Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 12:45

Қозоғистон президенти халққа илк мурожаатида сиёсий эркинликлар ҳақида гапирди


Полиция ходимлари ўтказилиши кутилаётган митинг иштирокчиларини ушлаб олиб кетяпти. Алмати шаҳри, 2019, 10 июль.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятини бошлаганидан буён биринчи марта мамлакат парламентида Қозоғистон халқига мурожаат қилди.

Ўз мурожаатида Тоқаев фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларига тўхталиб, маҳаллий давлат органлари тинч акцияларга рухсат бериши лозимлиги ва бунинг учун жой ажратишлари кераклиги, бундай жойлар “шаҳар чеккасида бўлмаслиги кераклиги” тўғрисида гапирди.

– Агар тинч акцияларда қонун бузилмаса ва бошқа фуқароларга ҳалақит бермайдиган бўлса, у ҳолда ён босиш керак ва қонунда белгиланганидек намойиш ўтказишга рухсат бериш лозим, бунинг учун махсус жой ажратилиши керак. Бу жой шаҳар четида бўлиши керак эмас, - деди президент парламентда Қозоғистон халқига қилган мурожаатида.

Шу билан бирга у “Конституцияга зид ҳар қандай ҳаракатлар, безорилик акциялари қонун доирасида таъқиб қилинишини” таъкидлаб ўтди.

Қозоғистонда қонунга биноан тинч намойиш ўтказиш учун фуқаролар маҳаллий ижроия органларидан рухсат олиши лозим. Одатда маҳаллий ижроия идоралари митинг ўтказиш жойи сифатида турар-жой мавзеларини ёки шаҳар чеккасини таклиф қилишади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар Қозоғистоннинг бу соҳадаги қонунини халқаро стандартларга мос келмаслигини айтиб, танқид қилишади, уларнинг фикрича, тинч намойишларни уюштириш ва ўтказиш учун давлат органини олдиндан огоҳлантириб қўйиш етарли бўлиши керак.

Рухсат берилмаган митинглар иштирокчилари полицияга олиб борилади, жаримага тортилади ва ҳибсга олинади. Фаолларнинг сўзларига қараганда, кўп ҳолларда ҳукумат танқид қилинадиган тадбир учун рухсат олишнинг имкони бўлмайди. Ҳукумат ўзлари рухсат берган тинч намойишларнигина қонуний дея тан олади.

Бир неча минг кишилик норозилик намойишлари фонида 9 июнь куни бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозониб мансабига киришган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ғарб журналистларига берган интервьюсида митинглар тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш режаси борлигини айтган эди. Танқидчиларнинг таъкидлашича, Тоқаев томонидан ваъда қилинган “янгиликлар” амалдаги қонунчиликда мавжуд.

Сўнгги бир ярим ойда бўлиб ўтган кичик акциялар ва ўнлаб пикетларда иштирокчилар қўлга олинмади. Аввалги шу каби тадбирлар вақтида кўплаб одамлар эҳтимолий норозиликлар тўғрисида пост қолдиргани учун ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган эди.

XS
SM
MD
LG