Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:26

Украина президенти Россияга асирларни айирбошлашни таклиф қилди


Украина президенти Володимир Зеленский девони Россия билан маҳбусларни айирбошлашни таклиф қилди. Бу таклиф Россия қамоғида қолаëтган украин кинорежиссёри Олег Сенцовни Украинада ҳибсда сақланаётган россиялик журналист Кирилл Вишинскийга алмаштиришни кўзда тутади.

Ушбу таклиф Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан 11 июлда телефон орқали маҳбусларни айирбошлаш масаласини муҳокама этгандан сўнг илгари сурилди.

Зеленский матбуот котиби Юлия Мендель бу таклифни 18 июль куни Facebook саҳифасида эълон қилди. Бундан бир неча соат олдин Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков расмий Киевни икки қўшни мамлакат ўртасидаги муносабатларни тиклаш йўлидаги илк қадам сифатида Вишинскийни озод қилишга даъват этган эди.

Россиянинг давлатга қарашли РИА Новости ахборот агентлигининг Украинадаги бюроси раҳбари Вишинский 2018 йил майида хоинликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Бу ҳибсга Киевдаги РИА Новости бюросининг Россия Украинага қарши олиб бораётган “дурагай ахборот уруши”да қатнашаётганига оид айбловлар сабаб бўлган эди.

Украина хавфсизлик хизматига (СБУ) кўра, ҳибсга олиш вақтида Вишинскийнинг ҳам Россия, ҳам Украина ватандошлиги бўлган, Киевдаги РИА Новости бюроси билан Россиянинг йирик давлат медиаҳолдинги “Россия сегодня” ўртасидаги алоқаларни ниқоблаш учун Украинада рўйхатга олинган медиакомпаниялар орқали молиявий кўмак олиб турган.

СБУга кўра, у қилаётган иши учун Россия манбаларидан 53 минг евро (тахминан 60 минг доллар) олиб келган ва унга пул Сербия орқали юбориб турилган.

Яна айтилишича, Вишинский Москванинг талаби билан репортажлар тайёрлаб келган ва уларда Россия 2014 йили Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олганини оқлашга интилган.

Вишинский ҳибсга олингандан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтиб, Украина ватандошлигидан воз кечганини эълон қилди ва “сиёсий буйруқ” сабаб ҳибсда сақланаётганини иддао қилди. Гўё у Россияда қўлга олинган бир Украина ватандошига айирбошлаш учун қўлга олинган эмиш.

Мабодо у бўйнига қўйилаётган айбловлар учун айбдор деб топилса, 15 йилга кесилиши мумкин.

Россиянинг 2914 йилда Украинага тегишли ярим оролни босиб олишига норозилик билдирган қримлик Сенцовни Қрим ҳокимият идоралари 2014 йил майида Москванинг қистови билан қамоққа олган эди. Унга Қримдаги россияпараст ташкилотларга ёнувчи бомбалар ташлашни режалаштирганлик айби қўйилди.

Россия суди 2015 йил августида Сенцовга бир қанча террорчилик билан боғлиқ айблар қўйди ва қаттиқ режимдаги 20 йиллик қамоққа кесди.

Инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари ва Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари Россия ҳокимият идораларини кинорежиссёрни озод қилишга даъват этиб келмоқда ҳамда унинг қўлга олиниши ва суди ортида сиёсий сабаблар турганини айтмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Украина ва Россия ҳукумат вакиллари иккала мамлакат қамоқларидан барча руслар ва украинларни ўзаро айирбошлаш борасида музокара олиб бормоқда.

Москва билан Киев ўртасидаги муносабатлар Россия Қримни босиб олгани, Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлай бошлагани сабаб уруш келиб чиқиб, 13 минг кишининг ёстиғи қуригани ортидан кескинлашиб кетди.

XS
SM
MD
LG