Линклар

Шошилинч хабар
04 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:01

Халқаро хабарлар

Эрон олий раҳбари ўлдирилган генерал билан видолашиш маросимида қатнашди

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий генерал Қосим Сулаймонийнинг жаноза намозида.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ ҳужуми ортидан Ироқда ҳалок бўлган генерал Қосим Сулаймоний билан видолашиш маросимида қатнашди. Пойтахт Теҳронда Сулаймонийга ҳурмат бажо келтириш учун ўн минглаб киши йиғилди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Унинг жасади туғилиб ўсган Кермон шаҳрига олиб кетилар экан, Эроннинг бир қатор шаҳарларида у билан видолашиш маросимлари бўлиб ўтди.

Хабарларга кўра, Сулаймонийнинг жасади 7 январь куни дафн этилади.

Теҳрон генерал ўлими ортидан АҚШдан ўч олишни ваъда қилди. АҚШ президенти Дональд Трамп эса, ўз навбатида, Теҳрон ҳужумга ўтса, Вашингтон Эрондаги 52 объектга зарба беришини айтиб, таҳдид солди.

Кун янгиликлари

Трамп ўзига қарши импичмент терговига алоқадор разведка ходимини ишдан олди

АҚШ президенти Дональд Трамп унинг маъмуриятига қарши импичмент суриштирувига алоқадор разведка ходимини лавозимидан бўшатди.

Сенат разведка қўмитасининг бош инспектори лавозимида ишлаган Майкл Аткинсон биринчи бўлиб АҚШ конгрессига Трамп Украинага босим ўтказгани ҳақида шикоят келиб тушганини ошкор қилган эди.

Кейинчалик жамоатчиликка ошкор қилинган шикоят туфайли Трамп Киев 2020 йилги президент сайловидаги рақиби Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилмаса, ёрдамни бермаслигини айтиб, таҳдид қилгани маълум бўлди.

Айнан шу ҳолат туфайли АҚШ Намояндалар палатаси Трампга импичмент эълон қилди. Аммо республикачилар ҳукмронлик қилаётган сенат февраль ойида президентни оқлади.

Трамп Аткисонни ишдан бўшатгани ҳақида 3 апрель куни Сенат разведка қўмитаси раиси Адам Шифф ҳамда қўмитадаги энг юқори лавозимли республикачи Девин Нуньесга мактуб юборди.

Шифф Аткисоннинг ишдан олинганини қоралади. Хусусан, Шифф Трампни президентнинг ножўя ҳаракатларини ошкор қилишга ҳаракат қилганлардан ўч олишда айблади.

«Бу ҳолат мамлакатимиз ва миллий хавфсизлигимиз янада қалтис аҳволга солади», деб ёзди Шифф ўз Twitter саҳифасида.

Европа парламенти депутатлари: Россия коронавирус баҳонасида санкциялар бекор қилинишига эришмоқчи

Россия Италияга коронавирусга қарши анжомларни етказган.

Европа парламентининг бир гуруҳ аъзоси Москвани коронавирус пандемияси баҳонасида Россияга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинишига эришишни кўзлаётганини таъкидлади.

3 апрель куни ёзилган ва Озодлик танишиб чиққан мактубда Россия пандемиядан азоб чекаётган Европа давлатларига юборган ёрдам «жамоатчилик билан алоқалар кампанияси» доирасида кўрилган чора эканлиги айтилади.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши президенти Шарль Мишель ҳамда Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррелларга йўлланган мактубни Европа парламентининг 19 нафар аъзоси имзолаган.

Мактуб муаллифлари пандемия туфайли Россия Федерациясига қарши санкцияларни қайта кўриб чиқмасликка чорлаган.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин коронавирус туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни музлатишни таклиф қилган эди. Хусусан, Катта йигирматалик аъзолари ўтказган видео анжуманда қатнашган Путин гуманитар нуқтаи назардан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси билан курашаётган давлатларга қарши санкциялар бекор қилиниши кераклигини таъкидлади.

Европа парламенти аъзолари мактубида Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллаб келгани учун жорий қилинган санкциялар «Россия ўз фуқаролари соғлиғини тегишли тарзда ҳимоя қилишига тўсқинлик қилмайди», дейилади.

Россия ҳукуматининг коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини танқид қилган шифокор қўлга олинди

«Шифокорлар альянси» етакчиси Анастасия Васильева.

Россияда мухолифатчи Алексей Навальний қўллаб келаётган «Шифокорлар альянси» етакчиси Анастасия Васильева вилоят шифохоналари тайёргарлигини баҳолаш жараёни давомида ҳибсга олинган.

Аввалроқ альянс Россия бўйлаб шифохоналар аҳволини баҳолаш ҳамда уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакат бўйлаб акция ўтказишини эълон қилган эди.

Альянс вакили Васильева Окуловка шаҳрида ҳибсга олиниб, бир кун сўроқ қилинганини билдирди.

«Шифокорлар альянси» ходими Иван Коновалов Озодлик радиоси билан суҳбатда Васильевани маҳаллий полиция станциясига махсус белгига эга бўлмаган автомобилда олиб кетишганини айтди.

3 март куни ўтказилган қисқа суд эшитишида Васильева карантин чораларига амал қилмасликда айбдор деб топилиб, 1600 рубль жаримага тортилган.

Amnesty International ташкилоти Васильеванинг қўлга олинганини кескин танқид қилди. Ташкилот эълон қилган билдирувда «Россия расмийлари COVID-19 пандемиясидан кўра танқиддан кўпроқ қўрқишини ақл бовар қилмайди», дейилади.

Март бошида Россияда янги коронавирусни юқтирганлар сони оша бошлаганидан бери Васильева ҳукуматнинг коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини танқид қилиб, расмийларни вирусни юқтирганлар сонини озайтириб кўрсатишда айблаб келади.

Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб олиш кўламини камайтириш масаласида келиша олмади

Коронавирус пандемияси жаҳон бўйлаб тарқалар экан, Россия ва Саудия Арабистон бир ойдан бери нефть қазиб олиш кўламини ўзгартириш бўйича келишувга эриша олмаяпти.

Саудия Арабистонининг энергетика вазири Файсал бин Фарҳан ал-Сауд Россиянинг қироллик ўтган ойда нефть қазиб олиш кўламини озайтиришни кўзловчи келишувни имзолашдан бош тортгани тўғрисидаги иддаосини рад этди.

Пандемия туфайли юзага келган иқтисодий инқирозга қарши кураш доирасида Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (OPEC) ҳамда Россия каби ташкилот ҳамкорлари пастлаб кетган нефть нархларини кўтариш мақсадида ишлаб чиқариш кўламини ўзгартириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Нефть қазиб олиш кўламини қисқартиришни кўзловчи келишув самара бериши учун уни OPEC+ гуруҳига аъзо бўлмаган давлатлар ҳам қўллаши керак бўлади.

3 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп нефть ширкатлари етакчилари билан бўлиб ўтган учрашувда АҚШ ҳукумати нефть саноатини қўллашини изҳор қилди, аммо ишлаб чиқариш кўламини ўзгартиришни ваъда қилмади

Бир баррель нефть нархи 2019 йил якунида 65 доллар бўлган бўлса, бугунга келиб нархлар 34 долларга тушиб қолди.

Ўзбекистон ичида анклав бўлган қирғиз қишлоғида озиқ-овқат муаммоси юзага келди

Барак қишлоғига ўтувчи Оқтош чегара пункти ёпиқ қолмоқда.

Ўзбекистон ичида анклав бўлган Қирғизистонга қарашли Барак қишлоғи аҳолиси Қирғизистонда коронавирус туфайли элон қилинган фавқулодда ҳолат ортидан қишлоқда озиқ-овқат муаммоси юзага келганини билдирмоқда. Бу ҳақда Бишкекдаги “Турмуш” сайти 3 апрель куни хабар берди.

Барак анклавида 18 оилада жами 70 одам яшайди. Қишлоқ раиси Бурканбек Аширов маҳаллий ҳокимиятга бу борада мурожаат қилган, аммо у ерда унга ун ва ёғ таъминотида муаммолар борлигини айтишган.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукуматининг Ўшдаги мухтор вакили ўринбосари Байиш Юсупов қишлоқ вакиллари билан ўтказилган онлайн брифингда: “Бу қишлоқ аҳолиси кўп йиллардан бери карантин шароитида яшаб келмоқда. Уларга муаммони ҳал қилишда ёрдам берамиз. Маҳаллий ҳокимиятга топшириқлар берамиз”, деб ваъда берди.

Ўш шаҳри, Қорасув ва Новқат туманлари коменданти Малик Нуритдинов ҳуқуқ-тартибот тизмлари Барак қишлоғидаги вазиятни ўрганишини билдирди.

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Барак қишлоғи Ўзбекистон ичкарисида жойлашган. Қишлоқдан 5 километр ташқарига чиқилса Қорасув туман марказига кириб келинади. Бироқ мана шу 5 километр масофа Ўзбекистонга тегишли. Ўзбекистон бу ердан ўтишга рухсат бермагани учун Барак қишлоғи аҳолиси 2013 йилнинг 17 январидан бери Қорасувга бориб -келиш учун 600 километр масофани босиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида 25 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат вазияти эълон қилинган. Кундузи одамлар ва автомашиналарнинг ҳаракатлари чекланган, соат 20.00дан 7.00гача комендантлик соати жорий этилган.

Сўнгги маълумотга қараганда, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 130 нафарга етди. Беморлардан беш киши соғайди.

Коронавирус пандемияси боис Мексика машҳур Корона пивоси ишлаб чиқаришни тўхтатди

Group Modelo эгалик қилувчи машҳур Corona/Корона пивоси.

Коронавируснинг Мексикада ҳам тарқаб бораëтгани ортидан мамлакатнинг дунëга машҳур Корона (Corona) пивоси ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда мазкур брендга эгалик қилувчи Grupo Modelo маълум қилди.

Ишлаб чиқарувчи изоҳича¸ Мексика ҳукумати Корона пивоси ишлаб чиқариш иқтисоднинг ўта муҳим қисми бўлмагани учун¸ уни карантин пайтида тўхтатишни буюрган.

Корона пивоси ишлаб чиқариш 5 апрелдан тўхтатилади. Завод ўз ходимларининг 75 фоизини масофавий ишга ўтказиши¸ айни пайтда¸ омборхонада мавжуд пиволарни харидорлар уйига етказиш хизматини йўлга қўяжагини билдирди.

Бундан аввал Heineken пивосининг Мексикада ишлаб чиқарилиши ҳам тўхтатилгани хабар қилинган эди.

Дунë бўйлаб коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг¸ айрим давлатлар¸ хусусан¸ АҚШнинг баъзи штатларида вирус номи билан уйқашлиги боис (coronavirus - corona beer)¸ Корона пивосини бойкот қилиш кузатилган эди.

Сўнгги хабарларга қараганда¸ Мексикада коронавирусга чалинганлар сони 1500 дан¸ ўлганлар эса¸ 50 нафардан ошди.

Қирғизистонда коронавирусдан биринчи ўлим ҳолати қайд этилди, беморлар сони 130га етди

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 130 нафарга етди.

Қирғизистонда коронавирусдан Новқат тумани касалхонасида даволанаётган 61 ёшли бемор вафот этди. Бу ҳақда 3 апрель куни Коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабидан маълум қилинди.

Сўнгги маълумотга қараганда, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 130 нафарга етди. Беморлардан беш киши соғайди.

Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида 25 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат вазияти эълон қилинган. Кундузи одамлар ва автомашиналарнинг ҳаракатлари чекланган, соат 20.00дан 7.00гача комендантлик соати жорий этилган.

Қирғизистон ҳукумати 3 апрелдан бошлаб карантин ва комендантлик соати тартибини бузганларга жазо чораларини кучайтирди.

Бундан буён карантин тартибини бузганларга 30-60 минг сўм (тақрибан 346 – 729 доллар), кўчага ҳужжатсиз чиққанларга 3 минг сўм ( 36,5 доллар), дори-дармон ва озиқ -овқат нархларини қимматлатганларга 10-28 минг сўм (тақрибан 121 -340 доллар),ёлғон маълумот тарқатганларга 5,5-17 минг сўм (тақрибан 67-207 доллар) жарима солинади.

Филиппин президенти карантинни бузганларни отиб ўлдиришга буйруқ берди

Родриго Дутерте популистик баёнотлари ва аҳлоқсиз ҳазиллари билан танилган.

Филиппин президенти Родриго Дутерте армия ва полицияга мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режимини бузган ҳар қандай одамни отиб ташлаш тўғрисида буйруқ берди.

“Улар муаммо туғдириш ўрнига қабрга кирадилар”, деди Дутерте.

Пойтахт Манилада ва бошқа шаҳарларда жорий этилган карантин ва комендантлик соати ортидан ишсиз, пулсиз, овқатсиз ва ҳаёт кечириш учун зарур бўлган воситаларсиз қолган қашшоқларнинг стихияли норозилик намойишлари бўлиб турибди.

Родриго Дутерте 2016 йилнинг майида президентлик лавозимини бажаришга киришганидан бери популистик баёнотлари, аҳлоқсиз ҳазиллари, минглаб наркоманларни ва наркосавдогарларни террор ва қатл қилиш кампанияси ва АҚШ шаънига лаънат айтиши билан ўзига эътиборни тортиб келмоқда.

Масалан у икки йил олдин армияга ҳукуматга қарши бўлган исёнчи гуруҳ аъзолари бўлган аёлларни ўлдирмаслик, аксинча уларнинг андомига ўқ узишлик тўғрисида кўрсатма берган.

Филиппинда 2600дан ортиқ одам COVID-19га чалинган. Улардан 107 нафари ўлган.

Қирғизистоннинг ун ишлаб чиқарувчи энг йирик икки ширкати ўз ишини тўхтатди

"Акун" ширкати Қирғизистондаги энг йирик корхоналардан бири.

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги ун ишлаб чиқарувчи энг йирик “Акун” ва «Бишкекский мелькомбинат» корхоналари ун ишлаб чиқаришни тўхтатди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, “Акун” ширкати ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани учун Бишкек шаҳар комендантини айблаган.

“Тегирмонда ун ишлаб чиқаришга ва унни омборлардан юклашга масъул бўлган ишчилар яна йўлларга ўрнатилган блок-постлардан ўтказилмади. Уларга гувоҳнома берилиши учун ҳужжатларни бир ҳафта олдин тақдим этган бўлсак-да, шу кунгача рухсатномалар берилмади”, дейилади “Акун” ширкати баёнотида.

Бироқ Бишкек коменданти ширкатнинг бу иддаосини инкор этди ва ҳужжатлар “Акун” раҳбариятининг айби билан ўз вақтида расмийлаштирилмай қолганини билдирди.

Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида 25 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат вазияти эълон қилинган. Кундузи одамлар ва автомашиналарнинг ҳаракатлари чекланган, соат 20.00дан 7.00гача комендантлик соати жорий этилган.

Россияда "ишланмайдиган кунлар" муддати 30 апрелгача узайтирилди

Путин фавқулодда вазият режимини эълон қилмади.

Россия президенти Владимир Путин 2 апрель куни халққа қилган мурожаатида, 30 апрелгача бўлган муддатни ишланмайдиган кунлар, деб эълон қилди. Президент ишга чиқмаётган барча шахсларнинг ойлик маошлари сақланиб қолиши шарт, деб айтди.

Айни пайтда Путин фавқулодда вазият режимини эълон қилмади. Аввалроқ Россиядаги айрим нашрлар президент маъмуриятидаги манбаларига таянган ҳолда, Путин карантин чораларини “оммабоп эмас” деб ҳисоблашини ва бундай чораларни қўллаш унинг рейтингни туширишини билдирганини маълум қилган эдилар.

Путин 25 март куни халққа қилган мурожаатида коронавирус таҳдидини юмшатиш мақсадида 30 мартдан бошлаб бир ҳафтани дам олиш кунлари деб эълон қилган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 3548 одам коронавирусга чалинди. Беморларнинг 2475 нафари Москвада.

Россия президенти Владимир Путин 1 апрель куни ҳукумат аъзолари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда коронавирус бўйича вазият мураккаблашаётганини айтди.

Путиннинг айтишича, Россияда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирус таҳдиди остидадир. Бугунги кунда 290 минг одам “ўзини яккалаш” режими остида қолмоқда.

АҚШда коронавирус туфайли икки ҳафтада 10 миллион одам ишсиз қолди

АҚШда коронавирусдан 4 мингдан кўпроқ одам вафот этди.

АҚШда ишсизлик нафақаси сўраб Меҳнат вазирлигига мурожаат қилганлар сони бир ҳафтада рекорд даражага етди. Меҳнат вазирлигининг 2 апрелда маълум қилишича, ўтган ҳафтада 6 миллион 600 минг одам нафақа сўраган.

Бу бундан олдинги ҳафтада ўрнатилган рекорддан 3 миллион 600 мингга кўп. Ўшанда вазирликка 3 миллиондан кўпроқ одам мурожаат қилган эди. Икки ҳафта ичида 10 миллион америкалик ишсиз қолган.

Ишсизлик даражасининг кўпайишига коронавирус сабаб қилиб кўрсатилмоқда.АҚШ коронавирус бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди. Бу вирусга чалинганлар сони 220 мингдан ошди Ҳар куни АҚШда коронавирус юқтирганлар сони камида 20 минг кишига кўпаймоқда. Бунинг ортидан кўп штатларда чеклов чоралари кучга кирди ва минглаб хизмат кўрсатиш муассасалари ёпилмоқда.

АҚШда сўнгги марта ишсизлиқ нафақаси сўраб мурожаат қилиш бўйича рекорд 1982 йилда ўрнатилган эди. Ўшанда бир ҳафтада 700 минг одам Меҳнат вазирлигига мурожаат қилганди.

АҚШ конгресси ўтган ҳафтада иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион доллар ажратиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Мазкур қонунга кўра, ўртачадан кам даромад топадиган одамларга 1000 доллардан, ҳар бир болага 500 доллардан моддий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.

Россия нефтини экспорт қилиш унинг нархидан қимматга тушмоқда

Омскдаги нефть ишлаб чиқарувчи корхоналар.

Россия нефтини Сибир ғарбидан Шимолий-Ғарбий Европага ва Ўрта Ер денгизи минтақасига етказиб бериш ва экспорт бож тўлови 30 ва 31 март кунлари нефтнинг бугунги кундаги жаҳон нархидан қимматга тушган. Бу ҳақда Озодлик радиоси рус хизмати Argus агентлигига таянган ҳолда 2 апрель куни хабар берди.

Агентлик Argus fip Ғарбий Сибир котировкасини ҳисоблаб чиққан. Бир ой ҳисоб-китоб қилинадиган мазкур котировка асосида йиллик ва қисқа муддатли шартномалар нархи белгиланади. Агентлик котировкасига кўра, 30 март куни Ғарбий Сибирдан нефть экспортининг ҳар тоннаси ишлаб чиқарувчиларга 1007 рубль зиён келтирган. 31 март куни бу кўрсаткич ҳар бир тоннага минус 1200 рубль бўлган.

Argus ҳисоб-китобига кўра, агар ишлаб чиқарувчи Сибирда қазиладиган Urals нефтининг бир баррелини 15-16 доллардан сотганида ноль қийматга эришган бўлар эди. Бироқ жаҳон бозорида Urals 30-31 март кунлари 13 доллардан сотилган.

Bank of America таҳлилчиларининг ёзишларича, яқин уч-тўрт ой ичида нефть нархига икки омил – коронавирус туфайли нефтга бўлган талабнинг озайгани ҳамда Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги нарх-наво уруши кескин таъсир кўрсатади.

Таҳлилчиларга кўра, Brent маркасидаги нефтга бўлган талаб 2020 йилда суткасига рекорд даражадаги кўрсаткич – 4,5 миллион баррелгача тушиб кетади ва бу маркадаги нефть нархи бир баррель учун 37 долларни ташкил қилади. Аммо яқин кунларда унинг нархи 20 долларгача тушиб кетиши мумкин.

Толибон вакиллари 19 йилда биринчи марта музокара ўтказиш учун Кобулга келди

Кобул кўчаларидан биридаги манзара.

Толибон вакиллари пойтахт Кобулда ҳукумат расмийлари билан асирларни ўзаро алмашиш масаласини муҳокама қилди.

Мамлакат Миллий Хавфсизлик кенгаши Толибоннинг уч вакили 31 март ва 1 апрель кунлари Афғонистон ҳукумати билан юзма-юз музокара ўтказганини тасдиқлади. Бироқ бу учрашувдан қандай натижаларга эришилгани ҳозирча айтилмади.

Толибон шу кунгача Афғонистоннинг тан олинган ҳукуматини “Ғарбнинг қўғирчоғи” деб атаб, у билан музокаралар ўтказишдан бош тортиб келаётган эди. Март ойининг охирларида Афғонистон ҳукумати Толибон билан видеоконференция уюштириб, юзма-юз сўзлашишга келишиб олган.

Толибон матбуот котиби Залмай Муҳаммад афғон ҳукумати билан асирларни алмашиш ва озод қилинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш масаласида “техник сўзлашувлар” бўлганини маълум қилди. Унга кўра, биринчи босқичда Толибоннинг юз аъзосини эркинликка чиқариш назарда тутилган.

Жорий ҳафта ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг 100 нафардан маҳкумни озод қилиши кутилмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 29 февраль куни Толибон вакиллари билан Доҳада имзолаган келишувда¸ босқичма-босқич амалга ошириладиган бу жараëнда жами 6 минг толибнинг озод этилиши айтилган.

Келишув шартлари амалга оширилган тақдирда¸ АҚШ Афғонистондаги ўз қўшинларини келаси йил олиб чиқиш мажбуриятини олган.

Бу жараëн бошланиши арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистонда урушаëтган томонларни мамлакатдаги узоқ ва қиммат урушга барҳам бериш учун бирга ишлашга чақирди.

АҚШ разведкаси ва сенатори Хитойни коронавирусга оид асл маълумот ва рақамларни бекитаëтганликда айблади

АҚШ Сенатининг Ташқи разведка қўмитаси аъзоси¸ республикачи Бен Сасс Хитой Коммунистик партиясини коронавируснинг бошланиши ҳақида “ахлат пропаганда” тарқатаëтганликда айблади.

АҚШда коронавирусдан ўлганлар сонининг Хитойдагидан ошиб кетгани ҳақидаги иддаолар сохта ва ëлғондир”¸ деди 1 апрель кунги баëнотида сенатор.

Айни шу куни АҚШдаги Bloomberg агентлиги мамлакат разведка хизматларининг коронавирус бошланиши ва унинг Хитойдаги вазиятига оид махфий ҳисоботида ҳам айни шундай хулоса берилганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта Оқ уйга тақдим этилган разведка ҳисоботининг матбуотга сиздирилган хулосасига кўра¸ Хитой ҳукумати коронавирус бошланиши ва унинг тарқашига оид ҳақиқий маълумотларни сир тутмоқда.

Хусусан¸ ҳисоботда мамлакатда вирусга чалинганлар ва ундан ўлганлар сонининг¸ расман тан олинганидан кўра¸ бир неча бараварга кўплиги тахмин қилинган.

Махфий маълумотни ошкор қилмай туриб ҳам¸ Хитой Коммунистик партиясининг ўз режимини қутқариб қолиш учун ëлғон гапиргани¸ гапираëтгани ва бундан сўнг ëлғон гапириши очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатдир!” деди Bloomberg хабарига муносабат билдирган сенатор Сасс.

Бен Сасс дунë ҳукуматлари¸ мустақил матбуот¸ Америка эпидемиологлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини коронавирус ҳақида Хитой бериб келаëтган маълумот ва “ифлос ташвиқот”ни жиддий қабул қилмасликка чақирди.

АҚШ вице-президенти коронавирус пандемиясини тўхтатиш учун Хитой ҳукуматидан касалликка оид маълумотларни шаффоф ва очиқ қилишни сўради.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 2 апрель куни асл рақамларнинг сир тутилаëтганига оид АҚШ танқидларини “асоссиз” деб рад қилди.

2 апрель кунги сўнгги рақамларга кўра¸ АҚШ да коронавирусга чалинганлар сони 217 минг¸ ўлганлар эса¸ 5200 га яқинлашди.

Хитойда эса¸ Пекин ҳукумати берган статистикага кўра¸ вирус юқтирганлар 81 589 ¸ ўлганлар эса¸ 3318 тани ташкил этди.

Бугунга келиб 1¸5 миллиардлик аҳолига эга Хитой ҳукумати коронавирус тарқашининг назоратга олингани ва янги ҳолатларнинг кескин камайганини айтмоқда.

Коронавирус қолган дунë¸ хусусан¸ Европа ва АҚШда кенг тарқаб¸ соғлиқни сақлаш тизимини фавқулодда оғир аҳволга солиб қўйган жорий вазиятда Хитой бу давлатларга гуманитар ëрдам¸ қолаверса¸ коронавирусга қарши кураш учун зарур тиббий анжомлар етказиб бераëтган асосий таъминотчига айланди.

НАТО Ташқи ишлар вазирлари тарихда илк бор ўз мажлисини видеоконференция шаклида ўтказади

Ўтган ҳафта НАТО аъзолари сони 30 тага етди - Шимолий Македония ҳам ҳарбий иттифоққа қабул қилинди.

2 апрель куни НАТОга аъзо 30 давлат Ташқи ишлар вазирлари ўз мамлакатларининг коронавирус пандемиясига қарши олиб бораëтган кураши ва жорий вазиятнинг мамлакатлар мудофаа қудратига таъсирини муҳокама қилади.

Бу учрашув НАТОнинг 70 йиллик тарихида биринчи марта видеоконференция форматида ўтказилади. Аксар давлатлар ўз қуруқлик ва ҳаво ҳудудларини ëпиб¸ ҳар қандай кўринишдаги йиғилишларни тақиқлагани ортидан дунëдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқ ҳам ўз йиғилишини виртуал шаклга кўчиришга мажбур бўлди.

Виртуал учрашув арафасида НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг жорий пандемиянинг хавфсизлик таҳликасига айланиши олдини олиш ҳарбий иттифоқнинг бош мақсади эканини таъкидлади.

2 апрель куни НАТО вазирларининг пандемия даврида Ғарб давлатларида юзага келган вазиятга оид тарқатилаëтган сохта хабарларга қаpши кураш масаласини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда. Йиғин арафасида Европа парламентининг бир гуруҳ депутатлари бундай дезинформация кампанияси ортида Хитой ва Россия турганини билдирди.

НАТО виртуал йиғинида шунингдек Ироқ ва Афғонистондаги сўнгги ўзгаришлар ҳам муҳокама қилинади; унда шунингдек ўтган ҳафта НАТО аъзолигига қабул қилинган 30-давлат Шимолий Македония биринчи бор иштирок этади.

Қозоғистон короновирус бўйича минтақада етакчилик қилмоқда. Беморлар сони 400дан ошди

Тиббиёт ходими Чимкент шаҳрига кираётганларнинг тана ҳароратини текширмоқда.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна 16 одамга коронавирус юққанини маълум қилди. Улардан 7 нафари пойтахтда, 6 нафари Қарағанда вилоятида, икки нафари Атирау вилоятида ва бир нафари Шимолий Қозоғистон вилоятида.

2 апрель эрталабки маълумотга қараганда коронавирусга чалинганлар сони 402 нафарни ташкил қилди. Сўнгги 24 соат ичида беморлар сони 54 нафарга кўпайди. Беморларнинг 191 нафари Нур-Султон, 90 нафари Олмаота турғунидир. Бошқа беморлар эса қолган 13 вилоятда аниқланган.

Нурсултон, Қарағанда ва Ақмўла вилоятларида бир нафардан, жами уч бемор вафот этди. 26 бемор тузалди.

Трамп Эрон ва унинг иттифоқчиларини огоҳлантирди

2020 йил 13 январда Эрон ракетаси АҚШнинг Ироқдаги Айн ал Асад базасига отилган эди.

Президент Дональд Трамп Теҳронни Эрон ёки унинг иттифоқчилари Ироқдаги АҚШ базаларига ҳужум қилса, “қатъий жавоб чоралари” кўрилишидан огоҳлантирди.

“Бизда мавжуд маълумотларга қараганда, Эрон ва у қўллаётган гуруҳлар Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ҳужум уюштиришни режалаштирмоқда. Агар ҳужум уюштирилса, Эрон бунинг учун жуда катта тўлов тўлайди”, деб ёзди Трамп Твиттер саҳифасида 1 апрель куни.

АҚШ бир неча ойлардан бери Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган жангариларни Ироқдаги ҳарбий базаларга, шунингдек, хориж давлатларининг дипломатик миссияларига, жумладан, АҚШ элчихонасига ҳужумлар уюштирганликда айблаб келади.

Трампнинг бу баёнотидан бир неча соат олдин Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ҳарбий ёрдамчиси генерал Яҳё Раҳим Сафавий АҚШни Ироқда “провокацион ҳаракатларни амалга оширишдан тийилиш” тўғрисида огоҳлантирган эди.

11 март куни Ироқдаги ҳарбий базалардан бирига қилинган ҳужум оқибатида АҚШнинг икки ва Британиянинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлганди. Бу воқеа минтақадаги вазиятни кескинлаштирди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким зиммасига олмади. Ҳужум ортидан АҚШ Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб -қувватланаётган жангарилар гуруҳи манзилларини бомбардимон қилган.

Жаҳонда COVID-19ни юқтирганлар сони бир миллионга яқинлашди

Коронавирусга чалинганлар сони 935 840 нафарни ташкил этди.

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилди. Унга кўра, коронавирусга чалинганлар ўртасида ўлим ҳолатлари сўнгги бир ҳафтада икки баробардан кўпроққа ошган.

2 апрелдаги сўнгги маълумотларга қараганда, дунёнинг 203 давлатида коронавирусга чалинганлар сони 935 840 нафарни ташкил этди. Улардан 194 286 нафари соғайган, 47 241 нафари вафот этган, 35 478 нафар бемор оғир аҳволда.

Касаллик энг кўп қайд этилган давлатлар:

АҚШ:

Касалланганлар – 215 003 (+26 473)

Соғайиб кетганлар – 8 878

Вафот этганлар – 5 102 (+1 049)

Оғир аҳволдаги беморлар – 5 005

Италия:

Касалланганлар – 110 574 (+4 782)

Соғайиб кетганлар – 16 847

Вафот этганлар – 13 155 (+727)

Оғир аҳволдаги беморлар – 4 035

Испания:

Касалланганлар – 104 118 (+8 195)

Соғайиб кетганлар – 22 647

Вафот этганлар – 9 387 (+923)

Оғир аҳволдаги беморлар – 5 872

Хитой:

Касалланганлар – 81 554 (+36)

Соғайиб кетганлар – 76 238

Вафот этганлар – 3 312 (+7)

Оғир аҳволдаги беморлар – 466

Германия:

Касалланганлар – 77 981 (+6 173)

Соғайиб кетганлар – 18 700

Вафот этганлар – 931 (+156)

Оғир аҳволдаги беморлар – 3 408

Ўзбекистонга қўшни давлатларда:

Қозоғистон:

Касалланганлар – 380 (+37)

Соғайиб кетганлар – 26

Вафот этганлар – 3 (+1)

Оғир аҳволдаги беморлар – 6

Қирғизистон:

Касалланганлар – 116 (+5)

Соғайиб кетганлар – 5

Оғир аҳволдаги беморлар – 3

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 116 нафарга етди

Шу кунгача беморларнинг 5 нафари соғайди.

Қирғизистонда 2 апрелда коронавирусга чалинган яна беш киши аниқланди. Бу билан мамлакатда COVID-19 беморлари сони 116 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги беморларнинг икки нафари Новқат туманидан, бир нафари Ўш шаҳридан, икки нафари Қизилқия шаҳридан.

Шу кунгача коронавирусга чалинган 5 одам соғайгани айтилди. Улардан 2 нафари 2 апрель куни касалхонадан чиқарилган.

Россияда карантин тартибини бузганларга жиноий жавобгарлик кучайтирилди

Қизил майдонни назорат қилаётган полиция ходимлари.

Россия президенти Владимир Путин карантин режимини бузганлик учун жазо чораларини кучайтирди. Путин 1 апрель куни имзолаган янги қонун Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик Кодексларига киритилган ўзгартишлардан иборат.

Бундан буён карантинни бузган одам айби билан бошқаларнинг касалликка чалиниш таҳдиди пайдо бўлса, айбдор 500 минг рублдан 700 минг рублгача жарима тўлайди ёки 2 йилгача қамалади.

Агар карантинни бузган одамнинг ҳаракатланиши оқибатида бир одам ўлса, жарима миқдори 2 миллион рублни ташкил қилади ёки уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси қўлланилади.

Агар икки ва ундан кўп одам ўлса, айбдор етти йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Карантин тартибини бузган фуқаролар 15 мингдан 40 минг рублгача, юридик шахслар эса 150 минг рублгача жарима тўлайди.

Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 2777 одам коронавирусга чалинди.

Путин: Россияда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирус таҳдиди остида

Президент Путин айни пайтда масофавий ишлашга ўтган.

Россия президенти Владимир Путин 1 апрель куни ҳукумат аъзолари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда коронавирус бўйича вазият мураккаблашаётганини айтди.

Путиннинг айтишича, Россияда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирус таҳдиди остидадир. Бугунги кунда 290 минг одам “ўзини яккалаш” режими остида қолмоқда.

Путин 25 март куни халққа қилган мурожаатида коронавирус таҳдидини юмшатиш мақсадида 30 мартдан бошлаб бир ҳафтани дам олиш кунлари деб эълон қилган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 2777 одам коронавирусга чалинди.

31 март куни Озодлик Россия президенти Владимир Путин билан учрашган шифокор Денис Проценконинг коронавирусга чалингани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди.

Москвадаги Коммунарка касалхонаси бош врачи бўлган Денис Проценко коронавирусга чалинганлар тўғрисидаги маълумотни кундалик равишда эълон қилиб туриш билан танилди. У раҳбарлик қилаётган касалхонада коронавирусга чалинган беморлар даволанади.

24 март куни президент Путин касалхонага келган ва Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Проценко коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши ортидан президентни врачлар мунтазам текшириб тургани, Путиннинг саломатлиги яхши эканини билдирди.

Қозоғистонда коронавирусдан ўлганларнинг жасади қариндошларига берилмайдиган бўлди

Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда яна 15 одам вирусга чалинди.

Қозоғистон ҳукумати коронавирусдан ажал топган одамларнинг жасадларини қариндошларига топширишни тақиқлади.

Мамлакат Бош санитар врачи Айжан Есмагамбетова марҳумннинг яқинлари унинг жасадидан уч метр олис туришлари шартлигини, дафн маросимига фақат марҳумнинг энг яқин қариндошлари қатнашишини ва дафн маросимига фақат бир соат вақт ажратилишини айтди.

Бундан ташқари дафн маросими маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида, хавфсизлик чораларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилиши лозим. Дафннинг диний маросимини фақат бир дин хизматкори амалга оширади.

Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда яна 15 одам вирусга чалинди ва уларнинг сони 370 нафардан ошди. Беморларнинг асосий қисми Нур-Султон ва Олмаота турғунларидир. Коронавирус юқтирганларнинг уч нафари вафот этди. 24 бемор тузалгани айтилмоқда.

Испанияда коронавирусга чалинганлар сони юз мингдан ошди

Испанияда тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдириш акцияси 27 март куни бўлиб ўтган.

Испанияда COVID-19га чалинганлар сони юз мингдан ошди. Бу ҳақда Reuters мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда маълум қилди.

Сўнгги 24 соат ичида бу ерда 6 мингдан кўпроқ одам вирус юқтирган. Пандемия бошланганидан бери Испанияда 8,5 мингдан кўпроқ одам вафот этди. Мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий этилган.

Испания коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёдаги учинчи давлатдир. Биринчи ўринда АҚШ. Бу ерда 190 минг одам касалланган, 4 мингдан ортиқ одам ўлган.

Иккинчи ўринда эса Италия. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 106 мингга яқинлади. 12 мингдан кўпроқ одам вафот этди. Бу коронавирусдан ўлганлар бўйича дунёдаги энг катта кўрсаткичдир.

Коронавирус ўчоғи бўлган Хитойда 82 минг одамга вирус юққан, уч мингдан кўп одам ўлган.

Чехия Хитойдан сотиб олган 300 минг дона тезкор тест тизимининг 80 фоизи нобоп чиқди

Хитойда ишлаб чиқарилаëтган тезкор тестлар.

Чехия санитария-эпидемиология тизими мутасаддиларига кўра¸ коронавирусни аниқловчи тезкор тест тизими сифатида Хитойдан сотиб олинган системаларнинг 80 фоизи яроқсиз бўлиб чиққан.

Чехия ҳукумати 54 миллион крона¸ ëки 2 миллион долларга Хитойдан 300 минг дона тезкор тест тизими сотиб олган. Амалиëтда бу тизимлар вирус юқтирганни юқтирмаган деб¸ аксинча¸ вируси йўқ одамни¸ юқтирган қилиб кўрсатган ва хатолик даражаси 80 фоизни ташкил этган.

Бу маълумотни Чехия шарқидаги Острава университети касалхонаси мутахассислари эълон қилди.

Оқибатда¸ бу тест тизимлари “ишонарли эмас”¸ деб топилган ва инфекцияни аниқлаш жараëнидан чиқарилган.

Соғлиқни сақлаш миллий институти Хитойдан келтирилган бу тест тизимларининг¸ вирусни аниқлаш жараëнида “иккиламчи ролда” эканини билдирди.

Айтилишича¸ тезкор тест тизимлари вирусни у юқтирилганидан 7 кунгача¸ то қонга ўтмагунча аниқлай олмайди ва шу боис “диагностик тест” бўла олмайди.

Айни пайтда¸ коронавирусга қарши курашаëтган аксар дунë тезкор тест тизимларини Хитойдан сотиб олмоқда¸ ëки Хитой гуманитар ëрдам сифатида бераëтган шундай тестлардан фойдаланмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонга Хитойдан 20 тонна шундай тиббий анжомлар юкланган гуманитар ëрдам юборилди ва асосан тиббиëт муассасаларига тарқатилди.

Кобул ҳукумати Толибон жангариларини қамоқдан озод қилишга ҳозирланмоқда

Ҳукумат қамоғида қолаëтган 6000 нафар толибон жангарисининг озод этилиши кутилмоқда.

АҚШ ва Толибон ўртасида эришилган келишувда кўзда тутилган маҳкумлар айирбошлаш жараëни ижросини кузатиш учун Толибон ҳаракати етакчилари Кобулга келди.

Жорий ҳафта ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг 100 нафардан маҳкумни озод қилиши кутилмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 29 февраль куни Толибон вакиллари билан Доҳада имзолаган келишувда¸ босқичма-босқич амалга ошириладиган бу жараëнда жами 6 минг толибнинг озод этилиши айтилган.

Келишув шартлари амалга оширилган тақдирда¸ АҚШ Афғонистондаги ўз қўшинларини келаси йил олиб чиқиш мажбуриятини олган.

Бу жараëн бошланиши арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистонда урушаëтган томонларни мамлакатдаги узоқ ва қиммат урушга барҳам бериш учун бирга ишлашга чақирди.

Бу чақириқдан бир неча соат ўтиб Ҳелманд вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида 8 одам нобуд бўлди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG