Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 08:19

Учтепа ИИБ ходимлари: Ўтган йилдан қолган тўрт ойлик маошни ололмаяпмиз


Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИБ ходимлари 2018 йилда олишлари керак бўлган 4 ойлик маошни ҳалиям ололганлари йўқ. Бу ҳақда Озодликка Учтепа ИИБ ходимлари маълум қилди.

Озодлик суҳбатлашган ИИБ раҳбариятидаги подполковник рутбасидаги зобит ҳам бу маълумотни тасдиқлади.

Аммо Учтепа туман ИИБ бошлиғи ... ходимлар шу кунда ойликларини тўлиқ олаëтганини билдирди.

Порталга ҳам ёзишди, аммо

Озодлик суҳбатлашган подполковник рутбасидаги зобит сўзларига кўра, 2018 йилнинг август¸ сентябрь¸ октябрь ва ноябрь ойлари учун маошлар ҳалиям тўлангани йўқ.

- Бу йил учун ойлик тўланаяпти. Лекин ходимлар ўтган йилги тўрт ойлик иш ҳақини ололмаяпти. Порталга ҳам ëзишди¸ аммо самара чиқмади¸ - дейди зобит.

Унга кўра¸ Учтепа ИИБнинг Фукароларни мувофиқлаштириш бошқармаси ва Муниципал патрул-пост хизматидаги жами 24 ходимга тегишли ойлик берилмаган.

Муниципал патрул-пост хизматида ишлайдиган ходим Озодликка моддий шароити оғирлиги, давлат ундан 7 миллион сўм қарз эканлигини билдирди:

- Шундай қудратли давлат мендай камбағал милиционердан қарз бўлиб ўтирибди. Ўтган ойликларни бериш тўғрисида гап бошланса, ана берилади мана берилади деб, 7 ойдан бери чўзиб юришибти. Лекин ойликдан ҳамон дарак йўқ. Ходимлар ойлик масаласи бўйича тегишли жойларга мурожаат қилишди, аммо фойдаси бўлмади. Бутун бошли отряд ходимлари 4 ойлик маошларини ололмаса, бу нима деган гап? - дея зорланди ИИБ ходими.

Озодлик суҳбатлашган Учтепа туман ИИБ раҳбари¸ ходимларнинг 25 июнь куни ойлик олганини билдирди.

Аммо у ўтган йилги тўланмаган ойликлар ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Озодликка исми сир қолиш шарти билан гапирган Учтепа туман ИИБ молия-хўжалик бўлими ходимига кўра¸ муаммо ўтган йили ишга олинган ходимлар ойлиги билан боғлиқ.

- Қоидага кўра, ойлик буйруқ чиққан кундан ҳисобланади. Янги ишга олинганлар олдинига синов тариқасида ишлашди. Буйруқ чиққанидан кейин уларга мунтазам ойлик берила бошланди. Буйруқ чиққунгача бўлган муддатга ҳам ойлик иш ҳақи расмийлаштирилади¸ сабр қилиб туришсин, - деди Учтепа туман ИИБ молия-хўжалик бўлими ходими.

Муниципал патрул-пост хизматида ишлайдиган ходим эса¸ Озодлик билан суҳбатда¸ буйруқ асосида 2018 йилнинг сентябр ойидан ишлай бошлаганини айтади:

- Буйруқсиз қўлимизга ҳужжат беришмайди-ку. Сентябрдан то ноябргача ойликсиз ишладик. Декабрда додлашни бошловдик¸ кейин ойлик берди. Тўрт ойлик иш ҳақидан гап очилса ана берамиз мана берамиз¸ шуни харакатида юрибмиз деб ўша сизга айтган гапларни бизга ҳам айтишаяпти¸ - дейди суҳбатдош.

8 соат ўрнига 18 соат

Озодликка ички ишлар тизимидаги жараëнларга оид ўз хавотирларини баëн қилган подполковникка кўра¸ ИИБ ходимлари 8 соат ўрнига 18 соат ишлаб, ойлигини ҳам ола олмаганидан ташвишда:

- Қонунга кўра¸ Ўзбекистонда иш куни 8 соат. Шанба-бозор дам олиш керак. Аммо биз кунига 18 соатдан дам олишсиз ишлаяпмиз. Буни устига ойликни ҳам беришмаса қаттиқ ботади¸ - дейди ИИВ подполковниги.

Президент ғамхўрлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилиши баёнига мувофиқ, участка нозирларига автомашина берилиши¸ ИИБ ходимлари квартира билан таъминланиши лозим.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига бориб нозирларни танқид остига олган эди.

Айнан ўша куни Ўзбекистон президенти "ички ишлар ходимларининг ойлигини ошириш бўйича" тавсия берган эди.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG