Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2020, Тошкент вақти: 22:43

Халқаро хабарлар

Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Навальнийнинг Коррупцияга қарши жамғармасини “хориж агенти” деб топди

Алексей Навальний

Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши жамғармасини (русча қисқартмаси ФБК) “хориж агенти” деб топди. Россияда 2012 йилда қабул қилинган “Хориж агенти” тўғрисидаги қонунни Ғарб давлатлари кескин қоралаб келади.

Алексей Навальний ўз фонди Россияда чуқур илдиз отган коррупцияни фош қилиб келаётгани учун расмийлар ундан қўрқишини айтиб, вазирликнинг қарорини рад этди.

Мухолифатчи Twitterда “Адлия вазирлиги ўз қарорини изоҳлаб, ФБК (Коррупцияга қарши жамғарма) хорижий манбалардан бирор тийин олганини кўрсатувчи далил келтиришини талаб қиламиз”, деб ёзди.

“Адлия вазирлигининг ҳаракатлари мутлақ ноқонуний ва, кўриниб турибдики, [президент Владимир] Путиннинг тўғридан-тўғри берган буйруқлари асосида амалга оширилди. ... Путин ФБКдан жуда қўрқади. Ахир, у ўғрилар, порахўрлар ҳамда коррупциячи расмийлар кучига таянади. Биз эса коррупцияни фош қиламиз. Нима бўлишидан қатъи назар, ишимизни тўхтатмаймиз”, дея сўзини давом эттирди Навальний.

Россияда “Хориж агенти” деб топилган ташкилотлар хориж давлатларидан молиялаштирилувчи ташкилотларга қўйилган талабларни бажариши керак бўлади. Улар орасида ташкилот қаердан маблағ олгани, уни қандай сарфлагани, ташкилот етакчилари ва мақсадлари ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб туриш каби мажбуриятлар бор.

Кун янгиликлари

Туркманистонда масжид ва черковлар номаълум муддатга ёпилди

Туркманистондаги масжидлардан бири.

Туркманистонда расмийлар қарори билан диний объектларнинг барчаси ёпилди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги мамлакат Дин ишлари кенгашидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Кенгаш вакилига кўра, “масжидлар, черковлар ва қадамжолар юқумли касалликларнинг тарқалишига қарши профилактик чора сифатида ёпилган”. Манба диний муассасалар қачонгача ишламаслигига ойдинлик киритган эмас. У масжид минораларидан аввалгидек азон товуши янграйвериши, бироқ эндиликда бу фақат намоз вақти ҳақидаги эслатма бўлибгина хизмат қилишини қўшимча қилган.

Туркманистонга 6 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси етиб келганидан кейин ҳукумат мамлакатда қатор санитария чекловлари жорий қилди — ҳудудлар ўртасида поезд ва автобус қатновлари тўхтатилди, ниқоб тартиби киритилди, қатор савдо марказлари ва бозорлар ёпилди.

Куни кеча Ашхободда ўтказилган брифингда ЖССТ экспертлари мамлакатда COVID-19 инфекциясига чалиниш ҳолатлари мавжудлигини тасдиқламадилар ва Туркманистоннинг инфекцияга қарши курашга ҳозирлиги юзасидан ижобий характеристика бердилар. Айни пайтда ЖССТ миссияси раҳбари Туркманистон ҳукуматига мамлакат ҳудудида коронавирус инфекциясига аниқланганидек ҳаракат қилишни тавсия қилди. У инфекция кириб келишининг олдини олишга эмас, унинг аҳоли орасида тарқалмаслигига эътибор қаратишга чақирди.

Тожикистондаги зилзила таъсири Фарғона водийси вилоятларида ҳам сезилди

Жорий йил 16 июль куни Тошкент вақти билан 13:45 да Тожикистонда зилзила содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълум қилди.

Зилзила эпимаркази Тошкентдан 311 километр нарида бўлган. Ўзбекистонда кучсиз ер силкиниши асосан Фарғона водийси вилоятларида, хусусан, Наманган (2 балл), Андижон (2 балл) ва Фарғонада (2 балл) кузатилган.

Қирғизистонда пневмония COVID-19 кўриниши ўлароқ қарала бошланди

Аида Исмаилова.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги пневмония ҳолатларини COVID-19 нинг бир кўриниши деб ҳисоблашга оид буйруқ чиқарди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Аида Исмаилова 16 июль куни Бишкекда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, ССВ яқинда COVID-19 миллий клиник қўлланманинг учинчи версиясини тасдиқлаган.

“У беморларга стационар ва амбулатор ёрдам кўрсатиш учун коронавирус инфекцияси ва унинг оғир турлари билан, шу жумладан пневмония билан хасталанганлар ҳисобини юритиш алгоритмидан иборат. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро касалликлар таснифига мувофиқ, лабораторияда тасдиқланадиган COVID-19 U.07.1 кодига, лабораторияда тасдиқланмайдиган, аммо клиник белгилари бўлган ёки рентген орқали аниқлаш мумкин бўлган COVID-19 эса U.07.2 кодига оиддир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги пневмония U.07.2 кодига оидлиги ҳақида буйруқ чиқарди. Шундай қилиб, пневмония статистик ҳолатлари COVID-19 кўриниши, деб ҳисобланади”, дея изоҳ берган А. Исмаилова.

Эпидемия бошланганидан бери Қирғизистонда коронавирусдан 167 киши, пневмониядан эса 612 киши вафот этган. Врачлар пневмония қўзғатувчиси 95 фоиз ҳолатларда COVID-19 бўлиб ҳисобланишини қайд этмоқдалар. Шунга қарамай, расмийлар COVID-19 беморлари ҳисобини пневмония беморлари ҳисобидан алоҳида олиб борганлар.

Арманистон билан Озарбайжон чегарасида яна жанговар ҳаракатлар кузатилмоқда

Қуролли тўқнашувлар ҳудудида юрган арманистонлик ҳарбийлар, 2020 йил 14 июли.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада қисқа муддатли осойишталикдан сўнг 16 июль куни эрталаб яна жанг ҳаракатлари бошланди.

Икки томон ҳам бир-бирини ўз позициясига ҳужум қилганликда ва аҳоли пунктларини ўққа тутганликда айбламоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги ўз бўлинмалари душман тарафнинг эрталабки соат тўртдаги ҳаракатини сезиб қолиб, диверсион суқилув уринишининг олдини олишга муваффақ бўлганини билдирди. “Шиддатли жангдан кейин талафот кўрган душман тараф улоқтириб ташланди”, дея иддао қилади Ереван вакиллари. Улар чегара яқинидаги Айгепар ва Мовсес қишлоқлари миномёт ва гаубицалардан ўққа тутилганини қайд этганлар. Мамлакат бош вазири Никола Пашинянга кўра, Арманистон томонидан талафот йўқ.

Ўз навбатида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 16 июль тонгида арман ҳарбийлари чегарадаги Товуз деган жойда Озарбайжон армияси бўлинмаларига қарши яна ҳужум уюштиришга уриниб кўрганларини билдирган. Иддао қилинишича, Арманистон йирик калибрли қуроллар ва миномётлардан Агдам, Дўндар Гушчу ва Ваҳидли қишлоқларини ўққа тутган. Тинч аҳоли вакиллари орасида жароҳатланганлар йўқ, ҳарбийлар орасида яраланганлар борми-йўқми – бунга аниқлик киритилмаган.

Икки мамлакат чегарасида қуролли тўқнашувлар 12 июлдан бошланиб, уч кун давом этган. Боку маълумотига кўра, жангларда озарбайжонлик 11 нафар ҳарбий, шу жумладан генерал-майор Пўлад Ҳашимов ҳалок бўлган. Арманистон ўзи томонидан тўрт одам ўлгани, 10 киши яралангани ҳақида билдирди.

Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият юзасидан қатор мамлакат ва халқаро ташкилотлар хавотир изҳор қилиб, томонларни мулоқотга чақиришган, дея қайд этади “Интерфакс”.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери Тоғли Қорабоғ туфайли зиддият давом этиб келмоқда. Бу мухтор вилоят 1988 йили Озарбайжон ССР таркибидан чиққани ҳақида эълон қилган. Тоғли Қорабоғдаги чегара чизиғи ҳамда Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегара участкаларида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб туради. Бироқ ҳозир тўқнашувлар чегаранинг Қорабоғдан анча олис бўлган жойида рўй бермоқда.

ЕХҲТ Минск гуруҳи доирасида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокараларда Россия, АҚШ ва Франция иштирок этмоқда.

Москвада Путин бошқарувига қарши намойишга чиққан 150 чоғли одам тутиб кетилди

"Абадий Путин"га қарши акцияга чиққан норозилар, Москва, 2020 йил 15 июли.

Россия пойтахти Москвада 15 июль куни куч ишлатар тузилмалар ходимлари норозилик намойишига чиққан юздан зиёд одамни қўлга олди. Улар президент Владимир Путинга яна икки марта давлат раҳбари лавозимига сайланиш имкониятини яратувчи Коституцияга киритилган ўзгартишларга қарши акция уюштирган эдилар.

Оммавий намойишлардаги қўлга олишлар ҳақида маълумот йиғадиган “ОВД-Инфо” мустақил сайти маълумотига кўра, чоршанба кунги акция чоғида камида 147 киши тутиб кетилган. Қўлга олинганлардан айримлари кейинроқ қўйиб юборилган.

Озодликнинг Москвадаги мухбирларидан бири полициячилар акция қатнашчиларини асфальтга ётқизаётгани, ушланганлардан бирини ОМОН ходимлари автозакка сочидан судраб олиб кетаётганини кўрган. Қўлга олинганлар орасида “Очиқ Россия” инсон ҳуқуқлари гуруҳи ижрочи директори Андрей Пивоваров ҳамда таниқли муниципал депутат Юлия Галяминалар бор.

Чоршанба оқшомида юзлаб одам Москвадаги Пушкин майдонида йиғилиб, “Путин истеъфога кетсин” ва “Путин – ўғри” дея ҳайқира бошлаган. Ташкилотчилар баёнотига кўра, улар бу ерга яқинда умумроссия овоз беришида қабул қилинган Конституцияга ўзгартишларга қарши петицияни имзолаш учун йиғилганлар. Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, Путин 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имкониятига эга бўлади.

Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимлари сони 2000 дан ошди

Коронавирусга қарши курашаётган қирғизистонлик медиклар (иллюстратив сурат).

Ўтган кеча-кундузда Қирғизистонда тиббиёт ходимларидан 96 нафарининг коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган. Бу ҳақда 16 июль куни Қирғизистон ССВ жамоатчилик соғлиғини сақлаш бошқармаси бошлиғи Айнура Ақматова маълум қилди.

Хасталик ёйила бошлаганидан бери COVID-19 инфекциясини юқтириб олган тиббиёт ходимларининг умумий сони 2076 нафарга етган, улардан 583 нафари соғайиб кетган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 12498 нафарга етган, улардан 3735 нафари соғайган. Ўзбекистоннинг ён қўшниси бўлган бу мамлакатда шу кунгача 167 киши COVID-19 важидан вафот этган.

Тожикистон: “Ишқобод” чегара заставасига ҳужум қилганлар 2 йилдан 27 йилгача қамалди

Ҳужум жойидан лавҳа, 2019 йил 6 ноябри (Тожикистон ИИВ фотоси).

Тожикистоннинг Ўзбекистонга яқин ҳудудидаги “Ишқобод” чегара заставасига ҳужум қилган етти нафар жангари мамлакат Олий суди томонидан 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тожикистон бош ҳарбий прокурори Икром Зоирзода 14 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Озодликнинг тожик хизмати саволига жавоб берар экан, Зоирзода ҳужумчиларнинг ҳаммаси Тожикистон ватандошлари бўлганини қайд этган.

Жорий йил бошида Олий суд раиси Шермуҳаммад Шоҳиён мазкур ҳодиса юзасидан 9 кишининг иши кўрилаётгани ва улар устидан маҳкама ёпиқ бўлишини айтган.

“Ишқобод” чегара заставасига ҳужум 2019 йил 6 ноябрида тонгги соат 3:23 да содир этилган. Ҳужум натижасида, расмий маълумотларга кўра, бир чегарачи ва бир милиция ходими ҳалок бўлган, ҳодиса чоғида ҳужумчи жангарилардан 15 нафари отиб ўлдирилган.

Кейинроқ Озодликнинг тожик хизмати чегара заставасига ҳужум пайтида аслида 5 нафар чегарачи ва бир милиция ходими ўлганини аниқлаган. Расмийлар бу маълумотни тасдиқламаганларидек инкор ҳам қилмаганлар. Ўшанда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳужумчилар 20 киши бўлгани, ИШИД аъзоси бўлган бу одамлар Афғонистондан Тожикистонга ўтиб келганини билдирганди.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олган бўлса-да, расмий талқин жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари орасида турли шубҳа ва тахминлар уйғонишига сабаб бўлди. Афғонистон расмийлари ва Тожикистон ҳукуматидаги ишончли манбалар ҳужумчилар давлат чегарасини кесиб ўтганига оид маълумотларни рад этиб келмоқда.

Қизил ярим ой пандемия туфайли Афғонистонда юзага келган инқироздан огоҳлантирди

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги коронавирусга чалинганлар даволанадиган шифохоналардан бири.

“Қизил ярим ой” жамияти Афғонистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиши ортидан касалхоналар ва тиббиёт муассасаларининг тўлиб кетиши туфайли урушдан чарчаган бу мамлакатга “фожиа” хавф солаётгани ҳақида баёнот тарқатди.

Расмий маълумотларга кўра, Афғонистонда инфекция юқиши билан боғлиқ 34 минг 700 та ҳолат тасдиқланган, коронавирус туфайли мингдан зиёд ўлим ҳолати қайд этилган.

“Афғонистон COVID-19 келтириб чиқарган муҳтамал тиббий, ижтимоий ва иқтисодий фалокатлар ёқасида турибди, чунки бу хасталик дунёдаги энг заиф 10 давлатдан бири устига оғир юк бўлиб тушмоқда”, дейилади жамият баёнотида.

Қизил ярим ой пандемиянинг Афғонистон аҳолисига етказган ҳақиқий зарари расмий кўрсаткичлардан анча юқори эканини, тестлар миқдори чеклангани ва соғлиқни сақлаш тизими кучсизлиги туфайли расмий рақамлар “пастлигича қолаётгани”ни билдирган.

ЖССТ маълумотларига кўра, Афғонистонда бир нафар врачга 3500 минг киши тўғри келади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичнинг бешдан бирига тўғри келади.

Афғонистон “Қизил ярим ой” жамияти бош котиби Нилаб Мубориз ташкилотнинг коронавирусга қарши курашида индивидуал ҳимоя воситаларининг “сезиларли даражада етишмагани” ва чекка ҳудудларга бориш имкони чеклангани қийинчиликлар туғдирганини билдирган.

Жириновский Хабаровскдаги норозилик намойишларини қўллагани йўқ

ЛДПР лидери Владимир Жириновский.

Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) лидери Владимир Жириновский Хабаровск ўлкасининг ҳибсга олинган губернатори, ЛДПР аъзоси Сергей Фургални қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган акцияларга ўз партиясининг ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини билдирди. Фургалнинг ҳибсга олинишига қарши митинг ва юришлар Хабаровскда тўрт кундан бери давом этмоқда.

Жириновский акциялар стихияли равишда юзага келгани, “одамлар ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро уюшгани”, партия фақат рухсат этилган митингларгагина чиқишга чақиришини таъкидлади.

ЛДПР лидерига кўра, партия “одамларни таёқлар остига ташлашни, уларни тутиб кетишларини истамаслиги”ни қайд этди.

Фургал ҳибсга олинган 9 июль куни Давлат думасида чиқиш қилган Жириновский бунинг аксини гапирганди – у кўчага чиқиш ва “инқилоб” билан ҳамда бутун ЛДПР фракцияси парламент таркибидан чиқиб кетиши билан таҳдид қилганди.

Ўтган пайшанба Хабаровскда қўлга олинган Сергей Фургал ўша заҳотиёқ Россия пойтахтига йўлланган. Москванинг Басманний суди сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш қарорини чиқарган. У уч тадбиркор ўлимига алоқадорликда ҳамда бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Сиёсатчининг ўзи бу айбловларнинг барчасини рад этяпти.

11 июлдан Хабаровск шаҳри ва ўлканинг бошқа шаҳарларида Фургалнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик акциялари бошланган. Маҳаллий турғунлар губернаторнинг ҳибсга олиниши сиёсий сабабларга кўра амалга оширилганини, бу унинг омма олдида обрўси ошиб бораётгани ва минтақада ҳукмрон “Единая Россия” партиясининг таъсири йўқолиб бораётггани билан боғлиқ эканини айтмоқдалар.

Кўча юришлари ва маъмурий биноларни пикет қилиш шаклидаги рухсат этилмаган акциялар Хабаровскда қарийб кечаю кундуз давом этаётганига оид маълумотлар бор.

Шанба куни Хабаровскда шаҳар тарихидаги энг йирик акциялардан бири бўлиб ўтди. Унда, турли маълумотларга кўра, 30 мингдан 35 минг нафаргача киши қатнашди.

Трамп Ҳонконгни АҚШ билан алоқалардаги алоҳида мақомдан маҳрум қилиш ҳақида фармон имзолади

АҚШ президенти Дональд Трамп, Вашингтон, 2020 йил 14 июли.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз фармони билан Ҳонконгни махсус мақомдан маҳрум қилди. Бу мақом АҚШ билан Ҳонконг ўртасидаги эркин савдо ҳамда молия, фан-техника, ҳуқуқ-тартибот каби соҳалардаги ҳамкорликни таъминлар эди.

Мазкур фармон имзоланган ҳақида Дональд Трамп 14 июль куни Оқ уйда ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Ҳонконг алоҳида имтиёзлар, алоҳида иқтисодий муносабатлардан маҳрум бўлади, у ерга юқори технологияларни экспорт қилиш тақиқланади. Бундан буён Ҳонконгга қитъа Хитойига нисбатан қандай муносабатда бўлинса, шундай муносабатда бўлинади”, дея билдирди Трамп.

АҚШ президентига кўра, бу Хитой расмийларининг махсус маъмурий ҳудуд – Ҳонконгга нисбатан “репрессив” хатти-ҳаракатларига қилинган жавобдир. Бу чоранинг киритилишига Ҳонконгда миллий хавфсизлик тўғрисидаги янги қонуннинг кучга кириши сабаб бўлган. Ҳонконг 1997 йили Британия томонидан Хитойга ўтказиб берилган пайтда Пекин ҳудуд турғунлари ҳуқуқ ва эркинликлари сақлаб қолинишини кафолатлаганди. Бироқ миллий хавфсизликка оид янги қонун ҳонконгликларнинг норозилик билдириш ҳуқуқи ва бошқа эркинликларини чеклаб қўйиши эҳтимоли катта.

Дональд Трамп Ҳонконг турғунлари ҳуқуқ ва эркинликларини бузишга алоқадор хорижлик ватандошлар ва банкларга қарши санкциялар жорий қилиш тўғрисидаги қонунни ҳам имзолаган.

Ҳонконгнинг Қўшма Штатлар билан алоқаларда алоҳида мақомдан маҳрум бўлиши бу шаҳар-давлатнинг дунёдаги етакчи молиявий марказларидан бири ўлароқ ролини сақлаб қолишини савол остига қўяди.

Қирғизистонда сўнгги суткада пневмониядан 74, COVID-19 дан 11 киши нобуд бўлди

Қоракўл шаҳридаги шифохона ходимлари (иллююстратив сурат).

Сўнгги кеча-кундузда Қирғизистонда COVID-19 важидан 11 та ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 15 июль куни Бишкекда бўлиб брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик соғлиғини сақлаш бошқармаси бошлиғи Айнура Ақматова маълум қилди.

Унга кўра, Бишкек шаҳрида 4 киши, Чуй, Боткен, Иссиқкўл вилоятларида 2 нафардан, Ўш вилоятида эса бир бемор қазо қилган.

Шу тариқа Қирғизистонда коронавирус қурбонлари сони 160 нафарга етган.

Айни пайтда мамлакатда пневмония туфайли ўтган кеча-кундузда 74 бемор вафот этган (улардан 17 нафари пойтахт Бишкекда, 57 нафари эса вилоятларда). Март ойидан бери эса Қирғизистонда пневмониядан вафот этганлар сони 571 нафарга етгани айтилмоқда.

Қозоғистон мудофаа вазирининг ўринбосари коронавирусдан вафот этди

Қозоғистон мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Бақит Қурманбаев.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги вазир ўринбосари Бақит Қурманбаев вафоти ҳақида маълумот тарқатди. Вазирлик сайтида ёйинланган хабарномада 49 ёшли генерал-майор ўлимининг сабаблари очиқланган эмас.

Мудофаа вазирлиги вакили Асет Есенгулов Озодликнинг қозоқ хизматига Бақит Қурманбаев 14 июль куни коронавирусдан вафот этганини билдирган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Қурманбаев ўтган йил июнида Туркистон вилоятининг Арис шаҳрида ўқ-дорилар портлаш оқибатини бартараф қилишда иштирок этган ҳамда “пандемияга қарши курашнинг илк кунлариданоқ инфекция тарқалишига қарши кураш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш ва таъмишлар билан фаол шуғулланиб келган”.

Қурманбаевнинг ортида хотини ва икки фарзанди қолган.

Қозоқ расмийлари аввалроқ мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 61 минг 755 нафарга етгани ҳақида маълум қилгандилар.

Арманистон билан чегарадаги жангда озарбайжонлик генерал ҳалок бўлди

Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарасида сешанба тонгида содир бўлган жангларда мамлакат армиясининг генерал-майори, полковниги, икки майори ва уч ҳарбийси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати мамлакат Мудофаа вазирининг ўринбосари Карим Велиев сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Арманистон томонидан икки зобит ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар тарқатди.

Қуролли тўқнашув Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги Товуш деган жойда содир бўлган. У ерда 12 июлдан бери икки давлат армияларининг тўқнашуви бўлиб ўтяпти, икки тараф бир-бирларини зиддиятни келтириб чиқарганликда айбламоқда. Мазкур ҳудуд тан олинмаган ва икки давлат ўртасидаги чегара вазияти доим нозик бўлиб турган Тоғли Қорабоғ республикасидан анча олисда жойлашган.

Зиддият бошланганидан бери Озарбайжон томони 11 нафар ҳарбий, Арманистон эса икки нафар ҳарбий ўлганини тасдиқлади. Томонларни ЕХҲТнинг Минск гуруҳи раисдошлари ҳамда АҚШ томони сулҳга чақирган.

Эрон расмийлари МРБнинг муҳтамал жосуси қатл этилганини маълум қилишди

Эрон суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий.

Эрондаги суд ҳокимияти мамлакат Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Ризо Асғарий қатл этилганини маълум қилди. У АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) билан ҳамкорлик қилганликда айбланганди.

Суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий 14 июль куни Ризо Асғарий Мудофаа вазирлигидаги фаолиятининг сўнгги йилларида МРБ билан алоқада бўлгани ва АҚШ ташқи разведка идорасига Теҳроннинг ракета дастурига оид маълумотларни етказиб бериб турганини билдирди.

Ҳукм ўтган ҳафта ижро қилинганини айтган Исмоилий мақтул Асғарийнинг Мудофаа вазирлиги аэрокосмик бўлими ходими бўлгани ва тўрт йил муқаддам пенсияга чиққанини қўшимча қилди.

Исмоилий АҚШ ва Исроил фойдасига жосусликда айбланаётган эронлик Маҳмуд Мусавий-Мажидга нисбатан ўлим ҳукми ҳали ижро этилмаганини ҳам маълум қилди. Аввалроқ эронлик расмийлар бу одам Эрон инқилоб посбонлари корпусининг сара бўлими қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийнинг ҳаракатланишига оид маълумотларни етказиб турганини билдиргандилар. Сулаймоний жорий йил январида Ироқда АҚШ дронидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган.

Ўтган ой Эрон суд тизими Олий суд Мусавий-Мажидга нисбатан ўлим ҳукмини ўз кучида қолдиргани ҳамда мазкур ҳукм “яқинда” ижро қилинажаги ҳақида маълум қилган.

Помпео ва Лавров ядро қуролига эга беш давлат саммитини ўтказиш ғоясини муҳокама қилишди

Майк Помпео (ў) ва Сергей Лавров (ч) АҚШ Давлат депарментидаги матбуот анжумани чоғида, 2019 йил 10 декабри.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео душанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси саммитини ўтказиш ғоясини муҳокама қилди.

Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, телефон суҳбати чоғида Майк Помпео ва Сергей Лавров “БМТ ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан яқин келажакда БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий беш аъзоси саммитини ўтказиш”ни муҳокама қилишган.

Россия президенти Владимир Путин аввал бир неча бор “ядровий бешлик” - Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франция саммитини ўтказишга чақирган. Россия президентига кўра, БМТга асос солган доимий аъзо мамлакатлар бешлиги тинчликни сақлаб қолиш учун намуна кўрсатиши лозим. Бу ғоя ҳозиргача ғарб мамлакатлари пойтахтларида очиқ қўлловга эга бўлмай келаётганди.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида бу ташаббусга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бошқа доимий аъзолари муносабати ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Владимир Путинни Қўшма Штатларда бўлиб ўтиши керак бўлган “Катта Еттилик” саммитига таклиф қилмоқчи эканини билдирган, бироқ “Еттилик”нинг бир неча аъзоси бу фикрни танқид қилиб чиқишганди.

Помпео билан Лавров ўртасидаги телефон суҳбати чоғида, Давлат департаментининг маълум қилишича, Афғонистон дохил томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган, Майк Помпео Қўшма Штатлардаги сайловлар хавфсизлигига оид масалани кўтарган.

Қирғизистонда пневмония важидан бир суткада 45 одам нобуд бўлди

Бишкеклик врачлар.

Қирғизистонда ўтган кеча-кундузда пневмония туфайли 45 киши вафот этди, улардан 22 нафари Бишкекка, 23 нафари эса республиканинг бошқа жойларига тўғри келади. Маълумотларга кўра, март ойидан буён мамлакатда пневмония важидан 497 бемор оламдан ўтган.

Сўнгги кунларда авж олган пневмония коронавирус иллатининг бир кўриниши ўлароқ талқин этила бошлаган бўлса-да, бу хасталик билан COVID-19 статистикаси Қирғизистонда алоҳида-алоҳида олиб борилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнгги суткада коронавирус инфекцияси юқтириб олиниши ортидан 2 та ўлим ҳолати қайд этилган. Шу тариқа Қирғизистонда COVID-19 га чалиниш ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 149 нафарга етган.

Сўнгги хабарларга мувофиқ, Қирғизистонда коронавирусга чалинган беморларнинг умумий сони 11538 нафарга етган, улардан 3569 нафари соғайиб кетган.

Қозоғистонда COVID-19 инфекциясига чалинганлар сони 62 мингга яқинлашди

Олмаотадаги тиббиёт ходимларидан бири, 2020 йил 13 июли.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 13 июль куни мамлакатда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 1 856 та ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Беморлардан 1 011 нафари белгисиз вирус ташувчи тоифасига киритилган, 845 нафар беморда эса турли белгилар кўринмоқда.

Мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш бўйича тасдиқланган ҳолатлар 61 минг 755 тага етган. Беморлар сони бўйича Атирау вилояти, Олмаота ва Нур-Султон шаҳарлари олдинда бормоқда. Мазкур беморлардан 35 минг 911 нафари соғайиб кетган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан вафот этганлар сони 375 нафарга етган. Бу ҳисобга COVID-19 га чалингани тасдиқланган, бироқ махсус комиссия қарори билан ўлим сабаби бошқа хасталик ўлароқ кўрсатилган 100 га яқин марҳум бемор киритилмаган.

Лондон 5G тармоғи учун Huawei’га муқобил изламоқда

Буюк Британия 5G тармоғи учун жиҳозлар етказиб бериш бўйича Huawei ўрнига бошқа ширкат топишда ёрдам сўраб “Беш кўз” (Австралия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ) разведка альянсидаги ҳамкорларига мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда The Financial Times хабар қилди.

Нашр маълумотларига кўра, муқобил жиҳоз етказиб берувчини қидириш ишига Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Япония ҳам жалб қилиниши мумкин. Газета манбалари мамлакатлар Huawei’га рақиб бўлган қўшма корхона ташкил этишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилганлар. Бироқ илк муҳокамалар ҳали конкрет ҳаракатларга олиб келганича йўқ.

Лондон Хитойнинг Huawei корпорацияси хизматларидан воз кечмоқчи экани ҳақида июль ойи бошида маълум бўлганди. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Британия махсус хизматлари АҚШнинг бу ширкатга қарши санкциялари 5G тармоқлари учун етказиб бериладиган жиҳозлар сифатида салбий акс этиши мумкин, деган фикрдалар. Жумладан, Huawei АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган бутловчи қисмлардан маҳрум бўлади ва ички бозорда бошқа муқобил вариантларни излашга мажбур қолади.

The Financial Times нашрининг ёзишича, Британия бош вазири Huawei хизматлариан воз кечилгани ҳақида яқин кунларда эълон қилади. Манбаларга кўра, Лондон бозорга янги етказиб берувчиларни олиб чиқиш ва очиқ бошланғич кодли технологияларга инвестиция киритиш ниятида.

Бу ғоя танқидчилари Huawei’никига муқобил бўлган саноат жиҳозларини яратиш жуда қийин бўлишини айтмоқдалар.

Ўтган йил майида Вашингтон Пекинни Huawei ширкати ишлаб чиқарган 5G мобил алоқа тармоғи жиҳозлари орқали жосуслик қилишда айблаб, корпорацияга қарши санкциялар жорий қилган.

АҚШ ширкатларига мазкур компанияга жиҳоз ва технологиялар (шу жумладан, Android операцион тизими) сотиш тақиқлаб қўйилган. Жиҳоз ва хизмат етказиб берувчи АҚШ ширкатлари бу чекловлар ортидан миллиардлар доллар йўқотишлари мумкинлигини билдирганлар. Пировардида Вашингтон Huawei’га дастур таъминотини янгилаш ва тармоқларни қўллаб туришга вақтинча рухсатнома берган.

Тожикистон қамоқхоналарида 11 нафар маҳкум пневмониядан вафот этди

Тожикистондаги жазони ўташ муассасаларида пандемия бошидан бери 98 нафар маҳкум пневмонияга чалинган, улардан 11 нафари вафот этган. Бу ҳақда 13 июль куни Тожикистон адлия вазири Музаффар Ашуриён Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Ашуриён ўзи раҳбар бўлган вазирликка бўйсунувчи жазони ўташ муассасаларида коронавирус инфекцияси мавжудлигини яна бир бор рад этган. Бироқ айрим маҳкумларнинг яқинлари аввалроқ мамлакат қамоқхоналари ва тергов ҳибсхоналарида коронавирус йўқлигига оид расмий баёнотни шубҳа остига олганди. Хусусан, Душанбедаги 1-сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 47 ёшли маҳкум Абдулфайз Ражабовнинг яқинлари унинг COVID-19 туфайли вафот этганини иддао қилмоқдалар. Колония раҳбарияти маҳкумнинг пневмониядан ўлганини билдирган.

Пандемия шароитида Тожикистон қамоқхоналаридаги вазият ҳақида Адлия вазирлигига қарашли Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбарияти билан маҳкумларнинг яқинларидан бир-бирига зид бўлган маълумотлар келмоқда. Тикансим ортида аслида нима бўлаётгани эса маълум эмас.

Эрон “Боинг” ҳалокатини радиолокацион станциянинг нотўғри созлангани билан изоҳлади

Эрон расмийлари Теҳрон аэропортидан парвоз қилганидан кўп ўтмай икки ракета билан уриб туширилган Украина йўловчи учоғи билан боғлиқ суриштирув натижаларига оид ҳисоботларини эълон қилдилар. Фожиа 2020 йил 8 январида содир бўлганди. “Украина ҳаво йўллари” авиаширкатига тегишли Боинг бортида 176 киши бўлиб, ҳодиса ортидан уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Эронлик терговчиларга кўра, авиаҳалокатга радиолокацион станциянинг (РЛС) нотўғри созлангани сабаб бўлган. РЛС ҳавога қарши мудофаа операторларига нотўғри сигнал етказган. Ҳисоботга мувофиқ, операторлар ҳам ракета учириш учун ҳавога қарши мудофаа қўмондошлигидан рухсат сўраб ўтирмаганлар.

Британиянинг The Guardian нашри учоқ қулаганида Теҳрон дастлаб авиаҳалокатга учоқ бортидаги “техник носозликлар” сабаб бўлганини иддао қилганини қайд этади. Бироқ, орадан бир неча кун ўтгач, Эрон расмийлари учоқни ўз жанговар ракеталари янглишлик туфайли уриб туширганини тан олганлар.

Эрон фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан ёйинланган ҳисоботда Теҳрон четидаги Ҳавога қарши мудофаа тизими операторлари аппаратурани ўз вақтида қайта созлашга улгурмагани айтилади. Ўша тонгда қўшинлар “кучли тревога” ҳолатида бўлган – “тревога ҳолати” АҚШ қўшни Ироқдаги ўз базалари нишонга олингани учун жавоб зарбалари бериш билан таҳдид қилгани ортидан бир неча соат аввал эълон қилинганди.

Эрон расмий ҳисоботини баён қилган The Guardian мақоласида ҳодисанинг техник тафсилотлари билан бир қаторда учоқ экипажи уриб туширилган пайтда Теҳрон аэропортидан парвоз қилиш протоколига бўйсунгани ҳамда тасдиқланган маршрутга риоя қилгани қайд этилади.

Украина учоғининг “қора қути”лари ҳали ҳам эронлик мутахассислар қўлида қолмоқда. Ҳодиса жойидан топилган “қора қути”лар расшифровка учун 20 июль куни Францияга берилиши кутилмоқда, дея хабар қилди Эроннинг IRNA агентлиги.

Жорий йил 8 январида содир бўлган авиаҳалокатда Эрон, Канада, Украина, Буюк Британия, Афғонистон ва Германия ватандошлари нобуд бўлганди.

Польша сайлови: Экзитпол натижалари Дуданинг олдинда бораётганини кўрсатди

Анжей Дуда.

Польшадаги президент сайловининг иккинчи босқичида, экзитпол натижаларига асосланган дастлабки маълумотларга кўра, амалдаги президент Анжей Дуда озгина фарқ билан олдинда боряпти. У сайловчилардан 50,4 овоз йиғолган. Дуданинг рақиби Рафал Тшасковский 49,6 фоиз овоз жамғаролгани айтилмоқда.

Польшада давлатнинг энг юқори лавозимига амалдаги консерватив президент Анжей Дуда ҳамда Варшаванинг либерал мэри Рафал Тшасковский даъвогарлик қилаётган эди. Сўров натижаларига кўра, иккала номзоднинг ҳам дастакловчилари сони қарийб бир хил бўлган.

Дуданинг мухолифлари кампания ҳалол ўтмаганини иддао қилмоқдалар. Масалан, Польша жамоатчилик телевидениеси Тшасковскийни очиқдан-очиқ қоралаб, Дуда ҳақида фақат ижобий маълумотларни тақдим этган, ваҳоланки ўз мақомига кўра у қатъий сиёсий нейтралитет позициясида туриши лозим эди.

Анжей Дуда беш йилдан бери Польша президенти лавозимини эгаллаб, ўз ҳукумати томонидан киритилган ижтимоий имтиёзларга кафил бўлиб келмоқда. Консерватор бўлган Дуда анъанавий оила моделини ҳимоя қилиб, бир жинсли никоҳларни рад этиб келади.

Амалдаги президентнинг асосий оппоненти бўлган Рафал Тшасковский жинсий озчиликларни дастаклаш учун “ЛГБТ+ хартияси”ни имзолаган. Аммо сайловолди кампанияси чоғида консерватив кайфиятдаги сайловчилар ундан юз ўгирмасликлари учун Тшасковский бу мавзуга урғу бермасликка ҳаракат қилган.

“Немис тўлқини”нинг қайд этишича, Тшасковский ғалаба қозонган тақдирда амалдаги ҳукумат томонидан олиб борилган ҳамда Варшава билан Европа Иттифоқи ўртасида зиддиятни юзага келтирган Адлия тизими ислоҳотини бекор қилишга ваъда берган.

Озарбайжон билан Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди

Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг 2019 йил 20 июнида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувидан лавҳа (архив сурати).

Озарбайжон-Арманистон чегарасида 12 июль куни қуролли тўқнашув рўй берган. Ҳодиса учун масъулиятни Боку билан Ереван бир-бирига юклади.

Бокудан маълум қилишларича, ҳодиса чоғида озарбайжонлик ҳарбийлардан икки нафари нобуд бўлган, беш нафари яраланган. Ереван эса Арманистон томонидан талафот йўқлигини билдирган.

Тўқнашув Озарбайжон-Арманистон чегарасининг Товуз (Арманистон томонидан Тавуш вилояти ҳудуди) тумани ҳудудида содир бўлган.

Озарбайжон ва Арманистон армиялари ўртасида сўнгги йирик қуролли тўқнашув 2016 йил апрелида Тоғли Қорабоғда рўй берганди. Ўшанда ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбий ҳалок бўлган ёки яраланган. Арманистон билан Озарбайжон 1992 йилдан бери уруш ҳолатида яшаб келмоқда.

Илон Маск совет олими Королёв оиласини SpaceX ширкатига экскурсияга таклиф қилди

Таниқли совет олими Сергей Королёв

SpaceX ширкати асосчиси тадбиркор Илон Маск таниқли совет олими Сергей Королёв оила аъзоларини ширкат фаолияти билан танишиш учун АҚШга таклиф қилди.

10 июль куни Маск Twitterда Королёв оила аъзолари билан суҳбатлашгани ҳақида ёзди:

Маск Королёвни "ракеташунослик соҳасидаги энг кучли олимлардан бири", деб атади.

Россия матбуоти хабарларига кўра, олимнинг невараси Андрей Королёв май ойида, SpaceX ширкати Crew Dragon кемасини Халқаро фазо станциясига (ХФС) муваффақиятли учириши ортидан, Королёвлар оиласи Маскка мактуб ёзганини билдирган.

Андрей Королёв Маск улар билан 20 дақиқа видео орқали суҳбатлашганини айтганди. Суҳбат давомида Маск Королёвлар оиласини коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловлар бекор қилинганидан кейин SpaceX ширкатига экскурсияга таклиф қилган.

SpaceX хусусий ширкатининг мазкур ютуғи Россиянинг ХФСга фазогир олиб чиқиш борасида қарийб ўн йил давом этган монополиясига нуқта қўйди.

Россиянинг кўплаб расмийларидан фарқли ўлароқ, Андрей Королёв SpaceX ширкати ютуғини олқишлаб келади.

АҚШда коронавирус тез суратда тарқаларкан, Трамп илк марта омма олдига ниқоб билан чиқди

Президент Дональд Трамп 11 июль куни илк бор, ниқоб билан омма олдига чиқди, 11 июль, 2020, Мэриленд, АҚШ

АҚШ президенти Дональд Трамп 11 июль куни ҳарбий шифохонага қилган сафари давомида омма олдига илк марта ниқоб тақиб, чиқди.

Уолтер Рид номидаги ҳарбий тиббиёт марказига қилган сафари давомида президент жароҳатланган аскарлар ҳамда COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволаётган шифокорлар билан учрашди.

Трамп Оқ уйда расмийлар билан ўтказган учрашувлари ҳамда оммавий чиқишлари давомида ниқоб тақишдан бош тортгани учун танқидга учраб келади.

Аммо шифохонага жўнаб кетишидан олдин Трамп ниқоб тақишга ҳеч қачон қарши бўлмаганини айтиб, айрим ҳолатларда ниқоб керак эканини айтди.

Ҳарбий шифохонага қилган ташрифи давомида Трамп президент муҳри билан безатилган ниқобни тақди.

Май ойида Трамп сунъий нафас олдириш аппаратларини ишлаб чиқарувчи ширкатга иш соатларидан ташқари вақтда қилган ташрифи давомида ҳам ниқоб таққан эди.

АҚШда коронавирусга чалиниш ҳолатлари тез суратда ошиб бормоқда. Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, бугунга қадар мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 3,2 миллиондан, COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони эса 134 мингдан ошиб кетди.

Зеленскийни қўллаётган миллиардер Украинада маҳаллий матбуот холдингини сотиб олмоқчи

Володимир Зеленский президентликка сайланганидан бир йил ўтиб, очиқ анжуман ўтказмоқда, 20 май, 2020, Киев

Украиналик миллиардер Игор Коломойскийга тегишли ширкат маҳаллий матбуот холдинги акцияларини харид қилишга даъвогарлик қилмоқда.

Бу эса бир неча матбуот нашрига эгалик қилувчи ҳамда жорий президент Володимир Зеленскийни қўллаб келаётган Коломойскийга Украина матбуотига янада кўпроқ таъсир ўтказиш имконини беради.

Kyiv Post газетасининг хабар қилишича, Коломойскийнинг «1+1 Media Group» ширкати UHM холдингини харид қилишга даъвогар олти ширкатнинг биридир.

Холдинг савдосини собиқ президент Виктор Янукович ҳукмронлиги давомида йўқотилган мулкларни тиклаш ва бошқариш зиммаси юкланган давлат агентлиги назорат қилмоқда. Янукович 2014 йилда ҳокимиятдан ағдарилган эди.

2013 йил олигарх Сергий Курченко UHM холдингини 400 миллион долларга харид қилган. Аммо 2017 йил украин суди холдинг акцияларини мусодара қилди.

UHM холдинги 72 юридик шахс, хусусан, газета, радиостанция, журнал ва веб-сайтларни ўз ичига олади.

Коломойскийга қарашли матбуот нашрларининг президент Зеленскийга собиқ президент Петро Порошенко устидан ғалаба қозонишга кўмаклашгани иддао қилиб келинади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG