Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:50

Челябинск губернатори 8 одамни қутқарган ўзбек муҳожирини медал билан тақдирлади


Губернатор Борис Дубровский, омбудсман Маргарита Павлова ва Оламафруз Абдуллаев
Губернатор Борис Дубровский, омбудсман Маргарита Павлова ва Оламафруз Абдуллаев

Магнитогорск фожиаси қаҳрамони 23 яшар сурхондарелик Оламафруз Абдуллаев Россия Ҳукумати ва Ўзбекистон консуллиги томонидан тақдирланди. Оламафруз 7 феврал куни Тошкентга учиб кетди.

Ўзбекистонликка “Яхшилик қилишга шошилинг” медали топширилди

Россиянинг Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова Ўзбекистон фуқароси Оламафруз Абдуллаевга тантанали равишда “Яхшилик қилишга шошилинг” (“Спешите делать добро”) медалини топширди.

Фахрий ёрлиқда ёзилганидек, Оламафруз Абдуллаев “Россия Федерациясининг Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун” медаль билан тақдирланди.

Медаль Челябинск вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар йили жамият учун муҳим ишларни амалга оширган ва оғир турмуш шароитларига тушиб қолганларга кўмаклашган шахсларга топширилади.

Ўзбек муҳожири билан бирга бир нечта россиялик ҳам губернатор томонидан муносиб тақдирланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

5 февраль куни сурхондарёлик Оламафруз Абдуллаев билан Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулигида учрашув ўтказилган эди.

- Учрашувда унга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги фахрий ёрлиғи топширилди, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги консули Абдусалом Ҳатамов ўзининг Фейсбук саҳифасида.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» унга Екатеринбург-Тошкент рейси учун бепул чипта тақдим этди.

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги консуллигида Озодликка Оламафруз Абдуллаев 7 февраль куни Ўзбекистонга учиб кетганини билдиришди.

"Оламафруз 8 кишини қутқарди"

Оламафруз Абдуллаев 2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорскда портлаш оқибатида вайрон бўлган кўп қаватли уй вайроналари остидан қутқарувчилар етиб келгунига қадар саккиз кишини қутқарган эди.

Портлаш оқибатида 39 киши ҳалок бўлганди. Россия Тергов қўмитаси бу ҳодисага табиий газ портлаши сабаб бўлганини билдирган.

Ҳодиса жойига биринчилар қаторида етиб келган Оламафруз аввалига кекса аёл, ёш қизча ва яна бир аёлга портлаб кетган подъезддан эсон-омон чиқиб олишга кўмаклашган.

Шунда аёллардан бири боласини олиб чиқишни ундан сўраган.

Бинонинг қулаб тушган плиталари орасида муҳожир йигит Шуҳрат Улфатов исмли тожикистонлик бошқа бир муҳожирни кўриб қолган. Оламафрузнинг айтишича, у оғир жароҳатланган ва ҳушидан кетаётган Шуҳрат билан қутқарувчилар келгунигача гаплашишга ва кўнглини кўтаришга уриниб ўтирган.

Кейинроқ, бу портлашда 26 яшар тожикистонлик Шуҳрат Улфатовнинг рафиқаси Ражабмо ва уч фарзанди халок бўлгани аниқланади.

23 яшар сурхондарёлик Оламафруз Абдуллаев Магнитогорскка 2012 йилда келгани ва қурилишда ишлаб юргани маълум.

У Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида қолган отаси-онаси, укаси ва икки синглисининг асосий боқувчиси экани ҳам айтилди.

XS
SM
MD
LG