Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2020, Тошкент вақти: 13:57

Трамп Шимолий Корея тупроғига қадам босган илк АҚШ президенти бўлди


30 июнь куни АҚШ президенти Дональд Трамп икки Кореяни ажратиб турувчи қуролсизлантирилган зонада Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан қўл бериб кўришди.

Икки етакчи кўришганидан кейин, Трамп қисқа муддатга Шимолий Корея ҳудудига ўтди. Бу билан Трамп Шимолий Корея ҳудудига қадам босган илк АҚШ президенти бўлди.

Кейинчалик Трамп ва Ким Жанубий Корея ҳудудига юриб ўтди. Жанубий Корея томонда уларни президент Мун Чжэ Ин кутиб олди.

- Бугун жаҳон учун ажойиб кун, мен учун эса шарафли кун. Кўплаб ажойиб нарсалар содир бўляпти, - деди Трамп.

Ким Трампнинг Шимолий Кореяга қадам босгани “ёқимсиз ўтмишга чек қўйиш истагимиздан далолат беради”, деди.

Ёпиқ эшиклар ортида 50 дақиқача Ким билан суҳбатлашган Трамп ҳамкасби билан ядровий музокараларни қайта бошлашга келишиб олганини айтди.

Трамп, шунингдек, Кимни АҚШга таклиф қилганини қўшимча қилди.

Трамп 29 июнь куни Японияда бўлиб ўтган “Катта йигирматалик” саммити ортидан Сеулга учган эди.

У шанба куни кутилмагандан Пхенян раҳбари Ким Чен Инга Шимолий ва Жанубий Корея чегарасида учрашишни таклиф этди.

"Агар Ким истаса мен у билан қўл сиқиб кўришиш ва унга салом айтиш учун демилитаризация ҳудудида учрашаман", дея Twitterдаги саҳифаси орқали маълум қилди Трамп шанба куни эрталаб.

New York Times нашрига кўра, бу таклиф Трамп маслаҳатчилари учун ҳам кутилмаган холат бўлган.

Бунгача Трамп билан Ким икки марта учрашган. Ушбу учрашувлар ортидан икки етакчи бир-бирини олқишлади, аммо ядровий қуролларни йўқ қилиш соҳасида ҳеч қандай олға силжиш кузатилмади.

Трамп ва Ким Чен Ин сўнгги бор шу йилнинг феврал ойида учрашишган, ва музокаралар барбод бўлган эди.

Ханойда ҳужжатларни имзолаш маросимидан кейин режалаштирилган Трамп ва Кимнинг биргаликда тушлиги бекор қилинганди. Трамп ва Ким Чен Ин музокаралар ўтказилган жойни тарк этишганди.

XS
SM
MD
LG