Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 19:03

Адлия вазирлигидаги коррупция ҳақида хабар берганлар мукофотланади


Иллюстратив сурат

Адлия вазирлиги ўз ичидаги коррупцияни йўқотиш учун, пора олган ёки олишга уринган ходимлари ҳақидаги маълумотга мукофот беришини билдирди.

Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар қилишича,​ вазирлик ўз тизимидаги коррупцияга қарши "уруш эълон қилган".

Расмий хабарга кўра, шу кунларда вазирлик коррупцияга қарши курашиш мақсадида махсус дастур қабул қилинган ва унга кўра, Коррупцияга қарши курашиш кенгаши тузилади.

"Адлия вазирлиги қошида тузиладиган ушбу Кенгаш коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурнинг ижро этилишини назорат қилиб боради, - дейилади хабарда.

Қатор чора-тадбирлардан бири сифатида, аввало, барча бўғиндаги адлия органлари ходимларининг аттестациядан ўтказиш жараёнини жамоатчилик вакиллари кузатуви остида ўтказишга қарор қилингани билдирилди.

Хабарда айтилишича, вазирлик ходимларининг аттестация жараёни видеотасмага тушурилади, шунингдек онлайн трансляция қилинади.

Шунингдек, вазирликда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берганлар мукофотланадиган бўлди.

Бундан ташқари, адлия органлари ва муассасалари маъмурий биноларида (нотариат идоралари, давлат хизматлари марказлари, Интеллектуал мулк агентлигида) иш жараёнини фуқароларга видео ва аудиога ёзиб олиш ҳуқуқи берилади.

Ҳозирча, ўз ичидаги коррупцияга "ноль даражада тоқатсизлик" эълон қилганини маълум қилган вазирлик фуқароларга берилаётган енгиллик ва янгиликлар айнан қачондан жорий этилишини аниқ билдирмади.

Аммо, ўтган даврга оид ҳисоботда айтилишича, вазирлик ўтказган "сирли мижоз" рейдлари давомида энг катта коррупция Давлат хизматлари Агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида аниқланган.

2019 йил 1 апрелига қадар жами 1 минг 318 та "сирли мижоз" ва 7 минг 732 та профилактика тадбирлари натижасида агентлик ходимларининг 621 таси огоҳлантирилган, 116 тасига хайфсан, 63 тасига жарима белгиланган, 68 таси ишдан бўшатилган.

Нотариат тизимида эса мижозлар қўлидан пора олинмаслиги учун тўловларни электрон мобил иловалар - UPAY, Click, PAYME орқали тўлаш тизими жорий этилгани айтилди.

XS
SM
MD
LG