Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2019, Тошкент вақти: 19:53

Кейинги 80 йил мобайнида денгиз сатҳи 2 метрга кўтарилиши мумкин


Иллюстратив сурат.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, аср якунигача глобал миқёсда денгиз сатҳи 2 метрга кўтарилиб, миллионлаб одамни ўз уйини тарк этишга мажбурлаши мумкин.

Гренландия ҳамда Антарктиданинг муз қатламларида дунё океанлари сатҳини бир неча ўн метрга кўтариш учун етарли бўлган муз бор. Океанлар исиши туфайли сув кўпайиши денгизларнинг ҳам сатҳи кўтарилишига олиб келади.

Аммо сайёрада ўртача ҳарорат кўтарилар экан, музликлар эриш суратини ҳисоблаб чиқиш ўта мушкул.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панелининг 2013 йилги ҳисоботида атроф-муҳитни ифлослантириш ҳозирги суратда давом этса, 2100 йилгача денгиз сатҳи 1 метрга кўтарилиши айтилган эди.

Аммо душанба куни Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган мақолада бу ҳисоб ўта консерватив эканлиги айтилади, чунки иссиқлик газлари кўлами йилдан-йилга ошиб, Антарктида ва Гренландия музликларининг йирик муз қатламлари эриб бормоқда.

Музлик қатламларини ўрганувчи бир гуруҳ олим ёзган мақолада инсонлар фаолияти одатдагидек давом этадиган бўлса, денгиз сатҳи 2100 йилгача 2 метрдан кўпроқ кўтарилиши мумкинлиги айтилади.

Уларнинг ҳисобларига кўра, сув кўлами ошиши ортидан Франция, Германия, Испания ҳамда Буюк Британия ҳудудлари йиғиндисига тенг майдон сув остида қолиши, натижада 180 миллионга яқин одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлиши мумкин.

Иқлим бўйича 2015 йилда имзоланган Париж битими глобал ҳарорат кўтарилишини 2 даражагача чеклашга чорлайди.

Ер сатҳида ўртача ҳарорат саноат даври бошланганидан бери аллақачон 1 даражага кўтарилган.

XS
SM
MD
LG