Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:31

Прокуратура Атамбаевга бешта айб қўйди. Собиқ президент ҳимояси учун "Халқ штаби" тузилди (ВИДЕО)


Атамбаев ўз тарафдорлари билан.

Бош прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қўйилган олтита айбловдан бештасини асосли деб топгани ортидан 26 июнь куни Атамбаев тарафдорлари унинг Қўйтош қишлоғидаги уйига йиғила бошладилар.

Прокуратура Атамбаевга бешта айб қўйди. Собиқ президент ҳимояси учун "Халқ штаби" тузилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00

Бу ерда Атамбаевни ҳимоя қилиш бўйича “Халқ штаби” тузилиб, тўртта бўз уй тикилди. Атамбаевнинг уйида журналистлар учун матбуот маркази ташкил этилди, собиқ президентга мансуб бўлган “Апрель” телеканали эса “Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш” деб номланган телемарафонни бошлади.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топширган эди.

Парламент Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

25 июнь куни Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов парламентга бу борада ҳисобот берди.

- Барча ҳукумат тузилмаларидан ўз манфаати йўлида фойдаланди, жиноий гуруҳ тузди, ўз сиёсатига қарши чиққан сиёсатчилар, фаоллар ва журналистларни қувғин қилди, деган айблов бўйича жабрланганлар мурожаат қилсагина, суд ҳукми бўлсагина, айбли деб ҳисоблаш мумкин. Шунинг учун бу айблов ҳозирча асоссиз, - деган Ўткурбек Жамшитов Атамбаев Қўйтош қишлоғида уй қуриш учун ерни ноқонуний олгани, пул ювиш, коррупция каби бешта айблов бўйича собиқ президентга нисбатан жиноят иши қўзғатиш мумкинлигини маълум қилди.

Бош прокурор иддаосича, айни пайтда иши терговда бўлган собиқ Бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов “жиноят олами авторитети Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатиш масаласини шахсан Атамбаев билан келишгани” тўғрисида кўрсатма берган.

Оғир жиноятни содир этганликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азиз Батукаев 2013 йилда "саратон касалига чалинган ва яқин кунларда вафот этади" деган ташхис асосида суд ҳукми билан қамоқдан бўшатилган эди. У ўша куниёқ тарихий ватани Чеченистонга учиб кетган.

Бироқ орадан 6 йил ўтгач, бу ташхис сохта бўлгани ва Батукаев қамоқдан ноқонуний бўшатилгани юзасидан жиноят иши очилди. Бу жиноят иши доирасида шифокорлар, бир неча вазир, собиқ Бош прокурор Аида Салянова, собиқ Бош вазир ўринбосари Шамил Атахановлар қамоққа олинган.

Атамбаев ўзига билдирилган айбловларни "абсурд", деб атамоқда.

“Мен аввал бу спектаклда иштирок этмайман, деб айтган эдим. Масъулиятдан қўрқмайман. Лекин тарих олдида Жээнбеков (амалдаги президент-муҳаррир) амалга ошираётган қонунсизликни қонунийлаштириб беришга ҳақим йўқ. Ҳеч қачон жиноят ишлари миш-мишлар ва ифлос фантазиялар асосида қурилишини ўйламаган эканман. Бош прокурор бу алаҳсирашни ҳозиржавоблик билан бир кунда қонунийлаштириб беради, деб ўйламаган эканман”, деб билдирди Атамбаев 26 июнь куни эълон қилган ёзма баёнотида.

Бир неча ой олдин ўзининг мухолифатга ўтганини эълон қилган Алмазбек Атамбаевнинг расмий вакиллари собиқ президентга нисбатан бўлаётган жараённи “сиёсий қувғин” сифатида талқин қилмоқдалар.

- Бош прокуратура бу айбловни бир ой ўрганади, дейилган эди. Бир ой эмас, бир неча кун ҳам ўтмади. Парламент қарори Бош прокуратурага жума куни келган. Прокуратура шанба, якшанба, яъни дам олиш кунлари бу айбловларни ўрганиб чиқиб, тасдиқлаб юбордими? Бу сиёсий буюртма, - деди Атамбаев мансуб бўлган Социал-демократлар партияси юристи Нурбек Қасимбеков.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG