Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:35

Россия прокуратураси норозиликка чиққан яна бир оилага уч боласини тортиб олиш билан таҳдид қилмоқда


Пётр ва Елена Хомский, қўзғатилган иш “биз билан бошқаларни қўрқитишга қаратилган”, демоқда.

Россиялик эр-хотин прокурорлар, норозилик намойишига олиб келган уч қизингдан айрилиб қоласан, деб таҳдид қилганини билдирди ва уларнинг таъқибини “барча фаолларни қўрқитишга ноқонуний уриниш” деб атади.

Пётр ва Елена Хомскийнинг “Настояшее время” нашрига 26 августда айтишича, Москва шаҳридаги Никулин тумани прокуратураси судга ўзларини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этишга оид сўров киритгани, бунга уларнинг шу ой бошида норозилик намойишида уч қизи билан қатнашгани асос бўлганини айтди.

Эр-хотинга кўра, суд бу илтимосномани 2 сентябрда кўриб чиқади. Айтишларича, улар 22 августда бўлиб ўтган дастлабки суд мажлиси ҳақида умуман хабардор қилинмаган.

Эр-хотиннинг 3 августда бўлиб ўтган намойишда 3 ойлик, 3 ва 10 яшар қизлари билан қатнашгани давлат телевидениеси орқали кўрсатилган.

Бу кўрсатувда Пётр Хомский “профессионал фитначи” ва Кремлнинг ашаддий танқидчиси “Алексей Навальнийнинг тансоқчиси” деб аталган.

Хомский митингга атай келгани, аммо ҳеч қандай плакат ушламагани ёки бирор шиор айтиб бақирмаганини айтади.

Эр-хотин прокуратуранинг судга киритган сўровидан мақсад “бошқа фаолларни қўрқитиш” эканини таъкидлаб¸ фарзандларини олиб қолиш учун курашмоқчи эканини айтади.

‒ Биз улар бунақа қилишига йўл бермаймиз. Ғазаби ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ўзларининг бошига етади. Биз фарзандларимизни уларга бериб қўймаймиз. Улар ўзлари ўйлаётгандай ҳар нарсага қодир эмас, ‒ дейди Пётр Хомский.

У шунингдек аксар россияликларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун етарли иш қилмаëтганидан ҳам афсус билдиради.

‒ Одатда одамлар ҳокимият идоралари безовта қилмаслиги учун тинч ўтиришга ҳаракат қилади. Лекин ҳокимият идоралари уларни безовта қилади. Аввало, улар фаолроқ бўлганларни “ейди”, кейин кўпроқ “овқат” талаб қилингани учун тинч ўтирганларга ёпиша бошлайди, охирида эса бир-бирини ейишга ўтади, ‒ деди Хомский.

Россияда сиëсий фаоллик учун фуқароларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш олдинроқ ҳам кузатилган эди. 6 августда Москва шаҳар прокуратураси Дмитрий ва Ольга Проказовларни 1 яшар ўғлини 27 июлда Москва шаҳар мэрияси олдидаги норозилик намойишига олиб келгани учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш хусусида судга илтимоснома киритган.

Бу воқеа оддий москваликлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг кескин танқидига сабаб бўлди.

Проказовлар фарзанди ҳаётини хатарга қўйиш ва ота-оналик мажбуриятларини бузганликда айбланмоқда. Полиция иддосича¸ улар ўша куни полиция текширувидан ўтиш ва ҳибсга олинмаслик учун фарзандини Ольга Проказованинг амакиваччаси ва фаол Сергай Фоминга берган. Фомин ҳозир “оммавий тартибсизликлар”да қатнашганлик айблови билан тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Сўнгги ҳафталарда Москвада бир қанча рухсат этилган ва этилмаган намойишлар бўлиб ўтган, иштирокчилар бўлғуси муниципал сайловда мустақил ва мухолифат номзодлари иштирок этишини талаб қилиб чиққан эди.

27 июлдаги намойишда 1300, 3 августдаги намойишда эса 1000 киши ҳибсга олинди. Ўнлаб намойишчи рухсат этилмаган намойишлар ёки уларни ташкил қилишда қатнашганлик айби билан жаримага тортилди¸ қамоққа ташланди.

Бошқа қатор намойишчиларга“оммавий тартибсизликлар”да қатнашганлик ва гўё полицияга ҳужум қилганлик жиноий айбловлари қўйилди. Энди улар 27 сентябрга қадар тергов изоляторида ушлаб турилади.

XS
SM
MD
LG