Линклар

Шошилинч хабар
01 апрел 2020, Тошкент вақти: 11:13

Халқаро хабарлар

Илон Маск Марс ва Ойда шаҳарлар қуришга имконият яратадиган коинот кемасини тақдим қилди

SpaceX ширкати раҳбари Илон Маск.

SpaceX ширкати раҳбари Илон Маск ичида экипажи билан Марс ва Ойга учадиган коинот кемасини тақдим қилди. Кемалар яқин ойларда дастлабки синовлардан ўтказилиши билдирилди.

Маск мазкур кема кўп маротаба фойдаланилишга мўлжалланилганини таъкидлади. Синов пайтида кема 20 километр баландликка кўтарилади ва коинотда бир ёки икки ой парвоз қилади, сўнг ерга қайтади.

Илон Маск 2025 йилда бу каби биринчи коинот кемаси экипажи билан Марсга йўл олиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Кема 100 нафар йўловчи ва 150 тонна юк ташишга мўлжалланган.

SpaceX ширкати шундан келиб чиққан ҳолда Марс ва Ойда шаҳарлар қуриш мумкин, деган ғояни илгари сурмоқда.

Аввалроқ мазкур кеманинг биринчи йўловчиси миллиардер Юсаку Маэдзава бўлиши хабар қилинган эди. У кемада коинот туристи сифатида Ойга учади.

Кун янгиликлари

Тожикистонда ўқувчилар таътилни якунлаб, мактабларга қайтдилар

Ўн кун ичида Тожикистондаги мактаблар икки марта дезинфекиця қилинди.

Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги барча мактаблар коронавирусга қарши дезинфекция қилинганини билдирди. Таълим ва фан вазирлиги эса баҳорги таътил якунланиб, 1 апрелдан мактабларда дарслар бошланишини маълум қилди.

Тожикистонда мактаб ўқувчиларининг баҳорги таътили 21 март куни бошланган. Ўн кун ичида мактаблар икки марта дезинфекция қилинган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, Тожикистондаги 3800дан ортиқ мактабда 2 миллион бола ўқийди.

Тожикистонда ва Туркманистонда ҳали коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат расман қайд этилгани йўқ. Аммо экспертлар бу маълумотга шубҳа билан қарамоқда.

1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинган 348, Қирғизистонда 107 одам бор. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 31 март куни кечқурун 172 кишини ташкил қилди.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 348 кишига етди

Қозоғистоннинг 5та йирик шаҳри карантинга олинган.

Қозоғистонда 1 апрель соат 8:00даги ҳолатга кўра, яна беш киши коронавирусга чалинди. Улардан бири Чимкент шаҳридан, қолганлари эса Туркистон вилоятида яшовчилардир.

Расмий маълумотда айтилишича, Қозоғистонда бугунги кунда коронавирусга чалинганлар сони 348 кишни ташкил қилмоқда. Беморлардан 24 нафари соғайган.

Ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланган коронвирус пандмияси дунёнинг 160 ўлкасига тарқалди. 1 апрелга ўтар кечасида эълон қилинган сўнгги маълумотда айтилишича, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 849 500га етди.

Вафот этган беморлар сони: 41 625 . Бир кунда 4516 одам вафот этди. Бу бир кун олдинги кўрсаткичдан 1300 тага кўпдир.

Президент Путин билан учрашган москвалик шифокорда коронавирус анқиланди

24 март куни президент Путин Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.

Бир неча кун олдин Россия президенти Владимир Путин билан учрашган шифокор Денис Проценко коронавирусга чалингани маълум бўлди. Проценко Фейсбук саҳифасида ўзини яхши ҳис қилаётганини ва айни пайтда ўз иш кабинетида изоляцияда ўтирганини ёзди.

Москвадаги Коммунарка касалхонаси бош врачи бўлган Денис Проценко коронавирусга чалинганлар тўғрисидаги маълумотни кундалик равишда эълон қилиб тургани билан танилган эди. У раҳбарлик қилаётган касалхонада коронавирусга чалинган беморлар даволанади.

Проценко 31 март куни эълон қилган маълумотда касалхонада 202 одам пневмония ташхиси билан даволанаётганини, уларнинг 186 нафарида COVID топилганини билдирган..

24 март куни президент Путин касалхонага келган ва Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.

У қачон коронавирусга чалингани ҳозирча номаълум. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Проценко коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши ортидан президентни врачлар мунтазам текшириб туришгани, Путиннинг саломатлиги яхши эканини билдирди.

Аввалроқ Песков Путин билан учрашадиган ҳар бир одам дастлаб коронавирусга текширилаётганини айтган эди.

Россияда сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинганлар сони 500 тага ошди ва 2 минг кишидан кўпроқни ташкил қилди.

Оқ Уй пандемия оқибатида 100-250 минг америкалик ўлиши мумкинлигини ошкор қилди

Дональд Трамп брифинг аввалида 5 минутлик COVID-19 тестини ўтказмоқда. 30 март 2020 йил.

Коронавирус пандемияси оқибатида АҚШда 100 мингдан 250 минггача одам ўлиши мумкин. Оқ Уй 21 март куни ҳукумат экспертларининг мана шундай хулосасини эълон қилди.

Трамп маъмурияти шу кунгача ишонарли статистик маълумотлар мавжуд эмаслигини сабаб қилиб кўрсатган ҳолда, ошкора прогнозлардан тийилаётган эди.

Экспертлар АҚШда коронавирусга чалинганлар сони сезиларли даражада кўпайганини билдирмоқда. 31 март куни кечқурунги ҳолат бўйича, 174 минг америкалик коронавирусга чалинган 3433 одам ўлган.

Оқ Уйдаги брифинг пайтида: “Олдимизда жуда азобли икки ҳафта турибди”, деган Трамп тез кунларда “тоннел охирида нур кўриниши”дан умид билдирди.

Трамп фавқулодда вазият ҳолатини яна бир ойга узайтирганини билдирди.

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган "қирол олий жаноблари" унвонидан воз кечди. Улар хазинага 2,4 миллионни қайтаришлари шарт

Британия шаҳзодаси Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл 2,4 миллион фунт стерлинг маблағни ҳам хазинага қайтаришлари шарт.

Британия шаҳзодаси Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл 31 март куни расман қирол оиласининг катта аъзолари мақомидан воз кечдилар.

Британия қироличаси Елизавета Иккинчи билан тузилган битмга асосан улар “қирол олий жаноблари” унвонидан ҳам маҳрум қилинади. Шунингдек, улар Беркшир графлигидаги Виндзор қасри яқинидаги коттеж таъмири учун сарфланган 2,4 миллион фунт стерлинг маблағни ҳам хазинага қайтаришлари шарт.

Айни пайтда Ҳарри ва рафиқаси Меган Маркл Сассек герцоги ва герцогиняси унвонини сақлаб қолади. Бу унвон уларга 2018 йилнинг майида никох тўйлари муносабати билан тортиқ қилинган эди.

Ҳозирги кунда Ҳарри ва Меган ўғиллари Арчи билан АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида яшамоқда.

Британия қироличаси шаҳзода Ҳарри матбуотнинг мунтазам эътиборидан зериккани ва “оддий одам каби ҳаёт кечиришни исташи”ни билдирган эди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ҳаррининг Меган Маркл билан ниқоҳдан ўтиши ортидан бу истак янада кучайган. Чунки Меган ҳам ўз шахсий ҳаётига нисбатан журналистлар эътиборини ёқтирмайди. Меган ўз рухсатисиз унинг мактубларидан бирини эълон қилган Daily Mail газетасини судга ҳам берган эди.

35 ёшли шаҳзода Ҳарри Чарлз Альберт Уэльск шаҳзодаси Чарлз ва марҳума леди Диананинг кичик ўғли. У отаси, Кембриж герцоги бўлган акаси Уильям ва унинг уч ўғлидан сўнг Британия тахтига олтинчи даъвогардир.

Шаҳзода Ҳарри ва ундан уч ёш катта бўлган америкалик актриса Меган Маркл 2018 йилнинг 19 майида никоҳдан ўтганлар.

Уларнинг ўғиллари Арчи Ҳаррисон Маунтбэттен-Виндзор 2019 йилнинг 6 майида таваллуд топган.

Туркманистонда коронавирус сўзини ишлатиш тақиқланди

Расман коронавирус йўқлиги айтилаëтганига қарамай¸ Ашхободга кириб-чиқиш тақиқланган¸ шаҳар кўчалари ҳувиллаб қолган.

Ҳозирча коронавирусга чалинганлик ҳақида бирор ҳолат расман қайд этилмаган Туркманистонда матбуот ва оддий сўзлашувда коронавирус сўзини ишлатиш тақиқланди.

Озодликка боғланган ашхободликлар¸ бу сўз оғзидан чиққан одамларнинг граждан кийимидаги шахслар томонидан сўроққа олиб кетилаëтганини хабар қилди.

Айтилишича¸ кейинги кунларда туркман нашрларининг бирортасида бу сўз ишлатилмаган. Аҳоли орасида тарқатилаëтган брошюраларда эса¸ “вирусдан ҳимояланиш”¸ “ўткир нафас олиш касаллиги” деган сўзлар қўлланилмоқда.

“Туркман ҳукумати ўзининг матбуот эркинлигини ашаддий бўғиш анъанасига содиқ қолган ҳолда¸ коронавирус пандемиясига оид ҳар қандай маълумотни йўқ қилмоқда”¸ деди вазиятни шарҳлаган Чегарасиз мухбирлар ташкилотининг минтақа бўйича таҳлилчиси Jeanne Cavelier.

Туркманистонда ҳозирга қадар коронавирус юқтиришга оид бирор ҳолат йўқлиги ҳақидаги расмий баëнотлар шубҳа ва танқидларга сабаб бўлмоқда.

Туркманистонга бевосита туташ мамлакатларнинг барчаси вирусга чалинганлар сонининг кунига ошиб бораëтганини билдирмоқда.

Хусусан¸ Туркманистоннинг жанубий қўшниси Эрон¸ вирусга чалинганлар бўйича Яқин Шарқ минтақасида биринчиликда қилмоқда ва ҳозирга қадар коронавирус юқтирган эронликлар сони 45 мингга¸ ўлганлар эса¸ 3000 га етди.

Мамлакатда коронавирус борлигини тан олмаëтганига қарамай¸ ҳукумат 20 март куни пойтахтга кириб-чиқишни¸ вилоятлараро борди-келдини¸ жамоатчиликка олдиндан хабар бермай туриб¸ тақиқлаб қўйди.

Бундай тақиқлар ортидан мамлакатдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг бир неча бараварга ошгани кузатилмоқда.

Давлат думаси ҳукуматга фавқулодда ҳолат жорий қилиш ваколатини берди

Коронавирусга қарши кураш баҳонасида Россия ҳукуматига чексиз ваколатлар берилиши айрим россияликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Россия Давлат Думаси 31 март куни ҳукуматга бутун Россия ҳудуди¸ ëки унинг маълум қисмида юқори сафарбарлик ва фавқулодда ҳолат эълон қилиш ваколатини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Амалдаги қонунга жамоат саломатлигига хавф солувчи касаллик тарқалган пайтда ҳукуматга фавқулодда ҳолат эълон қилиш ваколатини беришга оид тўлдириш киритилди.

Мазкур қонун лойиҳаси 26 март куни ҳукумат томонидан Думага тақдим этилган эди. Ҳужжатда ҳукуматга¸ юқори сафарбарлик ва фавқулодда ҳолат пайтида мажбурий чекловлар ўрнатиш ҳуқуқи ҳам берилди.

Хусусан¸ бундай вазиятда ижро ҳокимияти ўзи ишлаб чиққан рўйхат асосида айрим дори-дармонларнинг чакана ва улгуржи савдосини 90 кундан ошмаган муҳлатга чеклаш¸ банкротлик бўйича иш қўзғашга мораторий эълон қилиш ваколатига эга бўлди.

Бу лойиҳа овозга қўйилиши арафасида Давлат думаси қошидаги ҳуқуқий бошқарма уни коронавирусга қарши кураш баҳонасида ҳукумат ваколатларини кескин кучайтириш уриниши сифатида танқид қилган эди.

Аммо қонун қабул қилиниши ортидан бу танқид олиб ташланиб¸ ўрнига қонунни олқишловчи муносабат қўйилди.

Қирғизистонда фавқулодда вазият тартиби кучайтирилди. Тартибни бузганлар 12,5 -170 доллар жарима тўлайди

Бишкекда жисмоний шахсларга фақат аптека, озиқ-овқат дўкони ва банкка бориш учун рухсат берилади. Қолганлар жарима тўлайди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда фавқулодда вазият талаблари кучайтирилди. Қирғиз ҳукумати матбуот хизматининг 31 март куни маълум қилишича, бундан буён кўчада ниқобсиз юрган жисмоний шахс 1000 сўм (12.5 доллардан кўпроқ), жисмоний шахснинг кўчада ниқоб билан юришини таъминламаган юридик шахс 3 минг сўм ( тахминан 40 доллар) жарима тўлайди.

Комендантлик соати амал қиладиган вақтга қадар кўчага чиқиш тартибини бузган жисмоний шахсга 3 минг сўм ( тахминан 40 доллар), юридик шахсларга 13 минг сўм ( тахминан 170 доллар) жарима солинади.

Бишкек коменданти буйруғи билан пойтахт аҳолиси ўз уйидан 1,5 километр масофада ҳаракатлана олади. Жисмоний шахсларга фақат аптека, озиқ-овқат дўкони ва банкка бориш учун рухсат берилади. Кўчага чиққан шахс қаерга бориши ва нима мақсадда бораётгани тўғрисида ўзи тўлдирган йўналиш варақчасига эга бўлиши шарт.

Бишкекда кечки соат 8дан эрталабки 7гача комендантлик соати амал қилади. Комендантлик соати тартибини бузганлар 3 суткага қамалади ва катта миқдорда жаримга тортилади.

Қирғизистонда 31 март куни яна 13 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Қирғизистонда бу вирусни юқтирган беморлар сони бу билан 107 нафарга етди.

Украина парламенти банк ва ер ислоҳотига оид қонунларни 12 соатлик тортишувдан сўнг ярим тунда тасдиқлади

Ерни сотувга қўйишга рухсат берувчи қонуннинг қабул қилиниши президент Зеленскийнинг сиëсий ғалабаси сифатида кўрилмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарамай¸ 30 март куни фавқулодда мажлисга тўпланган Украина парламенти депутатлари ер савдосига оид қонунни қабул қилди.

Президент Зеленский 12 соат тинимсиз давом этиб¸ ярим тунда тугаган парламент сессиясига икки марта шахсан келиб¸ депутатларни ер ислоҳотига оид қонунни қабул қилишга чақирди.

Қонун 259 овоз билан қабул қилинди¸ кўпчилик овозни президент мансуб «Халқ хизматчиси» партиясининг парламентдаги 206 аъзоси таъминлаб берди. Юлия Тимошенко етакчилигидаги мухолифат фракцияси қонун лойиҳасига қарши овоз берди.

Янги қонун 2021 йил 1 июлидан бошлаб ерни сотувга қўйишга рухсат беради. 2024 йилгача ерни фақат жисмоний шахслар одам бошига 100 гектаргача сотиб олиши мумкин. 2024 йилдан сўнг юридик шахсларнинг 10 минг гектаргача ер сотиб олишига рухсат берилади.

Айни пайтда¸ давлатга қарашли ерларни приватизация қилиш тақиқланади. Хорижликларнинг ер сотиб олишига рухсат бериш-бермаслик масаласи эса¸ умумхалқ референдуми орқали ҳал этилади. Оффшор компаниялари¸ бенефициари россиялик бўлган юридик шахсларга Украина ерини сотиш қонунан тақиқланади.

30 март кунги мажлисда депутатлар банклар фаолиятига оид қонунни ҳам қабул қилди.

Бу қонун приватизация қилинган банклар собиқ раҳбарларининг бу банкларга эгалик қилиши ëки компенсация олишини тақиқлайди.

Бу иккала муҳим қонуннинг қабул қилиниши Зеленский ҳукуматининг Украинада ер ва банк тизими ислоҳотлари ўтказишни шарт қилиб қўйган халқаро молия тизимлари¸ хусусан¸ Халқаро валюта жамғармасидан жорий иқтисодий инқироз пайтида 8 миллиард долларлик қарз олишига асос бўлади.

Ҳакерлар форуми орқали миллионлаб грузияликка оид шахсий маълумот сиздирилди

IT-news вебсайтининг маълум қилишича¸ ҳакерлар форумидаги аноним фойдаланувчи 28 март куни миллионлаб грузияликларга оид шахсий маълумотларни эълон қилган.

4 934 863 грузияликка оид ўғирланган шахсий маълумотлар мамлакатда парламент сайловлари ўтказилишига бир ойча вақт қолганда сиздирилди.

Ҳакерлар форумига ташланган бу маълумотлар орасида қарийб 5 миллионга яқин одамнинг исми-шарифи¸ яшаш манзили¸ ID рақамлари¸ туғилгани куни ва мобиль телефони рақамлари бор.

Грузия Ички ишлар вазирлиги воқеанинг ўрганилаëтганини билдирди.

Айтилишича¸ грузияликларга оид шахсий маълумотлар ëппасига 2011 йили ўғирланган ва форумга ташланган маълумотларнинг 9 йилдан бери янгиланмагани тахмин қилинмоқда.

Таҳлилчилар¸ ҳозирда Грузияда аҳоли сони 4 миллион атрофида бўлгани ҳолда¸ ҳакерлар форумида қарийб 5 миллион грузияликка оид маълумотнинг пайдо бўлишини¸ бу рўйхатдан ўлганларнинг чиқарилмагани билан изоҳлади.

Ҳозирча грузияликларга оид шахсий маълумотларнинг сайловлар олдидан Интернетга сиздирилгани ортида ким турганига оид тахминлар эълон қилинмади.

Россия олийгоҳларига кириш имтиҳонлари кечиктирилади

Коронавирус боис айрим Россия университетлари талабалари ялпи карантинга олинди.

Россия таълим ва фан вазирининг билдиришича¸ коронавирус пандемияси боис мамлакат олий ўқув юртларида ўтказиладиган кириш имтиҳонлари кечиктирилади.

Вазир Валерий Фальков¸ ягона давлат имтиҳонлари (ЕГЭ) ўтказиш муддати орқага сурилгани боис¸ кириш имтиҳонлари ҳам икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача сурилишини айтди.

27 март куни Россия Маориф вазирлиги ягона давлат имтиҳонларининг икки ҳафтага кечиктирилганини эълон қилди. Ҳар йили 25 майда ўтказилган бу имтиҳонлар¸ коронавирус боис¸ бу йил 8 июнга кўчирилди. 9-синф ўқувчилари топширадиган асосий давлат имтиҳони (ОГЭ) эса¸ 9 июнга белгиланди.

Коронавирус пандемияси даврида Россиядаги барча мактаблар 23 мартдан 12 апрелга қадар таътил ва масофавий ўқишга ўтказилди. Олий ўқув юрти талабалари учун 28 мартдан 5 апрелгача таътил эълон қилинди.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 13 нафарга кўпайди. Беморлар сони 107 нафарга етди

Қирғизистонда коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Қирғизистонда 31 март куни яна 13 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Қирғизистонда бу вирусни юқтирган беморлар сони бу билан 107 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича. Янги беморларнинг 5 нафари Бишкекдан, 3 нафари Нориндан, икки нафари Иссиқкўлдан, беш нафари Ўшдан ва бир нафари Жалолободдан.

Айни пайтда Жалолобод вилоятида 51, Ўш вилоятида 28, Чуй вилоятдиа 4, Боткен вилоятида 1, Ўш шаҳрида 9, Бишкек шаҳрида 8, Норин вилоятида 4, Иссиқкўл вилоятида 2 одам коронавирусга чалинган.

Қирғизистонда коронавирус тарқалиши ортидан Бишкек, Ўш, Жалолобод шаҳарлари, Ўш вилоятининг Қорасув, Новқат туманларида, Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида 25 мартдан бошлаб фавқулодда вазият ҳолати эълон қилиниб, қомендантлик соати киритилган.

Европа Иттифоқи олти давлатга пандемия оқибатларини юмшатиш учун моддий ёрдам ажратди

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Лейен.

Европа комиссияси Шарқий ҳамкорлик дастури доирасидаги давлатларга 140 миллион евро маблағ ажратди.

Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Грузия, Молдова ва Украинага бўлиб бериладиган бу маблағ коронавирусга қарши кураш чора-тадбирлари учун сарфланади.

Комиссия 30 март куни бу олти давлатга пандемия ортидан юзага келган инқирознинг иқтисодиётга кўрсатаётган оқибатларини юмшатиш мақсадида 700 миллион евролик «мавжуд воситаларни» тақдим қилишини ҳам билдирди.

Европа комиссияси бундан ташқари Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Грузия, Молдова ва Украинага 30 миллион евро миқдоридаги тиббиёт ускуналари, ташхис учун зарур анжомлар, ниқоблар ва махсус кўзойнакларни беришини ҳам маълум қилди.

Пандемиядан ўлганлар сони 36 мингдан ошди

Жаҳон мамлакатлари ҳукуматлари коронавирус муносабати билан одамларнинг ҳаракатланишини чеклашни давом эттирмоқда. Бугунги кунга келиб коронавирусга чалинган беморларнинг 36 мингдан кўпроғи вафот этди.

Маълум қилинишича, айни пайтда ер шарида инсониятнинг бешдан иккиси пандемияга қарши кураш доирасида карантинда қолмоқда. Миллионлаб одамлар ишга чиқа олмай қолгани оқибатида иқтисодиётга катта зарар етмоқда, ҳукуматлар эса иқтисодиётни қўллаш учун юзлаб миллиард доллар маблағ ажратишга мажбур бўлаётир.

АҚШ президенти Дональд Трамп 30 март куни америкаликларни миллионлаб одамларнинг умрига таҳдид солаётган пандемиядан ҳимояланиш чораларини кучайтиришга тайёрлай бошлагани хабар қилинди. Трамп карантин чораларини 30 апрелгача узайтирмоқчи. Жумладан, мактаблар ва ташкилотлар ҳам 30 апрелгача ишламайди.

Экспертлар АҚШда юз мингдан икки юз минггача одам коронавирусдан ўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Эронда коронавирусдан ўлганлар сони 2757 кишига етди

Эронда 41495 киши коронавирусга чалинган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 март куни мамлакатда 117 одам коронавирусдан ўлганини ва бу билан вафот этганлар сони 2757 кишига етганини билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, мамлакатда айни пайтда 41495 киши коронавирусга чалинган. Уларнинг 3186 нафари вирусни 30 март куни юқтириб олган.

Эрон коронавирусдан энг кўп жабрланган мамлакатдир. Экспертлар Эрон ҳукумати коронавирус бўйича эълон қилаётган маълумотларга шубҳа билдирмоқдалар. Уларнинг фикрича, беморлар ва ўлганлар сони расмийлар айтаётганидан кўпроқ бўлиши мумкин.

Айни пайтда Эрондаги ҳукуматга қарашли нашрлар мамлакат жанубидаги қамоқхоналарда исёнлар юз бергани ҳақида хабар берди. Аввалроқ Эрон пандемияга қарши кураш доирасида юз минг маҳбусни вақтинча озод қилган ва қамоқларда 50 минг маҳбусни қолдирган эди.

Афғонистонда Толибон ҳужумларида 28 полициячи ҳалок бўлди

Афғонистон хавфсизлик кучларига қарши жангларни Толибон 29 март куни бошлади.

Афғонистонда 30 март куни жангарилар хавфсизлик кучларининг 28 аскарини ўлдирди. Расмийларнинг билдиришича, ҳукумат қамоқдаги толибларни озод этишни рад қилгани ортидан, жангарилар 29 март куни ҳужумларни бошлаб юборган.

Тоҳар вилоятида бўлган жангларда 13 полициячи ҳалок бўлди. Забул вилоятида эса Толибон томонидан уюштирилган ҳужумда камида 11 нафар аскар ўлган.

Расмийлар Ҳилманд ва Бағлан вилоятларига Толибон уюштирган ҳужум пайтида яна тўрт полициячи ҳалок бўлганини билдирмоқда.

Афғонистон миллий хавфсизлик кенгашининг билдиришича, ҳукумат аввал режалаштирилганидек 31 март куни 100 нафар толибни қамоқдан озод қилиш режасидан воз кечган.

ХВЖ: Ривожланаëтган давлатлар жорий инқирозни тўхтатиш учун 2.5 триллион долларга муҳтож!

ХВЖ бошқаруви раиси Кристалина Георгиева.

Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева коронавирус пандемияси сабаб глобал иқтисоднинг аллақачон таназзулга юз тута бошлаганини айтди ва ҳукуматларни оммавий банкротлик олдини олиш учун “ниҳоятда катта маблағ” сарфлашга чақирди.

Болгариялик иқтисодчи Георгиева таъкидича¸ иқтисоди ривожланаëтган давлатлар жорий инқироздан чиқиш учун камида 2.5 триллион долларлик молиявий заҳирага муҳтож.

ХВЖ сиëсатини белгиловчи 24 давлат мулозими билан ўтказган телеконференциясидан сўнг мухбирлар билан гаплашган Кристалина Георгиева¸ ҳозирча вазиятнинг 2009 йилги глобал молиявий кризис даражасига етгани ëки унданда ëмонлашгани ҳақида аниқ хулоса йўқлигини билдирди.


- Ҳозирги вазиятда дунë иқтисодининг тўсатдан тўхтаб қолиши ортидан бошланадиган банкротлик ва ишсизлик тўлқинининг кўтарилиши энг катта таҳликадир. Бундай жараëн нафақат иқтисоднинг қайта ўзига келишини савол остида қолдиради¸ балки жамиятлар тўқимасини емириб ташлайди¸ деди ХВЖ раҳбари.

Георгиева¸ агар коронавирус пандемияси тарқалиши жиловланиб¸ ликвидлик муаммоси юзага чиқиши олди олинса¸ 2021 йилга бориб глобал иқтисоднинг ўзига қайта бошлаш эҳтимоли борлигини ҳам қўшимча қилди.

ХВЖ раҳбари¸ жорий инқироздан иқтисоди эндигина ривожлана бошлаган давлатлар энг кўп зиëн кўриши ва бугунга келиб 81 ҳукумат жамғармадан қарз сўраб мурожаат қилганинии таъкидлади.

26 март куни иқтисоди тараққий қилган Йигирмалик коронавирус оқибатларига қарши курашиш мақсадида жами 5 триллион доллардан кўпроқ маблағ ажратилишини маълум қилди.

Биргина АҚШ ҳукумати шу мақсадда 2.2 триллион долларлик ëрдам дастурини қабул қилди.

Бу дастур ХВЖнинг инқироз пайтига мўлжалланган 500 миллиард долларлик дастурига қўшимча 78 миллиард доллар ажратишни ҳам кўзда тутади.

Европарламент депутатлари ЕИдан коронавирус бўйича Хитой ва Россия дезинформациясини тўхтатишга чақирди

Коронавирус пандемиясига оид аксар фейк хабарлар асосан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда.

Европа парламенти депутатларининг бир гуруҳи Европа иттифоқи раҳбарларига мурожаат қилиб¸ коронавирусни тўхтатиш юзасидан Европа давлатларида кўрилаëтган чора-тадбирлар ҳақида Хитой ва Россия олиб бораëтган дезинформация кампаниясини тўхтатишга чақирди.

39 депутат қўл қўйган мурожаат Европа Комиссияси президенти¸ Европа кенгаши президенти ва ЕИнинг Ташқи сиëсат бўйича бош комиссарига юборилди.

Депутатлар ЕИ раҳбариятидан коронавирус оқибатида юзага келган инқирознинг Хитой ва Россия ҳукуматлари томонидан ўз геосиëсий амбицияларига эришиш воситасига айлантириш уринишига зудлик билан мувофиқлаштирилган ҳаракат қўллашни талаб қилган.

Нусхаси Озодликка юборилган мактубида Европа парламенти депутатлари Хитой ва Россияни коронавирус инқирозидан 27 давлат аъзо иттифоқни ичдан парчалаш мақсадида фойдаланаëтганликда айблаган.

Россия ҳукуматининг коронавирус ҳақида ëлғон хабар тарқатаëтгани ҳақида жорий ой ўртасида Европа ташқи алоқалар хизмати хабар қилган эди. Хизмат баëнотида¸ Москва ҳукуматининг европаликлар орасида саросима туғдириш ва Европа соғлиқни сақлаш тизимига ишончсизлик туғдиришни мақсад қилгани айтилди.

Мутахассисларга кўра¸ кейинги уч ой ичида Москванинг Европадаги коронавирус вазиятига оид камида 80 та сохта хабарга алоқадорлиги аниқланган.

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам Хитойни коронавирус келиб чиқишига оид сохта хабар тарқатишни тўхтатишга чақирган эди.

Жорий ой бошида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Twitter тармоғида¸ "коронавирусни Уханга Америка ҳарбийлари олиб келди"¸ деган хабар тарқатган¸ аммо бу иддаосини тасдиқловчи бирор далил тақдим қилмаган эди.

Коронавирус пандемиясига оид сохта хабарлар кейинги ойлар ичи дунëнинг аксар қисмида жиддий муаммога айланиб бормоқда ва ҳукуматларни бундай кампаниялар олдини олиш учун кескин чоралар қўллашга ундамоқда.

Қирғизистонда яна 10 киши коронавирусга чалинди. Беморлар сони 94 нафарга етди

Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг 49 нафари Жалолобод вилоятидан.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, яна 10 одам COVID-19 вирусига чалингани аниқланди. Бу билан Қирғизистонда коранавирус юқтирганлар сони 94 кишига етди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Кубатбек Бўрўновнинг 30 март куни маълум қилишича, вирус аниқланган 10 одамнинг барчаси Жалолобод вилоятида яшовчилардир.

Қирғизистонда коронавирусга чалинган 94 одамнинг 49 нафари Жалолобод вилоятида, 31 нафари Ўш вилоятида, 2 нафари Ўш шаҳрида, 1 нафари Боткен вилоятида, 2 нафари Чуй вилоятида, 8 нафари пойтахт Бишкекда, 1 нафари Норин вилоятида яшайди.

Бугунга келиб Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 265 кишига етди, бир киши вафот этди.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, 84 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда 145 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ. Бироқ экспертлар бу икки мамлакатда коронавирус йўқлиги тўғрисидаги маълумотларга шубҳа билдирмоқдалар.

Қозоғистонда бешинчи йирик шаҳар карантинга олинди

29 март куни Қозоғистонда яна 14 одамда коронавирус аниқланган эди.

Қозоғистон коронавирус оқибатида бешинчи катта шаҳрини карантин учун ёпди. 29 март куни Қарағандада вирусга чалинган 7 одам аниқлангани ортидан шаҳарга кириш ва чиқиш чекланди.

Аввалроқ Нур-Султон, Олмаота, Чимкент ва Актау шаҳарлари ҳам карантинга олинган эди. Бугунга келиб Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 265 кишига етди, бир киши вафот этди.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, 84 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда 145 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ. Бироқ экспертлар бу икки мамлакатда коронавирус йўқлиги тўғрисдаги маълумотларга шубҳа билдирмоқдалар.

Оқ Уй эксперти: АҚШда коронавирусдан 200 минг одам ўлиши мумкин

Энтони Фаучи АҚШда коронавирусга чалинадиганлар сони "бир миллионга етиши мумкинлиги"ни ҳам таҳмин қилди.

АҚШда коронавирусдан 200 минг одам вафот этиши мумкин. Бу ҳақда 29 март куни АҚШ ҳукуматининг юқумли касалликлар бўйича эксперти Энтони Фаучи маълум қилди.

29 март ҳолатига кўра, АҚШда COVID-19 вирусига чалинган 125 мингдан кўпроқ одам аниқланган.Улардан 2100 нафардан кўпроғи вафот этган.

Энтони Фаучи АҚШда коронавирусга чалинадиганлар сони "бир миллионга етиши мумкинлиги"ни ҳам таҳмин қилди.

АҚШдаги Жон Хопкинс университетининг билдиришича, шу кунгача коронавирусдан бутун дунёда 33 мингдан ошиб кетди. Ўлим ҳолатларининг учдан икки қисми Европа давлатларига тўғри келмоқда.

Италия коронавирусдан ўлганлар сони бўйича дунёдаги энг етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Бу ерда 10 минг одам вафот этди. Иккинчи ўринда эса 6528 одам ўлган Испания бормоқда. 29 март куни Испанияда коронавирусга чалинган беморлардан 838 нафари вафот этган.

Вирусни юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 700 минг кишидан ошиб кетди.

Россия 30 мартдан бошлаб чегараларини ёпди

Россияга автомобил, темир йўл, дарё ва бошқа чегара пунктлари орқали кириш вақтинча тўхтатилди.

Россия 30 мартдан бошлаб чегараларини ёпди. Бу борада Бош вазир Михаил Мишустин кўрсатма бергани тўғрисида Россия ҳукумат сайти 29 мартда маълум қилди.

Ҳукумат қарори билан Россияга автомобил, темир йўл, дарё ва бошқа чегара пунктлари орқали кириш вақтинча тўхтатилди.

Қарор дипломатлар, давлат амалдорларининг бир қисми ва уларнинг оилаларига, поезд бригадалари ходимларига, кемалар экипажига, Украина айирмачи ҳудудларида яшовчи Россия паспортига эга бўлган шахсларга таалуқли эмас.

Бундан ташқари Россия орқали уйига қайтаётган МДҲ, тан олинмаган Жанубий Осетия ва Абхазия фуқароларига ҳам бу қарор амал қилмайди.

Бугунги кунга келиб, Россияда 1534 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Беморлардан 8 нафари вафот этди. 64 одам тузалди.

Испания қиролининг яқин қариндоши малика Мария Тереза коронавирусдан вафот этди

Испания пойтахти Мадрид кўчалари бугунги кунда мана шундай бўм-бўш.

Испания қироли Филипп VIнинг яқин қариндоши бўлган малика Мария Тереза 29 март куни коронавирусдан вафот этди. У 86 ёшда эди.

Мария Терезанинг ўлими ҳақида унинг кенжа укаси шаҳзода Сикст- Энрико Бурбон-Парм маълум қилди.

Мария Тереза “социалистик монархия” тарафдори бўлгани учун уни “қизил малика” деб ҳам аташар эди. У монархистлар партиясини қўллаган ҳолда капитализмни танқид қилиб келарди.

Малика турмушга чиқмаган ва фарзандлари йўқ.

Бундан аввалроқ Британия қирол оиласининг аъзоси бўлган шаҳзода Чарльз ва Монако ҳукмдори Альбер II ҳам коронавирусга чалингани хабар қилинган эди.

Шаҳзода Чарльз қиролича Елизавета IIнинг катта ўғли, Британия тахти ворисидир.

Испанияда шу кунгача коронавирусдан 5 мингдан ортиқ одам вафот этди.

Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар 200 дан ошди, ҳукумат чекловларни кучайтирди

Ниқоб таққан ҳарбий, 19 март, 2020, Олмаота

28 март ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирус юқтирган кишилар сони 200 дан ошди, ҳукумат COVID-19 тарқалишини тўхтатишга ёрдам беради, деган мақсадда янада кескинроқ чекловлар жорий қилди.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна 11 та коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилгани, уларнинг жами миқдори 204 кишига етганини маълум қилди.

Илк инфекция юқтирганлик ҳолатлари Шарқий Қозоғистон ва Қизилўрда вилоятларида аниқланган эди.

28 март ҳолатига кўра, пойтахт Нур-Султон ва энг йирик шаҳар Олмаотада аксарият компанияларга ишни тўхтатиб туриш буюрилди, ватандошларнинг озиқ-овқат ёки дори-дармон сотиб олишдан бошқа ҳолларда уйдан чиқиши тақиқланди.

Ҳокимият идоралари Қозоғистоннинг учинчи йирик шаҳри Чимкентда шаҳарлараро транспорт терминалларини ва жамоат жойларини ёпди. Бир киши ўлгани айтилмоқда.

Қўшни Ўзбекистонда 133 киши коронавирус юқтиргани, икки киши эса ўлгани хабар қилинди.

Қирғизистондаги бир қанча шаҳар ва вилоятларда фавқулодда ҳолат жорий қилинган. 28 март ҳолатига кўра, 58 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ.

Туркияда қўлбола ароқ ичиб ўлган туркман мигрантлари сони 53 кишига етди

Қўлбола ароқ иллюстрацияси

Туркиядаги ясама ароқ ичиб ўлган туркман мигрантлари сони 53 тагача кўпайди, деб хабар қилди дафн маросимида қатнашган киши “Озодлик”нинг туркман хизматига 28 мартда.

Исми сир қолишини сўраган кишига кўра, 53 киши 28 март тонгида жон берган, яна 15 киши шифохоналарда қолмоқда.

Воқеадан хабардор шифокорларнинг “Озодлик” радиосининг Туркиядаги ҳамкорига билдиришича, туркманистонлик мигрантлар ясама ароқ ичган, бу ҳам етмагандай, уни COVID-19 вирусидан ҳимоя қилади, деган ишонч билан баданига суртган.

Ўлган туркман мигрантлари Истанбул шаҳрининг Сариер туманидаги қабристонга дафн қилинган.

“Озодлик” радиоси коронавирус тарқалиши сабабли сафар қилиш чекланган ва чегаралар ёпилган пайтда қариндошлари ўлганларнинг жасадини ватанига олиб келишга ҳаракат қилгани, аммо бюрократик тўсиқларга дуч келганини аниқлади.

Олдинроқ Истанбул полицияси спиртли ичимликларни ноқонуний сотишда гумон қилинган 10 кишини ҳибсга олганини хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG