Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 21:43

Exit poll: Президент сайловида Зеленский деярли 74 фоиз овоз олди (ВИДЕО)


21 апрель куни Украинада президентлик учун сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилди.

Дастлабки сўров натижаларига кўра, амалдаги президент Петро Порошенко рақиби - актёр ва шоумен Владимир Зеленскийдан анча ортдадир.

Зеленский деярли 74 фоиз овоз олиб, олдинда бормоқда.

Украинанинг қарийб 30 миллион сайловчиси 2 номзоддан бирига овоз берди.

Марказий Сайлов комиссияси маҳаллий вақт билан соат 12га қадар сайловчиларинг 45 фоизи овоз бериб бўлганини маълум қилди.

18 апрель куни Reiting тадқиқотлар маркази ўтказган сўровга кўра, респондентларнинг 57,9 фоизи Зеленский учун, 21,7 фоизи Порошенко учун овоз беришни режалаётганини билдирганди.

Қизиқчи ва телевидение актёри Зеленскийнинг муваффақияти Украина сиёсий элитасини танг аҳволга солмоқда.

У ўз кампанияси давомида асосан ижтимоий тармоқлардан фойдаланди ҳамда Украинанинг оқсаётган иқтисоди, чуқур илдиз отган коррупция ҳамда Украина шарқида беш йилдан бери тугамаётган можарога урғу бериб, уларга ечим топишни ваъда қилди.

19 апрель куни Киев стадионида икки номзод иштирокида ўтказилган дебат давомида Зеленский шундай деди:

- Мен сиёсатчи эмасман. Мавжуд тизимни ўзгартириш учун келган оддий фуқароман, холос.

​53 ёшдаги Порошенко эса Зеленскийнинг сиёсий тажрибаси йўқлигига урғу бериб, у Россия президенти Владимир Путинга қарши чиқа олмаслигини таъкидлаб келади.

Дебат давомида Порошенко:

- Сиздан ўзини Путин зарбаларидан ҳимоя қила олмайдиган заиф етакчи чиқади. [Зеленский] Украинани мағлуб қилиб, уни Россия империясига қайта судраб бориш ҳақида орзу қиладими, йўқми, билмайман, аммо Путинда бундай орзу бор, - деди.

Порошенко ўзини Украинани Россия агрессиясидан асрай оладиган ягона номзод ўлароқ кўрсатиб, украиналикларни уни иккинчи муддатга сайлашга чақирмоқда.

19 апрель Киевдаги “Олимпийский” стадионида ўтказилган президентлик сайловолди дебатлари пайтида эса ҳар икки номзод дебат саҳнасида тиз чўкди.

Номзод Владимир Зеленский уруш тугаши учун Россия президенти Владимир Путин олдида тиз чўкишга тайёр бўлганини айтиб: “Мен ўз ўғлини йўқотган ҳар бир она, ўз эрини йўқотган ҳар бир аёл олдида тиз чўкишга тайёрман. Мен бунга тайёрман ва ҳозир буни қиламан. Сиз ҳам буни қилинг”, деди Порошенкога қараб.

Шундан кейин аввал Зеленский, кейин Порошенко тиз чўкди. Порошенко сўнгра Украина байроғини ҳам ўпди.

Сайловнинг 31 март куни ўтказилган биринчи турида Зеленский 30 фоиз овоз тўплади. Порошенкога эса 16 фоиз сайловчи овоз берди.

Зеленский Украина НАТОга аъзо бўлишини қўллаши, аммо бунинг учун аввал референдум ўтказишини айтиб келади. Номзод, шунингдек, Россия 2014 йилда аннексия қилиб олган Қримни Украинага қайтариши кераклигини ҳам айтган.

Зеленский Украина шарқидаги можарога ечим топиш учун Россия билан тўғридан-тўғри музокара ўтиш тарафдоридир. Москва Украина шарқидаги уруш мамлакатнинг ички иши эканини айтиб, Киевни россияпараст айирмачилар билан музокара ўтказишга чорлаб келади.

2016 йилнинг ноябрида Халқаро жиноят суди Украина шарқидаги можарони “Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги қуролли конфликт”, деб белгилаган.

18 апрель куни Порошенко украиналикларга ҳозир президент ва бош қўмондон лавозими устида тажриба ўтказиш мавриди эмаслигини айтиб, сайловчилардан кечирим сўради ва унга яна бир имкон беришларини сўради.

Порошенко тарафдорлари у собиқ президент Виктор Янукович даврида заифлашиб кетган Украина армиясини қайта тиклаганини айтиб келади.

Порошенко ўз фаолияти давомида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик келишувини имзолади ҳамда украиналиклар Европа Иттифоқига визасиз саёҳат қилишига эришди. Президент, шунингдек, Украина православ черкови Москва патриархлигидан мустақил бўлишига эришди.

XS
SM
MD
LG