Линклар

Шошилинч хабар
16 феврал 2019, Тошкент вақти: 08:46

Туркия Хитойни “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”ни ёпишга чақирди


Расмий Анқара Хитойга мурожаат қилиб этник уйғурлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва улар учун қурилган "қайта тарбиялаш" лагерларни ёпишга чақирди.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтининг хабар қилишича, вазирлик вакили Хами Ақсой бундай баёнот берган:

«Бир миллиондан ортиқ уйғур қамоқхона ва концлагерларда мажбуран ушлаб турилибди, улар қийноқлар ва маънавий қайта тарбиялашга мажбур қилинмоқда. Хитойдан ташқарида, жумладан Туркияда яшовчи уйғурлар ўз юртларида истиқомат қилувчи қариндошлари ва яқинлари ҳақида маълумот ололмаяпти... XXI асрда концентрацион лагерларнинг пайдо бўлиш фактининг ўзиёқ бутун инсоният учун уятдир. Биз Хитой расмийларига мурожаат қилиб этник уйғурлар хуқуқларини ҳурмат қилишга ва концлагерларни ёпишга чақирамиз».

Туркия ТИВ вакилининг таъкидлашича, сўнгги икки йилда Хитойда этник уйғур ва бошқа мусулмон жамоаларига босимлар кучайган. Унинг айтишича, «уйғурларнинг режали ассимиляцияси 2017 йил октябридан бери ҳаётга тадбиқ этиб келинаётган дин ва виждон эркинлигини “хитойлаштириш” сиёсати йўналишининг навбатдаги қадами бўлди».

Ақсойнинг сўзларига қараганда, уйғурлар билан боғлиқ масала Хитой билан бўлиб ўтадиган музокораларда Туркия томонидан мунтазам кўтариб келинади. Халқаро ҳамжамият ва БМТ бош котиби гуманитар фожианинг олдини олиш мақсадида самарали чора тадбирларни кўриши керак, дейди турк дипломати.

Август ойида БМТ баёнот бериб, ҳисоб-китобларга кўра Шинжондаги “сиёсий қайта тарбиялаш лагерларида” бир миллионга яқин мусулмон ушлаб турилганини маълум қилди.

Хитой бу муассасалар мажбурий ушлаб турилганларни ушлаб туриш учун мўлжалланганини инкор қилади. Пекин бу муассасаларни “Таълим марказлари” дея атайди ва бу муассасалар ёрдами билан “этник камчиликни интеграцияси амалга оширилаётганини” ҳамда «экстремизм ва терроризм»га қарши кураш олиб борилаётганини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG