Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш механизмига оид ҳужжат ҳозирланди (ВИДЕО)


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

ИИВ оилада зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир лойиҳани муҳокамага қўйди.

Ҳужжатда зўравонлик ёки тазйиққа учраган аёлни, унинг мурожаати ёки маҳалласидаги шахснинг оғзаки хабари асосида, 3 соат ичида қатъий ҳимояга олиш чора-тадбирлари белгиланган.

Ҳимояни - аёлга зўравонлик қилган ёки бунга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерини беришдан бошлаш кўзда тутилган.

"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган бу лойиҳани Ички ишлар вазирлиги ишлаб чиққан.

Қарорда зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг мурожаати ёки бундай аёллар ҳақида хабар олган тақдирда, ИИВнинг жойлардаги таянч пункти профилактика инспекторига, ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколатини бериш кўзда тутилган.

Қарорда белгиланишича, ҳимоя ордери - серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган, фақатгина тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чекловларни қайд этувчи ҳужжатдир.

Лойиҳада қайд этилишича, бирор оилада аёл-қизлар зўравонликка учраётгани ҳақида:

- жисмоний шахслар,

- Фуқаролар йиғинлари раислари ёки фаоллари,

- хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар,

- бошқа юридик шахсларнинг хабари ҳимоя ордерини бериш учун етарли бўлиши лозим.

Бундай хабарларни оғзаки тарзда ёки алоқа воситаси орқали, хабар берувчи кишиларнинг шахси сир тутилган ҳолда, етказиш мумкин бўлади.

Қарорда профилактика инспектори ҳимоя ордерини расмийлаштиришда зўравон шахсга "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 26-моддасидаги битта ёхуд бир нечта чекловни бирга қўллаши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатда, зўравонликни содир этган ёки бунга мойил бўлган шахслар билан ишлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланган:

- зўравонликка мойил шахсни диагностикадан ўтказиш, зўравонликни келтириб чиқарган сабаб ва шароитларни аниқлаш,

- шахснинг психоэмоционал ҳолатини коррекциялаш, уни айбдорлик ҳиссини аниқлаш ва ундан қутқариш ҳамда бошқа шахсларга нисбатан толерант муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантириш,

- шахснинг ўзига бўлган ишончини меъёрий ҳолга келтириш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини камситмаган ҳолда ўз ҳиссиётларини очиқ намоён этишга, хатти-ҳаракатларини назорат қилишга ўргатиш.

31 октябрь куни порталга жойлаштирилган лойиҳанинг муҳокама муддати 15 ноябрь куни тугайди.

Бу лойиҳа сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хотин-қизлар зўравонликка учраётгани ҳақидаги хабарлар кўпайган бир пайтда ишлаб чиқилди.

Хусусан, Озодлик бу муаммога бағишланган қатор мақолалар, махсус дастурни ҳозирлаган ва унда мамлакатда зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш ночор ҳолда экани танқид қилинган, ҳимоянинг амалий механизмига эҳтиёж борлиги айтилганди.

XS
SM
MD
LG