Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2020, Тошкент вақти: 04:12

Халқаро хабарлар

Теҳрон АҚШ Эрон ташқи ишлар вазирига қарши санкция жорий қилганини кескин қоралади

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф

Теҳрон Вашингтоннинг Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифга қарши санкция жорий қилганини “ёш болаларга хос бемаъни қадам" дея кескин қоралади.

1 август куни – Вашингтон Зарифга қарши молиявий санкция жорий қилганидан кейин бир кун ўтиб – Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Вашингтоннинг бу қарори АҚШ Зарифдан “қўрқишини” кўрсатишини айтди.

- Улар ёш болага ўхшаб иш тутишяпти. Ҳар кун қўнғироқ қилиб, гаплашишни хоҳлаймиз, дейишаётган эди, аммо кейин ташқи ишлар вазирига қарши санкция жорий қилишди, Душманларимиз шунчалик ожиз-ки, улар ақл билан чора кўриш ва фикрлаш қобилиятидан ажралиб қолишди,- деди президент.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2015 йилда Вашингтон Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Кун янгиликлари

НАТО расмийси: 2019 йилда 290 марта Европага яқинлаган рус ҳарбий учоқлари йўлини тўсдик

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодлик радиоси билан суҳбатлашган НАТО расмийси альянс учоқлари 2019 йилда деярли 300 марта НАТО ҳаволарига яқин келган Россия ҳарбий учоқлари йўлини тўсганини билдирди.

Расмий Озодликка юборган электрон мактубида Россия ҳарбий учоқлари 2014 йилдан буён Қора денгиз ҳамда Европанинг бошқа ҳудудлари яқинида тобора кўпроқ қайд этилаётганини айтди.

Расмийнинг сўзларига кўра, 2019 йилда НАТО қирувчи учоқлари Европа бўйлаб рус учоқларини кузатиб қўйиш ёки уларнинг изидан тушиш учун 290 марта ҳавога кўтарилган.

Ҳафтада бошида Россиянинг иккита «Ту-22» бомбардимончиси ҳамда иккита «Су-27» қирувчи учоғи Болгария, Руминия ва Туркия ҳаволарига яқинлашиши ортидан ушбу давлатлар ҳарбий учоқлари ҳавога кўтарилди.

Болгария мудофаа вазири Красимир Каракачанов Россия НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий имкониятлари ва жавоб реакцияси суратини аниқлаш учун тез-тез шундай амалиётларни ўтказишини айтди.

Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олганидан бери Қора денгиз ҳудудида ҳарбий фаолияти кўламини оширди. Бунга жавобан НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий назорат ва кузатишни кучайтирди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мусулмонларни Ҳайит билан табриклади

Коронавирусга чалингани ҳақида миш-миш тарқаган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров мусулмонларни Рамазон ҳайити билан табриклади.

Қодировнинг аудио ва видео табриги 23 май куни унинг Telegram каналида эълон қилинди.

Айни дамда Қодиров қаерда эканлигини номаълум. 21 май куни Россия матбуоти авторитар етакчи коронавирус юқтирганликда гумонланиб, Москвага олиб кетилганини хабар қилган эди.

Расмий нашрлар Қодиров ҳақидаги бу хабарларни изоҳлагани йўқ.

23 май куни улашилган видеода Қодиров кўриниши бермади, лекин коронавирус тарқалиши олдини олиш учун жорий қилинган чораларга амал қилган чечен халқига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

Кремль қўллаб келадиган 43 яшар Қодиров 2007 йилдан бери вазият қалтис бўлган Чеченистонни ижтимоий эркинлик ва фуқаролик ҳуқуқини топташ, мухолифларини мамлакатда ҳам, чет элларда ҳам таъқиб қилиш йўли билан бошқариб келади. У «темир муштли» раҳбар сифатида ном қозонган.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати ҳайит муносабати билан ўт очишни уч кунга тўхтатди

Нангаҳор вилояти ҳокими Толибон вакиллари билан музокара ўтказмоқда.

23 май куни Афғонистонда Толибон жангари гуруҳи ҳамда Қобулдаги ҳукумат Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунга ўт очиш тўхтатилишини эълон қилди.

Оташкесим 24 май куни кучга кирди.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўт очиш тўхтатилгани Толибон ҳамда Қобул ўртасида олиб борилаётган музокараларни янада жадаллатиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.

Хусусан, Залмай оташкесим ортидан маҳбусларни озод этиш жараёни давом эттирилиши, зўравонлик тўхтатилиши ҳамда навбатдаги музокара санаси белгиланиши кераклигини айтди.

17 май куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ узоқ давом этган сиёсий келишмовчиликдан кейин ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳолат Толибон ва Қобулдаги ҳукумат ўртасидаги музокаралар учун яхши янгилик бўлди.

Апрель ойида Толибон Рамазон ойи давомида ўт очишни бутунлай тўхтатиш таклифини рад этган эди.

Афғонистон разведка хизмати матбуот котиби Жавид Файсал Рамазон ойи давомида Толибон жангарилари амалга оширган ҳужумларда камида 146 нафар оддий фуқаро нобуд бўлганини, 430 га яқин одам жароҳат олганини билдирди.

Икки косоволик аёл "Исломий давлат"га аъзо бўлишда айбланмоқда

Аёллар "Исломий давлат" бошқарувидаги ҳудуд ўзгаришига қараб мамлакат ичида кўчиб юрган.

Косовода икки нафар аёл Сурияда "Исломий давлат" жангари гуруҳига аъзо бўлишда айбланмоқда.

22 май куни Косово махсус прокуратураси эълон қилган билдирувга кўра, гумонланувчилар Сурияга бориб, "ўз истаги билан террор ташкилотига аъзо бўлган" ҳамда ИШИД ("Ироқ ва Шом Давлати") жангариларига кўмаклашган.

Аёллар "Исломий давлат" бошқарувидаги ҳудуд ўзгаришига қараб мамлакат ичида кўчиб юрган.

Жангари гуруҳ мағлуб этилганидан кейин, бу икки аёл курд қўшинлари қўлига ўтган ва 2019 йилнинг апрелида Косовога бадарға қилинган.

Гумонланувчилар айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ой бошида бошқа бир косоволик аёлга айни айблов қўйилган эди.

Умумий ҳисобда 400 га яқин косоволик Сурия ва Ироқда террор гуруҳларига аъзо бўлгани айтилади.

HRW Беларусдаги қамоққа олишлар тўлқинини қоралади

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Беларусда президент сайловлари арафасида мустақил журналист ва фаолларга қарши босим кучайиб, «ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар тўлқини бошланганини» билдирди.

Ташкилотга кўра, 6-13 май кунлари орасида 120 дан ортиқ тинч намойишчи, мухолиф блогер, журналист ва ҳукуматни танқид қилган шахс ҳибсга олинган.

HRW қўлга олинган шахслар коронавирус пандемиясига қарамасдан, 25 кунгача қамоқ жазосига ҳукм қилинаётганини маълум қилди.

Беларусда бугунга қадар 34 300 дан ошиқ шахс коронавирусга чалинди, уларнинг 190 нафари оламдан ўтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни вирусга қарши кураш доирасида маҳбуслар сонини озайтиришга чорлаб келади.

HRW билдирувига кўра, ҳибсга олинганлар орасида Брест шаҳрида батарея заводи қурилишига қарши чиққанлар, президентликка номзодлигини кўрсатишини изҳор қилган блогер тарафдорлари, тинч намойишлар ҳақида хабар берган инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда журналистлар бор.

Беларусга 25 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган авторитар президент Александр Лукашенка уч ойдан кейин президент сайловида яна беллашади.

Украина Хавфсизлик хизмати бошлиғи Испанияда хусусий ширкатни бошқариши фош бўлди

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) бошлиғи Иван Баканов.

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) бошлиғи Иван Баканов қонунга зид равишда Испанияда рўйхатга олинган хусусий ширкатда юқори лавозимга эга эканлиги хабар қилинди.

