Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:55

Ўқувчиларни таҳқирлаб, сочини қайчилаган директор ўринбосарига чора кўрилди (ФОТО)


Мактабда таҳқирланган ўқувчилар
Мактабда таҳқирланган ўқувчилар

Самарқанднинг Ургут туманидаги мактабда 11-синф ўқувчиларининг сочини қайчилаб, тан жароҳати етказган директор ўринбосарига интизомий чора кўрилди.

Бир неча ўқувчининг мактаб мулозими томонидан таҳқирланганидан шикоят ва бунга илова қилинган суратлар Озодликка келиб тушди.

Таҳририятга боғланган манбанинг билдиришича, мактабга сочи ўсган ҳолда келгани учун 20дан зиёд ўқувчининг сочи бошқалар кўз ўнгида қайчиланган.

"Бу - Ургут туман "Бешкапа" маҳалласидаги 47-умумтаълим мактабидаги ҳолат. Ўқувчиларнинг сочини аёвсиз қирқишмоқда. Бунга бирор бир чора борми?! Ўқувчиларнинг ғурури топталди. Ҳаттоки, икки-уч кун бормади мактабга. Бу ишни қилган шахс Очилов Шуҳрат - ўқувчиларнинг ўқишга бўлган шижоатини синдирмоқда. Бу ҳол 2 йилдан буён давом этиб келмоқда", деб ёзади ургутлик манба.

Унинг билдиришича, сочлари бошқа ўқувчилар кўз ўнгида қайчилаб ташланган ўқувчилар сони 20дан зиёд.

Маълум бўлишича, ўқувчилар бу ҳолатдан арз қилиб, қатор ижтимоий тармоқларга хабар йўллаган.

Yoshlarni qo'llab quvvatlash Телеграм канали ва бошқа қанча нашрлар 27-28 сентябрь кунлари сочлари қайчиланган ўқувчилар суратини чоп этди.

Натижада, Самарқанд вилояти ҳокимлигига қарашли Zarnews нашри бу ҳолатга туман Халқ таълими бўлими муносабатини эълон қилди.

"47-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ш.Очилов берилган топшириқларга амал қилмагани, бефарқлиги учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан интизомий чора кўрилди”, дея маълум қилади туман Халқ таълими бўлими.

Расмий баёнотга кўра, директор ўринбосари "11-синф ўқувчиси О.Х.нинг сочи ўсган ҳолда мактабга келгани сабабли ўқувчилар олдида унинг сочини олиб ташлаган".

Яъни, расмий жавобда директор ўринбосари томонидан таҳқирланган ўқувчи сони фақат бир нафар, деб келтирилган.

Шунингдек, мактаб мулозимига нисбатан Меҳнат кодексининг айнан қайси моддаси қўллангани ва конкрет қандай чора кўрилгани ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмаган.

XS
SM
MD
LG