Линклар

Шошилинч хабар
21 март 2023, Тошкент вақти: 18:33

Халқаро хабарлар

Amnesty International Азимжон Асқаровга нисбатан судни "адолатсизликнинг тантанаси" деб атади

Азимжон Асқаров суд залида.

Amnesty International халқаро ташкилоти Қирғизистон суди ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирганини “адолатсизликнинг тантанаси” деб таърифлади.

Amnesty International 31 июлдаги баёнотида қирғиз ҳукуматини халқаро ташкилотлар «виждон тутқуни» сифатида тан олган Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.

30 июль куни Чуй вилоят суди 2010 йилдаги қонли воқеалар ортидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган 68 яшар Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш илтимосини қондирмаган эди.

Асқаров иши мамлакат қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ортидан 30 июль куни судда қайта кўриб чиқилган. Азимжон Асқаровнинг ўзи маҳкамада қатнашмаган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган. У тартибсизликлар уюштириш ҳамда милиция ходимининг ўлимига алоқадорликда айбланган.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига урғу бериб келадилар.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилган, аммо қирғиз суди ҳукмни ўзгартирмаган.

Кун янгиликлари

АҚШ Давлат департаменти жаҳондаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботини ёйинлади

АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботи Давлат котиби Энтони Блинкен томонидан тақдим этилди

АҚШ Давлат департаменти 20 март куни жаҳон мамлакатларида ўтган йили инсон ҳуқуқлари вазиятига доир йиллик ҳисоботини ёйинлади. Ҳисобот АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен томонидан тақдим этилган. Унда 198 та давлатдаги ҳолат таҳлил этилган.

Бу каби ҳисоботларни АҚШ Давлат департаменти маҳаллий ва халқаро статистика ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда 50 йилдан буён ҳозирлаб келмоқда. Унда турли давлатлардан олинган маълумотлар уларнинг халқаро қонунчилик ва БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига нақадар мувофиқлиги кўриб чиқилади.

Ҳисобот муаллифлари 2022 йилда энг кўп хавотирга солган воқеалар ўлароқ Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши, Эрондаги оммавий норозилик намойишларининг бостирилиши, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном округидаги мусулмонларга қарши қатағонлар ҳамда Афғонистонда аёлларнинг сиқувга олиниши кабиларни санашган. Бундан ташқари, Жанубий Судан, Сурия ва Камбожадаги фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар билан боғлиқ аҳволнинг ўта ёмонлашгани қайд этилган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга алоқадор қисмида бу мамлакатда ҳокимият вакилларига ҳақиқатан мухолиф бўлган гуруҳларнинг ҳалигича сайловларга қўйилмаётгани, ҳокимият вакилларининг хавфсизлик хизмати ходимлари билан муносабати шаффоф эмаслиги, 2022 йилнинг июль ойи бошида Нукусдаги норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан куч билан бостирилгани, Нукус воқеалари чоғида журналистлар ва бошқа фаолларнинг ташқи дунё билан алоқаси чеклаб қўйилгани ва бошқа ҳолатларга урғу берилган.

Инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ жиддий муаммолар ўлароқ ноқонуний ҳибсга олиш ёки судсиз қатллар, қийноқ ва инсон қадрини топтайдиган бошқа жазо турлари, қамоқхоналардаги шароитнинг ёмонлиги, бошқа мамлакатлардаги юрган шахсларга нисбатан қатағонлар, суд ҳокимияти мустақиллиги билан боғлиқ оқсоқликлар, шахсий ҳаётга ноқонуний аралашув, сўз ва ОАВ эркинлиги бўйича жиддий чекловлар, интернетга оид чекловлар, танқидий руҳдаги фаолларнинг тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлигига аралашув, ҳаракат эркинлигининг чекланиши, қочқинларнинг мамлакатдан бадарға қилиниши, фуқароларнинг ўз ҳукуматини тинч йўл билан, эркин ва адолатли сайлов йўли билан алмаштириш имконининг йўқлиги, сиёсий турмушда иштирок этишга қўйилган жиддий ва асоссиз чекловлар, коррупция, гендерга оид зўравонлик бўйича суриштирув ва жавобгарликнинг йўқлиги, жинсий ва репродуктив саломатлик соҳасидаги хизматлардан фойдаланишга жиддий тўсиқлар қўйилгани, бир жинсли шахслар ўртасида ўзаро розилик асосидаги жинсий муносабатлар учун жиноий жавобгарликни кўзда тутган қонунларнинг мавжудлиги ва уларнинг қўлланилаётгани ва бошқалар кўрсатилган.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва коррупцияга оид текширувлар ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатига қарамай, давлат амалдорларнинг ҳар ерда жазосиз қолаётганига ҳам алоҳида урғу беришган.

Туркияда зилзилалардан қурбон бўлганлар сони 50 минг нафардан ошди

Туркияда 6 февраль куни рўй берган зилзилалар оқибатида қурбон бўлганлар сони 50 минг 96 нафарни, жароҳатланганлар сони эса 107 минг 204 нафарни ташкил этган. Бу ҳақда 20 март куни Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Юнус Сезер маълум қилган.

Мулозимга кўра, вайрон бўлган бинолар техник ҳолати ва қурилиш меъёрларига риоя қилиниши учун у ёки бу даражада масъул бўлган одамлардан 300 дан зиёди ҳибсга олинган. Улар орасида 104 нафар пудратчи, 161 нафар прораб, 15 нафар бино эгаси ҳамда уйларнинг дастлабки конструкциясига ўзгартишлар киритган 18 киши бор.

Бундан бир ярим ой муқаддам Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли ер силкинишлари кузатилган. Минглаб афтершокли зилзилалар мамлакатнинг 11 вилояти ҳамда қўшни давлатлар ҳудудида сезилган. Табиий офат ортидан, хусусан, Сурияда 8 минг 476 киши ҳалок бўлгани айтилган.

Россияда Халқаро жиноят суди судьяларига қарши жиноят иши очилди

Владимир Путин ва Мария Львова-Белова

Россия Тергов қўмитаси Халқаро жиноят суди (ХЖС) прокурори Карим Аҳмад Хон ҳамда судьялар Томоко Аканэ, Розарио Сальваторе Айтали ва Серхио Херардо Угальде Годинесга қарши жиноят иши қўзғатди. Аввалроқ улар Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмени Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берган эдилар.

Тергов қўмитаси қарашига кўра, Путин ва Львова-Белованинг жиноий таъқиб қилиниши “жиноий жавобгарликка тортиш учун асос йўқлиги сабабли ноқонунийдир”.

ТҚ хабарномасида қайд этилишича, Карим Аҳмад Хон айбсиз шахсни жиноий жавобгарликка тортмоқчи бўлган ва уни оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганликда ноқонуний айблаган. Тергов қўмитаси судьялари эса “ноқонуний ҳибсга олиш”да айбланган.

Иддаога кўра, суд “халқаро алоқаларни мураккаблаштириш мақсадида халқаро муҳофазада бўлган хорижий давлат вакилига ҳужум ҳозирлиги кўрилган”.

Тергов қўмитасининг билдиришича, давлат раҳбарлари хорижий давлатлар юрисдикциясига нисбатан мутлақ дахлсизлик”ка эга. (Агар гап ҳарбий жиноятлар тергови ва улар учун жиноий таъқиб ҳақида борган пайтда, Халқаро жиноят суди давлат раҳбарлари дахлсизлигини тан олишмайди).

Халқаро жиноят суди Путин ва Львова-Беловани ҳарбий жиноятларни содир этганликда – Украинанинг ишғол этилган ҳудудидан болалар дохил аҳолини мажбуран кўчирганлик ва куч билан депортация қилганликда гумонламоқда. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра бу геноцид ўлароқ баҳоланиши мумкин. ХЖС Путин муҳтамал жиноятлар учун шахсан жавобгар, деб ҳисоблашга мантиқий асослар бор эканини қайд этган.

Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясирни тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди. Москва 2016 йилдан буён мазкур суд фаолиятини белгиловчи Рим статутининг иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин расмий ташриф билан Москвага учиб борди

Москвага учиб келган Хитой раҳбари Си Цзиньпин, 2023 йил 20 марти

Хитой Халқ Республикаси раҳбари ва ҳукмрон Коммунистик партия лидери Си Цзиньпин 20 март куни расмий ташриф билан Москвага етиб борди. 22 мартгача давом этадиган ташриф Россия президенти Владимир Путин таклифига кўра амалга оширилаётгани айтилган.

Бугун Си Цзиньпин Владимир Путин билан норасмий учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Сафар олдиндан Путин Хитойнинг йирик нашри бўлмиш “Жэнминь жибао”да “Россия ва Хитой – келажакка интилган ҳамкорлик” сарлавҳали мақола эълон қилган. Мақоланинг рус тилидаги нусхаси Кремль сайти орқали ёйинланган. Унда Путин бўлажак музокаралардан катта нарсалар кутаётганини билдирган.

“Бу мен учун эски қадрдон дўстим билан кўришиш учун ажойиб имконият”, деб ёзган Путин “биз учун ҳақиқий дўст – туғишган оға-ини кабидир” дея қайд этган.

Мақолада Путин Россия билан Хитой ўртасидаги муносабатлар “Совуқ уруш давридаги ҳарбий-сиёсий иттифоқлардан устунроқ” эканини, Москва билан Пекин эса “адолатли кўп қутбли дунё қурилиши” тарафдори бўлиб келаётганини иддао қилган. Украина масаласига тўхталар экан, Россия президенти: “Инқирозни ҳал қилиш ишида Хитой томонининг конструктив роль ўйнашга ҳозир эканини олқишлаймиз”, дея урғулаган. Унга кўра, “тинчлик жараёнининг келажаги фақатгина юзага келган геосиёсий воқеликни ҳисобга олган ҳолда жиддий мулоқотга тайёрликка боғлиқдир”.

Ўз навбатида Россиянинг РИА “Новости” агентлиги ва “Российская газета” нашри Си Цзиньпиннинг мақоласини нашр қилган. Унда Си Хитой ва Россия “умуминсоний қадриятларни риожлантираётгани ҳамда янги турдаги халқаро алоқалар шаклланиши тарафдори сифатида чиқаётгани” ҳақида ёзган. Украинадаги урушни “Украина кризиси” деб атаган Хитой раҳбари можарони “тинчлик йўли билан ҳал қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни дастаклаш” зарурлигини таъкидлаган.

Аввалроқ ғарбдаги қатор ОАВ Хитой Россияга дронлар, тўплар ва ўқ-дорилар дохил қурол-аслаҳалар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзиб чиққан. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, агар Пекин Россияга қурол-аслаҳа етказиб бера бошласа, салбий оқибатларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Хитой вакиллари бундай режа борлигини рад этишган.

Россиядаги кремлпараст telegram-каналларнинг кўпи сўнгги кунларда Си Цзиньпиннинг ташрифи ўта муҳим бўлишига эътибор қаратиб, Украина уруши ва Ғарбга қарши туришда Хитой Россияни қўллаши бўйича қандайдир келишувларга эришилишига ишора қилишмоқда. Бироқ Пекин сафар олдидан бундай дастакдан дарак берувчи бирор-бир баёнот берган эмас.

Путин Хитой раҳбаридан “кўп нарса умид қилаётгани”ни билдирди

Хитой раҳбарининг Москвага келиши тўғрисида 17 март куни расман билдирилган. У Москвада 22 мартгача бўлади.

Москвага 20 март куни Хитой раиси ва ҳукумрон Коммунистик партия лидери Си Циньпин келиши кутилмоқда. Бу Хитой раҳбарининг Украинада уруш бошланганидан бери Россияга қиладиган илк ташрифи бўлади.

Ташриф арафасида Россия президенти Владимир Путин Хитойнинг "Жэньминь жибао" газетасида “Россия ва Хитой – келажакка қаратилган ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Мақола матни Кремль сайтида рус тилида эълон қилинди.

Мақолада Путин Москвада бўладиган учрашувдан “жуда кўп нарсаларни умид қилаётгани”ни таъкидлади. “Бу мен учун меҳрибон қадрдон дўстим билан яна бир бор учрашиш учун ажойиб имконият ҳамдир”, деб ёзган Путин “биз учун ҳақиқий дўст ҳудди туғишган ака-укадай гап” деб қайд этади.

Путин бугунги кундаги Россия ва Хитой муносабатлари “совуқ уруш давридаги ҳарбий-сиёсий иттифоқлардан ҳам мустаҳкамлиги”ни, Москва ва Пекин “изчиллик билан адолатлироқ кўп қутбли дунёни шакллантириш учун” ҳаракат қилаётганини ҳам таъкидлаган.

Россиянинг Новости агентлиги ва “Российская газета” ўз навбатида Си Циньпиннинг мақоласини эълон қилди. Мақолада “Хитой ва Россия умуминсоний қадриятларни ривожлантирмоқда ва янги типдаги халқаро муносабатларни ҳамда ягона инсоний тақдирга бирлашган ҳамжамият шакллантирилишини қўлламоқда”, дейилади.

Си Циньпин мақоласида Украинадаги урушни “Украина инқирози” деб айтаган. Хитой раҳбари Украина масаласини ҳал қилиш учун “тинч йўл билан амалга ошириладиган барча ҳаракатларни қўллашини” билдирган.

Хитой раҳбарининг Москвага келиши тўғрисида 17 март куни расман билдирилган. У Москвада 22 мартгача бўлади. Расман билдирилишича, музокараларда мамлакатлар ўртасидаги “ҳарбий техник ҳамкорлик” ва “Украинадаги инқироз” муҳокама этилиши кутилмоқда.

Қирғизистонда Ўзбекистон маданият кунлари бўлиб ўтмоқда

Қирғизистонда илк бор ўзбек маданияти кунлари 2015 йил февралида ўтказилган эди.

Қирғизистонда 18 мартдан 21 мартгача Ўзбекистон маданият кунлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбир Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг “Ватандошлар” жамоатчилик фонди ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

Қирғизистон ва Ўзбекистон санъаткорлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирлар 18 март куни пойтахт Бишкекда, 19 март куни Ўш шаҳрида ўтказилди.

Маданият кунлари 20 март куни Жалолобод шаҳрида, 21 март куни Раззоқов ва Боткен шаҳарларида давом этиши режалаштирилган.

Икки қўшни давлат санъаткорлари иштирокида Наврўз байрами муносабати билан ташкиллаштирилган концерт дастурлари бепул намойиш этилмоқда.

Қирғизистонда илк бор ўзбек маданияти кунлари 2015 йилда ўтказилган эди.

Экзит-полл: Қозоғистон парламентига сайловда ҳукмрон партия етакчилик қилмоқда

Қозоғистонда 19 март куни ўтган парламент сайловида ҳукмрон “Аманат” партияси етакчилик қилмоқда.

Евроосиё интеграцияси институти ўтказган экзит-полл натижаларида қайд этилишича, президент Қасим-Жомарт Тоқаевни қўллаб-қувватловчи мазкур партия 53 фоиздан ортиқ овоз тўплади.

Бундан ташқари парламентга яна бешта бир-бири билан курашадиган, лекин Тоқаевни танқид қилмайдиган партиялар кириши кутилмоқда. Сайлов натижалари кейинроқ эълон қилинади.

Расман билдирилишича, овоз беришда сайловчиларнинг 54 фоизга яқини иштирок этди. Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаотада сайловчиларнинг тўртдан бир қисмигина сайлов участкаларига келган.

«Аманат» (собиқ «Нур Отан») Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев томонидан асос солинган ва унинг сиёсатини, кейинроқ унинг вориси Тоқаев сиёсатини қўллаб-қувватлаган партия ҳисобланади.

Ўтган йилги январь воқеаларидан сўнг партия ўз номини «Аманат» деб ўзгартирган.

Бу 2004 йилдан бери партиясиз номзодлар иштирокида ўтказилаётган илк парламент сайловидир. Қозоғистондаги овоз бериш июнь ойида бўлиб ўтган конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум, шунингдек, Қасим-Жўмарт Тоқаев янги етти йиллик муддатга қайта сайланган президентлик сайловлари ортидан ўтказилди.

Мустақилликка эришганидан бери Қозоғистондаги бирорта ҳам сайлов ғарб кузатувчилари томонидан эркин ва адолатли деб тан олинмаган.

Ҳаага халқаро суди Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди

Россия президенти Владимир Путин

Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди.

Халқаро жиноят суди (ХЖС) Путинни ҳарбий жиноятларни содир этганликда – Украинанинг ишғол этилган ҳудудларидан аҳолини (шу жумладан болаларни) куч билан депортация қилганлик ва кўчирганликда гумонламоқда. Бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра геноцид ўлароқ баҳоланиши мумкин.

Суд сайтида Путин одамларнинг мажбуран кўчирилиши учун шахсан жавобгар деб ҳисоблашга асослар бор экани қайд этилган.

Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди. Москва 2016 йилдан буён ХЖС фаолиятини белгиловчи Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди. Ўз навбатида, суд ҳам, агар гап ҳарбий жиноятлар тергови ва бу каби жиноятлар учун таъқиб ҳақида борган пайтда, давлат раҳбарлари дахлсизлигини тан олмайди.

Айни пайтда суд томонидан берилган ордер ортидан Путин Рим статутини ратификация қилган ҳамда Ҳаагадаги халқаро суд юрисдикциясини тан оладиган 123 та давлат ҳудудига кира олмайди. Россия президенти бу давлатлардан бирига борган тақдирда, маҳаллий расмийлар ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда уни ҳибсга олишлари шарт бўлади.

Ўзбекистон Рим статутини 2000 йилнинг 29 декабрида имзолаган, бироқ ратификация қилган эмас.

Беларусда TUT.by сайтининг икки етакчиси 12 йилданга қамалди

Марина Золотова ва Людмила Чекина суд залида (архив сурати)

Беларусда суд TUT.by нашри собиқ бош муҳаррири Марина Золотова ва “Тут Бай Медиа” ширкати директори Людмила Чекинани узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Вясна” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумот тарқатди.

Золотова ва Чекина суд томонидан Беларусь Жиноят кодексининг давлат ҳокимиятини эгаллаб олиш ва низо қўзғатишга очиқдан-очиқ чақирилган материалларни тарқатганлик дохил бир неча моддаси бўйича айбдор деб топилган. Чекина солиқ тўлашдан бош тортганликда ҳам айбли топилган. Ҳар икки аёл 12 йилданга озодликдан маҳрум этилган. Иш ёпиқ тартибда кўриб чиқилган.

TUT.by сайти 2020 йилгача Беларусдаги энг машҳур мустақил ахборот нашри бўлиб ҳисобланган. Сайт 2020 йил август ойидаги президент сайловидан кейин Александр Лукашенкога қарши бошланган оммавий норозилик намойишларини фаол ёритиб борган. Намойишлар бостирилганидан кўп ўтмай сайт блокировка қилинган, TUT.by раҳбарларига қарши эса жиноят иши қўзғатилган. Пировардида сайт “экстремистик” деб топилган. Ҳозирги кунда TUT.by ишламаяпти, унда фаолият олиб борган журналистларнинг бир гуруҳи эса Zerkalo.io деб номланган янги лойиҳа очишган.

Аввалроқ Беларусда айни пайтда хорижда истиқомат қилаётган мухолифат лидерлари суд томонидан сиртдан узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилинган эди. Улар орасида президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская ва мухолифатдаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари бор.

Россияда “ПостРоссия Озод Халқлари Форуми” исталмаган ташкилот деб топилди

Россия Бош прокуратураси биноси

Россия Бош прокуратураси Польшада рўйхатга олинган “ПостРоссия Озод Халқлари Форуми”ни исталмаган ташкилот деб топишга қарор қилган.

Бош прокуратура иддаосича, мазкур ташкилот Россиянинг “конституциявий тузуми асослари ва хавфсизлигига таҳдид бўлиб ҳисобланади”, ташкилотнинг раҳбарлари эса “мамлакат ҳудудий яхлитлигининг бузилишига чақиришмоқда” ва “сепаратистик миллатчилик шиорлари билан чиқишмоқда”.

“ПостРоссия Озод Халқлари Форуми” жамоатчилик ҳаракати ўз мақсади Россияни “реконструкция ва структуравий трансформация қилиш” ҳамда “Россиянинг тарихий-маданий вилоят ва минтақаларини иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожлантириш” эканини билдирган. Ташкилот фаоллари Россиядаги ҳудудларга кўпроқ мустақиллик берилишини ёқлашади.

Форумнинг сўнгги мажлиси шу йилнинг февраль ойи бошида Брюсселдаги Европарламент биносида ўтказилган. “Медуза” нашри хабарига кўра, унда Чеченистоннинг собиқ маданият вазири, мустақил Ичкерия тарафдори бўлган Аҳмед Закаев, мустақил Ингрия тарафдори бўлган тарихчи ва журналист Максим Кузахметов, “Озод Ёқутистон” жамғармаси вакили Раиса Зубарева ва бошқалар иштирок этишган.

Фаластинда Исроил ҳарбийлари тўрт кишини отиб ўлдирди

Фаластин мухторияти расмийлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Женин шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт пайтида Исроил ҳарбийлари 4 фаластинликни отиб ўлдиргани тўғрисида хабар берди.

Би-би-сининг Исроил армиясидаги манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, ҳарбийлар “террорчилик фаолияти учун қидирувда бўлган икки нафар жангарини” ўлдирган. Бундан ташқари Исроил аскарларига лом билан “таҳдид қилган” шахс ҳам отиб ўлдирилгани билдирилди.

Расмий маълумотда айтилишича, Женинга кириб келган Исроил аскарларига қуролли қаршилик кўрсатилган. Отишма пайтида 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлган ва камида 20 фаластинлик яраланган. Улардан тўрт нафари оғир аҳволда.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлдирилганлар орасида “Исломий жиҳод” ва “Хамас” гуруҳларининг юқори лавозимдаги вакиллари Нидал Ҳазем ва Юсуф Шрим борлигини билдирди.

“Сўнгги бир неча ой ичида Исроил кучлари амалга оширган махсус амалиётларда камида 80 нафар фаластинлик ҳалок бўлди”, дейилади Би-би-си хабарида. Фаластинликлар ҳужумлари оқибатида 13 яҳудий ҳалок бўлган.

Туркий давлатлар саммитида Турк инвестиция жамғармаси ташкил этилди

Мирзиёев туркиялик сайловчиларни Ражаб Тоййиб Эрдўғон номзодини “тўлиқ қўллаб-қувватлаш”га чақирди.

Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарада 16 март куни ўтган навбатдан ташқари саммитида фуқароларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш ва Турк инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди.

Мазкур саммитда ташкилотга аъзо бўлган давлатлар раҳбарлари қаторида Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашмоқда.

Мирзиёев Анқарада ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида сўзлаган нутқида туркиялик сайловчиларни икки ойдан кейин бўлиб ўтадиган президент сайловида амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон номзодини “тўлиқ қўллаб-қувватлаш”га чақирди.

Анқарадаги саммитда расман “Табиий офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзуси муҳокама қилингани алоҳида таъкидланди.

6 февралда Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли зилзила юз берган. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга мувофиқ 48,5 минг нафарга етган.

“Вагнер” Украина урушига аскар ёллаш учун порносайтга реклама жойлаштирди

Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкат жаҳондаги йирик Pornhub порталига Украина урушида ёлланма аскар қаторида иштирок этишга чақирилган рекламани жойлаштирди. Бу ҳақда қатор телеграм каналлар “Вагнер”нинг рекламаси муҳокама қилинган ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларга таяниб хабар берди.

Уятли сўзлар ҳам бўлган “Вагнер” рекламасида Россиянинг барча ҳудудларидан аскар ёлланилаётгани айтилади ва реклама “порнография кўришнинг ўрнига ХҲШга ишга кир” деган чақириқ билан якунланади.

Рекламада кўрсатилган телефон номерлари “Вагнер” ХҲШга тегишли экани аниқ.

“Вагнер” асосчиси Евгений Пригожин “ширкат чиндан ҳам Pornhub сайтига реклама берганми ва ундан натижа бўляптими” деган саволга: “Қайси сайт эканини билмайман, аммо рекламани порносайтга жойлаштириш маркетологларимизнинг яхши ғояси бўлган. Мен уларга қўшиламан. Рекламада “порно кўришнинг ўрнига “Вагнер”га қўшилиб уруш” деган чақириқ бор. Бунга ким қарши чиқа олади?” - деб жавоб берган.

“Вагнер” ёлланма аскарлари Украинада, Сурияда ва Африка давлатларидаги жангларда қатнашган ва қатнашмоқда. “Вагнер” чилар қатор ҳарбий жиноятларда ҳам айбланган.

27 январда АҚШ “Вагнер”ни трансмиллий жиноий ташкилотлар рўйхатига киритган. Айрим давлатларда “Вагнер” террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Бунга қадар “Вагнер” Россия қамоқларида ётган маҳкумларни, жумладан, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб қамалганларни ўз сафига ёллагани тўғрисида хабарлар берилган. “Вагнер”га ёлланган маҳкумлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.

Россияда беш ёшли тожик қизни зўрлаб ўлдирган шахс 24 йилга қамалди

2018 йилнинг 18 июлида Ҳувайдо Тиллазода уйи ҳовлисидан ўғирлаб кетилган эди

Москва вилоят суди Александр Семинни беш ёшли тожик қизи Ҳувайдо Тиллазодани жинсий зўрлаб, кейин ўлдирганликда айбдор деб топди. Суд ҳукми билан у 24 йилга қамалди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати қизалоқнинг отаси Абдусалом Саидовга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Саидов суд ҳукмидан норози эканини ва қотилни “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш”ни талаб этаётганини айтди. У бу борада юқори инстанция судига шикоят аризаси киритмоқчи.

2018 йилнинг 18 июлида Ҳувайдо Тиллазода Москва атрофидаги Серпухов шаҳридаги уйи ҳовлисидан ўғирлаб кетилган эди.

Унинг жасади 24 соатдан кейин темир йўл станцияси олдидан топилган. Экспертиза Ҳувайдо олдин жинсий зўрланганини ва кейин пичоқ билан ўлдирилганини аниқлаган.

Мазкур жиноятда гумонланиб, Саидовнинг қўшниси Александр Семин қўлга олинган. Қўшнилари аввал ҳам Семин устидан бир неча бор полицияга шикоят қилишган. Лекин полиция бу шикоятларга эътибор қаратмаган.

Айбланувчи руҳий касалликлар клиникасида ётгани учун Тиллазода иши бўйича суд бир неча йилга чўзилиб кетди.

Ўзбекистон-Қирғизистон автозаводини қуриш бўйича шартнома ратификация қилинди

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида Ўзбекистон билан ҳамкорликда автомашина ишлаб чиқарувчи завод қуриш бўйича инвестициявий лойиҳа 15 март куни қирғиз парламенти томонидан ратификация қилинди.

Чуй вилоятининг Оқсув қишлоғида автомашина заводини қуриш бўйича келишувга президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 январда Бишкекка қилган сафари доирасида қўл қўйилган эди.

Қирғиз ҳукуматининг билдиришича, мазкур лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда йилига 10 минг автомобиль йиғилади ва 500 ишчи ўрни ташкил этилади. Иккинчи босқичда йилига 20 минг автомашина ишлаб чиқарилади ва 1000 киши иш билан таъминланади. Учинчи босқичда кейинги олти йил ичида автомобиль ишлаб чиқаришни 30 мингтага етказиш назарда тутилган.

14 март куни Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекова Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуриладиган завод июль ойидан бошлаб ишга туширилишини билдирган эди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион долларга баҳоланмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG