Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:16

HRW: Тожик фаоли Россияда ўғирланди ва қийноққа солинди


Шарофиддин Гадоев (чапда) тақиқланган Тожикистон Ислом партиясининг қувғиндаги раҳбари Муҳиддин Кабирий билан 2 март куни тарқатилган видеода.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти хабар қилишича, Тожикистон мухолифати фаоли Нидерландияга қайтиб келишга рухсат тегишидан олдин Россия ва Тожикистонда ўғирлаб кетилган, калтакланган ва қийноққа солинган.

Унга Нидерландияда қочқин мақоми берилганди.

HRWнинг Марказий Осий бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоунинг “Озодлик” радиосига айтишича, “24-гуруҳ” ҳаракатининг етакчи фаолларидан бирини ўтган ой Москвада полиция ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари ўғирлаб кетган ва Тожикистон ҳокимият идоралари қўлига топширган. Улар эса Шарофиддин Гадоевни учоқда пойтахт Душанбе шаҳрига олиб келган.

‒ Москвадан Душанбе шаҳрига олиб келингандан сўнг унга нисбатан қанчалик зўравонлик қилингани, кўйлаги қонга ботганини кўриб турибмиз, ‒ деди Свердлоу.

Унинг қўшимча қилишича, Гадоев Москва аэропортида ёрдам сўрашга ҳаракат қилганида, тожик хавфсизлик хизмати ходимлари уни шафқатсизларча калтаклаган ва бақира олмаслиги учун оғзига лента ёпиштириб қўйган.

Гадоев ўтган ойда Нидерландиядаги ихтиёрий қочқинликдан қайтиб, кутилмаганда Душанбеда пайдо бўлиб қолди. Тожикистон ҳокимият идоралари унинг ўз ихтиёри билан қайтиб келганини иддао қилган эди. Бу билан улар ҳамкасб ва тарафдорларининг Гадоев ўғирлаб кетилгани ҳақидаги гапларини рад этмоқчи бўлди.

2 мартда Гадоев Тожикистоннинг Европада фаолият юритаётган мухолифатдаги ташкилоти Фейсбук саҳифасининг жонли видео эфирида пайдо бўлди ва кутилмаганда, унинг яна Европага қайтгани маълум бўлди.

Видеони тарқатган Тожикистон миллий иттифоқи вакилига кўра, видео Германиянинг Франкфурт аэропортидан эфирга узатилган.

Свердлоуга кўра, Гадоевнинг Тожкистонда ҳибсдан озод этилиб, Нидерландияга эсон-омон қайтиб келишига Европа Иттифоқига аъзо мамлакатда қочқин мақомига эга экани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Тожикистон ҳокимият идоралари 33 яшар Гадоев ватанига ўз ихтиёри билан қайтиб келганини айтганди. Бу ҳам етмагандай, унинг мухолифат ҳақида билдирган танқидий фикрлари ва бошқа фаолларни ҳам Тожикистонга қайтиб келишга қилган даъвати ёзиб олинган видеони тарқатди.

Аммо, 19 февралда Гадоевнинг ҳамкасблари олдинроқ ёзиб олинган видеони эълон қилди. Видеода у “Тожикистонда юзага келган муаммолар ва тожик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият”ни муҳокама қилиш учун Россия хавфсизлик кенгаши расмийлари билан учрашувга - Москвага йўл олаётганини айтади.

‒ Агар мен қўққисдан Тожикистон телевидениеси ва Ютуб каналида пайдо бўлиб, ўз ихтиёрим билан келдим, деб айтсам, асло ишонманглар, ‒ дея огоҳлантиради у ўша видеода. ‒ Мен ўз хоҳишим билан Тожикистонга боришни режалаштираётганим йўқ.

Ички ишлар вазирлиги дастлаб Гадоев контрабанда маҳсулотлари ва қалбаки ҳужжатларга эгаликда айбланганини эълон қилди.

Свердлоу HRW “Гадоев Нидерландиядаги қадрдонлари олдига қайтиб келганидан хурсанд экани”ни билдирди. Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, Гадоевнинг қувғиндаги ҳамкасблари, Германиянинг Душанбедаги элчихонаси ва Нидерландия Ташқи ишлар вазирлигининг “ўз вақтидаги саъй-ҳаракатлари” сабаб бунга имкон туғилди, дея қўшимча қилди у.

Президент Эмомали Раҳмон 1992 йилдан бери Тожикистонни бошқариб келмоқда ва ҳурфикрли кишилар ҳуқуқини топтагани учун қайта-қайта танқид қилинмоқда.

“24-гуруҳ” 2014 йил октябрида “экстремистик” ташкилот деб топилди ҳамда Душанбе ва бошқа шаҳарларда ҳукуматга қарши намойишлар уюштиргани учун тақиқлаб қўйилди.

Унинг асосчиси Умарали Қуватов 2015 йил мартида Истанбулда ўлдирилди.

XS
SM
MD
LG