Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 18:21

Бош вазир Георгий тасмаси ўрнига Ўзбекистон байроғини оммалаштиришни буюрди


Бош вазир Абдулла Арипов 24 апрелда селектор йиғилиши ўтказди (Озодлик архивидан олинган сурат)

Бош вазир Георгий лентаси оммалашиб бораётганини танқид қилди. Худди шунга ўхшаш акцияни ўзимизда кенг оммалаштириш кераклигини айтди.

Telegramдаги "Олтин воҳа" канали хабар қилган бу маълумотни бошқа маҳаллий нашрлар ҳам эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 24 апрелда ўтказган селектор йиғилишида Хотира ва қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан топшириқлар берди.

"Фейсбукда Ўзбекистон байроғи акс этган челленж уюштириш, бунда Шаҳзода, Райҳон каби санъаткорларни жалб этиш топшириғи берилди. Фақат эстрада вакиллари эмас, спортчилар, сўз усталари, зиёлилар ҳам бу акцияга қўшилиши кераклиги айтилди. Умуман, пропаганда машинасини тўла ишлатиш топшириғи берилди", дейилган хабарларда.

Бош вазир топшириғига кўра, 100 минг нусхадан зиёд Ўзбекистон миллий байроғи акс этган ленталар чиқарилиб, тарқатилади.

"Бу тадбир расмий тадбир эмас, меҳр билан, виждонан халқни бирлаштирадиган акция бўлиши керак", – деган Бош вазир А. Арипов.

Маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаяпти. Уларнинг ҳар бирига 7,5 миллион сўм нақд пул берилажаги, ҳар бирига патронаж ҳамшира бириктирилажаги айтилган селектор йиғилишида.

9 май яқинлашар экан, ҳар йили Георгий тасмаси билан боғлиқ масала ўзбек жамиятида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда, жамият унга қаршилар ва унинг тарафдорларига ажралиб қолмоқда.

Георгий лентаси тарихи аввалига насронийларнинг Салиб юриши¸ 1769 йилдан бошлаб эса¸ Россия империясининг ўзга юртларда қилган босқинчилик урушларида катта хизмат кўрсатган рус аскарларига бериб келинган энг олий ҳарбий орденлар тўғноғичига ўралган лентадир.

Ўзбек тарихчилари¸ бугунги Ўзбекистон ҳудудининг чор Россияси томонидан истило қилинишида маҳаллий халқ ва унинг ўз ватани учун курашган аскарларини қирғин қилганларнинг император томонидан айнан Георгий лентаси билан тақдирланганини айтадилар.

Бу лента 1917 йилдан то СССР қулаганига қадар большевик ва коммунистлар томонидан тақиқланган ва Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳеч кимга Георгий лентаси берилмаган.

2005 йилга келиб¸ РИА Новости агентлиги ташаббуси билан бошланган акциялардан сўнг¸ 2008 йили Россия ҳукумати унга “Улуғ ватан урушида қозонилган ғалаба” рамзи деган янги маъно юклаб¸ постсовет ҳудудида уни кенг тарғиб қилишга киришди.

Шундан бери Собиқ СССР¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳудудида жамоатчиликка Георгий лентаси тарқатиш билан Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг таркибий қисми бўлган Россотрудничество маркази шуғулланади¸ бу акциялар учун Россия бюджетидан маблағ ажратилади.

XS
SM
MD
LG