«Озодлик» радиосининг Украин хизмати билан Украина UA:Pershy телеканалининг қўшма лойиҳаси бўлмиш «Схеми» дастури ҳисоботига кўра, Испаниядан олинган расмий ҳужжатлар Баканов 2015 йилдан бери Nueva Tierra Verde Sociedad Limitada ширкатининг ягона администратори лавозимида фаолият юритиб келади.

Украина қонунлари СБУ бошлиғига хусусий ширкатга етакчилик қилишни ман этади.

Ширкат асосчиси ўлароқ Андрий Яковлевга тегишли Davegra LTD ширкати кўрсатилган. Жорий президент Володимир Зеленский президент этиб сайланишидан олдин Яковлев яратган Kvartal-95 студиясида қизиқчи ва актёр лавозимида ишлаган.

Испаниядан олинган реестрга кўра, Nueva Tierra Verde Sociedad Limitada ширкати қурилиш ва кўчмас мулк соҳасида фаолият юритади.

Баканов ушбу хабарларни изоҳлашдан бош тортди, аммо СБУ матбуот хизмати Баканов ҳеч қандай ножўя иш қилмагани ҳақида билдирув эълон қилди.

The Washington Post: Трамп маъмурияти ядровий синовларни тиклашни муҳокама қилган

The Washington Post газетасининг хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти расмийлари 1992 йилдан бери илк маротаба ядровий синов ўтказишни муҳокама қилган.

Газета маъмуриятнинг бир нафар юқори лавозимли расмийси ҳамда икки нафар собиқ расмийга таянган ҳолда ушбу масала ўтган ҳафтада бўлиб ўтган миллий хавфсизлик йиғинида муҳокама қилганини хабар қилди.

Бу масала муҳокама қилинишига АҚШнинг ҳам Россия, ҳам Хитой кейинги йилларда синов ўтказгани ҳақидаги шубҳалари туртки бўлган.

Йиғин давомида синов ўтказиш бўйича келишувга эришилмаган. Бунинг ўрнига бошқа чоралар кўришга қарор қилинган.

Ҳар қандай ядро портлатишларини ман этувчи «Ядро қуроли синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома» самарали бўлиши учун уни етарлича давлат, жумладан, АҚШ имзоламаган.

Шартнома бошқа арсеналлар хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўришга изн беради, аммо синовни амалга оширган давлат назорати остидаги ҳудуд чегарасидан ташқарида радиоактив ёғинга сабаб бўладиган портлашларни тақиқ этади.

Покистонда учоқ ҳалокатида 97 киши ҳалок бўлди, икки йўловчи омон қолди

Учоқ қулаган жойда одамлар жасадларни қидирмоқда.

Покистонда йўловчи учоқ ҳалокатга учраши оқибатида унинг бортида бўлган 97 киши ҳалок бўлди.

Pakistan International Airlines’га тегишли "Aэробус 320" учоғи Қарачи шаҳри яқинида аҳоли пунктига қулаган.

Ҳаво кемаси бортида 99 киши бўлган. Икки йўловчи омон қолган.

Учоқ ҳалокатига унинг қушлар тўдаси билан тўқнашуви сабаб бўлган деб таҳмин қилинмоқда.

Бу Покистонда сўнгги ўн йилда рўй берган тўртинчи учоқ ҳалокатидир.

2010 йилда Airblue ширкати учоғи Исломободда ҳалокатга учраб, 152 киши нобуд бўлган.

2012 йилда Bhoja Air ширкатига тегишли "Боинг-737" учоғи қулаб, 127 одам ўлди.

2016 йилда эса "Покистон халқаро авиалиниялари" учоғи парвоз пайти ёниб, 47 йўловчи ҳалок бўлганди.

АҚШ Ҳонконг миллий хавфсизлигига оид қонун лойиҳаси важидан Хитойни қоралади

Ҳонконгдаги норозилик намойишларининг биридан лавҳа, 2019 йил декабри.

Қўшма Штатлар ҳонконгликларга мухториятдаги миллий хавфсизлик масалаларига оид янги қонунни тиқиштираётганлари учун Хитой расмийларини қоралайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билдирди. У Пекин хатти-ҳаракати Вашингтон томонидан Ҳонконг мақомининг баҳоланишига таъсир қилиши мумкинлигини урғулади.

Куни кеча мухториятдаги миллий хавфсизлик масалалари тўғрисидаги қонун Умумхитой халқ вакиллари йиғини кун тартибига киритилди. Ҳар йили ўтказиладиган сессия бу йил 22 май куни Пекинда очилди.

Помпеога кўра, бу қадам минтақа қонунчилигига мутлақо зид келади ва бунда шаҳар аҳли фикри инобатга олинган эмас. Вашингтон Пекинни ўз қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. АҚШ матбуоти мазкур ҳужжат тасдиқланган тақдирда, Қўшма Штатлар Хитойга нисбатан санкциялар жорий қилиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Айни пайтда Reuters агентлиги миллий хавфсизлик тўғрисидаги янги қонун Ҳонконгда ХХР махсус хизматларининг базасини барпо қилиш учун баҳонага айланиши мумкинлигини ёзди. Бу эса янги аксилҳукумат намойишларига олиб келиши мумкин.

Зўравонлик ва айирмачиликни тийиб туриш учун Ҳонконг зудлик билан миллий хавфсизликка оид ўз қонунини қабул қилиши лозимлиги ҳақида Хитой расмийлари апрель ойида билдирганлар. Пекин иддаосича, ўтган йил ёзидаги норозилик чиқишлари мухториятда қонун устиворлигига зарба берган. Хитой расмийлари COVID-19 эпидемиясига қарши курашни ҳам миллий хавфсизлик жабҳасига киритганлар.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган.

Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар.

2020 йил бошларида коронавирус пандемияси ва чеклов чоралари жорий этилиши қабатида намойишлар тўхтаган. Бироқ кузатувчилар келаётган ёз мавсумида акциялар янги куч билан қайта бошланиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 2500 нафардан ошди

Иллюстратив сурат.

Тожикистонда ўтган кеча-кундузда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 201 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Коронавирусга оид ягона миллий портали маълум қилган.

Қайд этилишича, ўтган суткада мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаган. Хасталик ёйила бошлаганидан бери Тожикистонда коронавирус важидан 44 киши оламдан ўтган.

Айни пайтда ўтган вақт оралиғида 1089 бемор соғайиб кетгани айтилмоқда.

Бу орада икки ҳафта муқаддам Тожикистонга кўмак учун йўлланган 8 нафар ўзбекистонлик врач, маълумотларга кўра, 22 май куни юртига қайтган.

Россияда коронавирусдан бир кеча-кундузда 150 киши нобуд бўлди

Россияда ўтган бир кеча-кундузда коронавирус инфекциясидан 150 одам вафот этди. Бу эпидемия бошланганидан бери бир сутка ичида кузатилган энг кўп ўлим ҳолатидир, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати.

Расмий маълумотларга кўра, COVID-19 вируси қурбонларининг умумий сони 3249 нафарга, коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса 326 минг 448 нафарга етган. Айни пайтда қарийб 100 минг чоғли бемор соғайиб кетган.

Коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан энг кўп ҳолат ҳали-ҳамон пойтахт Москвада қайд этилмоқда.

Вирус ёйилиши билан боғлиқ равишда карантин чоралари Россияда март ойи охирида киритилган. 11 май куни президент Владимир Путин минтақалар ўзини ўзи иҳота қилиш тартибини юмшатиш бўйича қарор қабул қила бошлаши мумкинлигини билдирган. Москвада мазкур тартиб муддати 31 майгача узайтирилган.

Оренбург вилоятидаги чодир шаҳарчасида яшаётган 450 чоғли қирғизистонлик Бишкекка йўл олди

Оренбург вилоятидаги чодир шаҳарчаси.

Россиянинг Оренбург вилоятидаги 448 нафар қирғизистонлик Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтиб, Бишкекка қараб йўлга тушди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Қирғизистонликлар ҳукумат томонидан тақдим этилган 9 та автобусда Қозоғистон йўл полицияси ҳамроҳлигида карвон бўлиб йўлга тушганлар.

ТИВ Россия-Қозоғистон чегараси ҳали ҳам ёпиқ қолаётгани туфайли Россия ҳудудида юрган қирғизистонликларни Оренбург вилоятига боришдан тийилишга чақирган.

Бунгача 450 чоғли қирғизистонлик Оренбург–Самара йўли ёқасида Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган чодир шаҳарчасида яшаётган эди.

20 май куни чартер рейси билан Оренбурдан Бишкекка 164 нафар қирғизистонлик олиб келинган эди.

Беларусда ўзбек автомобилларини Chevrolet бренди остида сотиш бошланди

Беларус автомобиль бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва Chevrolet бренди остида тақдим этилаётган илк моделлар Spark, Nexia ва Cobalt моделлари бўлди.

“Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати маълумотига кўра, автомобилларнинг илк партияси “Мультимоторс” автомарказига етказиб берилган, у Chevrolet бренди премиал автомобилларининг расмий дилери саналади ва эндиликда UzAuto Motors билан оммавий сегментдаги Chevrolet автомобилларини етказиб бериш бўйича янги дилерлик келишувини имзолаган.

“Мультимоторс” ширкатининг қайд этишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг асосий афзаллиги нарх ва сифатнинг ажойиб мутаносиблигидир.

UzAuto Motors ширкатига ташқи бозорларда Chevrolet брендидан фойдаланиш ҳуқуқи, ўзбек автомобилсозлари иддаосига кўра, жаҳон автосаноатининг етакчиларидан бири – General Motors компанияси ўрнатган стандартларга тўлиқ мос келувчи автомобилларнинг юқори сифатига эришилгани учун тақдим этилган.

UzAuto Motors ширкати шу кунда Беларус, Қозоғистон ва Россия экспорт бозорларида Chevrolet бренди остида автомобиллар сотмоқда.

Покистонда йўловчи учоғи қулаб тушди

Қутқарувчилар Карачи аэропорти яқинида қулаган учоқнинг бир қисмига сув пуркамоқдалар, 2020 йил 22 майи.

Покистонда Карачи аэропортидан унча узоқ бўлмаган жойда “Покистон халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг йўловчи учоғи қулаб тушди.

Reuters агентлигининг ёзишича, учоқ бортида 107 киши – 99 йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Airbus A320 учоғи Карачига Лаҳор шаҳридан учиб келаётган эди. Учоқ қўнишга тақрибан 1 дақиқа қолганда қулаган. Маълумотларга кўра, учоқдагиларнинг бирортаси ҳам омон қолмаган.

Geo.tv хабарига мувофиқ, учоқ қулаган ерда бир неча уйга шикаст етган.

Олмаота ҳокимияти диний экстремизмга қарши курашиш учун блогерларни ёлламоқчи

Ёлланган блогерлар экстремистик ғояларнинг таҳдидли эканига оид постларни ёзиши шарт.

Олмаота ҳокимияти диний экстремизмга қарши постлар ёзиш учун таниқли блогерларни ёллайди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, бу ҳолат Олмаота шаҳар ҳокимиятининг Жамият тараққиёти бошқармаси тендер ўтказиш ҳужжатларида қайд этилган.

Тендер шартларига кўра, ёлланган блогерлар экстремистик ғояларнинг таҳдидли эканига оид постларни ёзиши ва “террорчилик ва экстремистлик мафкурасининг пропаганда воситалари ва услубларини фош этиши”, Қозоғистон ҳукуматининг дин соҳасидаги сиёсатини тушунтириши ҳамда диниий тематикадаги резонансли вазиятларни шарҳлашлари лозим бўлади.

Блогерлар мазкур лойиҳа якунлангунига қадар ижтимоий тармоқларда камида 80та постларни жойлаштириши лозим.

Блогерларнинг машҳурлиги уларнинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони билан белгиланади. Ҳар бир блогер камида уч минг обуначига эга бўлиши зарур.

Блогерлардан ташқари лойиҳага икки диншунос, икки исломшунос ва бир юрист ҳам жалб этилади.

Марказий Осиё ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари коронавирусни муҳокама қилди

Марказий Осиё харитаси.

21 май куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўрнибосарлари видеоконференцалоқа шаклида коронавирусга қарши кураш ишларини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирок этганди.

“Коронавирус пандемияси оқибатлари олдини олиш, жумладан, МДҲ мамлакатлари ҳудудларида бўлиб турган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатишда томонларнинг ваколатли идоралари ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Бундан ташқари йиғилишда Афғонистондаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро муносабатлар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-коммуникация соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш бўйича фаол қўшма ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Қирғизистонда коронавирус юққанларнинг 273 нафари тиббиёт, 82 нафари милиция ходими

Милиционерларнинг 33 нафари соғайган, 49 нафари касалхонада қолмоқда.

Қирғизистонда коронавирус юққанларнинг 82 нафари ҳуқуқ-тартибот тизимида ишловчи ходимлардир. Бу ҳақда 22 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, уларнинг 33 нафари соғайган, 49 нафари касалхонада қолмоқда. Вазирлик, шунингдек, тиббиёт ходимлари орасида ҳам 273 киши коронавирусга чалинганини билдирди. Уларнинг 224 нафари тузалган.

22 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 1350 кишига етди. Улардан 14 нафари вафот этди, 949 бемор соғайди.

ОАВ: Рамзон Қодиров касалхонага ётқизилди. Унга коронавирус юққани гумон қилинмоқда

Baza Қодировнинг ўпкасига зарар етгани ҳақида ёзди.

Чеченистон президенти Рамзон Қодиров коронавирусда гумонланмоқда. У Москвадаги касалхоналарнинг бирига самолётда олиб келинган. Бу ҳақда 21 май куни Baza и "Интерфакс" хабар берди. Бироқ мазкур хабарнинг расмий тасдиғи йўқ.

"Интерфакс" “Москва тиббиёт диораларига яқин манба”га таяниб хабар берган. ТАСС манбаси ҳам “Қодиров тиббиёт ходимлари назорати остида. Унга коронавирус юққани гумон қилинаяпти”, деб айтган.

Baza Қодировнинг ўпкасига зарар етгани ҳақида ёзди. Дастлаб, у шамоллагани таҳмин қилинган, лекин кундан-кунга унинг аҳволи ёмонлашган.

Аввалроқ Қодиров билан бирга Чеченистон соғлиқни сақлаш вазири Элхан Сулейманов ҳам касалхонага ётқизилганини норасмий манбалар хабар қилган эдилар.

Аммо Чеченистон президенти ёрдамчиси Аҳмад Дудаев Қодиров ва Сулейманов касалхонага ётқизилгани тўғрисидаги хабарларни тасдиқламади.

АҚШ Очиқ осмон шартномасидан чиқиш ниятида эканини билдирди

Трампга кўра, Россия шарнома бўйича мажбуриятларини бажармаяпти.

АҚШ Очиқ осмон бўйича шартномадан чиқиш ниятида. Бу ҳақда президент Дональд Трамп 21 май куни Вашингтонда журналистлар билан суҳбат давомида билдирди.

“Менинг Россия билан муносабатларим яхши, лекин Москва шартнома бўйича мажбуриятларини бажармаяпти. Бизнинг янги шартнома тузишимиз имконияти жуда катта”,- деди Трамп.

Аввалроқ АҚШ матбуоти Трамп жума куни Россияга Очиқ осмон шартномасини тарк этишини билдириши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Бу маълумотни давлат котиби Майк Помпео ҳам тасдиқлаган.

Очиқ осмон шартномаси 1992 йилда қабул қилинган. Россия шартномани 2001 йилда имзолаган эди. Ҳозиргача шартномага 34 давлат аъзо бўлган.

Очиқ осмон шартномасига қўшилган давлатлар ҳарбий фаолиятни назорат қилиш учун бир-бирларининг ҳудудларида парвозларни амалга ошира оладилар. Шартномадан чиқишни истаган давлат бу ҳақда олти ой аввал огоҳлантириши керак бўлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу ҳақда Вашингтондан расмий огоҳлантириш олинмаганини билдирди. Россия АҚШнинг шартномадан чиқиши Европадаги хавфсизликка берилган зарба бўлади, деб ҳисобламоқда. Айни пайтда Москва АҚШ томонидан билдирилаётган норозилик асосиз эканини айтмоқда.

Саудия Арабистони муфтийси ҳайит намозини уйда адо қилишга фатво берди

Каъбатуллоҳ, 2020 йил 6 марти.

Саудия Aрабистони уламолари кенгаши раиси ва Илмий тадқиқотлар бошқармаси бошлиғи муфтий Aбдулазиз аш-Шайх коронавирус билан боғлиқ вазиятдан кейин бу йилги ҳайит намозини уйда ўқишга рухсат бериш тўғрисида фатво чиқарган. Бу ҳақда Тошкент Ислом институти сайти маълумот тарқатди.

Фатвога кўра, ҳайит намози икки ракъат, олти такбир билан хутбасиз адо этилади.

Қайд этилишича, барча мазҳаблар қуёш чиқаётган вақтда ҳайит намозини ўқиш мумкин эмаслигига иттифоқ қилганлар. Шу тариқа, мазкур намоз қуёш чиққанидан 15-30 минут кейин ўқилиши айтилган.

Ҳайит намозининг вақти пешин намозидан олдин тугайди.

Тожикистон пойтахтида Ўзбекистондан йўлланган мобил шифохона иш бошлади

Душанбе шаҳридаги "Бофанда" стадионига ўрнатилган дала шифохонаси беморларни қабул қилишга шай. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар қилади.

“Вазирлик бизни беморларни даволаш учун зарур бўлган барча дори-дармон билан таъминлади. Бошқа мамлакатлардан келадиган врачларга ҳам эҳтиёжимиз йўқ. Врачларимиз етарли даражада тажриба тўпладилар ва беморларни ўзлари даволай оладилар”, дея иқтибос келтиради нашр мобил клиника бош врачи Маҳмадулло Қосимов сўзларидан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 7 майдаги буйруғи асосида Тожикистонга беғараз ёрдам сифатида 144 та мобил тиббий контейнери йўлланганди. “Бофанда”даги мобил клиника шу контейнерлардан ташкил топган.

Бу ерда коронавирусга чалинган беморлар қабул қилинадими ёки инфекция юқтириб олганликда гумонланганлар жойлаштириладими – ҳозирча маълум эмас. Мобил клиникага бир вақтнинг ўзида 1000 нафаргача беморни жойлаштириш мумкин.

Хитой: Уханда ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш тақиқланди

Ухандаги бозорда майда қисқичбақа сотаётган сотувчилар, 2020 йил 15 апрели.

Коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳрида ёввойи ҳайвонларни сотиш ва гўштини истеъмол қилишга тақиқ жорий қилинди. Бу ҳақда Fr24news нашри хабар қилади.

Расмийлар ёввойи ҳайвон овига ҳам тўла тақиқ қўйилишини эълон қилганлар. Сувда яшайдиган ёввойи ҳайвонлар, масалан, қурбақалар етиштириш ҳам ман қилинади.

Мазкур қарор ёйинланган кунидан бошлаб кучга киради ва 5 йил давомида амалда бўлади.

Айни пайтда Ухан ёввойи ҳайвонлар сотиш ва истеъмол қилиш тақиқланган Хитойнинг тўртинчи шаҳри бўлиб ҳисобланади.

2019 йил декабрида пайдо бўлиб, шу кунгача дунёдаги 200 дан зиёд мамлакат аҳлини ваҳимага солиб келаётган янги коронавирус Ухан шаҳридаги ҳайвон бозорида пайдо бўлгани тахмин қилинади.

Россия ва Туркия Ливияда ўт очишни тўхтатишга чақирди

Ҳафтар етакчилигидаги Ливия миллий армияси жангарилари.

Россия ва Туркия Ливияда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва БМТ шафелигида зиддиятни сиёсий йўл билан изга солишга чақирди. Бу ҳақда Россия ТИВ маълумот тарқатди.

Dpa агентлиги Москва Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар 18 май куни Триполидан 140 километр наридаги асосий ҳаво базаси устидан назоратни бой берганидан кейин кўп ўтмай ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирганига эътибор қаратган.

Ливияда 2011 йилдан бери фуқаролар уруши бормоқда. Бу мамлакатда БМТ томонидан тан олинган Миллий муроса ҳукумати билан Халифа Ҳафтар дастаклаётган муваққат ҳукумат ўзаро кураш олиб боряпти. Ҳафтар кучлари 2019 йил баҳоридан бери Триполини эгаллаб олишга уринмоқда.

Анқара расман Миллий муроса ҳукуматини дастаклаётир. Москва эса Ҳафтарни қўллаётганига ишонилади. Турли манбалар иддаосича, Ливия миллий армияси сафида “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати”нинг (Россия) мингдан зиёд ёлланма аскари жанг қилмоқда. Ливияда россиялик ёлланма аскарлар юргани ҳақида Триполи ҳукумати ҳам, Туркия президенти ҳам билдирган.

Россия Ливиядаги урушга ҳар қандай ҳарбий алоқадорлиги борлигини рад этиб келади. Шу йил январь ойида Россия президенти Владимир Путин, Ливияда россиялик фуқаролар бор бўлган тақдирда ҳам, улар Россия давлати манфаатини тамсил этмаслиги, Россия давлатидан пул ҳам олмаслигини қайд этган.

Қирғизистон: Диний идора бу йил Рамазон ҳайити намози Бишкек марказий майдонида ўқилмаслигини билдирди

Бишкек Марказий майдонида 2019 йил августида ўтказилган Қурбон ҳайити намозидан лавҳа.

Бу йил Қирғизистон марказий майдонида жамоат бўлиб Рамазон ҳайити намози ўқилмайди. Бу ҳақда Қирғизистон Мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) маълум қилди.

Диний идорадан қайд этишларича ҳайит намози жомеъ масжидларида ҳам жамоат бўлиб ўқилмайди.

ҚМДБ матбуот котиби Мақсат Атабаевга кўра, мазкур қарор коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.

“Коронавирус ёйилиши хавфи ҳали ҳам мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, ватандошлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида масжидларда Жума намозлари ҳам ўқилмаяпти. Бу йил ҳайит намози ҳам майдон ва масжидларда ўқилмайди. Бунга тушунган ҳолда ёндашиб, байрамни уйда, оила даврасида ўтказишни сўраймиз”, деди Атабаев.

Рамазон ҳайити нишонланадиган 24 май куни муфтий Мақсатбек ҳои Тўқтўмушев соат 07:00 да КТРК канали орқали чиқиш қилади.

21 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 1313 нафарга етган, 929 бемор соғайиб кетган, 14 киши эса COVID-19 важидан вафот этган.

Google ширкати COVID-19 бўйича YouTubeда тақиқланган мавзулар рўйхатини эълон қилди

Google ширкати янги коронавирус инфекциясига оид нотўғри тиббий маълумотларни YouTube видеохостингида ёйинлашни тақиқловчи тартиб-қоидаларни эълон қилди.

Тақиқланган мавзулар рўйхатига, жумладан, қуйидагилар киритилган:

коронавирус мавжудлигини рад этиш,

шифокорлар кўмагидан бош тортиш ва халқ табобати ёки дуолар ёрдамида даволаниш,

COVID-19 га қарши вакцина ёки дори ҳозирнинг ўзида мавжудлигига оид иддао,

Хасталик юқтириб олмаслик учун осиёча овқатдан воз кечиш,

хасталикни 5G тармоғидан нурланиш билан боғлаш,

ҳавони мушаклар ёрдамида коронавирусдан тозалаш.

Ичида ёлғон маълумотлар бўлган видеоёзувлар ўчириб юборилади, бу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган тақдирда фойдаланувчининг аккаунти блоклаб қўйилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG