Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2020, Тошкент вақти: 15:22

Халқаро хабарлар

Япония Бош вазири олимпиадани кечиктиришдан ўзга чора қолмаëтганини билдирди

Япония Бош вазири Шинзо Абе коронавирус пандемияси Токио олимпиада ўйинларини кечиктиришдан бошқа йўл қолдирмаëтганини билдирди.

Пандемия вазиятини кузатиб келаëтган Халқаро олимпия қўмитасининг бир неча ҳафта ичида олимпиадани қолдириш-қолдирмаслик ҳақида қарор қабул қилиши кутилмоқда.

“Агар ўйинларни тўлиғича ўтказиш жуда қийин деб топилса¸ уларни қолдиришдан ўзга чорамиз қолмайди. Чунки спортчилар саломатлиги биз учун энг муҳим нарса”¸ деди Абе душанба куни мамлакат парламентидаги чиқишида.

Токио ҳукумати раҳбари¸ жараëн жуда мураккаб бўлгани боис¸ МОҚ бу ҳақдаги қарорни имкон қадар тезроқ қабул қилишига умид билдирди.

Абе айни пайтда¸ Токио олимпиада ўйинларининг бутунлай бекор қилинишини эҳтимолдан соқит қилди.

Коронавирус эпидемияси бошлангандан буëн 24 июль куни очилиши режалаштирилган ëзги олимпиада ўйинлари тақдири савол остида қолаëтган эди.

Халқаро олимпия қўмитаси ҳали қарор бермай туриб¸ Канада ва Австралия Токио олимпиадасига ўз спортчиларини юбормаслигини эълон қилди.

22 март куни Японияда коронавирус юқтирганлар сони расман 1719 тага¸ ўлганлар сони эса¸ 43 тага етди.

Кун янгиликлари

Россия: Ступинода кўприк қулаши оқибатида 49 нафар қирғизистонлик жароҳатланди

Москва вилоятининг Ступино туманида жойлашган “ФМ Сидорово” логистика корхонасида 27 сентябрь куни йўловчи кўприги қулаши оқибатида 49 нафар қирғизистонлик муҳожир жабрланган.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, жароҳатланганлардан тўрт нафари Ступино касалхонасига етказилган. Ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлган эмас.

Воқеа жойига тез орада Россия Тергов қўмитаси, прокуратура, ФВВ, “тез ёрдам” хизмати ҳамда Қирғизистон элчихонаси ходимлари етиб борганлар.

Маълумотларга кўра, “ФМ Сидорово” корхонасида жами 169 нафар қирғизистонлик ишлаган. Уларнинг мазкур корхонада тегишли тиббий ва бошқа ҳужжатларсиз ишлагани айтилмоқда.

Россия ИИВнинг маълум қилишича, 2020 йил январидан июнь ойигача мамлакатда 380 минг чоғли қирғизистонлик миграцион рўйхатдан ўтган. Айни пайтда Россияда доимий ишлаётган қирғизистонликлар сони 700 минг нафарга етиши тахмин қилинади. Уларнинг катта қисми Москва шаҳри ва вилоятида ишлайди.

Қирғизистонда сўнгги уч ҳафта ичида коронавирусдан бир киши вафот этди

Бишкекдаги собиқ АҚШ ҳарбий базасида коронавирус беморлари учун очилган касалхона.

Қирғизистонда COVID-19дан сўнгги бир сутка ичида бир киши вафот этди. Бунга қадар уч ҳафта мобайнида коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмаган ва беморлар сони кескин озайган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевнинг 28 сентябрда билдиришича, коронавирусдан вафот этган шахс Ўш вилоятида яшаган. Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 1064 кишига етди.

18 августгача Қирғизистонда коронавирусдан 1498 киши ўлгани расман билдирилган эди. Бироқ ҳукумат вафот этганлар рўйхатини қайта кўриб чиқиб, 437 киши коронавирусдан эмас, бошқа касалликлардан вафот этгани аниқланганини билдирган. Шу сабабли коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони қисқартирилган.

Расман билдирилишича, сўнгги бир сутка ичида 104 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 46 355 кишига етди. Беморлардан 42 619 киши соғайган.

Айни пайтда беморлардан 700 нафари касалхоналарда, 1520 киши уйида даволанмоқда.

New York Times: Трамп 2016 ва 2017 йилда 750 доллар даромад солиғи тўлади

Дональд Трамп бу маълумотни "фейк" деб атади.

New York Times газетаси 27 сентябрь куни президент Дональд Трамп 2016 йилда даромад солиғи сифатида федерал бюджетга бор-йўғи 750 доллар тўлагани ҳақидаги сенсацион мақолани эълон қилди. Трамп айнан 2016 йилда президентликка сайланган эди.

Мақолада айтилишича, Трамп 2017 йилда ҳам даромад солиғи учун 750 доллар тўлаган, лекин бундан олдинги 10-15 йил давомида федерал бюджетга даромад солиғини тўламай келган.

Мазкур хабар ортидан матбуот анжумани ўтказган Трамп газета мақоласини “фейк” деб атади. Лекин Трамп аслида қанча солиқ тўлаганини жамоатчиликка ошкор қилмади. У бу борадаги маълумотни очиқлай олмаслигини, аммо унинг солиқ декларацияси Солиқ хизмати томонидан текширилиб борилишини таъкидлади.

Трамп АҚШ Солиқ хизматини “ўзига нисбатан душманлик қилаётганликда” айблади.

Трамп ўзи тўлаган солиқлар миқдорини ошкор қилмаётган ягона президентдир. У ўз даромадлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлганларга нисбатан судларга даъво аризалари киритган.

New York Times мақоласи Трампнинг муваффақиятли бизнесмен-миллиардер ва ватанпарвар сифатида шакллантирилган имижига берилган зарба бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни дипломатик музокараларни бошлашга чақирди

Тоғли Қорабоғ харитаси.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 27 сентябрь куни тарқатган баёнотда маълум қилинди.

«Ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалалар халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз», -дейилади вазирлик баёнотида.

27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида шиддатли отишма содир бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонидан оддий аҳоли пунктига ракета отилгани ва ҳаводан ҳужум қилинганини таъкидлади.

Озарбайжон эса ҳарбий амалиёт Арманистон томонидан бўлган ҳужумга жавобан бошланган, деб билдирди.

Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли тўқнашувда камида 23 киши ҳалок бўлди

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувдан сўнг Арманистон ва Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни содир этилган қуролли тўқнашув пайтида камида 23 киши ҳалок бўлди.

Тоғли Қорабоғ ҳарбийларининг билдиришича, 16 аскар ҳалок бўлган, камида юз аскар яраланган. Арман фаоллари аввалроқ тўқнашув пайтида бир аёл ва бир бола ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.

Озарбайжон ҳукумати Арманистон Қуролли кучлари ҳужуми оқибатида бир оиланинг беш нафар аъзоси ҳалок бўлганини билдирди. Бундан ташқари тинч аҳоли вакилларидан 19 киши яраланган.

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувдан сўнг дастлаб Арманистон, кейин Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

АҚШ, Россия, Франция, Туркия ва бошқа давлатлар томонларни “ўт очишни зудликда тўхтатиш”га чақирди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

Беларусда намойишларнинг 50-кунида юзлаб норози қўлга олинди

Минскда 27 сентябрда ўтган намойишга камида юз минг одам қатнашди.

Беларус полицияси 27 сентябрь куни намойишга чиққан норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталарни қўллади. Полиция томонидан юзлаб норозилар қўлга олинди.

Намойишларнинг эллигинчи кунида Минскда юз мингдан кўпроқ норози намойишга чиқди. Норозилар Лукашенконинг намойишларни куч билан тарқатаётганинини назарда тутган ҳолда “фашист” ва “шармандалик”, деб ҳайқирдилар.

Гомелда ОМОН намойишга чиққанларни тарқатиш учун ҳавога қарата ўқ узди ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Гроднода ҳам норозиларни тарқатиш мақсадида кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатилди. Бу шаҳарда ҳам кўплаб норозилар қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, якшанба кунги намойишлар пайтида “200га яқин норози қўлга олинган”. Бироқ “Весна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти камида 341 киши қўлга олинганини маълум қилмоқда.

Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланиб кетган.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

Беларусь ғарб давлатларини мамлакатда «тартибсизлик ва анархия» уруғларини сепишда айблади

Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей, 2 сентябрь, 2020, Минск

Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей ғарб давлатларини, мамлакатда «тартибсизлик ва анархия» келтириб чиқариш мақсадида унинг ички ишларига аралашишда айблади.

Макей 26 сентябрь куни БМТга йўллаган видеомурожаатида:

«Мамлакатимиздаги вазиятни беқарорлаштириш уринишларига гувоҳ бўляпмиз. Ички ишларимизга аралашиш, Беларусга қарши санкциялар ва бошқа чекловлар жорий қилиш мутлақ барчага зиён келтиради», - деди.

Беларусь мухолифати ва ғарб давлатлари 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан бери мамлакатда президент Александр Лукашенко истеъфоси талаби билан норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Британия ва Канада намойишчиларга қарши қўлланган кескин чораларга масъул расмийларга қарши санкция жорий қилишни режалаштирмоқда.

Жорий ҳафтада Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими ими-жимида ўтказилди.

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари яна тўқнашди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян аскарлар билан учрашмоқда, 30 август, 2020

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида шиддатли отишма содир бўлди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонидан оддий аҳоли пунктига ракета отилгани ва ҳаводан ҳужум қилинганини таъкидлади.

Озарбайжон эса ҳарбий амалиёт Арманистон томонидан бўлган ҳужумга жавобан бошланган, деб билдирди.

Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни икки Озарбайжон вертолёти ва уч дронини уриб туширганини билдирди.

Озарбайжон армияси эса арман қўшинлари ҳужумига жавоб қайтаргани, мамлакат қўшинлари вазият назоратини тўлиқ қўлга олганини маълум қилди.

Шу йилнинг 12 июлида ҳам Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада жанг ҳаракатлари кузатилган. Икки мамлакат чегарасидаги қуролли тўқнашувлар 3 кун давом этган.

Ўшанда икки томон бир-бирини ҳужумни бошлаганлик ва аҳоли пунктларини ўққа тутганликда айблаган.

Асосан, этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган.

Тоғли Қорабоғдаги чегара чизиғи ҳамда Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегара участкаларида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб туради.

Жаҳон бўйлаб коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 1 миллионга яқинлашди

Россиялик "Тез ёрдам" шифокори беморни қабул қилиб олмоқда, сентябрь, 2020

Жаҳон бўйлаб COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 1 миллионга етай деб қолди.

Вирус ўтган йилнинг декабрида тарқала бошлаганидан бери 33 миллиондан ошиқ одам уни юқтирди.

Вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий қилинган чекловлар туфайли жаҳон иқтисоди бўҳронга юз тутди. Европада пандемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани айтилмоқда.

Испания, Франция ва Британияда рекорд даражада вирус юқтириш ҳолатлари қайд этилмоқда. Шу сабабдан бир неча Европа давлатида чекловлар қайта жорий қилинди.

Россияда вирус юқтирганлар сони июнь ойидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичга етди. Мамлакатга бугунга қадар 1 143 571 нафар одам вирусга чалинди.

Яқин Шарқда эса Эрон президенти Ҳасан Руҳоний вилоятларига лозим бўлса, карантин жорий қилишга изн берди.

Покистон бош вазири Ҳиндистон ҳукуматини исломофобияда айблади

Покистон бош вазири Имрон Хон БМТ Бош ассамблеясида 25 сентябрь куни қилган чиқишида "Ҳиндистоннинг миллатчи ҳукумати мусулмонларга қарши нафрат ва адоват қўзғатаётгани"ни таъкидлади.

Хон коронавирус пандемияси туфайли виртуал тарзда ўтказилаётган йиғинга йўллаган видеомурожаатида Ҳиндистонда исломофобия авж олаётгани, бу ҳолат мамлакатдаги 200 миллионга яқин мусулмон ҳаётига таҳдид солаётганини айтди.

Шунингдек, Покистон бош вазири Ҳиндистон ҳукумати асосан мусулмонлар яшайдиган Кашмир минтақаси назоратини қўлга олишга уринаётганини қоралади.

Ўтган йилнинг августида Ҳиндистон ҳукумати Кашмир ва Жамму ҳудудларининг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди.

БМТ тайинлаган мустақил мутахассислар гуруҳи Ҳиндистонни зудлик билан чора кўришга чорлади.

Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли қисмида яшаётганлар полиция уларнинг уйларини асоссиз рейд қилаётганини, аҳолини калтаклаётганини ва турли йўллар билан таҳқирлаётганини айтиб келади.

Қозоғистонда мухолифат норозилик акцияларига тўсқинлик қилинди

Олмаотада бир неча одам ўз талабларини оммавий тарзда эълон қилишга муваффақ бўлди.

Қозоғистон ҳукумати хориждан бошпана топган мухолифатчи Мухтор Аблязов чақируви билан ўтказилиши режалаштирилган норозилик акцияларга тўсқинлик қилди.

Аблязов «Қозоғистон Демократик танлови» партиясига етакчилик қилиб келади.

Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида кўчалар ёпилди, полиция жамоат жойларини қуршаб олди ва намойишчилар тўпланишига тўсқинлик қилди.

Бунга қарамасдан, Олмаотада бир неча одам ўз талабларини оммавий тарзда эълон қилишга муваффақ бўлди.

Мамлакат шарқида Семей шаҳрида полиция Озодлик қозоқ хизмати мухбирини ҳамда informburo.kz сайти журналистини қўлга олиб, бир соат ушлаб турди.

«Қозоғистон Демократик танлови» ҳаракатига Қозоғистон суди томонидан «экстремистик» ташкилот деб тан олинган.

Францияда яшаётган Аблязовга эса 5 миллиард долларга яқин маблағни ювиш айблови қўйилган. Сиёсатчининг ўзи ва унинг тарафдорлари бу айбловни рад этиб келади.

Украинада ҳарбий учоқ қулаши оқибатида 25 киши ҳалок бўлди

Ҳалокатга учраган Ан-26 ҳарбий учоғи бортида Иван Кожедуба номидаги Харков Ҳаво Кучлари университетининг синов парвозини амалга ошираётган курсантлари бўлган.

Украинанинг Харков вилояти яқинида ҳарбий қулаб тушди.

Авиаҳалокат оқибатида учоқ бортида бўлган 25 курсант ҳалок бўлди.

Икки киши ҳалокатдан омон қолган ва улардан бири оғир аҳволда.

Ҳарбий транспорт учоғи бортида жами 27 киши бўлган.

Ҳалокат 25 сентябр куни Тошкент вақти билан 22:45 да содир бўлган.

Ҳалокатга учраган Ан-26 ҳарбий учоғи бортида Иван Кожедуба номидаги Харков Ҳаво Кучлари университетининг синов парвозини амалга ошираётган курсантлари бўлган.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг авиаҳалокат содир бўлган жойига етиб бориши кутилмоқда.

Қозоғистон шимолида қуш гриппидан нобуд бўлган парранда сони 100 мингдан ошди

Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи туфайли яна етти қишлоқ карантинга ёпилди. Шу тариқа мазкур вилоятда санитария блокпостлари ўрнатилган қишлоқлар сони 18 тага етди.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб Қозоғистон шимолида 108 минг парранда нобуд бўлди. Уларда қуш гриппи (Н5) вируси аниқланган. Паррандаларнинг қолганини қутқариш учун вилоят бўйлаб оммавий эмлов тадбири эълон қилинди. Расмийлар ҳисоботига кўра, 75 минг парранда эмланган, 11 та қишлоқда дезинфекцион тўсиқлар ўрнатилган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, қуш гриппи Шимолий Қозоғистон вилоятидан ташқари Ақмўла, Қўстанай, Павлодар ва Қарағанда вилоятларида ҳам тарқаган.

Қозоғистон ҳукумати паррандалари қирилиб кетган фермерларга товон пули ваъда қилмоқда.

Сўнгги бор Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи 2005 йили қайд этилганди.

Расмийлар маълумотига кўра, қуш гриппи одамлар орасида қайд этилган эмас. Паррандаларга қараган 400 киши тиббий назоратга олинган.

Берлинда “Путин террори”га қарши акция бўлиб ўтмоқда

Германия пойтахти Берлиндаги Унтер ден Линден хиёбонида – Россия элчихонаси биноси қаршисида “Путин террори тўхтатилсин” (Stop Putin's Terror) акция-пикети ўтказиляпти. Кечаю кундуз давом этаётган бу тадбирда германияликлар ҳам, Берлинда яшайдиган беларуслик, украиналик ва россияликлар ҳам иштирок этмоқдалар.

Акция доирасида чодир лагери барпо этилган. Фаоллар пикет ўтказилаётган майдонга суиқасдида Кремль қўли борлиги гумонланган сиёсатчилар, фаоллар ва журналистларнинг, шу жумладан Алексей Навальнийнинг портретларини қўйганлар.

Акция ўтказиш ташаббуси Берлинда яшовчи россиялик тадбиркор Дмитрий Баграш ҳамда социолог Игорь Эйдманга тегишли. Тадбирни Германиядаги русийзабон европаликлар форуми уюштирган.

Акция ўтаётган майдончада концертлар ўтказилмоқда, энг катта чодирда эса оқшом пайтлари қисқа ҳужжатли фильмлар ва мультфильмлар намойиш этиляпти.

18 сентябрь бошланган тадбир келаётган якшанба - 27 сентябрь кунигача давом этиши айтилмоқда.

Париж: Charlie Hebdo журнали таҳририятининг аввалги биноси олдида камида икки киши яраланди

Парижда ҳужум содир этилган жой, 2020 йил 25 сентябри.

Франция пойтахти Парижда Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририятининг собиқ биноси олдида содир этилган ҳужумда камида икки киши яраланган. Бу ҳақда BFM TV нашри хабар қилди. Аввалроқ ҳужум чоғида тўрт киши тан жароҳати олингани ҳақида маълумот тарқаганди.

Дастлабки маълумотларга кўра, икки жабрланувчи пичоқдан яраланган, уларнинг оғир аҳволда “тез ёрдам” машинасида олиб кетилгани айтилмоқда.

Le Figaro нашри маълумотларига кўра, полиция Opera de la Bastille опера театри биноси олдида кийимида қон излари бўлган одамни қўлга олган, у ҳужумда иштирок этганликда гумонланяпти.

Полиция маҳаллий турғунларни ҳодиса содир бўлган жойга яқинлашмасликка чақирмоқда.

Charlie Hebdo таҳририятига 2015 йили ҳужум уюштирганликда айбланаётганлар устидан Парижда маҳкама бошланган сентябрь ойи бошида журнал ўз саҳифаларида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи беш йил аввалги карикатураларни такрор чоп этганди. Шундан сўнг таҳририятга таҳдидлар бошланган.

Charlie Hebdo’га ҳужум 2015 йил 7 январида содир этилганди. Ўшанда Париждаги журнал офисига қўлларида Калашников автомати тутган ниқобли икки киши кириб, таҳририят журналистлари ва карикатурачиларини ўққа тутган, оқибатда 12 киши ҳалок бўлганди.

Россияда коронавирусдан ўлганлар сони 20 мингдан ошиб кетди

Ҳимоя кийимидаги россиялик врачлар, Москва, 2020 йил 14 сентябри.

Ўтган кеча-кундузда Россияда коронавирус юқтириб олган беморлардан 108 нафари вафот этди. Cоvid-19 га қарши кураш тезкор штаби маълумотига кўра, энг ўлим ҳолати Санкт-Петербургда (19 та) ва Москвада (14 та) қайд этилган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп ишлайдиган бу мамлакатда коронавирус қурбонларининг умумий сони шу кунгача 20 минг 56 нафарга етган.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, эпидемия бошидан бери Россияда 1 миллион 136 минг 48 нафар одам Cоvid-19 инфекциясига чалинган. Улардан 934 минг 146 нафари соғайиб кетган, 222 минг 601 нафар беморнинг эса муолажаси давом этмоқда.

Аравондаги муштлашув ортидан икки номзод сайловдан четлатилди (ВИДЕО)

Аравондаги муштлашув видеосидан скриншот.

Аравондаги муштлашув ортидан Қирғизистон парламенти депутатлигига номзод бўлган икки киши – Шукрулло Файзуллаев ва Илҳом Маннонов сайловдан четлатилди.

Марказий сайлов комиссияси 24 сентябрь куни Аравон туманида сайловда бир-бири билан рақобатлашаётган икки партия тарафдорлари ўртасида содир бўлган оммавий муштлаш воқеасини муҳокама қилди.

Комиссия аъзолари рақобатлашаётган партияларнинг оммавий муштлашув содир этилишига уларнинг сиёсий ташкилотлари бевосита ёки билвосита алоқадор эмас, деган фикрига қўшилмади.

Комиссия раиси Нуржан Шайлдабекова бундай вазият юзага келишига партиялар ва депутатликка номзодлар бевосита масъул эканини таъкидлади.

Муҳокама сўнгида Марказий сайлов комиссияси аъзолари Шукрулло Файзуллаев ва Илҳом Манноновни сайловдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шукрулло Файзуллаев “Биримдик”, Илҳом Маннонов “Мекеним Киргизстан” партияларидан депутатликка номзод қилиб кўрсатилганди.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида парламент сайлови арафасида олиб борилаётган тарғибот пайтида “Биримдик” ва “Мекеним Киргизстан” партиялари тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилган эди.

20 сентябрь куни бўлган ҳодисада 12 одам касалхонага тушган. Бир кишининг ахволи оғир экани айтилмоқда. Милиция мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговни бошлади.

Қирғизистонда парламент сайловлари 4 октябрда ўтказилади. Бу сайловда 16 партия парламентдаги 120 ўрин учун курашмоқда.

Трюдо: Канадада коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланди

Жастин Трюдо.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо мамлакатда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини ва бу сафар вазият ёздагидан кўра мураккаброқ бўлишини билдирди.

Унга кўра, 13 мартда коронавирус бўйича фавқулодда вазият эълон қилинган куни Канадада 47 бемор аниқланган эди. Ўтган ҳафтанинг пайшанбасида эса мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик кўрсаткич минг кишидан ошди.

«Биз бугунги ёки кечаги, ҳеч бўлмаса эртанги кўрсаткичларни ўзгартира олмаймиз. Чунки бу икки ҳафта олдин биз қилган ёки қилмаган ҳаракатларимизга боғлиқ. Бироқ биз октябрда ёки қишда юзага келадимган вазиятни ўзгартира оламиз»,-деди Трюдо 23 сентябрь куни видеомурожаатида.

Бош вазир ўз ҳукумати пандемия даврида фуқароларни ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишини билдирди.

Афғонистонда Толибоннинг 65 жангариси ўлдирилди

Афғон ҳарбийлари.

Афғонистон ҳукумат кучлари Пактика вилоятидаги жанглар пайтида Толибоннинг 65 жангарисини ўлдирди.

Пактика вилоят ҳокимининг билдиришича, 23 сентябрь куни Толибон жангарилари Вазихва туманидаги ҳарбий штабга ҳужум қилган.

Ҳужум пайтида ҳукумат кучлари 65 толибни ўлдирган ва яна 35 жангари яраланган. Жанг бир неча соат давом этган. Айни пайтда ҳукумат кучларининг уч аскари ҳалок бўлди ва олти аскар яраланди.

Толибон бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади. Бироқ бир кун олдин Толибон Урузғон вилоятида ҳужум уюштириб, 28 полициячини ўлдиргани ҳақида баёнот берган.

Мазкур ҳужумлар Доҳада Толибон ва Афғонистон ҳукумати вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари ўтказилаётган бир пайтда содир этилди.

19 йиллик урушга барҳам бериш мақсадида томонлар 12 сентябрда музокара бошлаган эди. Бу музокаралар бир неча ойларга чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда. Чунки кўп масалаларда томонларнинг фикри бир-бирига қарама-қарши бўлмоқда.

Алексей Навальнийнинг Москвадаги квартираси ҳибс қилинди

Алексей Навальний заҳарланганидан сўнг Берлин касалхонасида даволанмоқда.

Суд приставлари мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Москва шаҳар Марьино туманидаги квартирасини ҳибс қилди. Бу ҳақда сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш билдирди.

Квартира тадбиркор Евгений Пригожинга алоқадор бўлган «Московский школьник» ширкатининг судга киритган даъво аризаси билан боғлиқ. Ярмишнинг айтишича, суд приставлари квартира ҳибс қилиниши ҳақида 27 августда огоҳлантиришган.

2019 йилнинг октябрида суд Любовь Соболь, Алексей Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш фондини «Московский школьник» ширкатига 87 миллион рубль товон пули тўлашга ҳукм қилган эди.

Коррупцияга қарши кураш фонди ўз суриштирувларида мазкур ширкат ўқувчиларни сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаётгани ва бунинг ортидан бир қанча болалар овқатдан заҳарлангани ҳақида маълумот берганлар.

Суд мазкур суриштирув ортидан «Московский школьник» ширкати обрўсига асоссиз путур етказилган, деб топди. Кейинроқ Пригожин «Московский школьник» қарзларини сотиб олганини ва бундан буён мухолифатчилардан суд ҳукм қилган жаримани ўз фойдасига ундириш билан шуғулланишини билдирган.

Мухолифат лидери Алексей Навальний эса айни пайтда Германияда даволанишни давом эттирмоқда. У 20 август куни Томскдан Москвага учаётганида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган. 22 августда эса Германия ҳукумати уни Берлиндаги "Шарите" касалхонасига олиб келган эди.

Европалик мутахассислар Навальний Новичок турига кирувчи кимёвий модда билан заҳарланганини аниқлаганлар. Бироқ Россия бу маълумотларни рад этмоқда.

Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмайди

Жозеп Боррель иттифоқ Беларус билан муносабатларини қайта кўриб чиқаётганини таъкидлади.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 24 сентябрь куни иттифоқ Александр Лукашенкони Беларус президенти сифатида тан олмаслигини тасдиқлади.

23 сентябрда Лукашенконинг инаугурация маросими Минскда ими-жимида ўтказилгани ортидан Беларусда норозилик тўлқини янада кучайиб, минглаб одамлар намойишларга чиқди. Полиция норозиларни тарқатиш учун куч қўллади.

«Бу инаугурация Беларус халқининг асосий қисми хоҳиш-иродасига зиддир. Беларус халқи буни президентлик сайловидан сўнг кўп сонли, мисли кўрилмаган даражадаги тинч намойишларни ўтказиш орқали билдирмоқда. Беларус халқи иродасига қарши ўтказилган инаугурация мамлакатдаги сиёсий инқирозни чуқурлаштириш учунгина хизмат қилади»,- деди Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси ўз баёнотида иттифоқ Беларус билан муносабатларини қайта кўриб чиқаётганини ҳам таъкидлади.

23 сентябрда Қўшма Штатлар ҳам Александр Лукашенкони қонуний президент деб тан олишдан бош тортишини билдирган эди.

Россия: Ростов вилоятида 23 ёшли ўзбекистонлик муҳожир чавақлаб кетилди

Россиянинг Ростов вилоятида 23 сентябрь куни содир бўлган оммавий муштлашув чоғида ўзбекистонлик муҳожир пичоқлаб ўлдирилди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Ақсай туманига қарашли Ленин хуторидаги омбор яқинида сешанба оқшомида оммавий муштлашув бўлган. Тўполон пайтида муштлашув иштирокчиларидан бири ёнидан пичоқ чиқариб, 23 ёшли Сарварбек М.га урган. Кўкраги ва белидан яраланган ўзбекистонлик муҳожир воқеа жойида жон таслим қилган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан “қотиллик” моддаси бўйича жиноят иши очилган. Айни пайтда гумонланувчи қидирилмоқда.

Нобель жамғармаси лауреатларга тўланадиган мукофот пули миқдорини оширди

Нобель мукофоти медали.

Нобель жамғармаси лауреатларга тўланадиган мукофот пули миқдорини 1 миллион Швеция кронасига (тақрибан 110 минг АҚШ доллари) оширгани ҳақида маълум қилди. Бу йил Нобель мукофоти пули 10 миллион кронани ташкил этади, деди Нобель жамғармаси раҳбари Ларс Хайкенстен 24 сентябрь куни Швецияда чиқадиган Dagens Industri газетасига.

Динамитни ихтиро қилган швециялик саноатчи Альфред Нобель турли соҳаларда мукофот берилиши учун бўлажак жамғармасига тақрибан 31 миллион крона (ҳозирги пул билан 1,8 миллиард крона) қолдирган ва бу мукофотлар 1901 йилдан буён бериб келинади.

Бу йил тиббиёт, физика, химия, адабиёт, тинчлик ва иқтисодиёт соҳалари бўйича мукофотлар лауреатларининг исмлари 5 октябрдан бошлаб бир ҳафта мобайнида эълон қилиб борилади. Нобель жамғармаси коронавирус пандемияси туфайли бу йил совриндорларни, анъанага мувофиқ, Стокҳолмда тақдирлаш маросими ва тантанали банкет бекор қилинганини маълум қилган. Бунинг ўрнига бошқа мамлакатлар билан телекўприк шаклида маросим ўтказилади.

Қозоғистонда ўлим жазоси бутунлай бекор қилинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилишга оид халқаро протоколга қўшилди.

24 сентябрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамлакатнинг БМТдаги вакили Қайрат Умаров Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларга оид халқаро пактга илова қилинган ва ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив протоколни имзолагани ҳақида маълум қилди. Ҳужжат, уруш вақтида содир этилган ҳарбий жиноятларни истисно қилган ҳолда, ўлим жазосини бекор қилишни кўзда тутади.

Қозоғистонда 2003 йили ўлим жазосига нисбатан мораторий жорий қилинганди. Мамлакат террорчилик ва ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ қатор моддалар бўйича ўлим жазосини сақлаб қолган.

Қозоғистон Жиноят кодексида мамлакатнинг амалдаги президенти ҳамда собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга суиқасд (бу уриниш ўлим билан тугамаган бўлса-да) қилганлик учун ҳам ўлим жазоси берилишига оид моддалар бор.

Ҳуқуқ фаоллари аввал бир неча бор расмийларни ўлим жазосини тўлалигича бекор қилишга чақирганлар.

2019 йил декабрида президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ташқи ишлар вазирлигига мазкур факультатив протоколга қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақида топшириқ берганди.

Ижтимоий тармоқлардан 112 млн аккаунт ўғирлаган россиялик АҚШда 12 йилга қамалиши мумкин

Евгений Никулин.

АҚШ прокуратураси Калифорния штатидаги федерал судьядан LinkedIn тармоғи, Formspring тизими ва Dropbox хизматига хакерлик ҳужумлари уюштиргани учун россиялик Евгений Никулинни 12 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқаришни сўради. Бу ҳақда Law360 портали хабар қилди.

Июль ойида Сан-Франсцискодаги ҳайъат Никулинни бузиб кирилган сервислардан 112 миллион фойдаланувчига оид маълумотларни ўғирлаганликда айбдор, деб топганди. Ҳайъат россиялик хакер АҚШ тарихидаги энг йирик маълумот сизишларидан бири учун масъул, деган қарорга келганди.

Е. Никулин 2016 йил октябрида Интерпол сўровига кўра Прагада қўлга олинган. У Чехиядан бошпана сўраган, бироқ 2018 йил апрелида у АҚШга экстрадиция қилинган. Кейинроқ Чехия Конституциявий суди бу қарорни ноқонуний, деб топган. Хакер қўлга олинганидан кейин Россия ҳам унинг ўзига топширилишини сўраган.

Никулин ўз айбини тан олган эмас, адвокатлари унинг ҳибсда ўтказган муддати билан чекланиб, ватанига депортация қилинишини сўрамоқда.

Давомини ўқинг

Сўнгги хабарлар

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG