Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:55

Молдовада парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда


24 февраль куни Молдовада парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Сайлов натижалари Шарқий Европада жойлашган ушбу кичик давлат бир томондан Москва, иккинчи томондан Европа Иттифоқи билан қандай алоқа ўрнатиш йўлини танлашини белгилашда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Сайловолди сўровлар Социалистик партия энг кўп овоз тўплашини кўрсатди. Аммо Россия билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ушбу партия парламент етакчилигини қўлга киритиш учун етарлича овоз тўплай ололмаслиги мумкин.

Социалистик партия билан Европа ила интеграция тарафдори бўлган ASUM мухолифат коалицияси шунингдек, ҳам Европа, ҳам Россия билан ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлган, етакчи коалициянинг асосий партияси ҳисобланган Демократлар партияси беллашмоқда.

Сайлов арафасида ASUM коалициясининг икки аъзоси симобдан заҳарлангани хабар қилинди. Facebook эса молдоваликларга нотўғри ва ёлғон маълумот тарқатишга уринган саҳифаларни ўчирди.

ASUM га собиқ таълим вазири Мая Санду ҳамда Андрей Нэстасе етакчилик қилади. Коалиция Молдова ҳукуматини коррупцияда айблаб келади. Партия сайловдан кейин бирон партия етакчиликни қўлга киритмаса, демократлар ёки социалистлар билан коалиция тузмаслигини айтган.

Сайловдан икки кун олдин Москва пул ювиш бўйича янги иш қўзғатилганини, Молдованинг Демократлар партияси етакчиларидан бири унга алоқадорликда айбланаётганини маълум қилди.

Айримлар бу билан Москва сайлов натижасига таъсир ўтказишга уринганини айтмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги 22 февраль куни эълон қилган баённомада икки рус банки орқали амалга оширилган пул ювиш амалиётлари текширилаётгани айтилади. Баённомага кўра, ушбу жиноий режани икки бадавлат молдовалик – Владимир Плахотнюк ва Вячеслав Платон уюштирган.

Молдова бош вазири Павел Филип Россия сайловга аралашаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдириб келади.

Аммо амалдаги президент Игорь Додон Россия президенти Владимир Путиннинг яқин ҳамкори бўлиб, сайлов арафасида Москвада Путин билан музокаралар ўтказди.

Додон Европа Иттифоқи келажаги номаълум эканлиги айтиб, Москва билан яқиндан алоқа қилиш муҳим эканлигини таъкидлаб келади.

21 февраль куни Accociated Press агентлигига берган интервьюсида президент:

- ЕИга 10 ёки 15 йилда нима бўлишини билмайман. Нима учун олдимизга мақсад қўйиб, ваъда беришимиз керак? - деди.

Собиқ совет республикаси бўлмиш Молдовада 2015 йилдан бери уч марта ҳукумат алмашди. Бунга банк тизимидан 1 миллиард доллар йўқолиб қолгани туртки бўлди. Бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизига тенгдир.

Молдова ишлатадиган табиий газнинг 95 фоизи Россиядан келади. Бундан ташқари, БМТ эътирозларига қарамасдан, айирмачи Приднестровье ҳудудида Россия ҳарбийлари жойлаштирилган.

Молдова 2014 йилда ЕИ билан ассоциациия тўғрисида келишимни имзолаши ортидан Кишинёвнинг Россия билан алоқалари ёмонлашди. Бунга жавобан Россия айрим Молдова маҳсулотлари импортига чеклов қўйди. Ҳозирги кунда Молдова экспортининг 70 фоизи ЕИ давлатларига юборилади.

XS
SM
MD
LG