Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2019, Тошкент вақти: 11:59

SpaceX ширкатининг Crew Dragon космик кемаси синови давомида носозлик кузатилди


Crew Dragon

Ўтган ҳафта Флорида штатидаги Канаверал бурнида америкалик астронавтларни жорий йил фазога олиб чиқиши кутилаётган Crew Dragon капсуласида носозлик кузатилди. Бу ҳақда АҚШ фазо агентлиги -NASA билдирди.

Ушбу ҳолат юзасидан SpaceX ширкати матбуот котиби эълон қилган билдирувда:

- Бугун эртароқ SpaceX Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган 1-сонли қўниш зонасида Crew Dragon кемасида қатор двигатель синовини ўтказди. Дастлабки синовлар муваффақиятли ўтди, аммо якуний синов тест аномалия билан тугади, дейилади.

Florida Today сайтида эълон қилинган суратда синов ўтказилган жойдан тутун чиқаётганини кўриш мумкин. Синов давомида портлаш содир бўлгани ҳақида миш-миш тарқар экан, на SpaceX, на NASA ҳодиса тафсилотларини очиқлади.

NASA директори Брайденстайн Twitterда ҳодисани “аномалия” дея таърифлаш билан чекланди.

“Айнан шу сабаб синов ўтказамиз. Ўрганамиз, керакли ўзгаришларини киритамиз, хавфсизликни кучайтириб¸ давом этамиз”, дея қўшимча қилди директор.

Crew Dragon кемаси март ойида синовдан муваффақиятли ўтган эди. Космик кема автопилот билан учиб, Халқаро фазо станциясига (ХФС) беш кунга уланиб, сўнгра муваффақиятли равишда Ерга қайтди. NASA ушбу парвозни катта ютуқ ўлароқ баҳолади. Синов ортидан йил якунигача Crew Dragon бортида фазога астронавт чиқариш умиди пайдо бўлди.

Капсулага саккизта ракета двигатели ўрнатилган бўлиб, улар кемада муаммо чиқадиган бўлса, астронавтларни эсон-омон Ерга қайтаришга қодир.

NASA SpaceX ширкатининг Crew Dragon ҳамда Boeing ширкатининг Starliner капсулалари ёрдамида ХФСга астронавт юборишга умид боғлаган. 2011 йилдан бери фазогирлар ХФСга фақат Россиянинг “Союз” ракеталари бортида чиқариб келинади. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

SpaceX ширкатига 2002 йилда тадбиркор Илон Маск асос солган.

XS
SM
MD
LG