Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:16

Душанбе ҳукумати тожикистонлик болаларни ИД ҳудудидан ватанга қайтармоқчи


Расмий Душанбе Ироқда ҳали 92 нафар тожикистонлик бола борлигини айтмоқда (архив сурати)
Расмий Душанбе Ироқда ҳали 92 нафар тожикистонлик бола борлигини айтмоқда (архив сурати)

"Ислом давлати" террор гуруҳининг халифалик барпо этиш уринишлари чиппакка чиқа борган сари аксар ҳукуматлар ИД сафига қўшилган фуқаролари болаларидан юз ўгирмоқда. Аммо Тожикистон бу борада бошқа йўл тутмоқчи.

‒ Биз уларни ватанга қайтармоқчимиз, ‒ деди мамлакатнинг Ироқ ва Кувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода Озодлик мухбирига.

Ҳокимият идораларига кўра, юзлаб тожикистонлик ИД сафига қўшилиш учун Сурия ва Ироққа жўнаб кетган. Расмий Душанбе ушбу масалага кечиримлилик билан ёндашаётганини айтиб келади. 2015 йили Тожикистон ҳукумати ватанга ўз ихтиёри билан қайтиб ва зўравонликдан воз кечганларга афв эълон қилди. Бу қарорга ватандошларни радикал ислом сафига қўшилиш хавфидан огоҳлантириш сифатида қаралмоқда.

Ўтган йилларда Ироқ ва Суриянинг улкан ҳудудини эгаллаган ИД бугунги кунга келиб Сурия шарқидаги кичик бир ҳудудда жон сақлаяпти. Бу ҳудудда қуршовга олинган жангарилар ва улар оила аъзоларини нима қилиш дунëнинг аксар ҳукуматлари учун жумбоқ бўлиб қолмоқда. Қатор Ғарб ҳукуматлари¸ ИД сафига қўшилган ўз фуқароларини ватандошликдан маҳрум қилди.

Шундай вазиятда ватанига қайтишга йўл излаётган ИД жангариларининг оила аъзолари ҳақидаги чиқишлар жамоатчилик эътиборини тортмоқда.

Нью-Жерсида туғилган, “ИШИД келини” деб ном олган ва бир сафар ижтимоий тармоқларда америкаликларни ўлдиришга даъват қилган аёл ўғил фарзанди билан Қўшма Штатларга қайтиш ҳуқуқини олиш учун судга мурожаат қилди. АҚШ ҳукумати унинг туғилиш ҳуқуқи бўйича ватандошлигини рад этган.

15 ëшида Британиядаги оиласидан қочиб кетиб, ИШИД сафига бориб қўшилган ўсмир қиз яқинда Суриядаги қочқинлар жамлоғидан топилди. У ўзини ватандошликдан маҳрум қилган Лондон ҳукуматига ортга қайтиш ҳамда чақалоғини “тинч ва хавфсиз” қиролликда тарбиялашга рухсат беришни сўраб мурожаат қилди. Аммо бу сўров рад этилди.

Ҳозирда 19 га кирган бу жувоннинг чақалоғи нобуд бўлгач, Ички ишлар вазирлигидан “раҳмдиллик” қилиб, қарорини қайта кўриб чиқиш сўралди.

Айни дамда Бельгияда 6 нафар ИД ҳудудида туғилган болани ватанга қайтариш ҳақида чиқарилган суд қарори устидан берилган апелляция кўриб чиқилмоқда. Франция ҳукумати ИД ҳудудида туғилган ва ҳали балоғат ёшига етмаган болалардан ҳар бирининг ишини алоҳида ўрганмоқда - Францияда ҳам террорчилар ва улар хотинларини орқага қайтармаслик ҳақида қонун қабул қилинди.

Айни чоқда Тожикистон ҳукумати бирор тожик боласини Ироқ ва Сурияда қолдириш нияти йўқлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Бунга уларнинг экстремистлар таъсири кучли ҳудудларда қолиши келгусида мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиш эҳтимолидан қўрқув сабаб бўлмоқда.

Тожикистон яқин вақтда 75 болани Бағдоддан ватанга қайтариш учун учоқ юбориш тараддудида. Уларнинг оналари ИДга дахлдор бўлгани учун Ироқ қамоқларига ташланган.

Тожикистон ватандошларини Ироқ ва Суриядан орқага қайтариш учун музокара ўтказиш вазифаси юкланган Зубайдзоданинг айтишича, 6 мартда болаларнинг оналаридан уларни ватанга қайтириш учун талаб этиладиган рухсат олинган.

