Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 09:15

Эрондаги “Қудс” махфий қўшинининг 30 йиллик тарихига назар


“Қудс” қўшинига Исмоил Қааний янги қўмондон этиб тайинланди.

АҚШ 3 январда ҳаводан зарба бериб, Қосим Сулаймонийни ўлдиргандан сўнг орадан бир неча соат ўтар-ўтмас Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеий Ислом инқилоби соқчиларининг махфий “Қудс” қўшинига Исмоил Қаанийни янги раҳбар этиб тайинлаганини эълон қилди.

Тайинлов ҳақидаги бундай ошиғич эълон қўшин олдинги тартибда ишлайверишини англатади

− Қўшиннинг вазифаси айнан шаҳид кетган Сулаймоний қўмондонлиги давридагидай қолади, − деди Хаменеий.

Қуйида “Қудс” қўшинида мавжуд бўлган мураккаб таъсирлар ҳақида фикр юритилади.

Эрон қуролли кучлари таркибидаги “Қудс” қўшини

“Қудс” қўшини Эрон Ислом инқилоби соқчилари корпусининг (ИИСК) 8 та бўлинмасидан биридир.

Қолганлари Муҳаммад Пакпур раҳбарлигидаги Ерда қаршилик кўрсатиш қўшини; Амир Али Ҳожизода раҳбарлигидаги Ҳарбий-ҳаво қўшини; Алиризо Тангсирий раҳбарлигидаги Ҳарбий-денгиз флоти; Ғуломризо Сулаймоний раҳбарлигидаги “Басиж” кўнгиллилар тузилмаси; Ҳусайн Тойиб раҳбарлигидаги Разведка хизмати; Муҳаммад Козимий раҳбарлигидаги Аксилразведка хизмати ва Фатҳуллоҳ Жумайрий раҳбарлигидаги Хавфсизлик хизматидан иборат.

Барча 7 та бўлинма ИИСК бош қўмондони, генерал-майор Ҳусайн Саломий ва унинг муовини Али Фаадавийга бўйсунади.

Бироқ “Қудс” қўшини қўмондони параллел тузилма таркибида ҳам фаолият юритади ва бевосита Эроннинг олий раҳбарига бўйсунади.

Чет эллардаги фаолияти

“Қудс” қўшини ХХ асрнинг 80-йиллари охирида ташкил топган ИИСК хорижий бўлинмаси ҳисобланади.

2011 йилда Сурия уруши бошлангунга қадар бундай ҳарбий бўлинманинг мавжудлиги расман тан олинмай келинаётган эди. Бироқ “Қудс” қўшинининг қамалда қолган Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этгани унинг номи ва қўмондони Сулаймоний исми ошкор бўлишига олиб келди.

“Қудс” Ливан, Сурия, Ироқ, Яман ва Афғонистон сингари мамлакатларда Эронга яқин турли сиёсий ва қуролланган ташкилотларни қўллаб-қувватлаш йўлида иш олиб борди.

АҚШ ҳукумати “Қудс” ёрдам бериб келган ўша мамлакатлар ташкилотларини – жорий йил апрелидан ИИСКни ҳам – террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритди.

“Қудс” санаб ўтилган мамлакатлардан ташқари бутун Яқин Шарқ бўйлаб фаол иш олиб бормоқда, бунга Эрон билан Баҳрайн ўртасидаги авж олиб кетган мунозара ҳам дахлдордир. Унинг айрим аъзолари Форс кўрфази бўйидаги араб мамлакатларида ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабрлар бор.

Меҳнат тақсимоти

“Қудс” қўшинининг жорий вазифасига кирадиган амаллар Эронда 1979 йилги ислом инқилобидан олдин ҳам бажарилган, ўша инқилоб пайтида шоҳ ҳокимияти ағдариб ташланиб, ўрнига муллалар келган эди.

Исломий режимнинг илк қадамларидин бири ушбу амалларнинг кўпчилигини инқилобчи Муҳаммад Мунтазирий раҳбарлигида ташкил қилиш бўлган. У қувғиндаги қуролли гуруҳларга раҳбар бўлган ҳамда фаластинлик ва бошқа жангарилар билан қалин алоқа қилиб турган.

Мунтазирий 1981 йили қазо қилгандан сўнг ИИСКнинг чет эллардаги фаолиятига ўша пайтда мамлакат президенти бўлган ва келгуси олий раҳбар Али Хаменеий раҳбарлик қилган.

Айтилишича, Хаменеий Эрондаги Ироқ мухолифат ташкилотларига кўмаклашишда кейинчалик шафқатсиз суд тизимига раҳбар бўлган Маҳмуд Ҳошимий Шоҳрудий сингари иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаган. Шоҳрудий Ироқнинг Ислом инқилоби олий ассамблеясини (SAIRI) ташкил этишда ёрдам берган ва унинг спикери бўлгани айтилади. Уни тузишдан мақсад 1980-88 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши вақтида Ироқда ички мухолифатни шакллантириш эди.

Ўша уруш даврида ҳам ИИСК қўмондони Муҳсин Ризоийнинг вазифаси чет эллардаги Эрон дастаклаётган гуруҳлар билан расмий алоқаларни ниқоблаш бўлган. Бу ИИСКнинг янги ташкил этилган Разведка вазирлиги билан тизими ичидаги потенциал рақобатда ғолиб чиқиш учун режимнинг чет элдаги фаолиятини кучайтириш мақсадида дастлабки жиддий қадамлар бўлган эди.

Ризоий яна кейинчалик Ироқнинг “Бадр бригадаси” сифатида ном қозонган гуруҳни ҳам ташкил этган, унинг зобитлари эронликлар бўлиб, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайнга мухолиф бўлган кишилардан таркиб топган эди. Хабарларга кўра, Ризоий аввалбошданоқ “Бадр бригадаси”ни Ироқдаги Ислом инқилоби олий кенгаши (SCIRI) ва унинг раҳбари Муҳаммад Бақир ал-Ҳаким назорат қилмаслигига интилган. Ҳаким катта таъсир кучига эга собиқ инқилобчи Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ва Хаменеийнинг ўзига Ризоийнинг устидан шикоят қилган.

Ўша пайтда бригада таркибида бўлган эронпраст PMF (Халқ сафарбарлиги қўшини) бошлиғи ўринбосари Абу Маҳди Муҳандис ҳам 3 январда Бағдоддаги АҚШ ҳаво ҳужуми пайтида Сулаймоний қатори ҳалок бўлган эди.

Муҳандис 80-йилларнинг бошида Ироқдан Қувайтга қочган ҳамда Ливаннинг Ислом жиҳоди ташкилоти асосчиси ва “Ҳизбуллоҳ” ташкилотидаги 2-шахс бўлган Имод Муғниёҳ билан ҳамкорлик қилганликда гумон қилингандан сўнг Эронга кетган эди.

Ниҳоят, Муҳандис ИИСКга алоқаси бор “Бадр” бригадаси қўмондони бўлган эди.

Ўша пайтда “Бадр бригадаси”да энг фаол бўлган кишилардан бири Ҳоди Амирий эди. У ҳозир “Бадр ташкилоти” раҳбаридир. Айни ташкилот Ҳалқ сафарбарлиги қўшинининг (“Ҳашид Шаабий” номи билан ҳам машҳур) Эрон қўллаб-қувватлаган энг муҳим бўлинмаларидан биридир. Караладаги амалиёт вақтида Абу Маҳди Муҳандис ва Амирий қўмондон Ҳасан Данаифар қўл остида хизмат қилган. У кейинчалик АҚШ Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлатгач, Эроннинг Ироқдаги элчиси бўлган эди.

ИИСК хориждаги фаолиятини яна бир қисми Ироқдаги “Рамазон амалиёти” доирасида бажарилди. Ушбу ташкилотнинг етакчи қўмондонларидан бири ва бош штаби бошлиғи Ирож Масжидий бўлгани айтилади. У ҳозир бригада генерали ва Эроннинг Ироқдаги элчисидир.

Муҳаммад Ризо Нақдий “Рамазон амалиёти”нинг яна бир қўмондони бўлган эди, кейинчалик ИИСКнинг катта таъсир кучига эга “Басиж” кўнгиллилар қўшинига раҳбарлик қилди.

80-йилларда ИИСК кўп амалиётларини Ливаннинг Исроил билан чегараси яқинида бажарди. Унинг фаолиятида кейинчалик Эрон мудофаа вазири бўлган Ҳусайн Деҳқон ҳам иштирок этган эди. Ўша йиллари Деҳқон раҳбарлигида ҳарбий машқларни ўтаган кишилардан икки нафари Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилотига раҳбари (Ҳасан Насруллоҳ) ва унинг ўринбосари (Муғниёҳ) бўлди.

Деҳқондан кейин “Ҳизбуллоҳ”га эронликлардан ИИСКнигн ўша вақтдаги қўмондони Аҳмад Воҳидий ва “Қудс” қўшинининг биринчи қўмондони Фаридун Верди Нажод (Меҳди Нажод) кўрсатма ва кўмак бериб турган.

Айтилишча, Воҳидий билан Нажод 80-йиллар охирида “Эрон-контра” ишига сабаб бўлган воқеалар вақтида америкаликлар билан музокара ўтказиш учун масъул кишилар бўлган.

Воҳидий кейинчалик мудофаа вазири бўлди, ҳозир Эроннинг Миллий мудофаа университетига раҳбарлик қилмоқда. Нажод сўнгра Ислом республикаси ахборот агентлигига (ИРНА) бош бўлди, ҳозирги кунда – матбуот масалалари бўйича маслаҳатчи.

Эрон-Ироқ уруши ва Ислом республикаси асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний ўлимидан сўнг Али Хаменеий билан Ҳошимий Рафсанжоний ИИСК билан Разведка вазирлиги ўртасида рақобат муҳитини яратмоқчи бўлган экан.

Эроннинг чет эллардаги сиёсий рақибларига қарши курашиш, жумладан, уларнинг етакчиларини ўлдириш Разведка вазирлигига топширилган.

Эронники бўлмаган иттифоқчи ташкилотларни назорат қилиш ва бошқариш эса ИИСКга юклатилган. Кўплаб кичик гуруҳлар кейинчалик ўзаро бирлаштирилиб, “Қудс” қўшини ташкил топган.

Сулаймонийнинг майдонга чиқиши

Қосим Сулаймоний 1997 йили Воҳидийнинг ўрнига «Қудс» қўмондони бўлди. Орадан кўп ўтмай, ташкилот тез ривожланиб, таъсирини мамлакат ичига ҳам, ташига ҳам ёя бошлади. “Қудс”нинг Али Хамений ишончини қозонган қўмондони сифатида Сулаймоний асосий қарор қабул қилувчи шахслардан бирига айланди.

У “Қудс” қўшинини фаолият юритаётган мамлакатларига қараб, бўлинмаларга бўлиб чиқди ва ҳар бирига фақат ўзига бўйсунувчи қўмондонлар тайинлади.

Сулаймоний “Қудс”нинг турли қўмондонларга бўйсунувчи разведка, молия, сиёсат, саботаж ва махсус амалиётлар бўлинмаларини ҳам ташкил қилди. Улар Сулаймоний бошчилигидаги Қўмондонлар кенгаши раҳбарлигида ҳамжиҳат фаолият юритар эди.

Бироқ “Қудс” қўшини ҳам, унинг қўмондони ҳам 2011 йили Сурияда фуқаролар уруш бошлангунча панада қолиб келаётган эди.

Сулаймоний Али Хаменеийни Суриядаги урушда президент Асад тарафида туриб қатнашишга кўндиргани айтилади.

Хабарларга кўра, минг-минглаб “Қудс” қўшинлари аскарлари ва Ироқ шиаларининг ўқитилган халқ лашкари жангчилари Асад билан билан уришаётган қўшинларга қарши жангга кирган.

“Қудс” қўшини мутахассислари Сулаймонийнинг бевосита раҳбарлиги остида Афғонистон ва Покистондаги камсонли шиаларни Сурияда жанг қилиш учун ўқита бошлаган эди.

Сулаймонийнинг вориси

Хаменеий 3 январда “Қудс” қўшини қўмондонлигига тайинлаётиб, 62 яшар Қаанийни “Ислом инқилоби соқчилари қорпусининг энг буюк қўмондонларидан бири” деб мақтади.

Эроннинг иккинчи йирик шаҳри, Хуросон милояти маркази Машҳадда туғилган Қааний Эрон-Ироқ уруши ветеранидир. У “Наср-5” ва “Имом Ризо-5” бригадаларига қўмондонлик қилган. “Имом Ризо-5” кейинчалик дивизияга айлантирилган.

У “Қудс” қўшини ташкил этилгандан бери унинг сафларида хизмат қилиб келади. Сўнгги 20 йил мобайнида разведка зобитидан Сулаймонийнинг ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

XS
SM
MD
LG