Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Тожикистонда сохта Юлдуз Усмонованинг концертини уюштирган кишига расман айблов билдирилди


Сохта концерт афишаси.
Сохта концерт афишаси.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ички ишлар органлари Юлдуз Усмонованинг сохта концертини уюштирганлардан бирига нисбатан жиноят иши очди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг 13 январда Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасига хабар беришича, 43 ёшли Саиджон Ғаниев 2019 йилнинг охирларида бошқа бир одамни томошабинларга Юлдуз Усмонова сифатида тақдим этиб, сотилган чипталарни ўзлаштириб олгани учун “товламачилик”да айбланмоқда.

Унга нисбатан билдирилган айблов судда ўз тасдиғини топса Саиджон Ғаниев 52 минг самоний (тақрибан 5362 доллар) жаримага тортилиши ёки 5 йилгача қамалаши мумкин.

Озодлик радиоси тожик хизмати мухбири Саиджон Ғаниевнинг бу масалада муносабатини билишга муваффақ бўлмади. Унинг қаерда экани ҳозирча номаълум. Унга нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида маълумот йўқ.

25 декабрь куни Истаравшандаги “Садбарг” ресторанида Юлдуз Усмонова иштирокидаги концертга келган томошабинлар унинг ўрнига ўзбек хонандасининг ҳаракатларига тақлид қилувчи кишини учратишган.

Концертга келганлар қўшиқ куйлаётган кишининг Юлдуз Усмонова эмаслигини пайқаб қолишган. Хабарларга кўра, сохта Юлдуз Усмонованинг концерти учун нархи 350 сомоний (35 долларга яқин) бўлган чипталарни 100 дан ортиқ киши харид қилган.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Акбар Шарифов Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда тергов доирасида бир неча киши сўроқ қилинганини маълум қилган.

“Мени ва концертнинг бошқа ташкилотчиси Жамшедни Истаравшан ИИБга таклиф қилишди ва сўроқ қилишди. Сўроқдан сўнг мени қўйиб юборишди, Жамшед эса – унинг ҳақиқий исми Саиджон Ғаниев – ушланди”, деб айтганди ўшанда концерт уюштирувчиларидан бири Шерзод.

Шерзодга кўра, у зални безаш ва тожик хонандаси Хуршед Мўминжонни таклиф қилиш билан шуғулланган.

“Саиджон Ғаниев Юлдуз Усмоновани олиб келиш учун Тошкентга боришини айтди. Бироқ у мутлақо бошқа одамни олиб келди”, дейди у.

Айни пайтда сохта Юлдуз Усмонова аёл эмаслиги ҳам аниқланди – “Садбарг” ресторанида ўзбек хонандаси қўшиқларини пародиячи Рустамхўжа Усмонов ижро этган. Ўзининг "Инстаграм"даги саҳифасида пародиячи Истаравшандаги кечага таклиф қилган қандайдир Жамшиднинг фирибига алданиб қолганини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG