Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

OzodTa'sir: "Агробанк"нинг ўқитувчиларни алдаган ходими устидан жиноят иши очилди


Избоскан туманида «Агробанк» филиали фронт-офисининг бўлим бошлиғи ўқитувчиларга ажратилган микрокредитларни ўзлаштириб олганликда айбланмоқда.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, банк ходими тумандаги мактабларнинг 245 нафар ўқитувчисига йиллик микрокредит ажратиш учун ҳужжатларни расмийлаштирган.

Ушбу ҳужжатлар асосида ҳар бир ўқитувчига нақд пулда 3 миллион сўмдан, жами 735 миллион сўм кредит берилишига эришган ва у бу пулларни кассадан олган. Аммо у ўқитувчиларга пул ўрнига «Lenovo» русумидаги ноутбукларни берган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилоят, Избоскан туманида камида 350 ўқитувчи туман Халқ таълими бўлими ва “Агробанк” филиали раҳбарлари томонидан Lenovo ноутбукларини бозор нархидан қарийб икки баравар қимматга олишга мажбурлангани тўғрисида Озодлик 2 сентябрда хабар қилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган айрим ўқитувчилар¸ паспортлари Халқ таълими бўлими томонидан йиғиб олиниб¸ ўз номларига компьютер олиш учун 3 миллион сўмлик кредит расмийлаштирилганини иддао қилганди.

5 сентябрда эса, Озодлик Избоскан туманида камида етмиш фермерга туман ҳокимлиги ва “Агробанк” филиали раҳбарлари томонидан зарарли ҳашаротларни ўлдиришда фойдаланиладиган заҳар сепувчи ускуна бозордагидан икки баравар қиммат - 26 миллион сўмдан 36 фоизлик кредит эвазига сотилгани тўғрисида хабар қилган..

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган айрим фермерлар паспортлари банк бўлими раҳбари томонидан йиғиб олиниб¸ ўз номларига агрегат олиш учун бир йилга 26 миллион сўмлик кредит расмийлаштирилганини айтишган эди.

XS
SM
MD
LG