Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 22:14

Азаттиқ ходими Ўшда калтакланди. Жамоатчилик буни "журналистикага қарши уруш" сифатида баҳоламоқда


Азаттиқ тасвирчиси Айбек Кулчуманов.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттиқ тасвирчиси Айбек Кулчумановнинг Ўш шаҳрида калтаклангани ва унинг иш қуроллари бўлган техник воситалар тортиб олингани қирғиз жамоатчилигида катта норозиликларга сабаб бўлди.

30 сентябрь куни парламент спикерининг ўринбосари Аида Касималиева Ички ишлар вазирлигини бу воқеани диққат ва холис тергов қилишга чақирди.

«Медиани ривожлантириш маркази», «Журналистлар» каби қатор жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ фаоллари, ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчилари Айбек Кулчумановга қилинган ҳужумни «қирғиз журналистикасига қарши уруш очиш», «сўз эркинлигига қилинган ҳужум» сифатида баҳоладилар.

Озод Европа-Озодлик радиоси (RFE/RL) президенти Жейми Флай 29 сентябрь куни Твиттер саҳифасида Айбек Кулчумановга қилинган ҳужумни қоралади ва қирғиз ҳукуматини тезкор тергов ўтказишга чақирди.

28 сентябрь куни Азаттиқ радиоси Бишкек бюроси ходими бўлган Айбек Кулчуманов Ўш шаҳрида тасвирга олиш ишларини олиб бораётганида унга номаълум шахслар ҳужум қилган.

Улар «Райимбек Матраимовнинг уйини суратга олишга сенга ким буйруқ берди, айт», деган талаб билан тасвирчини калтаклашган. Шундан сўнг тасвирчининг иш қуроллари бўлган ва Азаттиқ радиосига тегишли 1,5 миллион сўм, яъни тақрибан 21 минг долларлик техник воситаларни олиб қўйишган.

Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов халқ орасида Райим миллион деган ном билан машҳур бўлган.

Азаттиқ радиоси 29 майда Райимбек Матраимов коррупцияга аралашганлиги ва мамлакатдан юзлаб миллион доллар пулларни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетгани тўғрисидаги журналистик суриштирувни эълон қилган эди.

Сўнгги хабарларга қараганда Айбек Кулчумановнинг бели лат еган, унинг мияси чайқалгани гумон қилинмоқда. Тасвирчи айни пайтда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиков 28 сентябрь куни кечқурун Азаттиқ ходими Айбек Кулчумановни калтаклаганликда гумонланган тўрт шахс милицияга адвокати ҳамроҳлигида ўз ихтиёрлари билан келгани ва техник воситаларни қайтариб берганини билдирган. Ҳозирда бу техника далил-исбот сифатида тергов иши доирасида вақтинча милицияда сақланмоқда.

Замир Сидиков тасвирчини калтаклаганлар унга қарши ариза ёзганларини ҳам таъкидлади. Бироқ ҳозирча аризанинг мазмун-моҳияти ҳақида Азаттиқ радиоси маълумотга эга эмас.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG