Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 18:14

Толибоннинг қайтиши афғон журналистларини хавотирга солмоқда


Афғонистон ҳукумати мамлакатдаги урушни тугатишда Толибон билан тинчлик мулоқоти муҳим аҳамиятга эга эканини айтмоқда.

Аммо фаоллар бу мулоқотнинг сўз ва фикр эркинлиги учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

Толибон даврида мусиқа ва теледастурлар тақиқланган эди. 2001 йил Толибон ҳокимиятдан ағдарилгандан буён Афғонистонда бир қатор радио ва телеканаллар пайдо бўлди.

Бугун биргина пойтахт Кобулнинг ўзида юзлаб радио ва кўплаб телеканаллар бор.

Янгиликлар, кўнгилочар дастурлардан тортиб, талантларни қидирувчи “Афғон юлдузи” номли шоугача пайдо бўлган.

Медиа саноати гуркираб ривожланар экан, Афғонистоннинг Толибон билан уруши давом этмоқда.

Урушни тугатиш учун исёнчилар билан муроса излаш эса журналистларни хавотирга солмоқда.

"Тинчлик мулоқотидан шубҳасиз хавотирдамиз. Агар келишувлар журналистлар ва аёллар қараши инобатга олинмасдан қилинса, бу матбуот эркинлиги ва аёллар ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатади. Буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди", - дейди журналист Нажиба Аюби.

Афғонистонда журналист бўлиш жуда хавфли. "Чегара билмас мухбирлар" маълумотига кўра, 2018 йил бу ерда 16 журналист ўлдирилган.

Агар Толибон жамиятга қайтса, журналистлар учун таҳдид янада кучайиши мумкин, дейди фаоллар.

"Толибон сўз ва матбуот эркинлигини қабул қилишга тайёрлигига ҳали ишора қилгани йўқ. Улар сўз эркинлигини ёқлашларини айтган, фақат исломий қонунлар доирасида. Лекин Афғонистонда ишлаётган бизнинг қарашларимизга бу мос эмас. Уларда кесиб ўтиш мумкин бўлмаган қизил чизиқлар бор. Бизнинг қизил чизиқларимиз эса конституция ва қонунларда аниқ белгилаб берилган", - дейди Журналистлар хавфсизлиги қўмитаси вакили Сидиқуллоҳ Тавҳидий.

Афғонистон расмийлари Толибон билан музокараларда сўз эркинлиги бўйича орқага чекинилмаслигини айтмоқда.

"Толибон сўз эркинлигини чеклаш бўйича таклиф киритиши эҳтимоли бор. Биз буни қабул қилмаймиз. Матбуот эркин бўлади. Конституция доирасида сўз эркинлиги таъминланади. Бу масалада муҳокамага ўрин йўқ", - дейди Афғонистон Бош ижрочиси идораси сўзловчиси Умид Майсам.

Толибон яқинда оммавий ахборот воситаларини исёнчи гуруҳнинг шубҳали ишлари ҳақида хабар беришга чақирувчи ҳукумат рекламасини тарқатмасликка чақирди.

Гуруҳнинг айтишича, ҳукумат пропагандасини тарқатишни тўхтатмаган ташкилот ва журналистлар "ҳарбий нишон" сифатида кўрилади.

XS
SM
MD
LG