Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 18:22

Чегарадаги отишма пайтида ҳалок бўлган қирғиз чегарачиси дафн этилди


Равшан Мўминовнинг дафн маросими.

Қирғиз-тожик чегарасида 16 сентябрда содир бўлган отишмада вафот этган қирғизистонлик чегарачи Равшан Мўминов дафн этилди. Унинг жанозасида Қирғизистон ҳукумати раҳбарлари иштирок этдилар.

Тошкентда туғилган ва Қирғизистонда улғайган 41 ёшли Равшан Мўминов ортида бетоб онаси, рафиқаси ва уч нафар фарзанди қолди.

Давлат чегара хизматининг “Бўри” махсус гуруҳи ҳодими, прапоршчик Равшан Мўминов Исфана шаҳрида истиқомат қилган.

Чегарачининг акаси Ҳусан Мўминовнинг айтишича, у фарзандлари билан ижара уйида яшаган ва уй қуришни режалаётган эди.

-Равшанбек беғубор, раҳмдил одам эди. Бировга қаттиқ гапириб, кўнглини оғритган эмас. Уч кун аввал гаплашгандик. Уй қураман деб ҳаракат қилаётган эди. Бу пешонасига ёзилган тақдир экан. Ҳеч кимни айблай олмаймиз. Жойи жаннатдан бўлсин,-деди марҳумнинг акаси.

Маълум бўлишича, Равшанбекнинг 1976 йилда туғилган акаси ҳам чегарачи бўлган ва у 2003 йилда чегарада хизмат вазифасини ўтаб турганида ҳалок бўлган.

-Равшанбек 1,5 ёш бўлганида отаси вафот этган. 6 нафар фарзанди қолган. Опам барчасини ёлғиз катта қилди. 2003 йили Дилшод Мирзаҳмедов деган ўғли чегарада ўққа учиб қахрамонларча вафот этган. У ҳам Арка ҳудудида содир бўлган жангда ўқ еган. Мана энди Равшан ҳам ватан учун, халқи учун жонини қурбон қилди, - дейди марҳумнинг холаси Хосият Ҳайдарова.

Марҳум Равшан Мўминовни сўнгги сафарга кузатиш маросими 17 сентябрь куни Исфана шаҳрида ўтди. Унда Бош вазир Муҳаммедқалий Абилғазиев бошчилигидаги раҳбарлар иштирок этди.

Абилғазиев жаноза маросимида марҳум оиласига давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини айтди.Равшан Мўминов яқинларига президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳам ҳамдардлик билдирди.

2019 йилнинг 16 сентябрида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган отишмада Тожикистоннинг ҳам уч нафар чегарачиси вафот этган. Улар: Овчи-Қалъача чегара бекатининг 35 ёшли етакчиси Рустам Убайдуллоев, 21 ёшли аскар Рамазон Исломов ва 19 ёшли Гиёсиддин Сувановдир.

Отишма пайтида ҳар икки томондан камида 25 одам яралангани ҳам билдирилган. Ҳодисада Тожикистон Қирғизистонни, Қирғизистон эса Тожикистонни айбламоқда.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG