Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 05:51

"Вафот этгани" айтилган Бердимуҳамедов Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади


Сурат president.uz сайтидан олинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Президент матбуот хизматига кўра, суҳбат аввалида Гурбангули Бердимуҳамедов давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, кўп миллатли Ўзбекистон халқига равнақ ва фаровонлик тилаган.

"Давлат раҳбарлари қардош мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар", дейилади хабарда.

Икки томонлама муносабатлар, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилгани айтилди.

"Президент Туркманистон раҳбарига самимий табрик учун миннатдорлик билдириб, жорий йил август ойининг бошида "Аваза" миллий туризм зонасида бўлиб ўтадиган биринчи Каспий иқтисодий форумини ўтказишда муваффақият тилади", дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

  • Туркманистон президентининг Ўзбекистон президенти билан телефон орқали мулоқоти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлимига оид хабарлар ортидан унинг фаолиятига оид дастлабки хабардир.
  • Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Туркманистонни дунёдаги энг ёпиқ ва ҳукумати энг мустабид жамиятлардан бири сифатида билади. Бу мамлакатда Бердимуҳамедов ва унинг командаси жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасини назорат қилади. Бундай шароитда миш-мишлар жуда тез урчийди ва мустақил журналистлар ҳақиқатни миш-мишларни ажратиш имконига эмаслар.
  • Аввалроқ YouTube тармоғидаги “Эркин Туркманистон” мухолифатчи канали Ашхободдаги ўз мухбирлари сўзларига таянган ҳолда давлат раҳбари 20 июль куни буйрак фаолиятидаги етишмовчилик туфайли вафот этгани ҳақида хабар тарқатган.
  • Озодликнинг туркман хизматига ҳам Туркманистон президентининг ўлими ҳақида маълумот келиб тушган, бироқ бу маълумотни тасдиқлатиш ёки инкор эттиришнинг имкони бўлмаган.
  • Бу хабарлар ортидан Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлимига оид хабарлар ҳақиқатга мувофиқ келмайди, дея хабар қилди ТАСС агентлиги Туркманистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига таянган ҳолда.
  • Мишмишларни Туркманистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам инкор этган.
  • Бердимуҳамедов сўнгги бор омма олдида 5 июль куни кўриниш берган. 15 июль куни матбуот хизмати президент таътилда эканини маълум қилиб, унинг набиралари билан ўйнаётганига оид видеоёзувни ёйинлаганди.
  • Бердмуҳамедовнинг 5 июлдан бошлаб жамоатчиликка кўриниш бермагани ва ҳатто 6 июль куни Туркманистонга сафар қилган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари Федерики Могерини билан учрашмагани ҳам унинг соғлиғига оид миш-мишларнинг тарқашига сабаб бўлди.
  • “Хроники Туркменистана” нашри маълумотига кўра, президент учоғи 12 июль куни Германияга учиб кетган. Айтилишича, учоқ Германияга Бердимуҳамедовнинг оғир аҳволда бўлган онасини олиб борган ва президентнинг йўқолиб қолиши унинг ўлими билан эмас, балки онасининг оғир хаста экани билан боғлиқдир.
  • Бердимуҳамедов Туркманистонга 2007 йили аввалги давлат раҳбари Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин президент бўлганди.
  • 2016 йил сентябрида Туркманистон конституциясига давлат раҳбари ваколатларини 5 йилдан 7 йилга узайтиришни кўзда тутган ўзгартишлар киритилган. Ўшанда президент бўлиб сайланиш учун ёш чеклови (70 ёш) ҳам бекор қилинганди. Бу ўзгартишлар ҳозирда 62 ёшда бўлган Бердимуҳамедовга яна кўп йиллар ҳокимият тепасида қолиш имконини яратган.
XS
SM
MD
LG