Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 08:03

Москвада "Пахтакор"нинг афсонавий тренери Иштван Секеч хотирланди (ФОТО+ВИДЕО)


Иштван Йожефович Секеч

79 ёшида вафот этган машҳур спорт устаси Иштван Йожефович Секеч 28 январь куни Москванинг Митино қабристонида тупроққа қўйилди. 4 февраль куни Москвада ўтказилган хотира маросимига унинг шогирд ва яқинлари йиғилди.

Иштван Секечга бағишланган тадбирда унинг ўғли Иштван Секеч, 1981-85 йилларда “Пахтакор” жамоаси яримҳимоячиси Марат Кабаев, “Пахтакор”нинг собиқ ҳимоячиси Владимир Кисера, “Помир” собиқ ўйинчиси Рашид Раҳимов,Тожикистонда хизмат кўрсатган мураббий, терма жамоа собиқ мураббийси Муҳсин Муҳамадиев, ФИФА мутахассиси Алишер Аминов, “Пахтакор”нинг бошқа ўйинчилари Олег Синелобов, Александр Журавлёв, Александр Тихонов ва бошқалар қатнашди.

- Секеч Совет Иттифоқининг энг буюк мураббийларидан бири эди! У бежиз ҳам Тожикистон, ҳам Ўзбекистон, ҳам Украина республикаларида хизмат кўрсатган тренер эмас эди. У шу қадар кўп футболчи шогирдларни тарбияладики, уларни санаб ўтишга вақтимиз етмай қолади. У ўз даврида иттифоқнинг энг яхши мураббийлари бешлигига кирган! – деди Муҳсин Муҳамадиев.

Ўзбекистонда "Пахтакор" тренерини хотирлашмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:46 0:00

Таниқли ўзбек футболчиси Марат Кабаев Секечнинг ҳозирги тренерлардан фарқли замонавий услубларни қўллагани, пахтакорчиларнинг жисмоний жиҳатдан яхши тарбиялай олган мураббий бўлганига эътибор қаратди.

Кабаев¸ Шароф Рашидов 1979 йилда авиаҳалокатда нобуд бўлган “Пахтакор” жамоаси ўрнига янги жанговар командани тузиш вазифасини айнан Иштван Секечга топширганини айтади.

Секеч бу ишончни тўлиқ оқлаб, Ўзбекистон тарихига кирган: атиги бир йилдан кейин - 1982 йили “Пахтакорни” СССР чемпионатлари тарихида команда эришган энг юқори даража- 6-ўринга олиб чиққан.

Иштван Секеч ва "Пахтакор" жамоаси
Иштван Секеч ва "Пахтакор" жамоаси

Ўша йиллари¸ эсланишича¸ Секеч қўл остидаги пахтакорчилар жамоаси чемпионатда “авторитетлар даҳшати” номини олган.

- Биз 6 йилча биргаликда битта жамоада бўлдик. У тренер, мен эса футболчи тарзида. У биз учун нафақат тренер – бизнинг тарбияловчимиз эди. Биз уни отамиздек яхши кўрардик, зеро у жуда адолатли, инсофли ва очиқкўнгил инсон эди!- деди Марат Кабаев.

Ишван Секечнинг бир қизи ва бир ўғли бор. Унинг ўғли Иштванга отасининг исми берилган. Озодлик билан суҳбатда ёш Иштван ўзини “Пахтакор” раздевалкасида танигани ва унинг биринчи устозлари ва дўстлари – Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси футболчилари бўлганини эслади.

- Отам энг аввало ҳаракатга ундовчи, ёш ўйинчиларни кашф қила оладиган, уларга ишонч билдиришни хуш кўрган тренер эди, деди Иштван Секеч.

Шогирдлар “Пахтакор”нинг собиқ тренерини ўта камтарин, инсофли ва тўғрисўз одам сифатида ёдга олдилар, унинг принципиаллиги туфайли “ёғли” лавозимлар ва “даромадли” контрактлардан мосуво қолганини эслашди.

Хотира тадбирига тўпланганлардан айримлари¸ бугунги Ўзбекистон футбол тизими раҳбарларини Секечнинг ўтмишда ўзбек футболи учун қилган меҳнатини ҳурмат қилмаганликда айблади.

- Ўзбекистон Футбол Федерациясига бугунги кунда ўз тарихини билмайдиган одамлар келди. Ҳозирги бекорчи амалдорлар қисқа вақт ичида ўзбек футболига улардан кўпроқ фойда кўрсатган буюк мураббий хотираси ва ҳурматини жойига кўйишдан кўра, улар аллақандай цирк томошасига Роберто Карлосни таклиф қилишни афзал билмоқда. Ўзбекистон федерациясидан бирор киши унинг оиласига таъзия ҳам билдирмади, қўнғироқ ҳам қилиб қўймади, нима ёрдам керак¸ демади, деди “Звезда-Жиззах” жамоаси собиқ бошлиғи, ҳозирда ФИФА мутахассиси Алишер Аминов.

Секечни хотирлаган шогирдлари
Секечни хотирлаган шогирдлари

Венгр миллатига мансуб Иштван Секеч 1939 йилда Украинанинг Берегово шаҳрида туғилган.

Ўзи ёшлигида тўптепар бўлган Секеч мураббийлик фаолияти давомида «Помир», «Карпати», «Океан», «Луч», «Андижон» каби клубларни бошқарган.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG