Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 22:34

Олий Мажлис ва маҳаллий кенгаш депутатлигига сайловолди кампанияси бошланди


Марказий сайлов комиссияси, 20 сентябрь, 2019 йил

Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 20 сентябрдан сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди.

2019 йилнинг 22 декабри - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгиланди.

20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида ташкилий ишларга бағишланган йиғилиш бўлди.

Комиссия раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов 20 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатга олинганини билдирди.

Бу йилги сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Кодексга биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

"Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади", дейилади расмий хабарда.

Сайловларда 5 сиёсий партия – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиялари қатнашади.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш бўйича тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Шу йилнинг августида расмий партия раҳбарлари билан учрашган Шавкат Мирзиëев, уларга “замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб бериш”ни тавсия қилганди.

Аммо, Мирзиëев ҳукуматга келгандан бери Ислом Каримов ҳокимияти даврида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф партия ва ҳаракатларнинг бирортаси фаолиятига расман рухсат берилгани йўқ.

Ўзбекистон Конституциясининг 117-моддасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йили — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG