Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2020, Тошкент вақти: 17:56

Истанбулда сохта ароқдан заҳарланиб ўлган муҳожирлар сони 38 тага етди


Истанбулда сохта ароқ ичиш оқибатида заҳарланиб ўлган туркман мигрантлари сони 38 кишига етди, яна ўнлаб одамнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

“Хроника Туркменистана” нашрининг хабар қилишича, 21 март ҳолатига кўра, сохта спиртли ичимликдан Истанбулда заҳарланиб ўлган Туркманистон ватандошлари сони 37 кишига етган.

Туркиядаги “Азатлик” радиоси мухбири 23 мартда Истанбулда заҳарланиш оқибатида ўлганлар сони 38 кишига етганини билдирди.

“Хроника Туркменистана” маълумотига кўра, қариндошлари ватанига олиб кета олмаганлар Kilyos қабристонига дафн этилган.

21 март куни пешинга қадар экскаватор билан 7 та қабр қазилган. Қабристон ишчиси яна майитлар олиб келиниши ҳақида огоҳлантирилганини айтган. Яна қабрларнинг кўпчилиги устига фақат рақамли тахтачалар ўрнатилган, уларга қараб, қабристон маъмуриятитан кўмилганларнинг исмини билиб олиш мумкин, дея хабар қилади нашр.

781 рақами билан Ҳалач этрапидаги Ариқ-аяқ қишлоғилик Перман Яздурдиев, 782 рақами билан Лебап вилоятилик Нурмират Эрешев дафн этилган. Яна иккита майитни олиб келишдан олдин (уларни қўшиб ҳисоблаганда, ўлганлар сони 37 кишига етди) “Хроника Туркменистана” яна бир қанча ўлган кишиларнинг исмини аниқлади: Нармират Эгембердиев, Эскер Алланазаров, Ресулла Муҳамметшерипов (Дашўғуз вилояти), Ҳайитбой Бегов (Дашўғуз вилояти), Эреш Гузиев, Худайназар Худайқулиев, Мурад Мурадов ва Азамат Дўсметов (Дашўғуз вилояти).

13 мартдан бери тиббиёт муассасаларига жами заҳарланган 61 киши тушган. 24 нафар заҳарланган бемор Истанбулнинг турли шифохоналаридаги жонлантириш бўлимида даволанмоқда. Кўпчилиги комага тушиб қолган. Шифокорлар айтишича, уларнинг соғайиб кетиш имконияти кам.

Туркиянинг CNNTurk телеканали 19 мартда сохта ароқ ичиб ўлган 15 киши ҳақида хабар берган эди. Телеканалга кўра, аксарияти Туркманистон ватандошларидир. 60 дан ошиқ киши Истанбул шифохоналарининг жонлантириш бўлимларида даволаняпти, кўпчилигининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

− Умумий ҳисобда 15 киши: 5 киши Зейтинбурнуда, яна 5 киши Башакшеҳирда, 2 киши Гунгўренда, яна 2 киши Эсенюртда ва 1 киши Фатиҳда нобуд бўлди. 60 нафар бемор жонлантириш бўлимларида қолмоқда, − дея хабар тарқатди CNNTurk.

Туркия ахборот манбалари тарқатган маълумотга кўра, полиция сохта ароқ сотган 11 кишини ҳибсга олган. Уларнинг тураржойи тинтув қилинганда, кўп миқдордаги сохта спиртли ичимликлар баробарида бир неча рўйхатдан ўтмаган ўқ отувчи қурол ва ўнлаб патронлар топилган.

Туркия оммавий ахборот воситалари туркман мигрантлари коронавирусдан ҳимояланиш учун тоза спиртдан тайёрланган сохта ароқни ичганини хабар қилди.

Ўтган ой охирида Эронда ҳам 159 киши қўлбола спиртли ичимлик ичиб ўлгани қайд этилган эди. Улар ҳам ўша ичимликни COVID-19 дан ҳимояланиш учун ичган экан.

Шифокорлар спиртли ичимликлар коронавирусдан ҳимоя қилмаслигини, аксинча, иммунитет пасайиши ва касаллик оғирлашишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

“Азатлик” илгари Туркманистоннинг сохта ароқ ичиб заҳарланган 4 нафар ватандоши ҳақида хабар берган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG