Линклар

Шошилинч хабар
29 феврал 2020, Тошкент вақти: 00:48

Канада Эронда уриб туширилган учоқ қурбонлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатади


Канада бош вазири Жастин Трюдо “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли учоқ Эронда уриб туширилиши оқибатида ҳалок бўлган 57 нафар Канада фуқароси ҳамда 29 нафар доимий резиденти оиласига шошилинч моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

17 январь куни Трюдо ўз ҳукумати ҳалок бўлган йўловчилар оиласига 25 минг Канада доллари беришини, аммо бу пулни Эрон тўлиқ компенсация қилишини кутишини айтди. Бош вазир ушбу илк ёрдам оила аъзоларининг яқинларини дафн этиш, Эронга саёҳат қилиш билан боғлиқ ва бошқа кечиктириб бўлмас харажатларини қоплашни кўзлашини айтди.

Вазир Эрон кейинчалик тўлайдиган товон жабр кўрган оилаларга ўтказиб берилишини айтди.

- Англашилмовчилик бўлмасин, бу оилаларга Эрон товон тўлашини кутамиз. Аммо мен бу оилалар билан кўришдим. Улар ҳафталаб кутиб ўтира олишмайдилар. Уларга ҳозир ёрдам керак, — деди Трудо.

Эрон расмийлари аввалига 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этиб, кейинроқ эса учоқни мамлакат ҳарбийлари “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширганини тан олди.

Ҳалок бўлган 172 йўловчи орасида Канада фуқароларидан ташқари Эрон, Афғонистон, Украина, Швеция, Британия ва Германия фуқаролари ҳам бўлган.

Канада 2012 йилда Теҳрон билан дипломатик алоқаларни узган эди. Аммо Трюдо ҳалокат ортидан Канада ташқи ишлар вазири Эрон расмийлари билан мулоқотда эканлигини айтди.

XS
SM
MD
LG