Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Беслан фожиаси: жабрдийдалар 15 йилдан бери ҳақиқат излайди (ВИДЕО)


26 аёл фарзандлари билан Бесландаги гаровдан озод қилгандан сўнг аскар чақалоқни кўтариб кетмоқда, 2004 йил 2 сентябрь.
26 аёл фарзандлари билан Бесландаги гаровдан озод қилгандан сўнг аскар чақалоқни кўтариб кетмоқда, 2004 йил 2 сентябрь.

2004 йил 1 сентябрда Шимолий Осетия марказидаги 1-мактаб ўқувчиларини ёзги таътилдан сўнг қучоқ очиб кутиб олди.

1128 нафар ота-она, ўқитувчи ва ўқувчи янги ўқув йили учун қўнғироқ чалиниши маросимига соат 9 да йиғилганида, ҳамманинг кўнглида асабийлик ва ҳаяжон бор эди.

Қуролланган 30 га яқин чечен ва ингуш бўлгинчиси – йиғин аҳли бехабар – бир неча соат олдин Шимолий Осетия чегарасидан ўтган эди.

Улар йиғин пайтида ҳужум қилгач, 1000 дан ошиқ кишини мактаб спорт залига қамаб олиб, Россиядан қўшинларини Чеченистондан олиб чиқиш талабини қўйган эди.

Хавфсизлик кучлари билан қарама-қаршилик 52 соат давом этди. Улар гаровга олинган кишиларни – 800 га яқини бола эди – озиқ-овқат ва сувдан маҳрум қилди. Эртаси куни террорчилар бир неча эркакни отиб ташлади ва мактабни миналаштирилган истеҳкомга айлантирди.

Кундузи соат 1 лар атрофида залда иккита портлаш рўй берди. Гаровдаги кишилар у ердан қочиб чиқа бошлагач, Россия махсус кучлари тартибсиз қутқарув амалиётини бошлади. Оқибатда 334 киши, жумладан 186 бола ҳалок бўлди, юзлаб киши яраланди.

37 000 аҳолиси бор Бесланда фожиа дахл қилмаган оила кам қолди. Қабристонда жой етмагани сабабли шаҳар ташқарисидан “Фаришталар шаҳри” деб аталган янги қабристон очилди.

Дунёни ларзага солган ўша фожиадан сўнг орадан 15 йил ўтиб, ундан омон қолганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилалари ҳамон ҳаққоний тергов ўтказилишини талаб қилмоқда. Талабгорлар нега штурм уюштирилгани ва хавфсизлик кучлари гаровга олинганларни қутқариш учун нега бунчалик кўп қурбон берадиган усулни танлаганига оид саволларга жавоб ахтармоқда.

Амалиёт вақтида бир кишидан бошқа барча террорчилар ўлдирилди, омон қолган чеченистонлик дурадгор Нурпаши Кулаев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фожиадан сўнг жабрдийдаларга товон пули берилди, ҳукумат комиссияси давлатнинг шунчалик кўп одам ўлимига сабаб бўлган амалиётига зиддиятли баҳо берди. Берилган жавоблардан жуда кам киши қаноат ҳосил қилди.

Ҳокимият ҳаққоний тергов ўтказиш учун ҳеч нарса қилмади, ‒ дейди ўша пайт 13 ёшида қаттиқ яраланган бўлса-да, омон қолган Агуна Ватаева. Унинг онаси ўша ерда яраланиб ҳалок бўлган эди.

Шундан сўнг Ватаева Москвага бориб даволанди. Ҳукумат унинг даволаниш харажатларини қоплаш билан бирга онасининг ўлими учун 1 миллион рубль (37 минг АҚШ долларига яқин) товон пули берди.

Фарзандлари ва эри билан Владикавказда яшаётган Ватаеванинг бошида ҳамон портлаган яроғ парчалари бор. У ўзининг яраланиши ва онаси ўлимига Россия хавфсизлик кучларининг керагидан ортиқ куч ишлатгани сабаб, деб билишини айтади.

2007 йили Ватаева омон қолган, ҳалок бўлган ёки яраланганларнинг қариндошлари бўлмиш 400 га яқин киши билан бирга Россия ҳукуматини фожиа учун жавобгарликка тортиш учун Европа инсон ҳуқуқлари судига (ЕИҲС) мурожаат қилди.

Суд ҳукми чиққанига анча бўлди, аммо 2017 йил апрелида ЕИҲС Россия ҳокимият идораларининг бўҳронни бартараф этиш борасидаги хатти-ҳаракатларига кескин баҳо берди. Унинг ҳисоботида террорчилик амали олдини олиш учун “етарли эҳтиёт чоралари кўрилмагани”, мактаб хавфсизлиги кучайтирилмагани ва жамоатчиликни ундан огоҳлантирмагани айтилади.

Суд Россия ҳукумати бажариши учун жабрдийдаларга яна 3 миллон евро (3,3 миллион доллар) товон пули тўлаш кераклиги тўғрисида ҳукм чиқарди. Россия Адлия вазирлиги ушбу ҳукмга апелляция берди, бироқ кейинчалик уни бажаришини эълон қилди. Ватаева яна 7000 евро олди ва бу даволаниш харажатларини қоплашда ёрдам берди.

Бироқ Бесланда ўша террорчилик ҳужуми бўйича ҳамманинг ҳам фикри якдил эмас. Айрим кишилар ҳокимият қўлидан келган ҳамма ишни қилди, деб ҳисоблайди ва ЕИҲС ҳукмига қарши чиқади.

Россия Чеченистондаги исёнчиларга қарши икки марта уришди, зўравонлик эса бутун минтақага ёйилди. Бесланда одамларни гаровга олиш ўтган 10 йил ичидаги тўртинчи террорчилик амали бўлди. Террорчилар ҳатто ўша воқеадан икки йил олдин Москвадаги Дубровка театрида ҳам одамларни гаровга олган ва бу уларни озод қилиш бўйича аниқ амалиёт режаси йўқлиги сабаб камида 130 кишининг ўлими билан тугаган эди.

Экспертлар фикрича, Россиянинг Шимолий Кавказдаги республикалар: Чеченистон, Ингушетия ва Доғистонга оид мавқеи ҳануз хавфли бўлиб қолмоқда, чунки у ерда ҳалигача советлардан мерос бўлиб қолган ва ҳал этилмаган муаммолар бор. Улар янги можароларга айланиб кетиши мумкин, деган хавотир ҳам бор.

Гаровдан омон қолганлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ўқлару портлаган яроғ парчалари билан илма-тешик спорт залини асраб қолиш учун оёқ тираб туриб олмаганида, у текислаб ташланиши турган гап эди.

Энди унинг харобалари олтин саркофаг билан қопланган. Мудҳиш муҳит ҳукмрон залга истаган киши бемалол кириб чиқиши мумкин. Деворга ҳалок бўлган мактаб ходимларининг ва болаларнинг маъсум юзлари акс этган суратлари илиб қўйилган. Улар остида болалар ўйинчоқлари ва ҳар йили хотирлаш куни олиб келинадиган гулдасталар ётибди.

XS
SM
MD
LG