Саймиддин Қурбоновни гаровга олмоқчи эди. Унинг амакиси Абдуғаффор Қурбоновнинг Озодлик радиоси Тожик хизматига айтишича, наркотикфурушлар унга Афғонистондан бир неча марта қўнғироқ қилган ва Саймиддин улар етказиб берилган наркотик учун 40 минг доллар қарз эканини, чўпонни қўйиб юбориш учун Саймиддин ўша пулни тўлаши кераклигини айтган.

Аммо Саймиддин Қурбонов наркотик контрабандаси билан шуғуллангани учун 2015 йили 17 йилга кесилиб кетди. Ҳозир қамоқда ўтирибди.

Абдуғаффор Қурбоновнинг айтишича, наркотикфурушлар аввал унинг олдига келган.

Улар мендан яйловда нима қилиб юрибсан, деб сўради. Мен, сигиримни йўқотиб қўйдим, дедим. Ўзимни бошқа одам деб таништирганим учун сурув меники эканини билишмади. Бир оздан сўнг улар чўпонни ўзлари билан олиб кетди, ‒ деди у.

Нурматов ўғирлаб кетилгандан сўнг Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралари ҳудудни титкилаб чиқди, аммо чўпон топилмади. Қидирув вақтида бир чегарачи бошқа бировини отиб қўйди.

Нурматовни асир олган киши Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Шаҳри Бузург деган жойга ўтиб кетганини иддао қилди.

Кўлоб вилояти полиция хизмати бошлиғи Озодлик радиосига айни чоғда қутқарув амалиётини ўткзишнинг иложи йўқлигини айтди.

2005 йил сентябрида чегара қўриқчилари бошлиғи ўринбосари бўлган Нуралишо Назаров ўша пайти 28 нафар тожик ватандошини афғон наркотикфурушлари асирликда ушлаб турганини айтган эди.

Афғон наркотикфурушлари ҳалиям чегарадан бемалол ўтиб қайтиб юрибди.

Улар Тожикистон ичкарисига бир неча километр кириб, чорва моллари билан бирга қишлоқликларни ҳам олиб кетмоқда.

XS
SM
MD
LG