Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:45

Алишер Усмонов Forbes рейтингида 5 поғонага юқорилади


Россия президенти Кремлда Алишер Усмоновга давлат мукофотини топширмоқда, 27 ноябрь, 2018 йил
Россия президенти Кремлда Алишер Усмоновга давлат мукофотини топширмоқда, 27 ноябрь, 2018 йил

Келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Forbes рейтингида 1 миллиард 120 миллион АҚШ доллари миқдоридаги даромади билан Россиядаги пулдорлар орасида 10-ўриндан 5-ўринга чиқди.

Нашрнинг ёзишича, бу даромад манбаи миллиардернинг "Арсенал" футбол клубидаги сотилган улуши ва "Металлоинвест" ширкатининг қопланган дивиденларидир.

Bloomberg нашри ҳам шу йилнинг 1 февралида эълон қилинган ҳисоботида, Усмонов 2019 йил бошидан буён ўз бойлигини қарийб 15 ярим миллиард АҚШ долларига етказган​ини ёзган.

Bloomberg Billionaires Index (BBI) рейтингида келтирилишича, Алишер Усмонов дунёдаги энг бадавлат 500 киши рўйхатида 68-ўринни эгаллаган.

Дунёдаги энг бадавлат кишилар рўйхатининг бошида 142 миллиард доллар маблағ йиққан Жефф Безос турибди.

65 яшар россиялик тадбиркор Алишер Усмонов “Металлоинвест” компаниясини бошқариб келаётган USM Holding инвестиция гуруҳининг 48 фоизига эгалик қилади. Бу ширкат Россияда темир рудаси қазиб олувчи энг йирик корхоналардан биридир.

Ўз ўрнида, “Металлоинвест” Россиянинг энг йирик алоқа оператори - “Мегафон"ни бошқарувчи “АФ Телеком Холдинг” ширкати эгаси ҳамдир.

Ўз маблағини аста-секинлик билан онлайн-бизнесга йўналтира бошлаган Алишер Усмонов охирги бир йилда Хитойнинг jd.com ва Alibaba ритейлерлари, Airbnb ижара хизмати ва Spotify мусиқа сервисида катта улушларни сотиб олди.

Айни пайтда, охирги интервьюларидан бирида у Тошкентдаги Ислом марказига 100 миллион доллар ажратганини айтган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Алишер Усмоновнинг ушбу марказга қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилганини билдирганди.

Алишер Усмонов 1953 йилнинг 9 сентябрида Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Бурхон Усмонов Тошкент шаҳар прокурори бўлган.

Айни пайтда, Усмонов Forbes журнали мезонлари бўйича дунëнинг энг нуфузли шахслари рўйхатининг 58-поғонасига қўйилган.

Усмонов ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон президенти билан яқин алоқада ва ҳар иккала давлат раҳбари томонидан тақдирланиб келмоқда.

Жорий йил августида 65 ëшга тўлган Усмоновни Шавкат Мирзиëев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаган бўлса, Владимир Путин ноябрь ойида унга III даражали "Ватан олдидаги хизматлари учун" орденини берди.

The Daily Telegraph нашрига кўра, Буюк Британия ҳукумати Владимир Путин ва унинг режими билан бевосита боғлиқ экани айтилаётган олти бизнесмен, жумладан Алишер Усмоновга тадбиркорлик қилишга тўсқинлик қилиши тўғрисида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG