Линклар

Шошилинч хабар
25 март 2019, Тошкент вақти: 17:18

Сербияда намойишчилар ТВга бостириб кирди. Президент халққа мурожаат қилди (ВИДЕО)


Телевидение биносига бостириб кирган намойишчилар, 16 март, 2019-йил

Сербия президенти Александр Вучич миллий телеканал биносига мухолифатчилар бостириб киргани муносабати билан халққа мурожаат қилди.

Ўз нутқида президент, қонун устуворлигини таъминлашни ваъда қилди.

16 март куни Сербия мухолифати вакиллари миллий RTS телеканалини ҳукуматга ён босишда айблаб, телеканал биносига бостириб кирган эди.

Президент офиси Вучич намойишлар ва телеканал биносида содир бўлган ҳодисалар юзасидан 17 март куни нутқ сўзлади.

Вучич мамлакат бўйлаб, қонун ва тартибни таъминлашни ваъда қилди.

16 март куни президентга қарши норозилик намойишига чиққан мухолифат вакиллари миллий телеканал биносига бостириб кириб, уни эгаллаб олган. Орадан икки соат ўтгач, уларни Сербия полицияси қувиб чиқарган эди.

Президент ва миллий телеканалга қарши намойишга чиққанлар орасида 30 партия ва ҳаракатни ўзига бирлаштирувчи Сербия Альянси етакчилари ҳам бўлган.

Полиция бошида мухолифат етакчилари билан музокара олиб боришга уринган, аммо пировардида уларни куч ишлатиб қувиб чиқарган.

Телеканал иморатига кириб олган айрим мухолифатчилар уларга телевидение орқали мурожаат қилиш имкони берилмагунича иморатни тарк этмасликларини айтгани хабар қилинди. Хусусан, Белград мэри Драган Джилас ҳамда ўнг-қанот депутат Боско Обрадович иморатни тарк этишдан бош тортган, аммо полиция уларни куч ишлатиб чиқариб юборган.

Намойишчилар қўлга олингани ёки қўйиб юборилгани ҳозирча номаълум.

Кейинги ҳафталарда президент Вучич ҳамда жорий ҳукуматга қарши қатор норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Dveri сиёсий партияси етакчиси Обрадович:

- Кейинги ойларда фақат бир нарсани сўраб келяпмиз – намойиш етакчиларига миллий телеканал орқали сўзлаш имконияти берилишини, - деди.

Сербия ички ишлар вазири Небойша Стефанович намойишчиларни бинони тарк этишга чорлар экан, полиция барча ТВ журналистларни ҳимоя қилишини ва намойишчиларни иморатдан қувиб чиқаришини айтди.

Сербия мудофаа вазири Александр Вулин ҳукуматга мойил Pink TV телеканалига берган интервьюсида намойишчиларни “фашистлар” дея таърифлади.

Намойишчилар Вучич истеъфосини, эркин матбуот ҳамда шаффоф сайловларга йўл очилишини талаб қилмоқда.

Ҳар ҳафта ўтказилаётган норозилик намойишлари ўтган йилнинг ноябрь ойида номаълум шахслар мухолифатчи сиёсатчини калтаклаши ортидан бошланиб кетди.

Намойишчилар Вучични демократик эркинларни чеклаш, сиёсий рақибларга тазйиқ ўтказиш ҳамда матбуотни назоратга олишда айблаб келади. Президент эса бу айбловларни рад этмоқда.

Миллатчи қарашларга эга Вучич ўзини Европа Иттифоқи билан яқин алоқа ўрнатишни қўлловчи ислоҳотчи ўлароқ кўрсатиб келади. Президент бир вақтнинг ўзида Сербия Россия билан яхши муносабатда бўлиб қолишни истайди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG