Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2020, Тошкент вақти: 09:14

Халқаро хабарлар

Эрдўғон Путин билан музокараларда Идлиб бўйича муросага эришишдан умидвор

Эрдўғон ва Путиннинг Суриядаги урушга оид ҳозиргача қилган келишувлари амалга ошмай келаëтир.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 5 март куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.

Мазкур музокаралар арафасида Анқара раҳбари¸ Москва сўзлашувларида Суриянинг Идлиб минтақасидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш борасида келишувга эришилажагига умид билдирди.

Кейинги ҳафта ичи мазкур минтақада Россия томонидан қўллаб-қувватланаëтган Сурия ҳукумат қўшинлари ва Туркия дастаклаëтган қуролли исломий мухолифат ўртасидаги жанглар кескинлашиб бормоқда.

Тўқнашувлар давомида турк ҳарбийларига қилинган ҳужумлар оқибатида 40 нафарга яқин турк аскари ўлдирилди¸ бунга жавобан турк армияси уюштирган ҳужумларда ҳам ўнлаб Сурия ҳарбийси ўлдирилди.

Бу тўқнашувлар Сурия ҳудудида Россия ва Туркия ҳарбийларининг бевосита урушга киришига оид хавотирларни кучайтирди.

Чоршанба куни парламентда қилган чиқишида Эрдўғон¸ Туркия ўз манфаатларини ҳар қандай йўл билан ҳимоя қилишга қодирлиги¸ аммо уруш истамаëтганини таъкидлади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Москва музокараларида Идлибдаги можаро илдизи муҳокама этилиб¸ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилига умид билдирди.

Кун янгиликлари

Қозоғистон шимолида қуш гриппидан нобуд бўлган парранда сони 100 мингдан ошди

Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи туфайли яна етти қишлоқ карантинга ёпилди. Шу тариқа мазкур вилоятда санитария блокпостлари ўрнатилган қишлоқлар сони 18 тага етди.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб Қозоғистон шимолида 108 минг паранда нобуд бўлди. Уларда қуш гриппи (Н5) вируси аниқланган. Парандаларнинг қолганини қутқариш учун вилоят бўйлаб оммавий эмлов тадбири эълон қилинди. Расмийлар ҳисоботига кўра, 75 минг паранда эмланган, 11 та қишлоқда дезинфекцион тўсиқлар ўрнатилган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, қуш гриппи Шимолий Қозоғистон вилоятидан ташқари Ақмўла, Қўстанай, Павлодар ва Қарағанда вилоятларида ҳам тарқаган.

Қозоғистон ҳукумати паррандалари қирилиб кетган фермерларга товон пули ваъда қилмоқда.

Сўнгги бор Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи 2005 йили қайд этилганди.

Расмийлар маълумотига кўра, қуш гриппи одамлар орасида қайд этилган эмас. Парандаларга қараган 400 киши тиббий назоратга олинган.

Берлинда “Путин террори”га қарши акция бўлиб ўтмоқда

Германия пойтахти Берлиндаги Унтер ден Линден хиёбонида – Россия элчихонаси биноси қаршисида “Путин террори тўхтатилсин” (Stop Putin's Terror) акция-пикети ўтказиляпти. Кечаю кундуз давом этаётган бу тадбирда германияликлар ҳам, Берлинда яшайдиган беларуслик, украиналик ва россияликлар ҳам иштирок этмоқдалар.

Акция доирасида чодир лагери барпо этилган. Фаоллар пикет ўтказилаётган майдонга суиқасдида Кремль қўли борлиги гумонланган сиёсатчилар, фаоллар ва журналистларнинг, шу жумладан Алексей Навальнийнинг портретларини қўйганлар.

Акция ўтказиш ташаббуси Берлинда яшовчи россиялик тадбиркор Дмитрий Баграш ҳамда социолог Игорь Эйдманга тегишли. Тадбирни Германиядаги русийзабон европаликлар форуми уюштирган.

Акция ўтаётган майдончада концертлар ўтказилмоқда, энг катта чодирда эса оқшом пайтлари қисқа ҳужжатли фильмлар ва мультфильмлар намойиш этиляпти.

18 сентябрь бошланган тадбир келаётган якшанба - 27 сентябрь кунигача давом этиши айтилмоқда.

Париж: Charlie Hebdo журнали таҳририятининг аввалги биноси олдида камида икки киши яраланди

Парижда ҳужум содир этилган жой, 2020 йил 25 сентябри.

Франция пойтахти Парижда Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририятининг собиқ биноси олдида содир этилган ҳужумда камида икки киши яраланган. Бу ҳақда BFM TV нашри хабар қилди. Аввалроқ ҳужум чоғида тўрт киши тан жароҳати олингани ҳақида маълумот тарқаганди.

Дастлабки маълумотларга кўра, икки жабрланувчи пичоқдан яраланган, уларнинг оғир аҳволда “тез ёрдам” машинасида олиб кетилгани айтилмоқда.

Le Figaro нашри маълумотларига кўра, полиция Opera de la Bastille опера театри биноси олдида кийимида қон излари бўлган одамни қўлга олган, у ҳужумда иштирок этганликда гумонланяпти.

Полиция маҳаллий турғунларни ҳодиса содир бўлган жойга яқинлашмасликка чақирмоқда.

Charlie Hebdo таҳририятига 2015 йили ҳужум уюштирганликда айбланаётганлар устидан Парижда маҳкама бошланган сентябрь ойи бошида журнал ўз саҳифаларида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи беш йил аввалги карикатураларни такрор чоп этганди. Шундан сўнг таҳририятга таҳдидлар бошланган.

Charlie Hebdo’га ҳужум 2015 йил 7 январида содир этилганди. Ўшанда Париждаги журнал офисига қўлларида Калашников автомати тутган ниқобли икки киши кириб, таҳририят журналистлари ва карикатурачиларини ўққа тутган, оқибатда 12 киши ҳалок бўлганди.

Россияда коронавирусдан ўлганлар сони 20 мингдан ошиб кетди

Ҳимоя кийимидаги россиялик врачлар, Москва, 2020 йил 14 сентябри.

Ўтган кеча-кундузда Россияда коронавирус юқтириб олган беморлардан 108 нафари вафот этди. Cоvid-19 га қарши кураш тезкор штаби маълумотига кўра, энг ўлим ҳолати Санкт-Петербургда (19 та) ва Москвада (14 та) қайд этилган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп ишлайдиган бу мамлакатда коронавирус қурбонларининг умумий сони шу кунгача 20 минг 56 нафарга етган.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, эпидемия бошидан бери Россияда 1 миллион 136 минг 48 нафар одам Cоvid-19 инфекциясига чалинган. Улардан 934 минг 146 нафари соғайиб кетган, 222 минг 601 нафар беморнинг эса муолажаси давом этмоқда.

Аравондаги муштлашув ортидан икки номзод сайловдан четлатилди (ВИДЕО)

Аравондаги муштлашув видеосидан скриншот.

Аравондаги муштлашув ортидан Қирғизистон парламенти депутатлигига номзод бўлган икки киши – Шукрулло Файзуллаев ва Илҳом Маннонов сайловдан четлатилди.

Марказий сайлов комиссияси 24 сентябрь куни Аравон туманида сайловда бир-бири билан рақобатлашаётган икки партия тарафдорлари ўртасида содир бўлган оммавий муштлаш воқеасини муҳокама қилди.

Комиссия аъзолари рақобатлашаётган партияларнинг оммавий муштлашув содир этилишига уларнинг сиёсий ташкилотлари бевосита ёки билвосита алоқадор эмас, деган фикрига қўшилмади.

Комиссия раиси Нуржан Шайлдабекова бундай вазият юзага келишига партиялар ва депутатликка номзодлар бевосита масъул эканини таъкидлади.

Муҳокама сўнгида Марказий сайлов комиссияси аъзолари Шукрулло Файзуллаев ва Илҳом Манноновни сайловдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шукрулло Файзуллаев “Биримдик”, Илҳом Маннонов “Мекеним Киргизстан” партияларидан депутатликка номзод қилиб кўрсатилганди.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида парламент сайлови арафасида олиб борилаётган тарғибот пайтида “Биримдик” ва “Мекеним Киргизстан” партиялари тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилган эди.

20 сентябрь куни бўлган ҳодисада 12 одам касалхонага тушган. Бир кишининг ахволи оғир экани айтилмоқда. Милиция мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговни бошлади.

Қирғизистонда парламент сайловлари 4 октябрда ўтказилади. Бу сайловда 16 партия парламентдаги 120 ўрин учун курашмоқда.

Трюдо: Канадада коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланди

Жастин Трюдо.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо мамлакатда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини ва бу сафар вазият ёздагидан кўра мураккаброқ бўлишини билдирди.

Унга кўра, 13 мартда коронавирус бўйича фавқулодда вазият эълон қилинган куни Канадада 47 бемор аниқланган эди. Ўтган ҳафтанинг пайшанбасида эса мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик кўрсаткич минг кишидан ошди.

«Биз бугунги ёки кечаги, ҳеч бўлмаса эртанги кўрсаткичларни ўзгартира олмаймиз. Чунки бу икки ҳафта олдин биз қилган ёки қилмаган ҳаракатларимизга боғлиқ. Бироқ биз октябрда ёки қишда юзага келадимган вазиятни ўзгартира оламиз»,-деди Трюдо 23 сентябрь куни видеомурожаатида.

Бош вазир ўз ҳукумати пандемия даврида фуқароларни ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишини билдирди.

Афғонистонда Толибоннинг 65 жангариси ўлдирилди

Афғон ҳарбийлари.

Афғонистон ҳукумат кучлари Пактика вилоятидаги жанглар пайтида Толибоннинг 65 жангарисини ўлдирди.

Пактика вилоят ҳокимининг билдиришича, 23 сентябрь куни Толибон жангарилари Вазихва туманидаги ҳарбий штабга ҳужум қилган.

Ҳужум пайтида ҳукумат кучлари 65 толибни ўлдирган ва яна 35 жангари яраланган. Жанг бир неча соат давом этган. Айни пайтда ҳукумат кучларининг уч аскари ҳалок бўлди ва олти аскар яраланди.

Толибон бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади. Бироқ бир кун олдин Толибон Урузғон вилоятида ҳужум уюштириб, 28 полициячини ўлдиргани ҳақида баёнот берган.

Мазкур ҳужумлар Доҳада Толибон ва Афғонистон ҳукумати вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари ўтказилаётган бир пайтда содир этилди.

19 йиллик урушга барҳам бериш мақсадида томонлар 12 сентябрда музокара бошлаган эди. Бу музокаралар бир неча ойларга чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда. Чунки кўп масалаларда томонларнинг фикри бир-бирига қарама-қарши бўлмоқда.

Алексей Навальнийнинг Москвадаги квартираси ҳибс қилинди

Алексей Навальний заҳарланганидан сўнг Берлин касалхонасида даволанмоқда.

Суд приставлари мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Москва шаҳар Марьино туманидаги квартирасини ҳибс қилди. Бу ҳақда сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш билдирди.

Квартира тадбиркор Евгений Пригожинга алоқадор бўлган «Московский школьник» ширкатининг судга киритган даъво аризаси билан боғлиқ. Ярмишнинг айтишича, суд приставлари квартира ҳибс қилиниши ҳақида 27 августда огоҳлантиришган.

2019 йилнинг октябрида суд Любовь Соболь, Алексей Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш фондини «Московский школьник» ширкатига 87 миллион рубль товон пули тўлашга ҳукм қилган эди.

Коррупцияга қарши кураш фонди ўз суриштирувларида мазкур ширкат ўқувчиларни сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаётгани ва бунинг ортидан бир қанча болалар овқатдан заҳарлангани ҳақида маълумот берганлар.

Суд мазкур суриштирув ортидан «Московский школьник» ширкати обрўсига асоссиз путур етказилган, деб топди. Кейинроқ Пригожин «Московский школьник» қарзларини сотиб олганини ва бундан буён мухолифатчилардан суд ҳукм қилган жаримани ўз фойдасига ундириш билан шуғулланишини билдирган.

Мухолифат лидери Алексей Навальний эса айни пайтда Германияда даволанишни давом эттирмоқда. У 20 август куни Томскдан Москвага учаётганида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган. 22 августда эса Германия ҳукумати уни Берлиндаги "Шарите" касалхонасига олиб келган эди.

Европалик мутахассислар Навальний Новичок турига кирувчи кимёвий модда билан заҳарланганини аниқлаганлар. Бироқ Россия бу маълумотларни рад этмоқда.

Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмайди

Жозеп Боррель иттифоқ Беларус билан муносабатларини қайта кўриб чиқаётганини таъкидлади.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 24 сентябрь куни иттифоқ Александр Лукашенкони Беларус президенти сифатида тан олмаслигини тасдиқлади.

23 сентябрда Лукашенконинг инаугурация маросими Минскда ими-жимида ўтказилгани ортидан Беларусда норозилик тўлқини янада кучайиб, минглаб одамлар намойишларга чиқди. Полиция норозиларни тарқатиш учун куч қўллади.

«Бу инаугурация Беларус халқининг асосий қисми хоҳиш-иродасига зиддир. Беларус халқи буни президентлик сайловидан сўнг кўп сонли, мисли кўрилмаган даражадаги тинч намойишларни ўтказиш орқали билдирмоқда. Беларус халқи иродасига қарши ўтказилган инаугурация мамлакатдаги сиёсий инқирозни чуқурлаштириш учунгина хизмат қилади»,- деди Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси ўз баёнотида иттифоқ Беларус билан муносабатларини қайта кўриб чиқаётганини ҳам таъкидлади.

23 сентябрда Қўшма Штатлар ҳам Александр Лукашенкони қонуний президент деб тан олишдан бош тортишини билдирган эди.

Россия: Ростов вилоятида 23 ёшли ўзбекистонлик муҳожир чавақлаб кетилди

Россиянинг Ростов вилоятида 23 сентябрь куни содир бўлган оммавий муштлашув чоғида ўзбекистонлик муҳожир пичоқлаб ўлдирилди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Ақсай туманига қарашли Ленин хуторидаги омбор яқинида сешанба оқшомида оммавий муштлашув бўлган. Тўполон пайтида муштлашув иштирокчиларидан бири ёнидан пичоқ чиқариб, 23 ёшли Сарварбек М.га урган. Кўкраги ва белидан яраланган ўзбекистонлик муҳожир воқеа жойида жон таслим қилган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан “қотиллик” моддаси бўйича жиноят иши очилган. Айни пайтда гумонланувчи қидирилмоқда.

Нобель жамғармаси лауреатларга тўланадиган мукофот пули миқдорини оширди

Нобель мукофоти медали.

Нобель жамғармаси лауреатларга тўланадиган мукофот пули миқдорини 1 миллион Швеция кронасига (тақрибан 110 минг АҚШ доллари) оширгани ҳақида маълум қилди. Бу йил Нобель мукофоти пули 10 миллион кронани ташкил этади, деди Нобель жамғармаси раҳбари Ларс Хайкенстен 24 сентябрь куни Швецияда чиқадиган Dagens Industri газетасига.

Динамитни ихтиро қилган швециялик саноатчи Альфред Нобель турли соҳаларда мукофот берилиши учун бўлажак жамғармасига тақрибан 31 миллион крона (ҳозирги пул билан 1,8 миллиард крона) қолдирган ва бу мукофотлар 1901 йилдан буён бериб келинади.

Бу йил тиббиёт, физика, химия, адабиёт, тинчлик ва иқтисодиёт соҳалари бўйича мукофотлар лауреатларининг исмлари 5 октябрдан бошлаб бир ҳафта мобайнида эълон қилиб борилади. Нобель жамғармаси коронавирус пандемияси туфайли бу йил совриндорларни, анъанага мувофиқ, Стокҳолмда тақдирлаш маросими ва тантанали банкет бекор қилинганини маълум қилган. Бунинг ўрнига бошқа мамлакатлар билан телекўприк шаклида маросим ўтказилади.

Қозоғистонда ўлим жазоси бутунлай бекор қилинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилишга оид халқаро протоколга қўшилди.

24 сентябрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамлакатнинг БМТдаги вакили Қайрат Умаров Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларга оид халқаро пактга илова қилинган ва ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив протоколни имзолагани ҳақида маълум қилди. Ҳужжат, уруш вақтида содир этилган ҳарбий жиноятларни истисно қилган ҳолда, ўлим жазосини бекор қилишни кўзда тутади.

Қозоғистонда 2003 йили ўлим жазосига нисбатан мораторий жорий қилинганди. Мамлакат террорчилик ва ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ қатор моддалар бўйича ўлим жазосини сақлаб қолган.

Қозоғистон Жиноят кодексида мамлакатнинг амалдаги президенти ҳамда собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга суиқасд (бу уриниш ўлим билан тугамаган бўлса-да) қилганлик учун ҳам ўлим жазоси берилишига оид моддалар бор.

Ҳуқуқ фаоллари аввал бир неча бор расмийларни ўлим жазосини тўлалигича бекор қилишга чақирганлар.

2019 йил декабрида президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ташқи ишлар вазирлигига мазкур факультатив протоколга қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақида топшириқ берганди.

Ижтимоий тармоқлардан 112 млн аккаунт ўғирлаган россиялик АҚШда 12 йилга қамалиши мумкин

Евгений Никулин.

АҚШ прокуратураси Калифорния штатидаги федерал судьядан LinkedIn тармоғи, Formspring тизими ва Dropbox хизматига хакерлик ҳужумлари уюштиргани учун россиялик Евгений Никулинни 12 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқаришни сўради. Бу ҳақда Law360 портали хабар қилди.

Июль ойида Сан-Франсцискодаги ҳайъат Никулинни бузиб кирилган сервислардан 112 миллион фойдаланувчига оид маълумотларни ўғирлаганликда айбдор, деб топганди. Ҳайъат россиялик хакер АҚШ тарихидаги энг йирик маълумот сизишларидан бири учун масъул, деган қарорга келганди.

Е. Никулин 2016 йил октябрида Интерпол сўровига кўра Прагада қўлга олинган. У Чехиядан бошпана сўраган, бироқ 2018 йил апрелида у АҚШга экстрадиция қилинган. Кейинроқ Чехия Конституциявий суди бу қарорни ноқонуний, деб топган. Хакер қўлга олинганидан кейин Россия ҳам унинг ўзига топширилишини сўраган.

Никулин ўз айбини тан олган эмас, адвокатлари унинг ҳибсда ўтказган муддати билан чекланиб, ватанига депортация қилинишини сўрамоқда.

Россия қамоғидан ер ости йўли қазиб қочиб кетган тожикистонликлар қидирилмоқда

Қамоқдан қочган тожикистонликлардан бири Шомил Бойматов.

Россия Тергов қўмитаси Доғистон пойтахти Махачкала яқинидаги 2-сонли қамоқхона ходимларига нисбатан жиноят иши очди.

Хабарда айтилишича, жиноят иши очилишига қамоқхонадан олти нафар маҳкумнинг қочиб кетгани асос бўлган.

Ҳар бири 10 йилдан 14 йилгача қамалган маҳкумлар Шамхал қишлоғидаги қамоқхонадан ер ости йўли қазиб, қочишга муваффақ бўлган. Уларнинг тўрт нафари наркотиклар савдоси, икки нафари эса қотилликда айбланиб судланган.

Қочоқлар орасида наркотик савдоси учун қамалган тожикистонлик Шомил Бойматов ва Маҳмадрасул Машрабов ҳам бор.

Терговнинг аниқлашича, маҳкумлар қамоқдан қочиш учун ер ости йўлини бир йил давомида қазишган. Айни пайтда қамоқдан қочганлар қидирилмоқда.

ASPI: Хитойда мусулмонлар учун қамоқхоналар кенгайтирилмоқда ва янгилари қурилмоқда

Хитойдаги мусулмонларни "қайта тарбиялаш" учун барпо этилган лагерлардан бири.

Австралиядаги стратегик сиёсат институти - ASPI Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой ҳукумати мусулмонларни “қайта тарбиялаш лагерлари” тармоғини кенгайтиргани ҳақида маълумот берди.

Австралия институти томонидан 24 сентябрда эълон қилинган тадқиқотда таъкидланишича, “қайта тарбиялаш лагерлари” тармоғи жаҳон ҳамжамияти тасаввур қилаётганидан ҳам кенгроқ ва Хитой ҳукумати сўнгги йилларда бу каби лагерлар сонини кўпайтирган.

ASPI сунъий йўлдошлардан олинган суратлар, матбуотдаги хабарлар ва қурилиш учун эълон қилинган тендер ҳужжатларини ўрганиб чиққан.

Натижада Шинжон-Уйғур мухториятида лагерь экани гумон қилинаётган 380дан кўпроқ объект аниқланган.

“2019 йилнинг июлидан 2020 йилнинг июлигача камида 61 объектда янги қурилишлар олиб борилган ва уларнинг ҳудуди кенгайтирилган”,-дейилади тадқиқотда.

Билдирилишича, 2020 йилда яна камида 14та лагерь қурилиши олиб борилмоқда.

Франция президенти Эммануэль Макрон 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75 -сессиясида сўзлаган нутқида халқаро ҳамжамиятни Шинжон-Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва бошқа муслмон миллатлар вазиятини ўрганиш учун БМТ ваколати остида халқаро комиссия жўнатишга чақирди.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб олишни тақиқловчи қарорни қабул қилди.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади. Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Болгария Россиянинг икки дипломатини жосусликда айблади

Болгария Бош прокурори Иван Гешев.

Болгария прокуратураси икки нафар рус дипломатини жосусликда айблади. Аммо дипломатлар даҳлсизлик мақомига эга бўлгани учун уларга нисбатан тергов тўхтатилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг Озодлик радиоси болгар хизматига билдиришича, Россия дипломатлари 72 соат ичида Болгария ҳудудини тарк этиши лозим.

Тергов материалларига қараганда, Россия дипломаталари 2016 йилдан бошлаб Болгария армиясининг модернизация қилиниши ва ҳарбий техниканининг жанговар ҳолати тўғрисидаги маълумотларни йиққанлар.

“Дипломатлар ҳарбий комплексга алоқадор бўлган Болгария фуқаролари билан мулоқот ўрнатганлар ва айрим ҳолатларда уларга маълумот эвазига пул таклиф қилинган”,-дейилади прокуратура баёнотида.

Январь ойида ҳам жосусликда айбланган икки рус дипломати Болгариядан бадарға қилинган эди. Ўшанда Москва рус дипломатларининг бадарға қилинишини “нодўстона қадам” сифатида баҳолаган.

Россиянинг Софиядаги элчихонаси рус дипломатларининг бадарға қилинишини қоралади. Элчихонаниниг билдиришича “рус дипломатлари жосуслик билан шуғулланганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил-исботлар мавжуд эмас”.

Минскда норозиларга куч қўлланилди. АҚШ Лукашенкони тан олишдан бош тортди (ВИДЕО)

Полиция намойишчилардан бирини қўлга олмоқда.

Минскда 23 сентябрь куни президент Александр Лукашенко истеъфоси талаб қилинган намойишни тарқатиш учун полиция тўқмоқлар ва сув пуркагичлардан фойдаланди.

Навбатдаги намойиш 23 сентябрь куни Лукашенконинг кейинги беш йиллик учун Беларусь президенти лавозимига киришиши маросими ими-жимида ўтказилгани ортидан бошланиб кетди.

Минглаб одамлар Минск кўчаларига норозилик билдириб чиқди. Кечга яқин норозилар пойтахт кўчаларидан айримларини тўсиб қўйди. “Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти полиция билан тўқнашувларда Минск, Брест ва бошқа шаҳарларда 140 норози қўлга олинганини билдирди.

Лукашенконинг инаугурация маросими ўтказилгани мухолифат томонидан кесин танқид қилинди.

Қўшма Штатлар Александр Лукашенкони қонуний президент деб тан олишдан бош тортишини билдирди. Бундан аввалроқ Европа Иттифоқининг айрим давлатлари мана шундай баёнот берган эди.

АҚШда коронавирус қурбонлари сони 200 минг нафардан ошди

Нью-Йоркдаги мактаб остонасида ўқувчиларнинг ҳароратини ўлчаётган мулозимлар, 2020 йил 14 сентябри.

Қўшма Штатларда коронавирус важидан нобуд бўлганлар сони 200 минг нафардан ошиб кетди. Бу АҚШнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин Корея, Вьетнам, Форс кўрфази, Афғонистон ва Ироқ урушларида берган қурбонлари сонидан икки баробар кўпдир.

Юқумли касалликлар бўйича америкалик экспертлар баҳорда COVID-19 инфекциясидан мамлакатда 60 минг чоғли одам ўлиши мумкинлигини тахмин қилишганди. АҚШ президенти Дональд Трамп май ойида эпидемия 75 мингдан 100 минг нафаргача одам умрига зомин бўлиши мумкинлигини айтган. Эндиликда Вашингтон университетида фаолият юритувчи мутахассислар нобуд бўлганлар сони йил охиригача 410 мингга етиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Апрель ойи охирида коронавирусдан АҚШда кунига 2 мингдан зиёд бемор вафот этаётганди. Ҳозир бу кўрсаткич кунига 800 нафарни ташкил қилмоқда. АҚШ қурбонлар сони бўйича жаҳон бўйлаб биринчи ўринда кетаётган бўлса-да, Европа ва Лотин Америкасидаги айрим мамлакатларда аҳоли жон бошига нисбатан ҳисоблаганда кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилмоқда.

Эпидемия бошидан бери Қўшма Штатларда 7 миллиондан кўпроқ одам коронавирус юқтириб олган.

Дональд Трамп янги статистика юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Сешанба куни БМТ Бош ассамблеясида қилган видеочиқишида АҚШ президенти яна бир марта Хитойни ўтган йил охиридан бери янги коронавирус инфекцияси ёйилишига оид маълумотни яширганликда айблаган. Трампга кўра, Пекин эпидемияни иҳоталаш бўйича етарли чора кўрган эмас.

Минск: Александр Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими ими-жимида ўтказилди

Александр Лукашенко.

Минскда Александр Лукашенконинг кейинги беш йиллик учун Беларусь президенти лавозимига киришиши маросими ўтказилди. Бу ҳақда давлатга қарашли БелТА агентлиги хабар қилди.

Инаугурация маросими махфий суратда ҳозирланган, маросим ўтказиладиган сана ҳақида аввалдан эълон қилинган эмас.

Лукашенко давлат раҳбари лавозимига мамлакатда оммавий норозилик намойишлари қабатида киришмоқда. Мазкур акциялар 9 августда бўлиб ўтган президент сайлови расмий натижалари МСК томонидан эълон қилингани ортидан бошланиб кетганди ва 1,5 ойдан бери ҳануз тингани йўқ.

Сайлов натижалари беларуслик мухолифатчилар томонидан ҳам, Ғарб давлатлари томонидан ҳам тан олинган эмас. Аввалроқ европалик расмийлар ЕИ Александр Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти, деб тан олмаслигини билдирган эдилар.

Саудия Арабистони кейинги ойдан хорижлик зиёратчиларни қабул қила бошлайди

Коронавирус ёйилиши ортидан Каъбатуллоҳ атрофи бир муддат бўшаб қолганди, Макка (2020 йил 28 июлида олинган сурат).

Саудия Арабистони расмийлари шу йил 4 октябридан эътиборан хорижлик зиёратчиларни босқичма-босқич Макка ва Мадина шаҳарларига қўя бошлайдилар. Бу ҳақда Le Figaro нашри Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Умра ибодатини адо этиш учун келувчи чет эллик мусулмонларни икки шаҳардаги муқаддас қадамжоларига қўйиш коронавирус эпидемияси важидан март ойидан буён тўхтатиб қўйилганди.

Дастлабки босқичда Маккадаги Масжидул-Ҳарамда кунлик зиёратчи сони (саудияликлар ва хорижликларни қўшиб ҳисоблаганда) 6000 нафаргача бўлади.

1 ноябрдан эса ташрифчилар сонини кунига 20 минг нафаргача етказиш режаланган. Бу ўсиш чет ўлкалардан келаётган зиёратчилар ҳисобига бўлиши айтилмоқда.

Алексей Навальний Берлиндаги клиникадан соғайиб чиқди

Алексей Навальний.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 22 сентябрь куни Берлиндаги “Шарите” клиникасидан соғайиб чиққан. Бу ҳақда клиника сайти хабарномасида айтилади.

Беморнинг аҳволи шу қадар яхшиландики, у стационардан чиқарилди. Алексей Навальний “Шарите”да 32 кун даволанди, бундан 24 кун реанимацияда бўлди. Беморнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, даволовчи врачлар у тўлиқ соғайиб кетиши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Заҳарланишнинг бошқа кўринмас оқибатлари ҳақида кейинроқ фикр билдириш мумкин бўлади”, дейилади хабарномада.

Клиника сайтидаги баёнотда қайд этилишича, Навальнийнинг соғлиғига оид маълумот бемор ва унинг хотини билан келишилган ҳолда ёзилган.

Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальний “Новичок” оиласига кирувчи модда билан заҳарлангани ҳақида Германия расмийлари бундесвер лабораториясида олинган таҳлил натижаларига таянган ҳолда маълум қилганлар. Кейинроқ бу маълумотни Франция ва Швеция лабораториялари ҳам тасдиқлаган. Сиёсатчининг қай йўсинда заҳарлангани ҳалигача маълум эмас. Германиянинг Der Spiegel нашри заҳар қолдиқлари Навальний ичимлик ичган шишадан ҳам топилгани ҳақида хабар қилган. Мухолифатчининг сафдошлари уни Томскда Навальний яшаган меҳмонхона номеридан олиб кетганлар.

Сиёсатчининг сафдошлари у касалхонага ётқизилиши билан жамоат арбобига суиқасд ва террорчилик моддалари бўйича жиноят иши очишни талаб қилишган. Мазкур ҳодиса бўйича Россияни суриштирув ўтказишга АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам чақирган. Россиялик расмийлар эса жиноят иши очиш учун асос йўқлигини таъкидламоқдалар. Улар Навальнийдан Россияда олинган таҳлилларда заҳарли модда топилмаганини иддао қилишиб, унинг заҳарланганига шубҳа билан қараяптилар.

COVID-19: Коронавирус туфайли Россияда 2020 йилнинг биринчи ярмида ўлимлар сони ўтган йилга солиштирганда анча юқори бўлди

Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат ) маълумотларига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг илк етти ойида ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 57 961 нафарга кўпроқ киши вафот этган.

Россияда шу муддат ичида 22,6 минг одам COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлган; 15,3 минг киши бошқа сабабга кўра вафот этган, деб қайд этилган, аммо улар ҳам коронавирусга чалинган бўлган.

Москва соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, пойтахтдаги ошиқча ўлимлар сабабчиси коронавирус инфекциясидир. Росстат COVID-19 инфекциясидан ўлганлар статистикасида фарқлар мавжудлигини тасдиқлади.

Россия ҳукуматининг коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича тезкор штаби маълумотларига кўра, Россияда апрель ойидан 18 сентябрга қадар 19 195 нафар киши COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлган.

Росстат ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг тўрт ойида (апрель-июль) 22 590 нафар россиялик коронавирусдан ўлган. Бу вирус юқтирганларнинг икки фоизидан кўпроғидир.

Марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти ходими Анна Иванова: «Ушбу маълумотлар бир-бирига мос келмайди, чунки тезкор штат статистикасида улар касалхоналардан ҳар куни оладиган ўлимлар сони кўрсатилган. Росстат эълон қилган маълумотлар эса тиббий ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар асосида тўпланган»,- деди.

АҚШ Эроннинг мудофаа ва атом энергияси соҳаларига қарши янги санкцияларни жорий қилди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео санкцияларни эълон қилмоқда.

АҚШ Эроннинг мудофаа ва ядровий энергия соҳаларида фаолият юритаётган 20 дан ошиқ шахс ва ташкилотга қарши янги санкцияларни жорий қилди.

Ўтган ҳафтада Вашингтон АҚШнинг Европадаги яқин ҳамкорлари эътирозига қарамасдан, Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта жорий қилиш механизмини бир тарафлама ишга солган эди.

Янги санкциялар туфайли Вашингтон Эронга БМТ санкцияларини четлаб ўтишга кўмаклашган ҳар қандай шахс ёки идорага қарши чора кўриши мумкин.

Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизми 2015 йилда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга доир 2231-сонли БМТ резолюциясида белгиланган.

Россия, Хитой ҳамда Эрон билан келишувни имзолаган бошқа давлатлар АҚШ Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизмини ишга сола олмаслигини айтиб келади.

Сабаби, 2018 йилда АҚШ Эрон билан имзоланган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган. АҚШ эса, Эрон билан эришилган келишувни имзолаган «қатнашчи» экани ва шу сабабдан, БМТ санкцияларни қайта жорий қилиш механизмини ишга солишга ҳақли эканини даъво қилмоқда.

Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетишга ошиқмоқда

Президент Дональд Трамп Афғонистондаги Бағром АҚШ базасида нутқ сўзламоқда.

Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ҳамда Толибон жангарилари ўртасида тинчлик музокаралари давом этар экан, АҚШ президенти Дональд Трамп 3 ноябрга қадар мамлакатдан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетишга ошиқмоқда.

3 ноябрь кунига белгиланган АҚШ президентлик сайловида Жо Байденга қарши беллашадиган Трамп сайлов кампанияси давомида Афғонистондаги урушни тугатиш борасида берган ваъдаси устидан чиқишни истайди.

АҚШ армиясининг айрим расмийлари, Конгресс аъзолари ва таҳлилчилар Афғонистондан Америка қўшинларини тезда олиб чиқиб кетиш Афғонистон ҳукумати қулашига ҳамда Толибон ҳокимиятни қўлга олишига замин яратишидан хавотирда.

Трамп июль ойида президентлик сайловига қадар Афғонистондан 4-5 минг АҚШ аскари қолишини ваъда қилган эди. АҚШ ҳамда Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида хорижий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишини кўзда тутган келишувга эришди. Унга биноан, АҚШ 2021 йилнинг майига қадар мамлакатдан барча Америка аскарларини олиб чиқиб кетади.

Бунинг эвазига Толибон Афғонистонда террор гуруҳларига бошпана беришни тўхтатиши ва Қобулдаги ҳукумат билан музокара олиб бориши керак.

АҚШ Эроннинг мудофаа ва атом энергияси соҳаларига қарши янги санкцияларни жорий қилди

Франция президенти БМТда Хитойдаги мусулмонлар муаммоси ҳақида гапирди

Франция президенти Эммануэль Макрон БМТнинг видеоконференция сифатида ўтаётган йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Франция президенти Эммануэль Макрон халқаро ҳамжамиятни Шинжон-Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва бошқа муслмон миллатлар вазиятини ўрганиш учун БМТ ваколати остида халқаро комиссия жўнатишга чақирди.

Эммануэль Макрон 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75 -сессиясида сўзлаган нутқида: “Биз барчамиз Хитойда мусулмон уйғурлар вазияти ёмонлашиб бораётганидан ташвишдамиз”, - деб айтди.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади. Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб олишни тақиқловчи қарорни қабул қилди.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG