Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 06:42

Қирғизистонда собиқ президентдан дахлсизлик мақоми олиб ташланди


Қирғизистон Конституцияси президент столи устида.

Қирғизистон парламенти экс-президентларни дахслсизлик мақомидан ажратиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди.

Экс-президентларни дахслсизлик мақомидан ажратишга қаратилган, қонунга йиғинда иштирок этган 114 депутатнинг уч нафаригина қарши овоз берди.

Бундан аввал Конституциявий палата экс-президентга дахлсизлик мақомининг берилиши Конституцияга зид келиши ҳақида қарор чиқарган эди.

Янги қонунга асосан собиқ президентга сиёсий ҳаётга аралашиш ҳам тақиқланган. Депутат Дастан Бекешев бу меъёр инсон ҳуқуқининг бузилишига сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

-Экс-президент “партияга қўшила олмайди, давлат органларидаги лавозимларда ишлай олмайди”, деган тақиқ ёзилган. Бу Конституцияга зид келади. Фуқаролар шу борада судга мурожаат қилиши мумкин, - деди депутат.

Юридика фанлари доктори, профессор Бекбўсун Бўрубашев фикрича, абсолют дахлсизлик деган тушунча умуман бўлмаслиги керак. Унга кўра, бу мақом амалдаги президентдан лавозимидан кетиши биланоқ автоматик тарзда олиб ташланиши зарур.

-Бизда абсолют дахлсизлик деган тушунча бўлмаслиги керак. Негаки биз демократик мамлакатмиз. Амалдорларимиз дахслизликдан ўз манфаати учун фойдаланаяпти. Шунинг учун дахслизлик мақоми ўша мақомга эга бўлган шахс ишдан кетиши билан бекор қилиниши лозим, - дейди Бўрубашев.

Ўтган йили Қирғизистоннинг собиқ Бош вазирлари Сапар Исақов ва Жантўрў Сатвалдиев ҳамда собиқ президент Атамбаевга яқин бўлган бошқа қатор амалдорлар коррупцияда айбланиб, қамоққа олингани ортидан экс-президентдан ҳам дахлсизлик мақомини олиб ташлаш талаби янграй бошлаган эди.

27 март куни эса қатор фаоллар Қирғизистонни 2011 йил 1 декабридан 2017 йил 24 ноябригача бошқарган Алмазбек Атамбаевни “Ҳокимиятни қонунга хилоф равишда эгаллашга бўлган уриниш”да айблаб, уни жиноий жавобгарликка тортиш талаби билан чиққанлар.

XS
SM
MD
LG