Тожикистон ҳокимият идораларига кўра, Ироқда қамоқ муддатини ўтаётган 43 нафар тожик аёлининг 94 фарзанди бор. Зубайдзода ҳозирча 17 бола Ироқда қолишини, оналари уларнинг ватанга қайтишига рухсат бермаганини айтди.

Бунга Тожикистонда фарзандларига қараб туришни истовчи қариндошлари йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бошқалари эса¸ фарзандларининг онасидан ажралиш учун ҳали жуда ёш эканини билдирган. Бошқа аёллар эса Тожикистон “исломий” бўлмагани учун фарзандлари у ерда тарбияланишига розилик бермаган.

Элчи расмий Душанбе “барча тожик фарзандлари”ни Ироқдан ватанга қайтариш борасида саъй-ҳаракатларини тўхтатмаслигини айтди, аммо тафсилотини очиқламади. У Сурия шимол-шарқидаги қочқинлар жамлоғида ушлаб турилган 50 нафар тожик аёли ва фарзандини қайтариш учун алоҳида иш олиб бормоқда.

Оила вақти

ИД жангарилари болаларининг қайтиб келгандан сўнг тиббий кўрикдан ўтиши, зарур тиббий муолажа олиши ва эмланиши кутилмоқда.

Расмийлар болалар Тожикистондаги янги ҳаётга кўникиб кетиши учун улар билан махсус ўқитилган психологлар ва ўқитувчилар узоқ муддат ишлашини айтмоқда.

Март охирида қайтиши кутилаётган гуруҳдаги болалар қариндошларининг оилаларига жойлаштирилади. Олдинроқ ҳукумат вакиллари ўша қариндошлар билан боғланиб, уларнинг қонуний васий бўлиш ҳақидаги розилигини олган эди.

Душанбенинг Рудакий туманида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Усмонова уч набираси яшаши учун икки қавату саккиз хонали уйини қайта жиҳозламоқчи.

Икки қизу бир ўғил боладан иборат неваралари 2-8 ёш оралиғида. Усмонова қиз набираларини умуман кўрмаган. Айтишича, улар Ироқда туғилган. Уларнинг онаси Ганжина Усмонзода эри ва ўғли билан 2015 йили Ироққа кетган.

Эри Мўсул шаҳрида ўлдирилгандан кейин 27 яшар Усмонзодани ўша ерда Ироқ ҳокимият идоралари ҳибсга олган.

− Қизим Ганжина менга февралда қўнғироқ қилиб, фарзандларини Тожикистонга жўнатаётганини айтди. Биз уларни тарбиямизга олишга тайёр эканимизни билдирдик, − деди буви 6 мартда Озодлик мухбирига.

Тадбиркорлик билан шуғулланувчи Усмонова набираларини тарбиялаш учун қўлидан келган “ҳамма иш”ни қилажаги, яқин атрофда яшовчи ўғиллари ёрдам қилишга ваъда берганини айтади.У оиласини ИДга яшаш учун олиб кетган куёвини айбдор деб билади.

Душанбедаги Шоҳмансур маҳалласида яшовчи Сабзагул Камолова ҳам набираларииннг қайтишини кутаяпти.Бағдод шаҳридаги қамоқда жазо муддатини ўтаётган қизининг 5 фарзанди бор. Уларнинг икки нафари Ироқдаги ИД ҳудудида туғилган.

− Невараларимнинг уйга қайтиши мен учун зўр хушхабар бўлди, − деди Камолова. – Қизим 4 фарзандини юбораётганини айтди, энг кичигини эмаётгани учун ўзи билан олиб қолибди.

Ироқ ҳукумати ИД болаларини чиқариб юбормоқчи

Расмий Бағдод 2018 йилда тарқатган хабарга кўра, ушбу мамлакат қамоқхоналарида 14 миллатга мансуб 833 бола ушлаб турилибди.

− Биз Ироқдаги дипломатик ваколатхоналардан қамоқ муддатини ўтаб бўлган ўз ватандошлари ва уларнинг жазога тортилмаган фарзандларини ватанига қайтаришни сўраймиз, − деган эди 3 июлда Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳмад Маҳжуб.

Тожикистон ўтган йили ота-оналари Ироққа олиб кетган 6 нафар тожик болани ватанига қайтарди.

Тожикистон ҳокимият идораларига кўра¸ 2000 га яқин тожик ватандоши 2014 йилдан бери ИД сафига қўшилиш учун Ироқ ва Сурияга жўнаб кетган.

XS
SM
MD
LG