Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 19:02

Эрон Украина учоғини уриб туширганини тан олди. Киев товон талаб қилмоқда


Фавқулодда вазиятлар гуруҳи ходимлари Украина учоғининг Эрон ракетаси билан уриб туширилган жойини кўздан кечирмоқда. 

Украина Президенти Володимир Зеленский Теҳрон йўловчи учоғини уриб туширганини тан олгандан сўнг ўз мамлакати Эрондан тўлиқ тергов ўтказишни, айбни тан олишни ва товон пули тўлашни кутаётганини айтди. Эрон тарафи шу кунгача бортида 176 киши бўлган учоқни тасодифан уриб туширганини инкор қилиб келаётган эди.

Зеленский, “Эрон Украина учоғини уриб туширгани учун айбдор эканини тан олди, лекин биз улар айбни тўлиқ бўйнига олишини талаб қиляпмиз”, деди.

− Биз Эрондан тўлиқ ва очиқ тергов ўтказишга тайёр экани, айбдорларни жавобгарликка тортиш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтариш, товон пули тўлаш, дипломатик каналлар орқали расман кечирим сўрашга кафиллик беришини кутяпмиз, − дея қўшимча қилди у.

Украина ҳукумати вебсайтидаги баёнот 11 январда Эрон 8 январь куни Теҳрон яқинида Украина йўловчи учоғини “инсон хатоси сабаб” “бехосдан” уриб туширганини тан олганидан сўнг орадан кўп ўтмай пайдо бўлди.

Давлат телевидениеси орқали эълон қилинган баёнотда ҳарбийлар учоқ Ислом инқилоби соқчилар корпусининг (ИИСК) “нозик ҳарбий маркази” томон бурилгач, уни “душман нишони” деб ўйлагани айтилади. Баёнотда қўшимча қилинишича, Эрон ҳарбийлари Қўшма Штатлар билан муносабатлар кескинлашгани сабабли “ўта ҳарбий шайлик”ҳолатида турган бўлган.

Баёнотда фожиа учун айбдор бўлган ва учоқдаги барча йўловчиларни ўлдирган кишилар “зудлик билан” жавобгарликка тортилиши шартлиги айтилади.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Твиттерда ҳалокатни “катта фожиа ва кечириб бўлмас хато” деб атади.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф эса уни “бўҳрон пайтидаги АҚШ сабаб бўлган авантюра” деб айтди.

Қуролли кучларнинг ички тергови хулосасига кўра, йўловчи учоғига қарата ракета учирилишига одамлар йўл қўйган хато сабаб бўлган. Тергов ишлари давом этмоқда.

Теҳрон учоқ уриб туширилгани учун айбни тан олишидан олдин Ғарб мамлакатлари раҳбарларининг учоқни Эрон ракетаси уриб туширгани ҳақидаги иддаоларини рад этиб келаётган эди.

8 январда Теҳрондан Киевга йўл олган Ukraine International Airlines учоғи бортида камида 57 нафар канадалик, 82 нафар эронлик, 10 нафар швециялик, 10 нафар афғонистонлик, 3 нафар германиялик ва 3 нафар британиялик йўловчи бор эди. Ўша фожиада яна 11 нафар украиналик – икки йўловчи ва 9 нафар эпикаж аъзоси – ҳам ҳалок бўлди.

Эрон Ғарб мамлакатлари Теҳронга босим ўтказа бошлагандан кейин ушбу баёнотни берди. АҚШ ҳукумати Эрон ракетаси учоқни уриб туширгани “эътимоли йўқ эмаслиги”ни ва “бунга жавобан тегишли чора кўриш”га ваъда беришини айтган эди.

Канада ташқи ишлар вазири 10 январда Эронга фожиа юзасидан пухта тергов ўтказиши учун босим ўтказиш мақсадида халқаро амалий гуруҳ тузишини эълон қилди.

Дастлабки маълумотларда учоқнинг техник носозлиги айтилган эди, бироқ ракета ҳужумини тасдиқловчи видеолар пайдо бўлгач, шубҳалар юза кела бошлади.

Ҳаво фалокати Эрон 8 январда АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбаси бергандан сўнг орадан бир неча соат ўтгач юз берди. Теҳрон шу тариқа ўз генерали Қосим Сулаймоний АҚШ ҳаво зарбаси оқибатида ўлдирилгани учун ўч олган эди.

Шу сабабли экспертлар Эроннинг учоққа қарши ҳарбий бўлинмалари йўловчи учоғини АҚШнинг ўч олмоқчи бўлган ҳарбий учоғи деб ўйлаганини айтмоқда.

Лекин бундай гумонлар пайдо бўлгандан сўнг Эроннинг Миллий авиация бошқармаси бошлиғи Али Обидзода ҳеч қандай ракета учоққа тегмаганини иддао қилган эди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 10 январда, “биз учоқни Эрон ракетаси уриб туширган бўлиши мумкин деб ҳисоблаймиз”, деди.

Канада ташқи ишлар вазири Франсуа-Филипп Шампан қурбон бўлганларнинг оилаларига ёрдам бериш учун Британия, Украина, Швеция ва Афғонистон билан бирга мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG