Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 18:59

AI Мирзиёевдан ўзбекистонлик блогернинг озод этилишини талаб қилмоқда


Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти сентябрь ойи охиридан бери мажбурий равишда асаб-руҳий касалликлар диспансерида сақланаётган ўзбекистонлик блогер Нафосат Оллошукурованинг озод қилиниши учун кампания бошлади.

Ташкилотнинг бутун дунёдаги фаоллари Нафосатни озод қилиш ва уни мажбурий даволашни тўхтатиш талаби билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига битилган петицияни имзолаш тадбирига қўшиладилар.

Шабнам Оллошукурова тахаллусини олган Нафосат сўнгги йилларда Facebook’даги ўз саҳифаси орқали Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан мониторинг олиб борган.

Сентябрь ойи охирида шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юриши”ни ëритгани ортидан 10 кунлик қамоқ муддатини 3 октябрь куни ўтаб бўлган 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурова ўша куннинг ўзида Урганч туманида жойлашган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерига ëтқизилган.

Озодлик 21 октябрь куни қўлга киритган суд қарорида таъкидланишича, маҳкама ҳайъати Оллошукурованинг очлик эълон қилганини “унинг руҳий ҳолати бузилиши” деб топган ва шу сабабга кўра уни мажбуран руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирган.

Суд қароридан маълум бўлишича, Нафосат Оллошукурова аввал айтилганидек, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач эмас, балки қамоққа ташланганидан 3 кун ўтиб, руҳий касалхонага ётқизилган.​

Нафосат Оллошукурованинг уч ёшга тўлган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда блогернинг онаси қараяпти.

Тезкор ёрдам акцияси иштирокчилари президент Мирзиёевдан Нафосат Оллошукуровани зудлик билан озод этиш ва диспансерда бўлган пайтда мажбуран муолажа қилмасликни талаб қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG