Линклар

Шошилинч хабар
20 июл 2019, Тошкент вақти: 23:05

Тожикистон Адлия вазири Хўжанд колониясидаги исён ҳақидаги саволга жавоб беришдан ўзини олиб қочди


Тожикистон Адлия вазири Рустами Шомурод.

Тожикистон Адлия вазири журналистларнинг ўтган йилнинг 8 ноябрида Хўжанддаги №3/3 колонияда юз берган исён ҳақидаги саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Адлия вазири Рустами Шомурод 28 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида колонияда юз берган фавқулодда ҳодисани Тожикистон бош прокуратураси тергов қилаётганини ва шу сабабли бу ҳақда гапира олмаслигини айтиш билан чекланди.

Хўжанддаги колонияда юз берган исён қурбонлари ҳақидаги саволга Рустами Шомурод бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири томонидан берилган баёнотда маълум қилинганини айтди.

Тожикистон ТИВ раҳбари ўтган йилининг 22 ноябрида Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат шимолидаги колонияда юз берган исённи бостириш вақтида фақат террорчилар ва ўта хавфли жиноятчилар ўлдирилганини маълум қилган эди.

«Ўлдирилган маҳбусларнинг 12 нафари Сурия ва Ироқда “ИД” томонида туриб жанг қилгани учун жазо муддатини ўтаётган эди, уч нафари – «Ансоруллаҳ», «Жундуллаҳ» ва “Ўзбекистон ислом ҳаракати” экстремистик гуруҳи аъзоси, қолган олти нафари эса оғир жиноятлар, жумладан қотиллик ва катта миқдорда гиёҳванд моддалар контрабандаси учун ҳукм қилинган эди», - дея баёнот берган эди Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин Брюсселда 22 ноябрда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Бироқ бошқа манбалар 8 ноябрь куни тунда юз берган исён вақтида камида 50 кишининг ўлдирилганини айтишади.

Исёндан икки ҳафта ўтиб, 23 ноябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Адлия вазирининг ўринбосари ва Жазони ижро этиш Бош бошқармаси бошлиғи Иззатулло Шарифзодани “пенсияга чиқиши муносабати билан” мансабидан озод қилган эди.

Қора шляпага иштиёқи туфайли “Зорро” лақаби билан ном қозонган Иззатулло Шарифзода 12 йил мобайнида Тожикистон қамоқхоналарининг бошлиғи лавозимида ишлаб келди. Унинг ўрнини Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган Мансуржон Умаров эгаллади.

Колонияда юз беган тартибсизликлар туфайли қамоқхонанинг 7 нафар ходими қўлга олинди – улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ва режим бўлими бошлиғи Фарҳод Садиров ҳам бор. Хўжанд колониясидаги исён учун масъулиятни “Ислом давлати” террор гуруҳи ўз зиммасига олгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG