Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

ИИББ машиналар ёниб кетишига чироқлар сабаб, деган эътирозни рад этди (ФОТО)


Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) кейинги пайтларда автомобилларнинг ёниб кетиш ҳоллари кўпайганига чироқларнинг кундуз куни ёқилиши сабаб эканига оид эътирозларни рад этди.

ИИББ сайтида "Фактлар билан баҳслашиб бўлмайди: кундуз вақтида ёниқ бўлган ёритгичлар ва КСЧ натижасида йўл-транспорт ҳодисалари 25 фоизга камайди" сарлавҳали мақола чоп этилди.

Шу йилнинг 10 апрелидан Ўзбекистондаги йўл ҳаракати қоидаларига кундуз вақтида ҳам яқинни ёритувчи чироқлар ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб юриш талаби киритилди.

ИИББ баёнотида айтилишича, натижада жорий ва ўтган йилнинг 10 апрелидан 17 апрелгача бўлган рақамлар орасида жиддий фарқ кузатилган:

- 2018 йил айни муддатда 153 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, бу йил эса 108 та - 45 тага камайган.

- 2018 йил айни пайтда пиёдаларни уриб юборишга оид 75 та ҳолат қайд этилган, бу йил эса 37 та - 38 тага камайган.

Бу рақамларни келтирар экан, Тошкент шаҳар ИИББ, кундузи чироқларни ёқиб юриш қоидасининг киритилиши сабабларини келтирди.

"Баъзи ҳайдовчилар ён ёки орқани кўрсатувчи ойналарга қарамасликларини инобатга олган ҳолда янги талабнинг асосий мақсади ҳайдовчилар бир-бирларини кўришларидадир, орқада ёниб турган ёруғликни эса пайқамасликнинг иложи йўқ. Пиёдалар учун ҳам КСЧ ёниқ бўлган автомобиль, шу жумладан кундуз куни ҳам сезиларлироқ бўлди. Депутатлар илгаридан, кундуз вақтида яқинни ёритувчи ёритгичларни ёки КСЧни ёқиш талаби киритувчи қонунни тасдиқлаётганларида ҳақ бўлишган. Мақсад – кўпроқ йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёт ва соғлиқларини сақлаб қолишда бўлган", дейилади ИИББ баёнотида.

Айни пайтда, шу йилнинг 10 апрелида янги қоида жорий этилганидан буён автомобилларнинг ёниб кетиш ҳоллари юз бераётганидан эътирозлар кўпайди.

Ижтимоий тармоқларда кундуз куни ёниб кетаётган автомобиллар акс этган суратлар тарқалди.

Айрим машина эгалари жазирама иссиқда чироқ ёқиб юриши оқибатида автоулов фаралари ва олд қисми ёниб кетгани акс этган фотосуратларни ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Аксар суратларда машиналарнинг фаралари эриб тушаётгани ёки симлари ёниб кетаётгани акс этган.

​Айрим тармоқ фаоллари ва депутатлар бу қоиданинг бекор қилинишини сўраб, ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий телеканалларда ҳам чиқиш қилгани кузатилди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Абдурашид Абдуқодиров ва Жамшид Пирматов ​транспорт воситаларининг техник ҳолати кундузи чироқ ёқиб юришга мос келмаётганлиги сабаб йўл ҳаракати қоидаларига 9 апрелда киритилган ўзгаришларни бекор қилишни талаб қилди.

Асосий эътироз, янги қоида жорий этилишидан аввал етарли даражада техник ва ҳуқуқий жиҳатдан тайёргарлик кўрилмагани, хусусан, жамоатчиликка ҳам етарли даражада маълумот берилмаганига қаратилмоқда.

XS
SM
MD
LG