Линклар

Шошилинч хабар
30 сентябр 2020, Тошкент вақти: 06:44

Халқаро хабарлар

Қирғизистон муфтияти дин арбобларини Янги йилни байрам қилишга қарши чиқмасликка чақирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Янги йилни байрам қилиш муносабати билан фатво ёйинлади.

Унда дин арбоблари Қирғизистон қонунчилиги билан мустаҳкамланган расмий байрамларга қарши ташвиқот юритмаслиги кераклиги урғуланади. Фатвонинг бажарилиши муфтият тизимида ишловчи барча дин арбоблари зиммасига юклатилган.

Қирғизистонда бошқа кўплаб мамлакатларда бўлгани каби 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси Янги йил нишонланади. Бироқ сўнгги йилларда кўплаб диндорлар томонидан “бу мусулмонларнинг байрами эмас, шу сабабли уни нишонламаслик керак” қабилида фикрлар айтилмоқда. Ҳар йили байрам арафасида бу масала юзасидан баҳс-мунозара авжига чиқади.

Кун янгиликлари

Ереван Туркиянинг F-16 учоғи Арманистоннинг Су-25 учоғини уриб туширганини иддао қилди

Туркия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-16 учоғи (иллюстратив сурат).

Ереван Арманистон ҳаво ҳудудида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Су-25 учоғи Туркиянинг F-16 учоғи зарбаси билан уриб туширилганини билдирди.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги иддаосига кўра, Су-25 учувчиси ҳалок бўлган. Аммо, Би-би-сининг хабар қилишича, Туркия бу маълумотни расман рад этган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ёрдамчиси Фахреттин Алтун ўз мамлакати Озарбайжонга Тоғли Қорабоғни қайтариб олишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу эса Озарбайжоннинг Анқарадаги элчихонасига ташрифи чоғида Тоғли Қорабоғ атрофидаги зиддиятнинг ягона ечими Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдан чиқиб кетишидир, деб айтган.

Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар қайта бошланганидан кейин Туркия кўп йиллардан бери ҳал қилинмай келаётган зиддиятда Озарбайжонга ёрдам беришга қарор қилганини билдирган. Ўз навбатида, Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бўйича иттифоқчиси бўлган Россия турк расмийларини Бокуни очиқдан-очиқ дастаклашдан тийилишга ҳамда Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишда кўмаклашишга чақирган.

Тоғли Қорабоғда уч кундан бери жанглар давом этаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Британия ва Канада Лукашенкога қарши санкциялар жорий қилди

Александр Лукашенко.

Буюк Британия ва Канада расмийлари 29 сентябрь куни Александр Лукашенко, унинг ўғли ва беларуслик қатор юқори лавозимли мулозимларга қарши санкциялар жорий этилгани ҳақида эълон қилишди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, санкциялар рўйхатига Александр Лукашенконинг ўзи, унинг катта ўғли Виктор Лукашенко, президент маъмурияти раҳбари Игорь Сергеенко, ички ишлар вазири Юрий Караев, ички ишлар вазирининг ўринбосарлари Александр Барсуков ва Юрий Назаренко, ИИВ ички қўшинлар қўмондонининг муовини Хазалбек Атабеков ҳамда Махсус полициянинг Минск бўлинмаси бошлиғи Дмитрий Балаба киритилган.

Чеклов чоралари санкция рўйхатига киритилган шахсларнинг мамлакатга киришига тақиқ ҳамда молиявий ҳисоб рақамларининг “музлатилиши”ни кўзда тутади, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

Мазкур қарорга Беларусь расмийлари томонидан 9 август куни ўтказилган президент сайлови натижаларининг сохталаштирилиши ҳамда тинч намойиш иштирокчиларга нисбатан куч қўлланилгани асос бўлгани айтилмоқда.

Москвада COVID-19 туфайли мактаб ўқувчилари икки ҳафталик таътилга чиқарилди

Москва шаҳар дезинфекция маркази ходимлари пойтахт мактабларидан бирида ўқув йили олдидан дезинфекциялаш ишларини амалга оширмоқдалар.

Москва мэри Сергей Собянин коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани важидан пойтахт мактаблари учун икки ҳафталик (5 октябрдан 18 октябргача) таътил эълон қилди. Бу ҳақда Москва мэри сайтида маълумот тарқатилди.

Одатда, Россия мактабларида кузги таътил бир ҳафтагина давом этарди. “Санитар врачлар тавсиясига кўра, кузда юқумли касалликлар кўпайиши ҳамда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ошганини эътиборга олган ҳолда мен кузги таътил давомийлигини икки ҳафтагача узайтиришга қарор қилдим”, дейилади С. Собянин баёнотида.

Бу вақт ичида масофадан туриб бериладиган дарслар ҳам ўтказилмайди. Қўшимча таълим муассасалари ҳам икки ҳафтага ўз фаолиятларини тўхтатади. Боғчалар эса одатдаги тартибда ишлашда давом этади.

Собянин ота-оналарни ўз фарзандларига таътил пайтида уйда ёки дала ҳовлида қолиш, сайр учун эса яқинроқ парк ёки ҳовлига чиқиш афзаллигини тушунтириб қўйишга чақирган.

25 сентябрдан Москва расмийлари ёши 65 дан ошганлар, сурункали касаллиги бўлганлар ва ҳомиладорларга заруратсиз уйдан чиқмаслик чақириғи билан мурожаат қилган. Моҳиятан бу баҳордаги каби “ўзини ўзи изоляция қилиш режими” қайтганини англатади. Айни пайтда Собянин пенсионерлар уйдан чиққани учун жаримага тортилмаслигини ваъда қилган.

Айрим нашрларнинг ёзишича, Россия расмийлари коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани туфайли карантин чекловларини қайта тиклаш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Қайд этилишича, хасталикка чалинганлар сони кунига 10 мингдан ошса, яна карантин жорий қилиниши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 28 сентябрь эрталабки ҳолатга кўра Россияда 8 минг 135 кишида, 29 сентябрь эрталабки ҳолатга кўра эса 8 минг 232 кишида вирус қайд этилган.

Франция президенти Вильнюсда Беларусь мухолифати етакчиси Тихановская билан учрашди

Светлана Тихановская Эммануэль Макрон билан учрашувдан кейин журналистлар саволларига жавоб бермоқда, Вильнюс, 2020 йил 29 сентябри.

Франция президенти Эммануэль Макрон Литвага ташрифи доирасида 29 сентябрь куни Вильнюсда Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская билан учрашди. Бу ҳақда Delfi нашри хабар қилди.

Учрашувдан сўнг Тихановская Макрон Беларусдаги сиёсий бўҳронни изга солиш ҳамда сиёсий маҳбусларни озод қилишда ёрдам беришга ваъда қилганини билдирди. Франция президентининг матбуот хизмати суҳбат тафсилотларини ҳали очиқлаганича йўқ.

Тихановскаянинг матбуот хизмати аввалроқ Макрон билан суҳбат мавзуси “Беларусда янги президент сайловлари ўтказишга оид музокаралар ташкил этиш имконияти” бўлишини маълум қилганди.

Олдинроқ Макрон Александр Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти, деб ҳисобламаслигини билдирган ва унга истеъфо кетишни таклиф қилган. Бунга жавобан Лукашенко Макронга “чор-атрофга камроқ аланглаб, Франциянинг ички ишлари билан шуғулланиш”ни маслаҳат берган.

27 сентябрь куни Минскда галдаги кўп минг кишилик акция бўлиб ўтган. Норозилик тадбири иштирокчилари уни Лукашенконинг рақиби бўлмиш “Светлана Тихановскаянинг халқона инаугурацияси” деб атаганлар.

Беларусда 50 кундан бери тинмаётган норозилик чиқишлари 9 август куни ўтказилган президент сайловида давлат раҳбари лавозимига қаторасига олти марта ўз номзодини қўйган Александр Лукашенко ғолиб, деб эълон қилинганидан кейин бошланиб кетган. Норозилар унинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар. Мазкур норозилик намойишлари чоғида шу кунгача камида тўрт киши нобуд бўлди, олти киши бедарак йўқолди, жабрланганлар ва ҳибсга олинганларнинг эса аниқ сонини ҳеч ким билмайди, аммо бундай кишилар минглаб эканини айтиш мумкин.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Лукашенкони бундан буён президент ўлароқ тан олмасликларини билдирганлар. Ўтган ҳафта Александр Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтган, бу унга қарши бўлган одамларнинг норозилигини янада кучайтириб юборган.

Ўзбекистонга ноқонуний равишда 30 бошдан кўпроқ қўй олиб ўтишга ҳаракат қилганлар қўлга олинди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўзбек аскарлари.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманида Ўзбекистонга 33 бош қўйни ноқонуний равишда олиб ўтишга ҳаракат қилган икки нафар қирғизистонлик қўлга олинди.

Чегара хизматининг 29 сентябрда билдиришича, улар Тепақўрғон қишлоғининг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган “33 гектар” деб номланган ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатсиз ва рухсатсиз 33 бош қўйни Ўзбекистонга ҳайдаётган пайтда ушланган.

Қўлга олинганлар Ички ишлар органларига топширилди. Қўйлар эса ортга қайтарилди.

Сўнгги кунларда Қирғизистонинг Олабуқа ва Ахси туманлари орқали чорва молларини ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб ўтиш ҳаракатлари тез-тез содир этилмоқда.

Кейинги ҳафталарда Қирғизистонда гўшт нархи камида 10 фоизга қимматлаб кетди. Сўнгги бир неча йил давомида деярли ўзгаришсиз турган нархларнинг кескин ортиб кетишини маҳаллий қассоблар ҳам, расмийлар ҳам чорванинг қўшни давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга экспорти кучайгани билан изоҳламоқда.

Польша экстремизмда гумонланган тожикистонлик муҳожирларни депортация қилди

Германияда ҳам “Ислом давлати” гуруҳига аъзоликда гумон қилинган тўрт тожикистонлик қўлга тушганди.

Польша “Ислом давлати” террор гуруҳига алоқадорликда гумонланган беш нафар тожикистонликни мамлакатдан бадарға қилди. Уларга бундан буён Шенген ҳудудига кириш тақиқланди.

Жорий йилнинг майида Польша ҳукумати “Ислом давлати” гуруҳи ғояларини тарғиб қилишда ва фуқароларни жангарилар сафига қўшилишга чақирган тўрт нафар тожикистонлик қўлга олинганини билдирган эди. Бешинчи муҳожир кейинроқ қўлга тушган.

Бундан аввалроқ эса Албанияда Германия ҳукумати террорчиликда айблаган Тожикистон фуқароси Интерпол томонидан қўлга олинганди. Маҳаллий нашрлар қўлга олинган шахс 24 ёшли Камрон Зухуров эканини, у “Ислом давлати” гуруҳи аъзоси бўлганини ёзган.

Германияда ҳам 15 апрелда “Ислом давлати” гуруҳига аъзоликда гумон қилинган тўрт тожикистонлик қўлга тушганди. 24-32 ёшдаги бу шахслар Германияда қочқин сифатида яшаб келишган.

Тожикистон ҳукумати Европада қўлга олинган фуқаролари юзасидан шу кунгача муносабат билдирган эмас.

БМТ Бош котиби Арманистон ва Озарбайжонни жангларни тўхтатишга чақирди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматини Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни зудликда тўхтатишга чақирди.

Сўнгги хабарларга қараганда 27 сентябрда бошланиб, шу кунгача давом этаётган жангларда камида 65 киши ҳалок бўлди.

БМТ Бош котиби расмий вакили Стефан Дужаррик 28 сентябрь куни Антонио Гутерриш Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилганини билдирди.

Мулоқот чоғида Гутерриш томонларни Тоғли Қорабоққа Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини киритиш юзасидан музокараларни жонлантиришга чақирди.

29 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда. Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги бу зиддиятга Туркия ва Россиянинг ҳам аралашиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Арманистон ҳукумати икки кун ичида Туркияни “яқин ҳамкори Озарбайжонни қурол ва учувчисиз бошқариладиган самолётлар” билан таъминлаётганликда айблашга улгурди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган. Тоғли Қорабоғ мустақиллигини жаҳонда ҳеч бир давлат тан олган эмас.

Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич даволаниш учун Беларусдан Германияга кетди

72 ёшли Светлана Алексиевич Беларус мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Беларус ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич даволаниш учун Германияга кетди. Алексиевич президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари авжига чиққан бир паллада Беларусни тарк этди.

72 ёшли Светлана Алексиевич Беларус мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси ҳисобланади. Норозилик намойишлари ортидан мазкур кенгаш аъзолари Беларус ҳукумати томонидан босим ва таъқибга учрамоқда.

Алексиевичнинг дугонаси Мария Войешонок AFP агентлигига ёзувчи Германияга режалаштирилган даволаниш учун кетганини тасдиқлади.

“У бир ойдан сўнг Беларусга қайтади. У мувофиқлаштириш кенгашидаги фаолиятини тўхтатмайди”,- деди Мария Войешонок.

Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланиб кетган.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

Германия канцлери Ангела Меркель касалхонада ётган Алексей Навальний ҳолидан хабар олди

Навальний 32 кун Берлиндаги “Шарите” касалхонасида даволанди.

Германия канцлери Ангела Меркель рус мухолифатчиси Алексей Навальний даволанаётган касалхонага бориб, унинг ҳолидан хабар олди.

44 ёшли Навальний 28 сентябрь куни ўз Твиттерида “Бу хусусий ташриф ва оиламиз билан суҳбатлашув бўлди”, деб ёзди. У Меркелга ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Навальний 32 кун Берлиндаги “Шарите” касалхонасида даволанди.

Меркелнинг расмий вакили Штеффен Зайберт ҳам 28 сентябрда матбуот анжуманида: “Бу хусусий ташриф бўлди”, - деб билдирди ва ташриф тафсилотларини айтмади.

Меркелнинг Навальнийни бориб кўргани жамоатчиликка немис журнали Der Spiegel 27 сентябрь куни берган хабар ортидан ошкор бўлди. Журнал “Меркель Навалний билан касалхонада махфий равишда учрашди”,-деб ёзган эди.

Мухолифат лидери Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётганида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган. 22 августда эса Германия ҳукумати уни Берлиндаги "Шарите" касалхонасига олиб келган эди.

Европалик мутахассислар Навальний Новичок турига кирувчи кимёвий модда билан заҳарланганини аниқлаганлар. Бироқ Россия бу маълумотларни рад этмоқда.

АҚШ президентлигига номзод Трамп ва Байден илк дебатни ўтказади

АҚШ президенти Дональд Трамп сайловчилар билан учрашмоқда.

АҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Жо Байден президентлик сайловига беш ҳафта қолганида ўзларининг биринчи дебатини ўтказадилар.

29 сентябрда ўтказиладиган 90 дақиқалик илк дебат мавзуси президент Дональд Трампнинг солиқлари масаласи бўлиши кутилмоқда.

New York Times бу борадаги шов-шувли мақолани эълон қилиши ортидан Трампнинг рақиби Байден дебатда мана шу мавзуга кўпроқ урғу бериш имкониятини қўлга киритди.

New York Times газетаси 27 сентябрь куни президент Дональд Трамп 2016 йилда даромад солиғи сифатида федерал бюджетга бор-йўғи 750 доллар тўлагани ҳақидаги сенсацион мақолани эълон қилган эди. Мақолада айтилишича, Трамп 2017 йилда ҳам даромад солиғи учун 750 доллар тўлаган, лекин бундан олдинги 17 йил давомида федерал бюджетга даромад солиғини тўламай келган.

Трамп мақолада келтирилган фактларни инкор қилган ва уни “фейк” деб атаган эди. Бироқ Трамп тўлаган солиқлари миқдорини жамоатчиликдан яшириб келмоқда. Байден эса тўлаган солиқлари миқдорини ошкор қилган.

Огайо штатининг Кливленд шаҳрида ўтадиган дебатни телевидение орқали юз миллионга яқин америкалик кўриши таҳмин қилинмоқда.

Трамп Республикачилар партиясидан, Байден эса Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзод қилиб кўрсатилган. АҚШда президентлик сайлови 3 ноябрда ўтказилади.

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик муҳожирларни Мослаштириш маркази очилди

Меҳнат муҳожирлари учун касбга йўналтирилган бепул таълим курсларидан бири. Москва.

Санкт-Петербург шаҳридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасининг ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказининг Мослаштириш маркази тантанали равишда очилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 28 сентябрь куни кечга яқин маълум қилди.

Билдирилишича, марказда ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, чет тилларни ўрганиш курсларини ташкил этиш, Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолияти амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турли тадбир ва семинарлар ўтказишга мўлжалланган.

Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганди.

Мазкур қарорга асосан ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида рус тили, ўз касби бўйича малака ошириш, янги касб ўрганиш йўналишлари бўйича бепул курслар ташкил этилади.

Рубль долларга нисбатан энг кўп қадрсизланган валюталар учлигига кирди

Москва биржаси маълумотларига кўра, рубль АҚШ долларига нисбатан энг кўп қадрсизланган валюталар учлигига кирди.

Йил бошидан бери Россия валютаси АҚШникига нисбатан 21,6 фоиз қадрини йўқотган. Рублдан пастроқ даражага фақат Бразилия реали ва Туркия лираси тушган.

28 сентябрь куни Москва биржасида доллар 79 рублга чиқди. Айни пайтда евро курси 92 рублдан ошиб кетди. Бу Россия валютасининг Европа Иттифоқи валютасига нисбатан 2016 йил январидан бери энг паст поғонага шўнғишидир.

Юртига кетиш илинжида юрган 200 нафар ўзбек муҳожири Волгоград вилоятидаги масжидга жойлаштирилди

Волжский вокзалидаги ўзбекистонлик муҳожирлар, 2020 йил 25 сентябри.

Ўзбекистонга кетиш илинжида юрган 200 чоғли меҳнат муҳожири Волгоград вилоятидаги Волжский шаҳри масжидига жойлаштирилди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги масжид имоми, мусулмонларнинг минтақавий уюшмаси раёсати раиси Абдулла ҳожи Бата сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Бугун Волжский шаҳар маъмуриятида ошиғич йиғилиш бўлиб ўтди. Шаҳар расмийлари Россиянинг турли жойларидан келаётган ўзбекистонликларни жойлаштиришда бизга ёрдам беришга қарор қилишди. Каравот, тўшак, озиқ-овқат билан таъминлашди, қўшимча ҳожатхоналар олиб келиб беришди. Масжидда ҳаммаси бўлиб 200 чоғли одам йиғилди”, деган Абдулла ҳожи.

Унга кўра, 25 сентябрь куни Тошкентга кетадиган поездни кутиш ортидан Волжский вокзалида 1000 чоғли одамнинг йиғилиб қолгани туфайли юзага келган талотўп темирйўлчилар хатоси важидан пайдо бўлган. Чипта сотиш онлайн тарзда ташкил этилган эмас, чиптани фақат вокзал кассаларидан олиш мумкин бўлган.

Ҳозир интернет орқали чипта сотиш йўлга қўйилган. Умид қиламизки, эндиликда одамларнинг вокзалга олдинроқ келишларига ҳожат қолмайди, улар бевосита поезд йўлга чиқадиган пайтга етиб келадилар. Аммо биз барибир ҳаммага ёрдам беришга тайёр турамиз”, деган Волжский масжиди имоми.

У бугунги кунда 1300 та чипта сотиб бўлингани, яна икки поездга сотиладиган 600 тача чипта қолганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Россия Транспорт вазирлиги ва “Россия темир йўллари” ширкати Россиядан ўзбекистонликларни олиб чиқиб кетиш учун 25, 29 сентябрь ва 1 октябрь кунлари Волжский – Тошкент йўналиши бўйлаб учта махсус поезд уюштиришгани ҳақида хабар қилинган. Поездларнинг ҳар бири 938 нафар йўловчи ташишга мўлжалланган.

Юртига қайтиб кетиш умидида Россия чегараларида тўпланиб қолган ўзбекистонликлар учоқ, поезд ва автобусларда босқичма-босқич олиб кетилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча марта хабар қилган.

Эрдўғон: Арманистон Тоғли Қорабоғни тарк этиши шарт

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Арманистон Озарбайжоннинг “ишғол этилган ҳудуди”ни дарҳол тарк этиши лозим, дея баёнот берди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни изоҳлар экан. Бу ҳақда Туркиянинг давлатга қарашли Anadolu агентлиги хабар қилди.

Ўз навбатида, Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Анқарани қуролли можарода Озарбайжон тарафида туриб уруш қилиш учун жангчи ёллаётганликда айблади.

Тоғли Қорабоғда зиддият куни кеча кучайиб кетди. Ереван ва Боку бир-бирларини зиддият эскалациясида айблаб чиқишди. Шу пайтгача иккала томондан ўнлаб одам нобуд бўлгани маълум. Улар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам борлиги айтилмоқда. Ҳар иккала мамлакатда ҳам ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган. Арманистон ортидан Озарбайжон парламенти ҳам мамлакатнинг бир қисмида ҳарбий ҳолат жорий қилди. Пойтахт Боку дохил айрим шаҳарларда комендантлик соати кирилган.

БМТ, АҚШ, Россия ва Европа Иттифоқи Арманистон билан Озарбайжонни ўт очишни бас қилиб, музокаралар столига қайтишга чақиришди.

Тоғли Қорабоғнинг кимга тегишли эканига оид баҳс совет замонидан бери давом этиб келмоқда. Озарбайжон кўпроқ арманлар яшайдиган мазкур ҳудудни ўтган аср 90-йиллари бошидан бери назорат қилмайди. 30 йил аввалги тўқнашувлар чоғида камида 30 минг киши ҳалок бўлган, 100 минглаб одам қочқинга айланган.

Европа Иттифоқи Қрим кўпригини қурганларга қарши санкцияларни маъқуллади

Қрим кўприги.

Европа Иттифоқи элчилари Қрим кўприги қурилиши учун масъул бўлган икки киши ва тўрт ширкатга қарши санкцияларни маъқуллади. Чекловлар ҳақида расман шу ҳафта эълон қилинади, дея хабар қилди Озодлик радиоси шарҳловчиси Рикард Йозвяк.

Аввалроқ Москва Россияга кириши тақиқланган ЕИ вакиллари рўйхатини кенгайтирганди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Брюсселни уйдирилган ва тутуруқсиз баҳоналар билан россияликлар ва Россия ширкатларига нисбатан санкцияларни кенгайтирганликда айблаган.

2018 йили Европа Иттифоқи Қрим кўприги қурилишида иштирок этган олти ширкатга қарши санкциялар жорий қилганди. Мазкур ширкатлар орасида Россия президенти В. Путинга яқин бўлган тадбиркор Аркадий Ротенбергга қарашли “Стройгазмонтаж” ҳам бор эди. Кўприк қурилиши учун Ротенбергга Меҳнат қаҳрамони унвони берилган.

Россия Қрим яриморолини 2014 йилги референдум натижалари асосида аннексия қилган. Референдум Украина қонунчилигига зид равишда ва яриморол россиялик ҳарбийлар назорати остига олинганидан кейин ўтказилганди. Ғарб мамлакатлари буни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши, деб ҳисоблайди. Москва иддаосига кўра эса бу “тарихий адолатнинг тикланиши”дир.

Қрим кўприги Керчь ва Тамань яриморолларини бирлаштиради. Кўприкдаги автомобиль йўли 2018 йил майида, темир йўл эса 2019 йил декабрида очилган.

Душанба (28 сентябрь) куни Росгвардия кўприкни қўриқлаш учун 395 миллион рублга иккита дрон сотиб олиши маълум бўлди.

Россия: Ступинода кўприк қулаши оқибатида 49 нафар қирғизистонлик жароҳатланди

Москва вилоятининг Ступино туманида жойлашган “ФМ Сидорово” логистика корхонасида 27 сентябрь куни йўловчи кўприги қулаши оқибатида 49 нафар қирғизистонлик муҳожир жабрланган.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, жароҳатланганлардан тўрт нафари Ступино касалхонасига етказилган. Ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлган эмас.

Воқеа жойига тез орада Россия Тергов қўмитаси, прокуратура, ФВВ, “тез ёрдам” хизмати ҳамда Қирғизистон элчихонаси ходимлари етиб борганлар.

Маълумотларга кўра, “ФМ Сидорово” корхонасида жами 169 нафар қирғизистонлик ишлаган. Уларнинг мазкур корхонада тегишли тиббий ва бошқа ҳужжатларсиз ишлагани айтилмоқда.

Россия ИИВнинг маълум қилишича, 2020 йил январидан июнь ойигача мамлакатда 380 минг чоғли қирғизистонлик миграцион рўйхатдан ўтган. Айни пайтда Россияда доимий ишлаётган қирғизистонликлар сони 700 минг нафарга етиши тахмин қилинади. Уларнинг катта қисми Москва шаҳри ва вилоятида ишлайди.

Қирғизистонда сўнгги уч ҳафта ичида коронавирусдан бир киши вафот этди

Бишкекдаги собиқ АҚШ ҳарбий базасида коронавирус беморлари учун очилган касалхона.

Қирғизистонда COVID-19дан сўнгги бир сутка ичида бир киши вафот этди. Бунга қадар уч ҳафта мобайнида коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмаган ва беморлар сони кескин озайган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевнинг 28 сентябрда билдиришича, коронавирусдан вафот этган шахс Ўш вилоятида яшаган. Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 1064 кишига етди.

18 августгача Қирғизистонда коронавирусдан 1498 киши ўлгани расман билдирилган эди. Бироқ ҳукумат вафот этганлар рўйхатини қайта кўриб чиқиб, 437 киши коронавирусдан эмас, бошқа касалликлардан вафот этгани аниқланганини билдирган. Шу сабабли коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони қисқартирилган.

Расман билдирилишича, сўнгги бир сутка ичида 104 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 46 355 кишига етди. Беморлардан 42 619 киши соғайган.

Айни пайтда беморлардан 700 нафари касалхоналарда, 1520 киши уйида даволанмоқда.

New York Times: Трамп 2016 ва 2017 йилда 750 доллар даромад солиғи тўлади

Дональд Трамп бу маълумотни "фейк" деб атади.

New York Times газетаси 27 сентябрь куни президент Дональд Трамп 2016 йилда даромад солиғи сифатида федерал бюджетга бор-йўғи 750 доллар тўлагани ҳақидаги сенсацион мақолани эълон қилди. Трамп айнан 2016 йилда президентликка сайланган эди.

Мақолада айтилишича, Трамп 2017 йилда ҳам даромад солиғи учун 750 доллар тўлаган, лекин бундан олдинги 10-15 йил давомида федерал бюджетга даромад солиғини тўламай келган.

Мазкур хабар ортидан матбуот анжумани ўтказган Трамп газета мақоласини “фейк” деб атади. Лекин Трамп аслида қанча солиқ тўлаганини жамоатчиликка ошкор қилмади. У бу борадаги маълумотни очиқлай олмаслигини, аммо унинг солиқ декларацияси Солиқ хизмати томонидан текширилиб борилишини таъкидлади.

Трамп АҚШ Солиқ хизматини “ўзига нисбатан душманлик қилаётганликда” айблади.

Трамп ўзи тўлаган солиқлар миқдорини ошкор қилмаётган ягона президентдир. У ўз даромадлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлганларга нисбатан судларга даъво аризалари киритган.

New York Times мақоласи Трампнинг муваффақиятли бизнесмен-миллиардер ва ватанпарвар сифатида шакллантирилган имижига берилган зарба бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни дипломатик музокараларни бошлашга чақирди

Тоғли Қорабоғ харитаси.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 27 сентябрь куни тарқатган баёнотда маълум қилинди.

«Ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалалар халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз», -дейилади вазирлик баёнотида.

27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида шиддатли отишма содир бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонидан оддий аҳоли пунктига ракета отилгани ва ҳаводан ҳужум қилинганини таъкидлади.

Озарбайжон эса ҳарбий амалиёт Арманистон томонидан бўлган ҳужумга жавобан бошланган, деб билдирди.

Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли тўқнашувда камида 23 киши ҳалок бўлди

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувдан сўнг Арманистон ва Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни содир этилган қуролли тўқнашув пайтида камида 23 киши ҳалок бўлди.

Тоғли Қорабоғ ҳарбийларининг билдиришича, 16 аскар ҳалок бўлган, камида юз аскар яраланган. Арман фаоллари аввалроқ тўқнашув пайтида бир аёл ва бир бола ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.

Озарбайжон ҳукумати Арманистон Қуролли кучлари ҳужуми оқибатида бир оиланинг беш нафар аъзоси ҳалок бўлганини билдирди. Бундан ташқари тинч аҳоли вакилларидан 19 киши яраланган.

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувдан сўнг дастлаб Арманистон, кейин Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

АҚШ, Россия, Франция, Туркия ва бошқа давлатлар томонларни “ўт очишни зудликда тўхтатиш”га чақирди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

Беларусда намойишларнинг 50-кунида юзлаб норози қўлга олинди

Минскда 27 сентябрда ўтган намойишга камида юз минг одам қатнашди.

Беларус полицияси 27 сентябрь куни намойишга чиққан норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталарни қўллади. Полиция томонидан юзлаб норозилар қўлга олинди.

Намойишларнинг эллигинчи кунида Минскда юз мингдан кўпроқ норози намойишга чиқди. Норозилар Лукашенконинг намойишларни куч билан тарқатаётганинини назарда тутган ҳолда “фашист” ва “шармандалик”, деб ҳайқирдилар.

Гомелда ОМОН намойишга чиққанларни тарқатиш учун ҳавога қарата ўқ узди ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Гроднода ҳам норозиларни тарқатиш мақсадида кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатилди. Бу шаҳарда ҳам кўплаб норозилар қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, якшанба кунги намойишлар пайтида “200га яқин норози қўлга олинган”. Бироқ “Весна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти камида 341 киши қўлга олинганини маълум қилмоқда.

Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланиб кетган.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

Беларусь ғарб давлатларини мамлакатда «тартибсизлик ва анархия» уруғларини сепишда айблади

Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей, 2 сентябрь, 2020, Минск

Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей ғарб давлатларини, мамлакатда «тартибсизлик ва анархия» келтириб чиқариш мақсадида унинг ички ишларига аралашишда айблади.

Макей 26 сентябрь куни БМТга йўллаган видеомурожаатида:

«Мамлакатимиздаги вазиятни беқарорлаштириш уринишларига гувоҳ бўляпмиз. Ички ишларимизга аралашиш, Беларусга қарши санкциялар ва бошқа чекловлар жорий қилиш мутлақ барчага зиён келтиради», - деди.

Беларусь мухолифати ва ғарб давлатлари 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан бери мамлакатда президент Александр Лукашенко истеъфоси талаби билан норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Британия ва Канада намойишчиларга қарши қўлланган кескин чораларга масъул расмийларга қарши санкция жорий қилишни режалаштирмоқда.

Жорий ҳафтада Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими ими-жимида ўтказилди.

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари яна тўқнашди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян аскарлар билан учрашмоқда, 30 август, 2020

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида шиддатли отишма содир бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонидан оддий аҳоли пунктига ракета отилгани ва ҳаводан ҳужум қилинганини таъкидлади.

Озарбайжон эса ҳарбий амалиёт Арманистон томонидан бўлган ҳужумга жавобан бошланган, деб билдирди.

Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни икки Озарбайжон вертолёти ва уч дронини уриб туширганини билдирди.

Озарбайжон армияси эса арман қўшинлари ҳужумига жавоб қайтаргани, мамлакат қўшинлари вазият назоратини тўлиқ қўлга олганини маълум қилди.

Шу йилнинг 12 июлида ҳам Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада жанг ҳаракатлари кузатилган. Икки мамлакат чегарасидаги қуролли тўқнашувлар 3 кун давом этган.

Ўшанда икки томон бир-бирини ҳужумни бошлаганлик ва аҳоли пунктларини ўққа тутганликда айблаган.

Асосан, этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган.

Тоғли Қорабоғдаги чегара чизиғи ҳамда Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегара участкаларида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб туради.

Жаҳон бўйлаб коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 1 миллионга яқинлашди

Россиялик "Тез ёрдам" шифокори беморни қабул қилиб олмоқда, сентябрь, 2020

Жаҳон бўйлаб COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 1 миллионга етай деб қолди.

Вирус ўтган йилнинг декабрида тарқала бошлаганидан бери 33 миллиондан ошиқ одам уни юқтирди.

Вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий қилинган чекловлар туфайли жаҳон иқтисоди бўҳронга юз тутди. Европада пандемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани айтилмоқда.

Испания, Франция ва Британияда рекорд даражада вирус юқтириш ҳолатлари қайд этилмоқда. Шу сабабдан бир неча Европа давлатида чекловлар қайта жорий қилинди.

Россияда вирус юқтирганлар сони июнь ойидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичга етди. Мамлакатга бугунга қадар 1 143 571 нафар одам вирусга чалинди.

Яқин Шарқда эса Эрон президенти Ҳасан Руҳоний вилоятларига лозим бўлса, карантин жорий қилишга изн берди.

Покистон бош вазири Ҳиндистон ҳукуматини исломофобияда айблади

Покистон бош вазири Имрон Хон БМТ Бош ассамблеясида 25 сентябрь куни қилган чиқишида "Ҳиндистоннинг миллатчи ҳукумати мусулмонларга қарши нафрат ва адоват қўзғатаётгани"ни таъкидлади.

Хон коронавирус пандемияси туфайли виртуал тарзда ўтказилаётган йиғинга йўллаган видеомурожаатида Ҳиндистонда исломофобия авж олаётгани, бу ҳолат мамлакатдаги 200 миллионга яқин мусулмон ҳаётига таҳдид солаётганини айтди.

Шунингдек, Покистон бош вазири Ҳиндистон ҳукумати асосан мусулмонлар яшайдиган Кашмир минтақаси назоратини қўлга олишга уринаётганини қоралади.

Ўтган йилнинг августида Ҳиндистон ҳукумати Кашмир ва Жамму ҳудудларининг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди.

БМТ тайинлаган мустақил мутахассислар гуруҳи Ҳиндистонни зудлик билан чора кўришга чорлади.

Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли қисмида яшаётганлар полиция уларнинг уйларини асоссиз рейд қилаётганини, аҳолини калтаклаётганини ва турли йўллар билан таҳқирлаётганини айтиб келади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG